ЖАҲОЛАТГА ЕТАКЛАГАН СУИҚАСД
Ривоят этишларича, Азроил алайҳисалом ўз бурчини бажариш олдидан бир ўртаниб оларкан. Ҳар бир жонзот учун беқиёс неъмат аталмиш яшаш саодатини ундан тортиб олмоқ, кўзларини мангуга юммоқ, охиратга йўлламоқлик юкининг оғирлигидандир, бу. Ҳа, бир мартагина инъом этилгувчи бу умр неъматига ҳеч бир шахснинг қасд ёки суиқасд қилишга ҳақли эмаслиги динда ҳам қонунда ҳам кафолатланган.
Бахт қўрғонидаги меҳрнинг қаҳрга айланиши…
Оила — азалдан инсон ҳаётининг ва насл-насабининг давомийлигини таъминлайдиган муқаддас даргоҳ сифатида эъзозланган. Зеро, инсон қалбида аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ошно бўлиш кўникмаси, аввало, шу азиз даргоҳда шакллана бошлайди. Шунинг учун ҳам инсон зоти қадим-қадимдан оилани, муқаддас билиб, уни бахт остонаси номи билан асраб-авайлаб мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келади.
Эркак — уйнинг қўрғони, ҳар қандай яхши-ёмон кунларда оиланинг балогардони ҳисобланади. Оилада бирор муаммо бўлса, оила аъзолари унга суянишади.
Аёл… азалдан меҳр-шафқат ва садоқат тимсоли бўлиш баробарида меҳрга ва ҳимояга муҳтож. Шу билан бирга аёлларни ҳимоя қилиш, шунинг учун аёлларга шафқат кўзи билан қараш ҳар бир эркакнинг бурчи саналади.
Ойбек билан Маҳлиё (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам олам-олам орзулар билан турмуш қуришгани шубҳасиз. Аммо оилада учраши табиий бўлган майда икир-чикирларгаёқ мағлуб бўлишди. Бу эса можаро, жанжалларнинг кўпайишига сабаб бўлиб, ўрталаридаги меҳрнинг қаҳрга айланишига олиб келди. Кун сайин меҳр бериб эвазига меҳр кутишдан тоқати тоқ бўлган Маҳлиё икки яшар бўлаётган қизини олди-ю ота уйига кетиб қолди.
Ойбек фарзандим тақдири учун оиламни тиклашим, аёлим билан муросага келишим лозим, деган ўйдан кўра улардан воз кечишни осон билди. Гарчи қонунан ажрашмаган бўлса-да, бошқа аёлга уйланиб олди. Аммо у билан ҳам келишолмади. Фурсатлар ўтиб, биринчи оиласи, фарзанди соғинчини туйгандек яна Маҳлиё билан қизчаси Севинчни қайтариб, бирга яшай бошлашди. Бир йил ўтиб иккинчи қизи Сабрина дунёга келганида, оиладаги муросасизлик барҳам топади деб умид қилганди. Афсуски, Ойбекнинг сабабсиз жанжал-тўполонлар маҳалла аҳлини-да безор қилганди. Эринг қаҳридан безор бўлган Маҳлиё икки қизини олиб, қайтмаслик қарори билан ота уйига йўл олди.
Ўз-ўзидан равшанки, ота уйида ўтириш ҳам икки болали аёлга осон эмас.
Фарзандлар камомади, рўзғор, харажатлар чарчатади. Маҳлиё фарзандлари таъминоти учун алимент ундириш мақсадида ариза қилганда Ойбек учинчи бир аёлга уйланиб, ажрашиб ҳам бўлганди. Аввалига фарзандлари учун у ер бу ерда ишлаб алиментни тўлаб келган Ойбек Ортиқов бора-бора имкон қилолмай қолди. Тўғрироғи меҳнатга тоқати йўқ, оила, бола-чақаси олдида бўлмаганидан кейин маълум бир мақсад ҳам йўқ ва шунга кўра юриш-туриши кун ўтсинга эди холос, гўё.
“Орсиз ота”нинг важоҳатли режаси…
Доно ҳалқимизда “Ота бўлиш осон, оталик қилиш қийин” деган ибора бор. Бу Ойбек каби оталик бурчини эплай олмайдиган кимсаларга ишора. Ўзининг пушти камаридан бўлган фарзандларини вояга етгунига қадар боқиш ва тарбиялаш конституциявий бурчи эканлигини тан олмаган Ойбекнинг фарзандлари учун бериши лозим бўлган моддий таъминотидан бўлган қарзи 17 миллион сўмни ташкил этиб, қарздорлиги кўпайиб кетди. Мажбурий ижро бюроси ижрочиси Маҳлиё Топиловага қўнғироқ қилиб алимент пулини олиб кетишини айтганида, болаларимни ҳаққи дея зудлик билан етиб борди. Етиб борганида эса Ойбек Ортиқов унга 1 300 000 сўм пулни тўлаши, бунинг учун чет элга чиқиши учун белгиланган таъқиқни олдириб ташлашини сўрайди.
— Мен сенга Россиядан пул жўнатаман, қарзимни шундай узаман деб ишонтиришга ҳаракат қилди Ойбек.
Аммо аёл эрига ишонмасди. Чунки Ойбек аввал ҳам Россия давлатида яхшигина ишлаб қайтган, аммо болалари, алиментдан бўлган қарзи учун бир сўм ажратмаганди. Шу боис ҳам Маҳлиё Ойбекнинг хорижга чиқиши учун тақиқни олдириб ташлашга кўнмади.
Болаларнинг кам-кўсти учун кўчадан қарз бўлиб боши қотган Маҳлиёнинг бир иши Ойбекнинг тепа сочини тикка қилди. У туман ҳокимлиги томонидан уй-жой қуриш учун берилган 5 сотих ерининг Маҳлиё Топилова фойдасига ундирилган 2,5 сотихини сотиб юборган хотинига нисбатан адоватда қолади.
Хато устига хато қилиб ўрганган, қилмишларининг оқибатини ўйлаб кўришни хоҳламаётган Ойбек ўзининг ёвуз ва тубан режасига кўра “гаплашиб оламиз”, дея Маҳлиёни ўша низоли, мусибатли ерга чақиртиради.
Ер учун олган пулини қайтаришни, ерни сотишга ҳақи йўқлиги, бу ер болаларининг ҳаққи эканлигини уқдириб жанжал кўтаради. Хотинининг кўча-кўйдан қарз бўлиб кетдим, деган гапини чўпчак деб уни ҳақоратлайди, аёвсиз калтаклаб, ғараз ният билан ёнига солиб келган пичоғини “Сени ўлдираман, юрагингни суғуриб итларга ташлаб қутуламан!”, дея хотинининг кўксига, қўли ва оёғига қайта-қайта санчиб олишга улгуради…
Кишини ўйлантирадиган томони, нега ўз оиласини пароканда қилган “орсиз ота”лар алимент тўламаслик учун бунчалик жаҳолат ботқоғига ботмоқда?
Аёл бежиз бақирмайди, фарёд қилмайди…
Бир донишманд шогирдларидан сўрабди: — Нима учун кишилар бир-бири билан тортишиб, жанжаллашиб қолишса бақириб гапиради? Шогирдлардан бири: — Чунки улар ўзини идора қила олмайди, шунинг учун бақиради… бошқа шогирди: — жаҳл устида бақиради, — дебди, яна бошқаси: — Чунки асабийлашган киши бақиради, — дебди.
Шогирдларининг жавоби донишмандни қониқтирмагач ўзи жавоб берибди:
— Кишилар бир-бири билан жанжаллашса уларни қалбларидаги меҳр бир-биридан узоқлашиб қаҳр томонга шошади. Шунинг учун кишилар ўз фикрини узоқдаги қалбга етказиш истагида бақиради — деб жавоб берган экан!..
Маҳлиёнинг жон талвасасида югуриб, ёрдам сўраб кўтарган дод-фарёди-ю, қизалоқларнинг дадажоо-о-н… онамни ўлдириб қўймааа-аанг дея чинқираган нидосини эшитган, яқин орада ишлаётган кишилар югуриб етиб келишади… Ёрдамга етиб келганлар Ойбекнинг қўлларини қайириб пичоқни ерга туширишга, ўзини эса бир четга олиб кетишга муваффақ бўлишади.
Ерда тўлғониб, оҳ чекаётган Маҳлиёни эса машинага солиб шифохонага чопишади.
Тангрининг инояти, яхшиларнинг ёрдами, шифохонага вақтида етказилгани, балки қизалоқларининг иқболи сабаб Маҳлиёнинг ҳаёти сақлаб қолинди.
Ойбек ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда пасткаш режасини, жоҳиллика етаклаган қасдини, машъум ниятини яхшиямки охирига етказа олмади.
Суд ҳукми…
Суд мажлисида жиноят иши атрофлича кўрилиб, Ойбек Ортиқовга нисбатан суд томонидан қонун санкциясида белгиланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, муносиб ҳукм ўқилди. Шоядки, Ойбек темир панжаралар ортида ўзига етарли сабоқ олиб, умрининг қолганини инсонийликда ўтказишга хулоса қилса…
Хулоса…
Оила қиммати йўқолган жойда, юқорида келтирганимиздек, бадбахтлик пайт пойлайди. Ойбек ҳам ўз дилбандларини тирик етим қилгани камдек, улар қалбини ҳам бир умрга яралади, ўзидан совутди. Унга фарзанд аталмиш шу бебаҳоларни туғиб, уларнинг тириклиги учун курашган Маҳлиёни эса бир умрлик носоғликка ва қалб изтиробига маҳкум этди.
Хулоса ўринда таъкидлаш жоизки, суд амалиётида Ойбек каби алиментдан қарздор айрим “эр”лар хотинига аччиқ қилиб, алимент тўлашдан бош тортишади ёки тўловни тўлашни пайсалга солишади. Қарздорлик кўпайгач эса, тангридан, тақдирдан, қонуний талабдан норози бўла бошлашади.
Аслида, алимент бу аёлининг эмас, боланинг ҳаққи! Ахир алиментни аёлинининг еб-ичиши ёки кийиниши учун эмас, балки ўз фарзандларининг бу ҳаётда зориқмай вояга етиши учун тўлашади-ку!… Шундай экан нима учун Маҳлиё каби оналар фарзандларини моддий таъминоти учун бировлардан қарз олиши ёки суиқасд қурбони бўлиши керак?… Нега фарзанд аразлашган, ўзаро ажрашган ота-онаси ўртасидаги зиддият ва адоват жабрини тортиши керак? Ахир, болаларда нима гуноҳ?… Хулоса эса ўзингиздан.
Акром АРИПОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
катта консультанти
(“Инсон ва қонун” газетаси,
2020 йил 13 октябрь)
Фикр қолдириш