ЖАВОБГАРЛИКДАН ҚОЧГАН ФИРИБГАР ИККИ ЙИЛ ДЕГАНДА ҚЎЛГА ТУШДИ

Олтиариқ туманида яшовчи Хуршида Собирова 2019 йилнинг 10 октябрь куни Россия федерациясининг Москва шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан қўлга олинди. Чунки жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман судининг 2017 йил 5 сентябрдаги ажримига кўра, Хуршидага нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қидирув эълон қилинганди. Шу боис у жорий йилнинг 25 февралида Фарғона шаҳридаги 10-сонли тергов ҳибсхонасига келтирилди.

Энди ҳақли савол туғилади: хўш, Х. Собирова қайси қилмиши учун бундай аҳволга тушди?

Бунга жавобан шуни айтиш керакки, Хуршида Олтиариқ туманида яшовчи, туман «Ермулккадастр» давлат корхонасининг собиқ ходими Манзура Қаюмова (жиноят ишининг унга нисбатан бўл­ган қисми бўйича суднинг ҳукми мавжуд) билан жиноий тил бириктиради. Уларнинг жинояти эса, 2015-2016 йилларда содир этилган.

Тергов ва суд жараёнида аён булишича, Субихон Маматибрагимова, тахминан, 30 йиллардан буён ота ҳовлисида турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан яшаб келган. 2010 йилда отаси С. Нурматов вафот этгач, Субихон опа Манзуранинг ёрдамида ҳовли-жойни ўзининг номига расмийлаштириб олган. Аммо 2014 йилга келиб, опа-сингиллари ҳовлидаги ўз улушига даъвогарлик қила бошлашган.

Яъни туғишганлари С. Маматибрагимовани судга беришни айтишади.

Оқибатда опа-сингиллар ўртасига совуқчилик тушган. Бундан хабар топган М. Қаюмова эса, Х. Собирова билан бирга вазиятдан «унумли» фойдаланиб қолмоқчи бўлади. Аниқроғи, Манзура Хуршидани Субихон опага қўнғирок қилиб, ўзини ¤збекистон Республикаси Олий суди ходими сифатида таништириш ва шу орқали пул ундиришга қизиқтиради. Шунга биноан, Х. Собирова 2015 йил 13 ноябрь куни С. Маматибрагимовага қўнғироқ қилади.

— Исмим Ирода, республика Олий судида ишлайман, — дейди у ўзини таништириб. — Сингилларингиз билан судлашиб юрганингиздан хабарим бор. Бу масалада сизга ёрдам бермоқчиман.

— Вой, барака топинг, айланай. Сиз­ни худонинг ўзи менга етказди, — дейди Субихон Маматибрагимова шоша-пиша.

— Фақат давлат божи ва бошқа айрим ҳаражатлар учун оз-моз чиқими бор, — секин-аста гапнинг учини чиқаради Хуршида.

У шундай деб давлат божи учун 1 300 000 сўм тўлов қилиши лозимлигини, пулларни эса, М. Қаюмовадан бериб юборишни айтади. Натижада эртаси куни Манзура унинг уйидан айтилган пулни 200 000 сўм йўлкирасига қўшиб олиб кетади. Би­роқ «Ирода» бу пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.

Шундан сўнг орадан 6 ой ўтади. Бу вақт мобайнида М. Қаюмова Субихон опадан авраб-алдаб яна пул олади. 2016 йил 1 июнь куни эса, Х. Собированинг ўзи С. Маматибрагимованинг хонадонига келади.

— Мана, уйингизнинг кадастр ҳужжатлари. Лекин иш ҳал бўлмаяпти. Негаки, Манзура давлат божи учун берган пулларингизни ўзи олган пуллар билан чалкаштириб юборди. Шунинг учун уч юз доллар берсангиз, Тошкент­да ҳужжатларни қайтадан расмийлаштираман, — дейди у.

Бинобарин, бу гапларга лаққа тушган хонадон соҳибаси 300 АҚШ долларини унинг қўлига тутқазади. Аммо кошки эди шу билан фирибгар хоним­нинг хакалак отган нафси қаноат ҳосил қилса?

Аксинча, у 2016 йилнинг 15 сентябрига қадар турли важ-карсонлар билан Субихон опадан яна 1 300 АҚШ доллари ва 2 400 000 сўм олади. Бироқ муаммо муаммолигича қолиб кетаверади. Берилган пуллар эса, Х. Собированинг шахсий эҳтиёжларига сарфланиб кетади. Ҳатто Хуршида унга ҳовли-жойнинг кадаст ҳужжатларини ҳам қайтариб бермайди.

Буни қарангки, С. Маматибрагимова 2017 йилнинг баҳор ойларига келибгина алданганини англаб етади. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига ариза билан мурожаат қилади. Натижада мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари бошланади. Ана шу жараёнларда Х. Собирова Субихон опага қўнғироқ қилиб, аслида исми Ирода эмаслиги, М. Қаюмованинг таклифига мувофиқ ўзини шундай деб таништиргани, олган пуллари ҳисобидан 3 000 АҚШ долларини қайтариб беришини айтади. Лекин у аёлни алдаб, Россия Федерациясига жўнаб қолади. Оқибатда юқорида таъкидлаганимиздек, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинади. Аммо Хуршида орадан нақ 2 йилдан кўпроқ вақт ўтгач, россиялик қонун ҳимоячилари томонидан қўлга олинади.

Яқинда ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Сўх туман судида кўриб чиқилди. Суд Х. Собировани Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «в» банди (Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августдаги 254-II-сон Қонуни таҳририда) билан айбдор деб топиб, базавий ҳи­соблаш миқдорининг 150 баравари — 19 536 000 сўм жарима жазоси тайинлади. Шу боис айбдорга нис­батан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, суд залида қамоқдан озод қи­линди. Шунингдек, суд ҳукмида Олтиариқ туман прокурорининг даъво аризасига кўра, судланувчидан 21 257 207 сўм процессуал чиқим ундириш хам белгиланди. Чунки Хуршида Собировани Москва шаҳридаги 6-сонли тергов ҳибсхонасидан Фарғона шаҳар 10-сонли тергов ҳибс­хонасига келтириш ҳаражатлари шунча миқдорни ташкил этган.

Албатта, шу ва шу тоифа ишлар билан танишиш асносида кишида бир талай фикр-мулоҳазалар туғилади. Хусусан, нима учун айрим юртдошларимиз юқори идоралар ва уларнинг мансабдор ёки масъул ходимлари номини сотишдан сира тап тортмайди? Наҳотки, улар эртага сири фош бўлиб, қонуний жазога тортилишини ҳаёлига ҳам келтиришмаса? Ёки муқаддам фирибгарлиги учун жиноят иши қўзғатилиб, амнис­тия актига биноан жавобгарликдан озод қилинган Хуршида Собирова нега бундан ўзига тегишли хулоса чиқариб олмади?

Хўш, фирибгарларнинг ҳийла-найрангларига ишониб, оқибатда чув тушиб қолаётган кимсалар-чи? Нега жабр­ланувчилар яқинлари ёки маҳалла фаоллари билан бамаслаҳат иш тутишмайди? Ахир, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда фирибгарларнинг кирдикорларидан огоҳ этувчи тафсилотлар озмунча тарқатиляптими?

Шундай экан, ҳамиша ҳушёр ва огоҳ бўлишга нима етсин!

Рустамжон ЗАРИПОВ,

жиноят ишлари бўйича

Сўх туман судининг раиси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: