ЖАЗОНИНГ МАҚСАДИ ШАХСНИ АХЛОҚАН ТУЗАТИШ ВА ҚАЙТА ЖИНОЯТ СОДИР ЭТИШИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШНИ КЎЗДА ТУТАДИ

Маълумки, судлар томонидан ҳар қандай жиноят учун адолатли жазо тайинланиши одил судловнинг муҳим кафолатидир. Нега деганда, адолатли жазо ундан кўзланган мақсад — маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум ва бошқа шахслар томонидан янги жиноятлар содир этилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Мазкур тамойил содир этилган ҳар қандай жиноят турига тегишли бўлиб, айниқса, коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун икки карра аҳамиятлидир. Чунки коррупция билан боғлиқ жиноят­лар учун жавобгарликни белгилаш ва жазо та­йинлаш, яъни коррупцияга қар­­ши курашнинг жиноят-ҳу­қуқий ва жиноят-процессуал механизмлари ҳақида фикр юритганда, ушбу атаманинг моҳиятини англаб олиш муҳим аҳа­миятга эга.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қар­ши Конвенциясига кўра, коррупция — бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир.

У демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фао­лия­тига тўс­қинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жи­ноят­чилик, терроризм ва бош­қа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.

Аксарият одамлар коррупция сўзини тор маънода, яъни мансабдор шахс­ларнинг ўз мансаб мавқеидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиб, содир этадиган порахўрлик билан боғлиқ қилмиши сифатида тушунади.

Бу эса, ушбу тушунчанинг моҳиятини тўлақонли англаш имконини бермайди. Коррупция сўзи асли ло­тинча «corruptio» сўзидан олинган бў­либ, «бузилиш» деган маънони анг­латади.

Мамлакатимизнинг амалдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунининг 3-моддасига кўра, коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахс­ларнинг манфаатларини кўз­лаб, моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида, қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунинг­дек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир.

Демак, кенг маънода, коррупция деганда, бу — мансабдор шахс ёки давлат хизматчиларининг нафақат порахўр­лик жиноятларига оид қилмишлари, балки ўзларининг мансаб ёхуд хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, шахсий ёки бош­қа шахсларнинг манфаатлари йўлида сиёсий ҳо­мийлик, маҳаллийчилик, таниш-билишчилик, уруғ-аймоқчиликка йўл қўйиши ҳам назарда тутилади.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик деганда эса, коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмиш тушунилади.

Шунга кўра, Жиноят кодексидаги коррупция билан боғлиқ жи­ноят­лар тоифасига 167-модда (ўз­лаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қи­лиш), 168-модда (фирибгарлик), 192-9-модда (тижоратда пора эвазига оғдириб олиш), 192-10-модда (нодавлат-тижорат ташкилотининг ёки бош­қа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш) ни иқтисодиёт соҳасидаги кор­рупция­га оид жиноятлар, 205-модда (ҳо­кимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 206-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 208-модда (ҳокимият ҳаракатсизлиги), 209-модда (мансаб сохтакорлиги), 210-модда (пора олиш), 211-модда (пора бериш), 212-модда (пора олиш-беришда воситачилик қи­лиш)­ ни бошқарув тартибига қарши коррупцияга оид жиноятлар, 236-модда (тергов қилишга ёки суд иш­ла­рини ҳал этишга аралашиш), 238-модда (ёлғон гувоҳлик бериш), 241-модда (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) кабиларни одил судловга қарши коррупцияга оид жиноятлар, 243-модда (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ни жамоат тартибига қарши коррупцияга оид жиноятлар тоифасига киритиш мумкин.

Амалдаги Жиноят кодексида коррупция билан боғлиқ ушбу жиноятлар учун турли хил жавобгарлик доираси ва жиноий жазолар белгиланган.

Хусусан, пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қи­лиш тегишли ҳолатлар мавжуд бўл­га­нида ўта оғир жиноятлар сифатида ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан (максимал) жазоланиши мумкин.

Шу билан бирга, жиноятларнинг содир этилиш усули, сабаблари, жиноят­нинг хусусияти ва ижтимоий хавф­лилик да­ражаси, айбдорнинг шахси, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, суд айбдор шахсга жарима, муайян­ ҳуқуқдан маҳрум қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш, хизмат бў­йича чеклаш каби муқобил жазоларни ҳам тайинлаши мумкин.

Масалан, пора олиш, яъни давлат ор­гани, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органи ман­сабдор шахсининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўз­лаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий манфаатдор бўлиши энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқ­дан маҳрум этилган ҳолда 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Пора олиш такроран, хавфли рецидивист томонидан, кўп миқдорда, тамагирлик йўли билан ёки бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Пора олиш жуда кўп миқдорда ёки уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қонунда айни шу тарзда бош­қа жиноятлар учун ҳам турли жазо чоралари назарда тутилган бўлиб, судлар ҳар бир ҳолатда айбдор шахсга унинг ахлоқан тузалиши, жиноий фао­лиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда янги жиноятлар содир этилишининг ол­дини олишга эришиш учун зарур ва етарли жазо чораларини қўллаши мумкин.

Шу билан биргаликда, суд содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳо­латларни эътиборга олиб, алоҳида ҳолларда Жи­ноят кодексининг Махсус қисми моддасида назарда тутилган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ ёки шу моддада назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазони тайинлаши мумкин.

Содир этилган қилмиш хусу­сият­ларини ифодаловчи ҳо­латлар, яъ­ни айбдорнинг шахси, айбнинг шакли ва даражаси, жиноят қилиш шароити ва сабаблари, шахснинг жиноят содир қилгунча ва ундан кейинги хулқ-атвори жиноятнинг ижтимоий хавфлилик да­ражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб топилиши мумкин.

Албатта, судлар томонидан уш­бу хавфли қилмишга қўл урган шахсларга нисбатан адолатли ва қонуний жазо тайинланиб келинмоқда. Буни қуйида маълумотларда ҳам кўриш мумкин.

Статистик маълумотларга кўра, 2019 йилда судлар томонидан Жиноят кодексининг 210-моддаси билан 191 нафар шахсга нисбатан 145 та иш (2018 йилда 202 нафар шахсга нисбатан 174 та иш), 211-моддаси билан 1 179 нафар шахсга нисбатан 995 та иш (2018 йил­да 1 638 нафар шахсга нисбатан 1 279 та иш), 212-моддаси билан 17 нафар шахсга нисбатан 16 та иш (2018 йилда 23 нафар шахсга нисбатан 17 та иш) кўрилган.

Шулардан 2019 йилда Жи­ноят­ кодексининг 210-моддаси билан айбдор деб топилган 158 нафар шахснинг 82 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 61 нафарига озодликни чеклаш, 15 нафарига жарима жазолари тайинланган бўлса, 20 нафари шартли ҳукм қилиниб, 13 нафар шахс эса, оқ­ланган.

Худди шу тарзда 2019 йилда Жиноят­ кодексининг 211-моддаси билан айбдор деб топилган 1 049 нафар шахснинг 215 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 303 нафарига озодликни чеклаш, 229 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 301 нафарига жарима жазолари тайинланган бўлса, 31 нафари шартли ҳукм қи­линиб, 54 нафар шахс эса, оқланган.

Шунингдек, 2019 йилда Жи­ноят­ кодексининг 205-моддаси билан 279 нафар шахсга нисбатан 160 та иш (2018 йилда 578 нафар шахсга нисбатан 312 та иш), 206-моддаси билан 93 нафар шахсга нисбатан 64 та иш (2018 йилда 115 нафар шахс­га нисбатан 81 та иш), 209-моддаси билан 1 625 нафар шахсга нисбатан 829 та иш (2018 йилда 1 960 нафар шахсга нисбатан 1 012 та иш) кўрилган.

Ушбу моддалар билан айбдор деб топилган шахсларга ҳам турли жазо чоралари қўл­ланилиб, судлар ҳар бир ҳолатда айбдор шахсга унинг ахлоқан тузалиши, жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда янги жиноятлар содир этилишининг ол­дини олиш учун зарур ва етарли жа­зо чоралари тайинланган.

Эътиборлиси, 2019 йилда коррупция билан боғлиқ жи­ноят­лар ва судланган шахслар сони 2018 йилга нисбатан сезиларли даражада камайган.

Албатта, бу ушбу хавфли қилмишга қарши қатъият билан олиб борилаётган чора-тадбирларнинг самарасидир.

Шу нуқтаи назардан, корруп­ция­га оид жиноятларни ўз вақтида аниқлаш, чек қўйиш, оқибатларини, имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид жиноятларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланган.

Президентимизнинг жорий йил 24 январда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида бугунги кунда ислоҳотларимиз самараси кўп жиҳатдан тўртта муҳим омилга, яъни қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юк­салтириш ва куч­ли демократик инс­титутларни шакллан­тиришга боғлиқлиги таъкидланиб, бу борада, аввало, суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш — энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, одил судлов ҳар қандай жиноий қилмишга ҳуқуқий баҳо беради. Бугунги янгиланаётган жамиятимизнинг мақсади эса, коррупцияга ҳеч қачон йўл қўймасликка қаратилган. Зеро, коррупция­вий қилмишларнинг ҳар қандай кўриниши жамият учун ўта хавфли ҳи­собланади.

Шерзод ЮЛДАШЕВ,

Музаффар КУКИЕВ

жиноят ишлари бўйича Сергели тумани судининг судьялари

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: