ЖИНОЯТ ОҚИБАТИДА ШАХСГА ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАРНИ УНДИРИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳуқуқий муҳофазанинг алоҳида объекти сифатида фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати белгилаб қўйилган. Бундай ҳимоянинг ҳуқуқий усулларидан бири эса, фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни тўлашдир.

Фуқаролик ҳуқуқида жиноят оқибатида етказилган зарар деганда, зиён етказувчининг ғайриқонуний феъл-атвори сабабли юзага келган жисмоний шикастланиш ҳамда ҳар қандай касалланиш тушунилади.

Одатда, зарар етказиш ҳолларида зарар етказган шахс билан жабрланувчи шартномавий муносабатда бўлмайди.

Зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятлар фуқаролик ҳуқуқининг муҳим институтларидан биридир. Бу мажбуриятлар шартномавий муносабатлардан ташқари, шахсга ёки мол-мулкка ғайриқонуний хатти-ҳаракат натижасида етказилган зарарларни қоплашга қаратилган.

Зарар етказганлик юзасидан фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликка тортиш учун бир вақтнинг ўзида қуйидаги ҳуқуқбузарлик таркиби мавжуд бўлиши шарт:

а) зарар етказилганлиги (мавжудлиги);

б) зарар етказувчи шахс ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) нинг ҳуқуққа хилофлиги;

в) етказилган зарар билан ҳуқуққа хилоф қилмиш ўртасида сабабий боғланиш;

г) зарар етказувчи шахснинг айби ёки зарар етказувчи шахс хатти-ҳаракатларини назорат қилиш мажбурияти юкланган шахснинг айби.

Зарар деганда, ҳуқуқбузарлик натижасида жабрланувчига тегишли мол-мулк, мулкий ҳуқуқ ҳажмининг камайишида ёки йўқотилишида намоён бўладиган моддий зарар ёки номоддий неъматнинг (жисмоний шахснинг ҳаёти ёки соғлиғи) шикастланиши ёинки ундан маҳрум бўлиниши тушунилади. Шу сабабли, зарар моддий ёхуд жисмоний характер касб этади. Моддий зарар кўрган жабрланувчи жисмоний шахс ҳам, юридик шахс ҳам бўлиши мумкин. Жисмоний зарар бўйича жабрланувчи фақат фуқаро бўлади.

Фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар, шунингдек маънавий зарар ўзига хос хусусиятларга эга.

Етказилган зарар тўлиқ ҳажмда, бой берилган фойдани ҳам қўшиб ҳисобга олган ҳолда ундирилади.

Шахснинг бузилган ҳуқуқини, нобуд бўлган ёки шикастланган мол-мулкини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган ҳаракатлари ҳақиқий (реал) зарар ҳисобланади.

Қонунда етказилган зарарни тўлиқ ҳажмда қоплаш умумий қоидасидан истисно назарда тутилиши мумкин.

Умумий қоидага кўра, зарарни тўлаш мажбурияти бевосита зарар етказувчига юкланади. Айни пайтда қонунда етказилган зарарни тўлаш мажбурияти зарар етказган шахсгагина эмас, балки унинг хатти-ҳаракатлари учун масъул ёхуд хатти-ҳаракатларини назорат қилиши шарт бўлган шахсларга ҳам юкланиши мумкин.

Одатда, фуқаронинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарар оқибатларини юмшатиш учун қонун ҳужжатларида ёхуд шартномада товон тўловлари ҳам назарда тутилади. Ушбу чоралар фуқаролик-ҳуқуқий, ижтимоий ҳимоя воситаси ҳисобланади.

Зарар етказганлик учун жавобгарликни қўллаш асоси сифатида зарар етказувчининг айби мавжуд бўлиши керак. Айб зарар етказувчининг ўз қилмиши ва унинг оқибатларига руҳий-психик муносабати ҳисобланади.

Зарар етказувчи айбининг шакли қонун ҳужжатларида бевосита белгилаб қўйилган ҳоллардагина ҳуқуқий оқибатларга эга бўлади. Қолган ҳолатларда қасд ёки эҳтиётсизликдан қатъи назар, қилмиш тўлақонли айб асосида содир қилинган ҳисобланади, яъни айбнинг ҳар қандай шаклида етказилган зарар тўлиқ ҳажмда ундирилади.

Зарар етказган шахс, агарда бунда ўзининг айби йўқлигини исботлаб берса, яъни форс-мажор ҳолатлар рўй берган ёхуд учинчи шахсларнинг айби мавжуд бўлса, жавобгарликдан озод қилинади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (ФК) нинг 333-моддасида (мажбуриятни бузганлик учун жавобгарлик) ҳам айбсизликни исботлаш бурчи зарар етказган шахс зиммасига юкланади. Ушбу ҳолатда айбсизлик презумпцияси намоён бўлади, яъни зарар етказган шахс қонунда белгиланган тартибда ўзининг айбсизлигини исботлаб бермагунича, айбдор ҳисобланади.

Қайд этиш лозимки, айб деликт бўйича жавобгарликни белгилашда қатъий, яъни мутлақ зарурий асос эмас. Қонунда зарар етказувчининг айби бўлмаганда ҳам зарарни тўлаши назарда тутилиши мумкин. ФКнинг 993, 996, 999-моддаларида зарарни тўлаш мажбурияти айб категориясини қўллаш мумкин бўлмаган шахсларга (муомалага лаёқатсизлиги сабабли) ёки зарар етказишда айби бўлмаган шахсларга юкланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Фуқаролик қонунчилигида жавобгарлик шарти сифатида зарар етказувчи хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) нинг ҳуқуққа хилоф­лиги зарар етказувчи хатти-ҳаракатининг ғайриқонунийлигини, яъни бошқа шахснинг субъектив ҳуқуқи бирор тарзда бузилишини англатади.

ФК 9-моддасининг бешинчи қисмига кўра, фуқаролар ва юридик шахслар бошқа шахсларга зарар етказишга қаратилган ҳаракатларни содир этмасликлари шарт. Зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятлар бош деликт тамойилига асосланади, яъни агар қонун ҳужжатларида белгиланган бўлмаса, ҳар қандай зарар етказиш ҳуқуққа хилоф ҳисобланади.

Ҳуқуққа хилофликни қонун ҳужжатларида белгиланган тақиқни бузишга қаратилган ҳаракатларни содир этиш билангина боғламаслик керак.

Ҳуқуққа хилофлик доираси фақат бу билан чекланмайди, балки бошқа шахсларнинг субъектив ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилувчи ҳар қандай зарар етказишдан иборат.

Ҳуқуққа мувофиқ (қонуний) ҳаракатлар оқибатида етказилган зарар қонунда назарда тутилган ҳоллардагина тўланиши лозим.

Бир вақтнинг ўзида қуйидаги икки ҳолат мавжуд бўлганида зарарни тўлаш рад этилиши мумкин:

– зарар жабрланувчининг илтимоси ёки розилиги билан етказилган бўлса;

– зарар етказувчининг ҳаракатлари жамиятнинг ахлоқий тамойилларига путур етказмаса.

Биринчи ҳолатда жабрланувчининг илтимоси ёки розилиги яққол ифодаланган бўлиши шарт. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахснинг, вояга етмаганларнинг, ўз ҳаракати оқибатларини англаб етмайдиган ҳолатда бўлган (алкоголь, гиёҳванд ёки психотроп моддалар истеъмол қилиш оқибатида) шахсларнинг (ақли норосолик ҳолида бўлганлар) илтимоси ёки розилиги ҳисобга олинмайди.

Иккинчи ҳолатда эса, жамиятнинг ахлоқий тамойиллари суд томонидан ҳар бир аниқ ҳолатдан келиб чиқиб ҳисобга олинади. Бундай тамойиллар доирасига умуминсоний (инсонпарварлик, адолат, бағрикенглик, ачиниш ва ҳоказо) ва миллий-диний қадриятлар (сахийлик, меҳмондўстлик, садоқат, вафодорлик, иффат-ҳаё, катталарга ҳурмат, итоаткорлик ва ҳоказо) киритилиши мумкин.

Шу ўринда бир мисолга эътибор қаратамиз. 2019 йил 13 август куни тахминан соат 18.30 ларда И. Ш. «ВАЗ-21011» русумли автомашинасида Тошкент-Чимён автомобиль йўлининг 47-чақиримида Чирчиқ шаҳридан Ғазалкент шаҳри томон ҳаракатланиб келаётиб, йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб, ўз йўналишида келаётган ҳайдовчи К. О. бош­қарувидаги «Матиз» русумли автомашина билан тўқнашув содир қилган ва оқибатда йўловчи С. М. ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати олиб, Бўстонлиқ тумани марказий касалхонасига ётқизилган.

Жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судининг 2019 йил 11 декабрдаги ажрими билан И. Ш. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси (ЖК) 266-моддасининг биринчи қисми билан қўзғатилган жиноят иши Олий Мажлис Сенатининг 2012 йил 5 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигини йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Қарорининг 6-бандига асосан тугатилган ва манфаатдор шахс С. М. га етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик судига мурожаат қилиши мумкинлиги тушунтирилган.

ФКнинг 75-моддасига кўра, суд ҳаммага маълум деб топган ҳолатлар исботлашга муҳтож эмас. Жиноят иши бўйича қонуний кучга кирган суд ҳукми суд томонидан ҳукм этилган шахс ҳаракатларининг фуқаролик-ҳуқуқий оқибатлари тўғрисидаги ишни кўриб чиқаётган суд учун фақат шу ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмаганлиги ва улар мазкур шахс томонидан содир этилган ёки содир этилмаганлиги масалалари юзасидан мажбурийдир.

Шундан сўнг, даъвогар – Бўстонлиқ тумани прокурори фуқаро С. М. нинг манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар И. Ш. дан жабрланувчи фойдасига жиноят оқибатида етказилган 30 000 000 сўм моддий ва 30 000 000 сўм маънавий зарарни ундириб беришни сўраган.

Ишдаги суд-тиббий экспертизасининг 2019 йил 14 ноябрдаги хулосасига кўра, С. М. га ҳаёти учун хавфли бўлган оғир шикаст етказилган.

ФК 985-моддасининг биринчи қисмига биноан, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, жумладан, бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Мазкур талабга асосан суднинг ҳал қилув қарори билан Бўстонлиқ тумани прокурорининг фуқаро С. М. манфаатида киритган даъвосининг моддий зарарни ундириш қисми қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан 4 500 000 сўм ундирилган.

Шунингдек, жабрланувчиларнинг бири, уларнинг яқин қариндошлари ёки боқувчиси вафот этган тақдирда фуқаролик қонунчилигига асосан зарарлар тўлиқ қопланади.

ФК 100-моддасининг саккизинчи қисмида фуқарога етказилган маънавий зарарни қоп­лаш борасида умумий меъёр белгиланган. Маънавий зарарни қоплаш масаласига оид нормалар мазкур Кодекснинг 1021, 1022-моддаларида ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2000 йил 28 апрелда қабул қилинган «Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 7-сонли қарорида кенг баён этилган.

Умумий қоидага мувофиқ, маънавий зарар уни етказувчининг айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан қопланади.

Маънавий зарарни қоплашга асос бўлувчи ҳолатлардан энг муҳими ноқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этган шахснинг айби мавжудлигидир.

ФКнинг 100-моддасига эътибор қаратадиган бўлсак, маънавий зарар фақат фуқаронинг шахсий номулкий неъматлари (ҳуқуқлари) бузилиши ёки тажовуз қилиниши оқибатида қопланади, деган хулосага келиш мумкин. Шундай экан, фуқаронинг моддий ҳуқуқлари бузилиши оқибатида етказиладиган маънавий зарар қопланадими, деган савол туғилиши табиийдир. Бизнинг фикримизча, бундай зарар қопланади. Чунки, маънавий зарар етказилишига сабаб бўлган ғайриқонуний ҳаракатлар ёки ҳаракатсизликнинг объектларидан бири фуқаронинг моддий ҳуқуқлари, яъни уй-жой дахлсизлиги, мулк ҳуқуқи кабилардир.

Маънавий зарарни қоплаш имконияти унинг муддати билан боғлиқ.

ФКнинг 149-моддасига кўра, даъво муддати фуқаро ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир. Умумий даъво муддати мазкур Кодекснинг 150-моддасига асосан уч йил қилиб белгиланган. ФКнинг 163-моддасида даъво муддати жорий қилинмайдиган талаблар белгиланган бўлиб, улардан бири – шахсий номулкий ҳуқуқларни ва бошқа номоддий неъматларни ҳимоя қилиш ҳақидаги талаблардир. Маънавий зарар фуқаронинг шахсий номулкий ҳуқуқлари ва бошқа номоддий бойликлари бузилиши оқибатида етказилади.

Демак, маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги талабларга даъво муддати жорий қилинмайди.

Фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига моддий зарар етказилиши билан унга маънавий зарар ҳам етказилиши табиийдир.

ФКнинг 1021-моддасига мувофиқ, маънавий зарарни етказувчи шахснинг айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан тўланиши лозим, маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар, зарар фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига ошиқча хавф манбаи томонидан етказилган бўлса қопланади, 1022-моддасига кўра, маънавий зарар пул билан қопланади, маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусияти, маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатлар ва жабрланувчининг шахсий хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан баҳоланади, маънавий зарар тўланиши лозим бўлган мулкий зарардан қатъи назар, қопланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2000 йил 28 апрелдаги «Маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарорига кўра, маънавий зарар деганда, жабрланувчига қарши содир этилган ҳуқуқ­бузарлик ҳаракати (ҳаракатсизлик) оқибатида у бошидан кечирган (ўтказган) маънавий ва жисмоний (камситиш, жисмоний оғриқ, зарар кўриш, ноқулайлик ва бошқа) азоблар тушунилади. Маънавий зарар, жумладан, яқин қариндошини йўқотиш (ўлими) сабабли маънавий қайғуриш, ижтимоий ҳаётдаги фаолиятини давом эттира олмаслик, ишини йўқотиш, оилавий, тиббий сирларни ошкор қилиш, фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш, ҳар қандай бошқа ҳуқуқларини вақтинча чеклаш ёки улардан маҳрум қилиш, етказилган зарар ёки соғлиққа бошқача зиён етказиш туфайли, жисмоний оғриқ  ёхуд етказилган маънавий азоблар натижасида бошидан ўтказилган бошқа касалликларда намоён бўлиши мумкин.

Суд қайд этилган ҳуқуқий нормаларга асосан даъвонинг маънавий зарарни ундириш ҳақидаги қисмини муҳокама қилиб, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида С. М. 2-гуруҳ ногирони бўлиб қолганлигини, 2019 йилдан буён тез-тез шифохонада даволаниб келишини, оёқ ва қўлларига тиббий аппаратлар қўйилганлигини, буларнинг оқибатида унинг турмуш ўртоғи ташлаб кетганлиги маънавий азобланишига олиб келганлигини инобатга олиб, манфаатдор шахсга маънавий зарар етказилган деб ҳисоблаган ва жавобгардан унинг фойдасига 15 000 000 сўм маънавий зарар ундиришни лозим топиб, адолатли ва қонуний тўхтамга келган.

Ғолибжон Воҳидов,

фуқаролик ишлари бўйича

Тошкент вилоят суди

раисининг ўринбосари

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: