КЕЛИШУВ БИТИМИ АКА-СИНГИЛ ЎРТАСИДАГИ НИЗОГА БАРҲАМ БЕРДИ
Маълумки, ҳар бир жамият оилаларнинг тинч-тотув, аҳил-иноқ яшашидан манфаатдор бўлади. Чунки оила тинч, фаровон бўлса, жамият ҳам ривож топади. Айни шундай муҳим ҳолатлар эътиборга олиниб, амалдаги қонунларда тегишли меъёрлар белгиланган.
Жумладан, амалдаги Фуқаролик-процессуал кодексининг 166-моддасига кўра, суд тарафларни яраштириш чораларини кўради.
Уларга фуқаролик суд ишларини юритишнинг барча босқичларида низони ҳал этишга кўмаклашади.
Тарафлар ўз талабларини тўлиқ ҳажмда ёки қисман ҳал этиш учун келишув битими тузиши мумкин. Келишув битимини даъво тартибида юритиладиган ҳар қандай иш бўйича фуқаролик суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида тузиш мумкин.
Ушбу қонун талабининг амалга самарали жорий этилиши фуқаролар ўртасидаги турли хил низоларни тинч йўл билан ҳал этишга хизмат қилмоқда.
Масалан, даъвогар Г. Бойматова (исм-шарифлар ўзгартирилди) жавобгар Т. Бойматовга нисбатан меросхўр деб топиш ва мерос улушни ажратиш ҳамда меросни натура шаклида олиш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилган. Унинг судда кўрсатма беришича, онаси Ш. Бойматовадан қолган Самарқанд шаҳар, Жарариқ кўчасидаги Н. мерос уй-жойга нисбатан мерос очиш мақсадида, нотариал идорага мурожаат қилган. Нотариал идорада унга ака ва опа-сингиллари мерос очишдан воз кечганлиги сабабли судга мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилган. Даъвогар мерос уй-жойда ўзининг ҳиссаси борлигини билдириб, меросхўр деб топишни, меросдан улушни ажратиш ва уни натура шаклида олиб беришни сўраган.
Шундан сўнг даъвогар Г. Бойматова судга яна ариза тақдим этган.
Ушбу аризасида у жавобгар Т. Бойматов билан ўзаро келишгани муносабати билан ўрталарида тузилган келишув битимини тасдиқлаб, фуқаролик ишини иш юритувидан тугатишни сўради.
Суд мажлисида иштирок этган жавобгар Т. Бойматов, ҳақиқатан ҳам, Самарқанд шаҳар, Жарариқ кўчасидаги Н. мерос уй-жой онаси Ш. Бойматовадан мерос қолгани, опа-сингиллари ўз ҳиссаларидан унинг фойдасига воз кечгани, ҳозирда у уй-жойда янги қурилиш ишларини амалга оширгани, даъвогар билан низони ўзаро келишиб, бартараф этишгани, ўрталарида тузилган ана шу келишув битимини тасдиқлаб, ишни иш юритувидан тугатишни сўради.
Биринчи босқич судининг ажрими билан даъвогар ва жавобгар ўртасида тузилган келишув битими тасдиқланди. Келишув битимига кўра, жавобгар Т. Бойматов даъвогар Г. Бойматовага Самарқанд шаҳар, Жарариқ кўчаси Н. уй-жойдаги улуши эвазига уч ой муддат ичида 5 минг АҚШ доллари бериш мажбуриятини олди. Даъвогар Г. Бойматова эса, ана шу 5 минг АҚШ долларини олгач, ўз улушидан жавобгар Т. Бойматов фойдасига воз кечадиган бўлди.
Гувоҳи бўлганингиздек, келишув битими суд тартибида тасдиқлангани сабабли, даъвогар Г. Бойматованинг жавобгар Т. Бойматовга нисбатан меросхўр деб топиш ва мерос улушни ажратиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган фуқаролик иши иш юритишдан тугатилди.
Шу ўринда масаланинг яна бир муҳим жиҳатига тўхталиш керак. Гап шундаки, ака-сингил — жигар, бир ота-онанинг фарзандлари. Ахир, эт билан тирноқни ажратиш мумкинми? Йўқ, албатта. Қонунларимиз эса, яқин қариндошлар ўртасида юзага келган низони келишув битими асосида изга солди. Агар миллий қонунчилигимизга халқимиз табиатига хос бу каби эзгу амаллар киритилмаганидами, ака-сингил мерос талашиб, юз кўрмас бўлиб кетиши ҳам ҳеч гап эмасди.
Байрамали НОРОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Самарқанд вилояти суди раиси
вазифасини бажарувчи
Фикр қолдириш