КОРРУПЦИЯ — ХАВФЛИ ИЛЛАТ. БУ ҚИЛМИШ МУҚАРРАР ЖАЗОГА ОЛИБ БОРАДИ
Ҳозирги фан-техника шиддат билан ривожланиб бораётган бир пайтда ҳудуд ва чегара танламайдиган коррупция иллати глобал муаммо сифатида кенг жамоатчиликни жиддий ташвишга солмоқда. Бинобарин, коррупция ҳар қандай мамлакатнинг демократия ва қонун устуворлиги асосларини издан чиқаради.
Коррупция жамият тараққиёти, юрт равнақи ва халқ фаровонлигига рахна солади. Маънавиятини емириб, миллий қадриятларни, одоб-ахлоқ нормаларини поймол этади. Юртда ижтимоий тенгсизликни келтириб чиқаради. Фуқароларда эртанги кунга бўлган ишончни сўндиради. Шу боис коррупция вайронкор куч сифатида қораланади.
Ўзбекистон Республикаси 2008 йилда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига ҳамда 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг Коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул режасига қўшилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йил январида мамлакатимизда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Мазкур қонун юртимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда. Қонун коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлиги ва сифатини оширишга хизмат қилмоқда.
Қонун ижросини таъминлаш мақсадида, Президентимизнинг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Бу қарор юртимизда коррупцияга қарши курашиш борасида янги босқични бошлаб берди.
Ўтган йилнинг 27 майида Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Бу ҳужжат ана шу хавфли иллатга қарши муросасиз муносабатни янада кучайтириш борасидаги вазифалар кўламини кенгайтирди.
Коррупцияга қарши муросасиз курашиш узлуксиз ҳаракат қилишни тақозо этади. Буни давлатимиз раҳбари жорий йил 24 январда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида ғоятда ҳақли фикрларни илгари сургани мисолида яққол кўриш мумкин.
Президентимиз таъкидлаганидек, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак.
Мурожаатномада коррупцияга қарши курашиш вазифалари ижросини тизимли ташкил этиш мақсадида, парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул саналадиган алоҳида орган ташкил этиш таклиф қилинди. Бу ҳам ушбу хавфли иллатга бутунлай барҳам бериш учун ҳали кўп куч ва меҳнат сарфлашимиз зарурлигини кўрсатмоқда.
Кейинги даврда коррупцияга қарши курашиш соҳасида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида бир қатор зарур чоралар кўрилди. Бу ҳақда тўхталаётганимизнинг сабаби шуки, жамиятнинг ҳар бир аъзоси қонунларни, хусусан, коррупция билан боғлиқ қилмишнинг ҳуқуқий оқибатларини яхши билиши керак.
Қонунни билмаслик, унинг мазмун-моҳиятидан бехабарлик, табиийки, коррупция жиноятини содир этган шахснинг жазодан қутулиб қолишига имкон бермайди. Чунки пора олган ҳам, берган ҳам, пора олиш-беришда воситачилик қилган ҳам муқаррар жиноий жавобгарликка тортилади. Қонун талаби шундай.
Маълумки, давлат органлари ходимлари ўз ваколатлари доирасида иш олиб боради. Ўз-ўзидан, уларга жисмоний ёки юридик шахсларнинг иши тушади. Бундай чоғда «енг ичида» иш битириш мақсадига қаратилган илтимос ва таклифлар бўлмаслиги мумкин эмас. Коррупцияни келтириб чиқарувчи бундай ҳолатларни бартараф этиш йўли «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг 26-моддасида белгилаб қўйилган.
Мазкур нормага мувофиқ, давлат органлари ходимлари уларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига оид барча ҳоллар тўғрисида, шунингдек, давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шарт. Ушбу мажбуриятнинг давлат органлари ходимлари томонидан бажарилмаслиги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Энди бу борадаги фикрларни ҳаётий мисоллар асосида далиллашга ҳаракат қиламиз.
Ўтган йил 7 ноябрь куни Навоий вилояти ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати инспектори Ш. Абдурасулов (исм-шарифлар ўзгартирилган) сафдоши Ж. Қаршиев билан Кармана тумани ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлининг 162-километрида жойлашган «Гресс» кузатув блок-постида хизмат вазифасини бажараётганди.
Кеч соат 23.45 ларда «Бухоро — Навоий» йўналиши бўйича юқори тезликда ҳаракатланиб келаётган «Нексия» автомашинаси уларга шубҳали туюлади. Инспектор Ш. Абдурасулов автомашинани ҳуштак чалиб, жезл ёрдамида тўхтатади.
Хавфсизлик камарини тақмасдан келаётган «Нексия» ҳайдовчиси қоидани бузганлигини тан олади ва ҳужжатларини йўл-патруль хизмати ходимларига тақдим этади. Ш. Абдурасулов ҳайдовчи А. Раҳмонқуловга нисбатан Йўл ҳаракати қоидаларининг 9-бандини бузиб, хавфсизлик камаридан фойдаланмасдан келганлиги учун маъмурий баённома расмийлаштиради.
Баённомага имзо қўйиш сўралган пайтда А. Раҳмонқуловнинг спиртли ичимлик истеъмол қилгани сезилиб қолади. Вилоят наркология диспансери тиббий кўрикдан ўтказиб, фуқаро А. Раҳмонқулов маст ҳолда эканлиги тўғрисида хулоса беради.
Хулосага асосан, ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилади ва автомашина жарима майдонига қўйилади.
Ҳаммаси шундан сўнг бошланади. А. Раҳмонқулов пост ёнидан кетмай, эрталабгача шу атрофда юриб чиқади. Бунинг устига йўл-патруль хизмати инспектори Ш. Абдурасуловга ёрдам қилишни, эвазига 100 АҚШ доллари беришини айтиб, уни ҳол-жонига қўймайди. Йўл-патруль хизмати инспектори фуқарога бу ҳаракати жиноят экани, ишига халал бераётганини такрор-такрор тушунтиради. Ҳатто уни хонасидан чиқариб юборади. Лекин…
Эрталаб соат саккизларда постнинг назорат хонасига кириб олган А. Раҳмонқулов яна автомашинасини жарима майдонидан чиқаришга ёрдам беришни, бунинг учун қанча пул бўлса ҳам, беришга тайёр эканлигини айтган. Шундан сўнг Ш. Абдурасулов ҳайдовчи А. Раҳмонқуловга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи номига билдирги ёзган.
Тезкор тадбир белгиланиб, тадбир иштирокчилари «У. А. Аброр — 98» масъулияти чекланган жамиятига қарашли жарима майдончасига боришган. Худди шу пайтда А. Раҳмонқулов маъмурий бино ичига кириб олганди. У Ш. Абдурасуловга 100 доллар пул берган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.
Суд дастлабки тергов органи томонидан А. Раҳмонқуловнинг ижтимоий хавфли ҳаракатлари Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан тўғри малакаланган деб ҳисоблади.
Мазкур жиноят иши судда мазмунан кўрилиши чоғида судланувчи А. Раҳмонқулов қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлик билдирди.
Унинг айбига иқрорлиги ва қилмишидан пушаймонлигини суд жазони енгиллаштирувчи ҳолат, жиноятни мастлик ҳолатида содир қилганлигини Жиноят кодексининг 56-моддасида назарда тутилган жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб ҳисоблади.
Суд ашёвий далил деб топилган, судланувчи А. Раҳмонқулов томонидан Ш. Абдурасуловга пора тариқасида берилган 100 АҚШ долларини ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг давлат эгалигига ўтказишни лозим, деб топди.
А. Раҳмонқуловга суд ҳукми билан икки йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Қиссадан ҳисса шуки, пора олганни ҳам, берганни ҳам, пора олиш-беришга воситачилик қилганни ҳам муқаррар жазо кутади.
Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.
Алишер САЙДУЛЛАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Кармана тумани судининг раиси
Фикр қолдириш