КЎЗГУДАГИ ДОҒ
Муқаддас китобларда инсонга зарар келтирувчи ҳар бир нарса, айниқса, улуғ неъмат аталмиш ақлни заифлаштирувчи спиртли ичимлик ҳаром ҳисобланган.
Маълумки, ичкиликбозлик инсоннинг қалбини қорайтирадиган, уни ақлдан бегона қиладиган иллатдир. Бу иллатга ўз вақтида чек қўйилмаса, асорати оғир оқибатларга олиб келиши аниқ.
Буни қуйидаги ҳаётий мисоллар ҳам тасдиқлайди.
Шаҳрисабз туманига қарашли Чоршанбе қўрғонида яшовчи (исм-шарифлар ўзгартирилди) Шокир Бегматов ўша кеч тўйдан бўкканича ичиб олган ҳолда, катта кўчада бақир-чақир қилиб, йўловчиларни ножўя сўзлар билан ҳақоратлаётган пайтида уни тинчлантиришга ҳаракат қилган туман ички ишлар бўлими ходимларига нисбатан ҳам кўр-кўрона қаршилик кўрсатади.
Шундан сўнг ичкилик таъсирида одамийлик қиёфасини мутлақо йўқотиб қўйган Ш. Бегматов ҳуқуқ посбонлари томонидан ички ишлар бўлимига олиб келинди.
Айтиш жоизки, одатда, инсон ёши бир жойга боргач, беҳуда гап-сўзлардан, айниқса, ичкиликдан ўзини йироқ тутади. Ота сифатида оиласи, фарзандларига ҳар тарафлама ибрат мактабини ўтайди.
Умрини эзгу ва хайрли ишларга бағишлаш баробарида, кўнгил хотиржамлигига эришишга ҳаракат қилади. Бироқ мақоламизнинг иккинчи «қаҳрамон»и ёши олтмишни қоралаб қолган Абдували Самадов ҳақида бундай деб бўлмайди. Боиси, ҳаётда кўпни кўрган, оқ-қорани таниганлигига қарамасдан, бу кимса ичиб олиб, маҳалла кайвониларини ҳақорат қилиб, афсуски, эндиликда улар олдида юзшувут бўлиб қолмасди.
Аниқроғи, шу йилнинг кўклам ойида маҳалла аҳлини тозаликка жалб қилиб, кўчаларни айланиб юрган маҳалла раиси Лобар Нарзуллаева ва кўчабоши Анвар Муродовларга маст ҳолатдаги бу кимса алланималарни баҳона қилиб, уларни ҳақоратламаган, шаънини топтаб, обрўсизлантирмаган бўларди. Аммо ичкилик туфайли эс-ҳушини йўқотган А. Самадов ўз хизмат вазифасини ўтаётган маҳалла вакилларини қишлоқ аҳли олдида куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлайди. Бу дилозор кимсанинг қилмишларидан қаттиқ ранжиган Л. Нарзуллаева ва А. Муродовлар бу ҳақда туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилишди.
Суд ҳуқуқбузарлар Ш. Бегматов ва А. Самадовларнинг кирдикорларини атрофлича муҳокама этиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-ва 195-моддалари билан айбдор деб топган ҳолда, уларнинг ҳар бирига нисбатан маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.
Бу кўнгилсиз воқеалардан шундай хулоса қилиш керакки, одам боласининг ўз-ўзини идора қила олмаслиги фақат ичкилик ёки бошқа кучли руҳий таъсир кўрсатадиган псхотроп моддалар орқалигина содир бўлиши мумкин. Шундай экан, хушёрлик — одоб зийнатидир.
Буни ҳеч қачон эсдан чиқармаслик лозим.
Латофат Зайниддинова,
Шаҳрисабз тумани
маъмурий судининг раиси,
Абдунаби Бобоёров,
журналист
Фикр қолдириш