МАЪМУРИЙ СУДЛАР ТИЗИМИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

Мамлакатимизда қатъият билан амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ маъмурий қонунчилик тизимида ҳам ижтимоий муносабатларни тартибга солишнинг аҳамиятини оширадиган тарихий ўзгаришлар рўй берди. Бу биринчи навбатда, конституциявий ва ҳуқуқий меъёрларда изчил ривожланиб борган демократлаштириш институтларини институционализация қилишга тааллуқлидир.

Бунда, аввало, маъмурий иш юритишнинг процессуал механизмларини такомиллаштириш, демократлаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва фуқаролар ҳу­қуқ­ларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш чоралари кўрилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бинобарин, дунёнинг аксарият давлатларида ҳам маъмурий тизимда амалга ошириладиган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — оммавий бош­қарув тизимининг транспарентлиги ҳамда маъмурий ва суд тартиб-таомилларини такомиллаштиришдан иборатдир.

Умуман олганда, маъмурий судлар — давлат бошқаруви органлари, мансабдор шахс­лар билан фуқаролар ўртасидаги маъмурий-ҳуқуқий низоларни ҳал этиш учун ташкил этилган махсус судлар ҳисобланади.

Дунёнинг тараққий этган давлатлари тажрибаси шу­ни кўрсатадики, давлат ҳо­кимияти тармоқлари ўртасида самарали назорат ва мувозанат тизимини яратиш, давлат органлари, ҳу­қуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи тузилмалар фаолиятида қонун устуворлигини таъминлашнинг оқилона механизмлари маъмурий тартиб-таомил ва маъмурий суд ишларини юритишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари ҳисобланади.

Шу боис маъмурий-ҳуқу­қий институтлар зиммасига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш, улар ўртасидаги мувозанат тамойилига амал қилиш вазифаси юклатилган.

Мамлакатимизда маъмурий судларнинг ташкил қилиниши тарихи Президентимизнинг 2017 йил 21 февралдаги  «Ўзбекис­тон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан чамбарчас боғлиқдир. Хусусан, ушбу тарихий Фармонга кўра, 2017 йил 1 июндан бошлаб ом­мавий-ҳу­қуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шу­нинг­дек, маъмурий ҳуқуқ­бузарликлар тўғрисидаги иш­ларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган Қорақалпо­ғис­тон Республикаси, ви­лоят­лар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туман (шаҳар) маъмурий судлари ташкил этилди. Бунинг натижасида том маънода маъмурий судлар тарихига асос солинди.

Айтиш керакки, ўтган қисқа даврда маъмурий судлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қи­лиш, одил судлов ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида ўта муҳим ишлар амалга оширилди. Буни биргина маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 2019 йилда 1 минг 255 та, 2020 йил­нинг биринчи ярмида 654 та қарори суд томонидан ҳа­қиқий эмас, деб топилгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Шу маънода, ишонч билан айтиш керакки, бундан уч йил муқаддам Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан юртимизда маъмурий судларнинг ташкил этилгани амалда ўзини тўлиқ оқламоқда.

Албатта, ҳар бир тузилма каби маъмурий судлар ҳам ҳаётнинг талаб ва эҳтиёжлари, шунингдек, миллий ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда доимий равишда такомиллаштириб боришни тақозо этади.

Бу ҳақда фикр юритганда, шундай ҳақли савол туғилади: хўш, бугунги кунда маъмурий судлар фаолиятида қандай муаммо ва қийинчиликлар учрайди? Нега маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришга эҳтиёж сезилмоқда?

Бу саволларга жавобан шуни айтиш керакки, бугунги кунда, биринчидан, туман миқёсида маъмурий судлар мустақил фаолият юритишида турли хил қийинчиликларга дуч келмоқда.

Бу эса, ўз навбатида, судлар мустақиллиги тамойилини амалда тўлиқ таъминлаш, қонуний, адолатли ва асосли суд қарорлари қабул қи­лишга ўзининг салбий таъсирини ўтказмай қолмайди.

Иккинчидан, оммавий-ҳуқуқий низоларни кўришга ихтисослашган маъмурий судларга, табиатига кўра, бир-бирига зид бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриш ҳам юклатилган. Бу ҳолат ҳам одил судлов сифатига таъсир кўрсатмай қолмайди.

Қисқаси, юқорида қайд этилган ҳолатлардан келиб чиқиб, Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони билан маъмурий судлар фаолияти тубдан такомиллаштирилди. Хусусан, Президентимиз Фармонига кўра, 2021 йил 1 январдан туман (шаҳар) маъмурий судлари негизида Қорақалпо­ғис­тон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Президентимиз Фармони билан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғисидаги ишларни кў­риш ваколатининг жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилиши жуда тўғри ва адолатли иш бўлди. Нега деганда, жиноят ишлари бўйича судлар судьялари доимий равишда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб келган. Аниқроқ айтганда, улар бу борадаги ишларни кўришга ихтисослашган. Энг муҳими, улар ўзлари фаолият олиб борадиган ҳу­дудда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳақиқий ҳолатни тўғри баҳолай олиши амалда кутилган самарани беради.

Шу ўринда яна бир ҳолатга эътибор қаратишни истардим. Гап шундаки, БМТ ривожланиш дастури, Германия ривожланиш соҳасида ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) ва Нагоя университети эксперт­лари томонидан Ўзбе­кис­тонда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларнинг маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилиши ва маъмурий судларнинг мустақил суд сифатида сақлаб қолиниши тўғри қа­рор деб баҳоланган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг ушбу тарихий Фармонлари моҳият-эътибори билан суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни янги, янада юксак босқичини бошлаб берди. Бу эса, ўз навбатида, ҳар бир судья ва суд ходими зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Зеро, Фармонда белгиланган устувор вазифаларнинг амалда ўз ифодасини топиши суднинг том маънода адолат қўрғонига айланишига хизмат қилади.

Робахон Маҳмудова,

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 раисининг биринчи ўринбосари

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: