МЎЪТАБАР КАСБГА ДОҒ ТУШИРГАНЛАР
Маълумки, амалдаги Жиноят кодексининг 164-169-моддаларини ўз ичига олган Х-боби «Ўзгалар мулкини талон-торож қилиш» деб номланган. Буни қайд этишдан мақсад шуки, сўнгги пайтларда судларда кўрилаётган жиноят ишларининг аксариятини айни тоифадаги жиноятлар ташкил этмоқда. Айниқса, жамиятда обрў ва эътиборга эга бўлган касб эгаларининг бундай жиноий қилмишга қўл урганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Андижон шаҳар бўлими давлат ижрочиси Илҳомжон Иномиддинов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам ўз нафсига алданиб, фуқаро Жаҳонгир Солибоев билан жиноий тил бириктирди.
Гап шундаки, Андижон туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 15 январдаги ижро варақасига асосан Андижон вилоят «Иссиқлик манбаи» давлат унитар корхонасидан 423 323 673 сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш белгиланган. Мазкур ижро варақаси 2018 йил 24 апрелда Мажбурий ижро бюросининг Андижон шаҳар бўлимига келиб тушгач, давлат ижрочиси И. Иномиддинов томонидан «Ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида»ги қарор қабул қилинади.
Шунга кўра, корхонага тегишли, шаҳарнинг Қўшариқ даҳасида жойлашган ёқилғи омбори, автотураргоҳ ҳамда бино ва иншоотлар далолатнома асосида хатланган. Ўша йилнинг 15 ноябрида эса, хатланган кўчмас мулклар электрон онлайн аукцион савдосига чиқарилган. Бироқ унитар корхонанинг мурожаатига асосан 2019 йил 4 январда ижро ҳаракатлари вақтинча тўхтатилган.
Кейинчалик маълум бўлишича, Андижон шаҳридаги «TEPLOPODYOMNIK» масъулияти чекланган жамиятининг 2019 йил 22 февралдаги ТП-0175-22-сонли хулосасига мувофиқ, хатланган 2 дона ёқилғи сиғимлари яроқсиз деб топилиб, утилизация қилиниши белгиланган.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Андижон вилоят «Иссиқлик манбаи» давлат унитар корхонаси раҳбари Муҳаммадзоҳид Тўхтабоев 2019 йил 23 мартдаги алоқа хати билан яроқсиз деб топилган 2 дона ёқилғи сиғимларини утилизация қилиб, ундан тушган маблағни корхонанинг солиқ қарздорлиги ва ходимларнинг иш ҳақига йўналтириб беришни сўраган. Бинобарин, 2019 йил 25 март куни И. Иномиддинов бу хусусда қарор қабул қилади. Сўнг 2019 йил 11 июнь куни 2 дона ёқилғи сиғимлари 2019 йил 18 апрелдаги далолатномага биноан «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамиятининг «Иккиламчи қора метал» шўъба корхонаси Андижон филиалига 60 000 килограм металл ҳисобида топширилгани ҳақида «Иссиқлик манбаи» давлат унитар корхонаси раҳбарига хабар беради. Алоқа хатига юқоридаги далолатномани ҳам илова қилинади. Шунга асосан, М. Тўхтабоев топширилган 60 000 килограм метални корхона режасидан чегириб ташлашни сўрайди. Лекин «Иккиламчи қора метал» шўъба корхонаси Андижон филиали унга бунча миқдордаги метал топширилмаганини маълум қилади. Негаки, давлат ижрочиси И. Иномиддинов шаҳарнинг Бўстон даҳасида яшовчи, иккиламчи қора метал олди-сотдиси билан шуғулланувчи фуқаро Жаҳонгир Солибоев билан бирга ҳужжатларни сохталаштириш орқали тилга олинган 2 дона ёқилғи сиғимларини аллақачон 72 173 726 сўмга сотиб, маблағини ўзлаштириб юборган экан. Шу боис И. Иномиддинов ва Ж. Солибоевга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г”-бандлари билан жиноят иши қўзғатилади.
Андижон давлат университетининг Санъатшунослик факультети доценти Азизбек Тиллабоевни вилоятда кўпчилик яхши танийди.
Чунки у нафақат олийгоҳ ўқитувчиси, балки таниқли санъаткор ҳамдир. Аммо олтмиш ёшдан ошган А. Тиллабоев фирибгарлик ва пора беришга далолат қилиш жиноятларини содир этиб, ўзининг мисқоллаб йиққан обрўсини тўкиб қўйди.
Тергов ва суд мажлисида маълум бўлишича, 2019 йил ноябрь ойида Азизбек ака таниши Санжар Оқилов Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига ишга кириш ҳаракатида юрганидан хабар топади.
— Ука, мен ишга киришингизга ёрдам беришим мумкин. Фақат бу иш осонликча битмайди, ўзига яраша чиқимлари бор, — дейди у бир куни.
— Қанча бўларкин? — ҳам умид, ҳам иккиланиш билан сўрайди С. Оқилов.
— Уч минг доллар берсангиз, бошқармадаги танишларим билан гаплашаман, — дейди А. Тиллабоев.
— Майли, мен дадам билан маслаҳатлашиб кўраман.
Эртаси куни А. Тиллабоевнинг олдига Санжарнинг отаси Давлатали Оқилов келади.
— Кеча ўғлим билан иш масаласида гаплашган экансизлар, — деб вазминлик билан сўз бошлайди Давлатали ака. — Аммо бизнинг унча пулимиз йўқ-да…
Албатта, А. Тиллабоев Д. Оқиловдан бундай гапни кутмаганди.
Шунинг учун ўз оёғи билан келган даромадни қўлдан чиқармаслик мақсадида ишга киритиш «харажати»ни ярмига — 1 500 АҚШ долларига туширади.
— Бир куни ўғлингиз менга юз доллар қарз берганди. Шу сабабли қолган бир минг тўрт юзни берсангиз бўлди, — дейди домла изоҳ бериб.
— Хўп, розиман. Фақат пулни эртага олиб келаман, — дейди Давлатали Оқилов.
У шундай дея А. Тиллабоевнинг шартига кўнишга кўнди-ю, бироқ кейин пора эвазига ўғлини ишга жойлаштириш ноқонуний эканлигини англаб, фикридан қайтди. Энг муҳими, бу хусусида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Андижон вилоят бошқармасига мурожаат қилди.
Оқибатда Азизбек Тиллабоев эртаси куни ўзи ишлайдиган факультет биноси олдида Д. Оқиловдан 1 400 АҚШ долларини олаётган пайтда ушланди. Бинобарин, унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми, 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Албатта, жиноятга жазонинг муқаррарлиги қонун устуворлигини таъминлашнинг энг муҳим шарти саналади. Шу боис жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди ҳар икки айбдорга қилмишига яраша қонуний жазо тайинлади.
Энди ҳақли савол туғилади: ҳаётда қонунни билмаган, қилмишининг ҳуқуқий оқибатини тушунмаган фуқарони қўя турайлик, аммо ўзи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходими бўлган И. Иномиддиновнинг нафс домига тушганини қандай изоҳлаш керак? Наҳотки, у суд қарорлари ижросини таъминлаш борасида Мажбурий ижро бюроси зиммасига нечоғлик улкан масъулият юкланганини унутиб қўйган бўлса? Ёки талабаларга мусиқа санъати сирларини ўргатадиган доцентнинг нафс қутқусига учиб, жиноий қилмишга қўл урганини қандай изоҳлаш керак? Нега улар мамлакатимизда коррупцияга қарши мислсиз кураш олиб борилаётганини ёдидан чиқаришди?
Бу воқеаларни баён этишдан мақсад шуки, жиноий қилмиш ҳеч қачон изсиз кетмайди. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.
Рустамжон ТУРГИНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Андижон шаҳар судининг раиси
Фикр қолдириш