Ш. САДИКОВ ВА БОШҚАЛАРНИНГ ЖИНОЯТ ИШИГА ОИД

2020  йил 29 февралда YouTube тармоғидаги “Ҳақиқат излаб” каналида ва Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилинган мурожаат юзасидан маълумот

Дастлабки тергов органи томонидан Шамшод Садиков Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисмининг “б” банди, 168-моддаси 4-қисмининг “а” банди, 170-моддаси (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулки зарар етказиш) 2-қисмининг “б” банди, 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) нинг 1-қисми, 228-моддасининг 3-қисми, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) ва 184-моддаси (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) нинг 3-қисми билан, Ҳаким Жўраев ва Ҳалим Жўраев Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисмининг “а” банди, 189-моддаси ва 184-моддасининг 3-қисми билан айблашга оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг иш юритувига 2020 йилнинг 21 январь куни келиб тушган.

Иш бўйича Ш. Садиковга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси, Ҳаким Жўраев ва Ҳалим Жўраевга нисбатан эса муносиб хулқ атворда бўлиш ҳақидаги тилхат эҳтиёт чораси қўлланилган. Шунингдек, иш бўйича 60 нафар фуқаролар дастлабки тергов жараёнида жабрланувчи деб топилиб, уларга етказилган зарар миқдори 5 891 272 885 сўмни ташкил қилади.

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди судьяси А. Жабборов томонидан 2020 йил 7 февраль куни мазмунан кўриб чиқилиши бошланган.

Жиноят ишини кўриш Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексиниг 418-моддаси (жиноят ишининг муҳокамасини кейинга қолдириш) га асосан 2020 йилнинг 6 март кунига қолдирилган.

Ишни суд муҳокамасида кўриш жараёнида, тарафлардан келтирилган илтимосномалари (мазкур илтимосномалар Бухоро шаҳар прокурорининг ёрдамчиси К. Абдуллаев томонидан ҳам қаноатлантириш сўралган), жабрланувчиларга 5 891 272 885 сўмлик етказилган моддий зарарлар ҳамда судланувчилар томонидан яшириб кўрсатилган 1 107 542 333 сўмлик ягона солиқ суммаси қопланмаганлиги, шунингдек, судланувчилар Ҳаким Жўраев ва Ҳалим Жўраев иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга халақит берганликлари, яъни жабрланувчиларни кўрсатма беришда чалғитаётганлиги ҳамда уларга нисбатан дастлабки тергов томонидан эълон қилинган айбнинг оғир жиноятлар туркумига кириши  инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 422 (эҳтиёт чораси масаласини ҳал этиш) ва 423 (суд мажлисида ажрим чиқариш тартиби) моддаларига асосан қўлланилган муносиб хулқ атворда бўлиш ҳақидаги тилхат эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шунингдек, қонун талабига кўра, тарафлар суд муҳокамасини кўриш жараёнида тенг ҳуқуқлардан фойдаланиб, далиллар тақдим этиш, уларни текширишда қатнашиш, илтимос билан мурожаат қилиш, ишнинг тўғри ҳал этилиши учун аҳамиятга молик ҳар қандай масала бўйича ўз фикрларини билдириши мумкин. 

Суд эса айблов ёки ҳимоя тарафида турмайди ҳамда уларнинг бирон-бир манфаатларини ифодаламайди.

Бундан ташқари, Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддаси (айбсизлик презумпцияси) нинг талабига кўра, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади.

Шу сабабли, ижтимоий тармоқларда айрим блогерлар томонидан айбдор ва айбсизлиги муҳокама қилинаётган фуқароларнинг айбли ёки айбсиз эканлиги суд жараёни якуни бўйича чиқариладиган суд қарори асосида ҳал қилиниши алоҳида таъкидланади.                                    

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: