НАФСИГА АЛДАНГАН ХОДИМ ЖИНОЯТЧИНИ ПОРА БЕРИШГА УНДАДИ
Бугун ҳаётимизда ўта хавфли иллат саналмиш коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда. Албатта, бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан олиб борилаётган ишларни алоҳида таъкидлаш жоиз.
Аммо ишонч билдирган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимининг ўзи коррупцияга оид жиноятга қўл урса-чи?
Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси катта тезкор вакили Дилмурод Абдуллажонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам жиноятга муросасиз бўлиш ўрнига вазиятдан «унумли» фойдаланиб қолишга уринди. Яъни шахсий манфаатини ўйлаб, жиноятчини пора беришга ундади.
Гап шундаки, 2020 йил 19 апрель куни Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан «Орият» тадбири ўтказилади. Мазкур тадбирда шаҳарнинг Янги аср кўчасидаги кўп қаватли уйларнинг бирида яшовчи, муқаддам одам савдоси жинояти учун судланган ва жазо муддатини ўтаётган Шоира Файзиматова ўз уйида қўшмачилик қилаётгани аниқланади. Шу боис, айни ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, терговга юборилади. Натижада Ш. Файзиматовага нисбатан Жиноят кодексининг 131-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилади.
«Орият» тадбирида бошқарма катта тезкор вакили Дилмурод Абдуллажонов ҳам иштирок этади. Бинобарин, Ш. Файзиматованинг танишларидан бири Гулёра Жалилова унга қўнғироқ қилиб, дугонасига ёрдам беришини илтимос қилади. Натижада Д. Абдуллажонов воқеанинг эртасига — 2020 йил 20 апрель куни Ш. Файзиматова билан учрашади.
— Аввал одам савдоси жинояти билан судланган экансиз. Қўшмачилик ҳам шунга ўхшаш ҳолат. Шунинг учун тергов жараёнида сизни қамаб қўймаслигини терговчи билан гаплашиб беришим мумкин. Фақат бунинг эвазига унга икки минг доллар бериш керак, — дейди у. Кейин яна қўшиб қўяди: — Дугонангиз илтимос қилгани учун ёрдам бермоқчиман. Қолаверса, ўзим ҳам сизни ёқтириб қолдим.
Буни қарангки, Дилмурод шундай деб кейинги учрашувда қўшмачи жувонга кўнгилхўшлик қилишни таклиф этади. Ноилож қолган Ш. Файзиматова эса, унинг таклифини қабул қилади.
Шундан сўнг тезкор ходим ҳафта-ўн кун ичида Шоиранинг уйига бир неча марта боради. Лекин ҳар галги учрашувда пулни қистайверади.
Қолаверса, ўзининг қилмишини хаспўшлаш учун «антиқа» баҳона ўйлаб топади.
— Тергов муддати уч ой, суд жараёни ҳам икки ойча давом этади. Унгача ҳомиладор бўлиб олсангиз, судда сизга анча енгиллик берилади, — дейди у.
Аммо Ш. Файзиматова ўзининг чорасиз вазиятидан фойдаланиб қолмоқчи бўлаётган қонун ҳимоячисининг сўнгги кунлардаги ҳаракатларидан қаттиқ ғазабланади. Бинобарин, унга қонуний чора кўришни сўраб, ДХХ Фарғона вилоят бошқармасига мурожаат қилади. Оқибатда 2020 йил 3 май куни Д. Абдуллажоновга нисбатан тезкор тадбир ўтказилади.
— Қаердасиз, учрашамизми? Номини айтмай қўяверай, ҳалиги нарса тайёр, — дейди Шоира телефон орқали пулга ишора қилиб.
Шундан сўнг орадан кўп ўтмай Дилмурод аёлнинг уйи олдига етиб келади. Сўнг хизмат машинаси ичида келишилган пулнинг 1 500 АҚШ долларини олаётган чоғда ушланади. Негаки, Д. Абдуллажонов қолган 500 АҚШ долларини гаров пули тариқасида тўлаш учун Ш. Файзиматованинг ўзига қайтариб беради. Пировардида унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди, 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди эса, айбдорга нисбатан қонуний жазо тайинлади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур жиноят иши кишини жиддий фикр-мулоҳаза юритишга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларини эса, ундан тегишли хулоса чиқаришга ундайди. Айтайлик, оддий фуқаро жиноятга қўл урса, қонунни билмагани, қилмишининг ҳуқуқий оқибатини тушунмаганини асосий важ сифатида келтиради. Лекин ўзи ички ишлар органининг катта тезкор вакили бўлган шахснинг нафс домига тушиб, қонунни бузганини қандай изоҳлаш мумкин?!
Президентимиз шу йилнинг 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида коррупцияга қарши курашиш масаласига янада жиддий эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг қабул қилиниши бу борада яна бир дадил қадам бўлди.
Шундай экан, биз, судьялар ва суд тизими ходимлари коррупцияга қарши курашиш жараёнида бошқаларга ўрнак бўлишимиз шарт.
Айниқса, жиноят ишлари бўйича судлар судьялари коррупцияга оид ишларни кўриш билангина чекланиб қолмай, жойларда ўтказилаётан сайёр суд мажлисларида ҳамюртларимизга бу иллатнинг аянчли оқибатларини, хусусан, пора бериш, пора беришга далолат қилиш ва бундай жараёнда воситачилик қилиш ҳам жиноят эканлигини кенгроқ тушунтиришлари керак.
Фаррух АБДУРАИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона тумани судининг раиси
Фикр қолдириш