НОҲАЛОЛ ЛУҚМА
Айтиш керакки, мамлакатимизда «Обод қишлоқ» давлат дастурининг ҳаётга жорий этилиши қишлоқларда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, шаҳардагидан кам бўлмаган турмуш шароитини яратишда ниҳоятда муҳим ўрин тутмоқда.
Бунинг устига, айни шу бунёдкорлик ишлари жараёнида юртимизда тадбиркор, омилкор, ишбилармон қурувчи-меъморларнинг улкан сафи шаклланди.
Аммо ана шундай эзгу ва хайрли ишлардан ўзининг тор ва чиркин манфаати йўлида фойдаланиб қолишга уринадиган кимсаларнинг учраши жуда афсусланарлидир.
Ғиждувонлик Шерзод Эшмуродов ва Валижон Жумаевлар шулар тоифасидан бўлиб чиқди.
…Ҳаммаси юқорида баён этилган давлат дастури қишлоқ ҳаётига кириб келганидан сўнг бошланди. 2019 йилнинг апрел-июнь ойларида туман Ободонлаштириш бошқармаси билан «Сеталон», «Амиробод», «Янгиработ» қишлоқлари, «Армечан», «Пахтаобод», «Зарафшон» маҳаллаларига кўча чироқлари ўрнатиш юзасидан 4 та пудрат шартномасини тузишга муваффақ бўлган «Алишер Абдунасимович» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шерзод Эшмуродов ушбу ҳужжатлар ортида мўмай пул борлигини шу заҳотиёқ фаҳмлади. Шу аснода давлат ғазнасидан келаётган пулларни Ободонлаштириш бошқармасининг шу сингари ишлар учун масъул назоратчиси В. Жумаевнинг кўмаги, аниқроғи, жимжимадор имзосиз ўмаришнинг имкони йўқ эканини ҳам биларди.
Шу боис у В. Жумаевнинг кўнглига қулоқ тутди. Монелик аломатлари сезилмагач, дангалига ўтди. Маслаҳатни пишитгач, белни маҳкам боғлаган кўйи номи юқорида қайд этилган қишлоқ ва маҳаллаларда кўча чироқлари ўрнатишга астойдил киришди. Бу жараёнда айрим ҳудудларда ўта арзон нархдаги чироқлар ўрнатилди. Бир қатор кўча ва йўлларни ҳар бирининг нархи 1 миллион 89 минг сўмлик «РТУ 01-125» маркали кўча чироқлари ўрнига қиймати атиги 302 минг сўмлик «РКУ-SKU 100 W 6400К IP 66 185-265 V 50 ГЦ» русумли ёритгичлар билан ҳаш-паш дегунча безаб ташлади. Бу ҳолат тегишли ҳисобот ҳужжатларида ҳам ўз аксини топди. Мазкур манзиллар 302 минг эмас, балки 1 миллион 89 минг минг сўмлик ёритгичлар билан жиҳозлангани айрим ҳужжатларда қайд этилди. Шундай сохтакорлик йўли билан 115,9 миллион сўм талон-торож қилинди.
Ш. Эшмуродов бошлиқ масъулияти чекланган жамиятнинг туман йўллари ва кўчаларини арзон нархли ёритгичлар билан саноқли ҳафталар мобайнида қойилмақом тарзда безагани ва рўёбини топган ишлар бошқарма назоратчиси В. Жумаевнинг жимжимадор имзоси остида зудлик билан қабул қилиб олинган. Бир қарашда, ҳужжатлар рисоладагидек ва қайд этилишича, бир тараф зиммага олган мажбуриятини бажарган, иккинчи тараф эса, буни эътироф қилган ҳолда лойиҳадаги юмушлар тўлиқ адо этилганини ўз имзоси билан тасдиқлаган. Аммо масаланинг пинҳона тарафи ҳам бор ва баъзи ҳужжатлардаги арзон қийматли йўл чироқлар ўрни ундан бир неча баравар қиммат нархдаги ёритгичлар ўрнатилганига доир ажабтовур ёзувлар билан тўлдирилгани эътиборни ўзига тортмай қолмайди.
Кейинчалик аён бўлишича, бир йўла 2 та салмоқдор ҳужжатга ими-жимида киритилган ана шу ўзгартиш, аниқроғи, сохталаштириш эвазига нақ 116 миллион сўм талон-торож қилинган. Ҳарқалай, ўиждувон қишлоқларида адоғини топган бу янглиғ ишлар баъзиларнинг кўзига ажабтовур тусда кўринди ва турли шубҳа-гумонлар, пирорвардида эса, тафтиш-сўровларга сабаб бўлди.
Ҳар иккала шерик талмовсираб қолди. Лекин бу узоққа чўзилмади.
Вазиятдан чиқишнинг ҳали эътиборингизга ҳавола этилган жўн, аммо ажабтовур йўли «кашф» қилинди. Айрим ҳужжатлар матнида одам боласини мушкулотлардан халос этувчи ўзингизга аён ўзгартишлар пайдо бўлди. Шу орада пудратчи ва назоратчи-қабул қилувчи тарафидан амалдаги лойиҳа ҳужжатини сохталаштириш чоғида айрим шошма-шошарликларга йўл қўйилгани ҳам маълум бўлди.
Аниқланишича, «РТУ 01-125» номи билан юртилувчи қиммат нархли чироқларни кўча устунларга ўрнатишнинг иложи йўқ. Чироқларнинг техник ҳолати бунга йўл қўймайди. Шу боис уларни боғ ва хиёбонлар-аллеялардаги плафонларгагина ўрнатиш мумкин.
Афтидан, масаланинг бу жиҳати ижрочи ва назоратчининг эътиборидан четда қолган ва амалдаги 2 та лойиҳа ҳужжатининг бирига кўча ва йўл бўйларидаги устунларга ана шу русумли қиммат қийматдаги чироқларни ўрнатиш юзасидан ажабтовур ўзгартиш киритилган. Бунинг эвазига чап чўнтак томон оққан пулнинг қиймати эса, 116 миллион сўмни ташкил этади. Аммо айбланувчи тарафнинг сўзига қараганда, тегишли ҳужжатлардаги бу ёзувларга уларнинг мутлақо дахли йўқ. Уни ҳужжатларга лойиҳачиларнинг ўзлари киритишган. Бу иддао олдида қарши тарафдагилар сукут сақлашмади. Бинобарин, уларнинг ҳам айтар сўзи бор. Суд ва тергов пайти ҳужжатлардаги бу янглиғ ўзгартишлар ижро тарафнинг ўзига хос «кашфиёти» эканлиги яққол аён бўлди. Туман молия бўлими мудири ўринбосари М. Болтаев, Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи У. Туев, «Ғиждувон қурилиш лойиҳа» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Б. Рўзиев суд ва терговга ана шу мазмунда кўрсатма бердилар. Далиллар эса, жиноятнинг бор кўламини яққол намоён этди ва исботини топган ҳолатларга қараганда, ҳали номлари келтирилган қишлоқ ва маҳаллаларни тунги ёритиш воситалари билан жиҳозлаш учун 4 та лойиҳа асосида ажратилган жами 1 миллиард 324 миллион сўмлик давлат маблағининг қарийб 116 миллион сўми ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилинган.
Тергов органи шуларни назарда тутган ҳолда Ш. Эшмуродов ва назоратчи В. Жумаевни Жиноят кодексининг талон-торожликларни ифодаловчи 28, 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва қалбакилаштиришга доир 228-моддаси 2-қисми «б» банди ҳамда мазкур модданинг 3 қисми бўйича жавобгарликка тортди. Бировлар ҳақига хиёнат қилиш, уни ўмариш ва ўзганинг ҳалол ризқ-насибасини тортиб олишга қаратилган жиноий кирдикор беиз кетмагани ва муқаррар жазо томон етаклагани айни муддао. Бироқ суд ишларининг бари қонун, адолат, одиллик ва холислик тамойилларига асосланмоғи даркор. Бунинг устига судланувчилар ҳам ўзлари томонидан содир қилинган жиноий қилмиш кўлами ва бунинг учун жазо ҳам муқаррар эканини англашди. Айбига иқрорлик билдиришди.
Содир этилган қилмиш оғир оқибатларга олиб келмагани, ижтимоий хавфини йўқотгани, ўзлаштирилган салкам 116 миллион сўмлик маблағ эса, ихтиёрий равишда давлат ғазнасига қайтарилгани, бу билан етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қоплангани, шунингдек, айбланувчиларнинг оилавий шароити, муқаддам судланмагани, ҳозирда меҳнатга ҳалол муносабатда бўлишаётгани каби ижобий ҳолатлар инобатга олинди. Судда кўрсатма берган фуқаровий даъвогар, туман молия бўлими масъули М. Болтаев қилмишнинг ўзаги — етказилган моддий зарарнинг ўрни нақд ҳолида тўлиқ қопланганини баён этар экан, ҳар иккала айбланувчига нисбатан даъво қолмаганлигини алоҳида таъкидлади. Суд ушбу ҳолатларни назарда тутди: жиноий қилмишга қўл урган Ш. Эшмуродов ва В. Жумаевни гарчи айбдор, деб топган бўлса-да, жазога тортмасликни маъқул кўрди. Бинобарин, жиноят қонунчилиги ҳам шуни тақозо этади, етказилган зарар қопланган тақдирда, жазо чораларини қўллашни истисно қилади. Бу ҳолат чиқарилган ҳукмда ўз ифодасини топди. Айбланувчилар содир этилган қилмиш ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотгани боис, Жиноят кодексининг 70-моддасига биноан жазодан озод қилиндилар.
Ғиждувонда рўй берган бу воқеа айбланувчиларнинг кўзини мошдай очгани аниқ. Аммо, назаримизда, турмушнинг барча-барчага чинакам сабоқ бўларли бошқа бир қонунияти ҳам бор: бу қилмиш учун жазонинг муқаррарлиги. Ҳаётнинг ушбу таомилига суянган, ундан етарлича сабоқ ва хулоса чиқарган киши борки, бундайлар ҳеч маҳал аросат ботқоғига ботишмайди. Қиларини қилиб, уйидан, рўзғоридан қийиб, ўзи етказган зарарнинг ўрнини қоплашдек оғир қисматга рўпара келган, бу ҳам камлик қилгандай, иззатидан айрилгандан кўра, нонини ҳамиша ҳалоллаб ейиш, шу аснода озгина ризқини ҳам асалга дўндириш, бунинг шарофатидан тинч ва хотиржам умр суришга не етсин? Шу йўсиндаги ҳаёт ва турмуш афзал ҳамда маъқул эмасми?! Хўш, бунга сиз нима дейсиз?
Бобир Умаров,
жиноят ишлари бўйича
Ғиждувон тумани судининг раиси,
Абдулла СОБИРОВ,
журналист
Фикр қолдириш