НОҲАҚ АЙБЛАНГАН ЎҒИЛ ЖИНОЯТГА ДАХЛИ ЙЎҚЛИГИ БОИС ОҚЛАНДИ

Президентимизнинг 2020 йил 24 июлда қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида сўнгги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиққани, хусусан, ноҳақ айбланган 2 300 нафарга яқин киши оқлангани қайд этилди. Оқланиб, юзи ёруғ бўлган ана шу ҳамюртларимиз орасида Бағдод туманида яшовчи Элёржон Мамажонов ҳам бор.

Жиноят иши материалларидан кўринишича, Элёржон ва унинг онаси Манзурахон Мамажонова жиноят ишлари бўйича Бағдод туман судининг 2020 йил 10 январдаги ҳукмига биноан Жи­ноят­ кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари билан айбдор деб топилган. Суд ҳукмига кўра, М. Мамажонова ўғли Э. Мамажонов билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлгани ҳол­да 2019 йил 14 февраль куни ўзлари вақтинча яшаб турган, туманнинг Самар­қанд қишлоғи, Самарқанд кўчасида жойлашган, аслида фуқаро О. Қодировга тегишли 13 сотихдан иборат 52-сонли ҳовлининг 0,06 сотихини Ў. Қозоқовга 4 800 АҚШ долларига сотишга келишишган.

Аммо уйнинг бировнинг номида эканлигини яширишган. На­тижада улар фирибгарлик йўли билан харидорнинг 31 901 570 сўмга тенг бўлган 3 800 АҚШ доллари ва 8 500 000 сўмини қўлга киритишган.

Бинобарин, суд Жиноят кодексининг юқорида қайд этилган моддасига асосан Элёржонга иш ҳақи­нинг 20 фоизини давлат даромадиган ушлаб қолган ҳолда 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш иши, Манзурахон опага эса, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда базавий ҳи­соблаш миқдорининг ўн баравари — 2 230 000 сўм жарима жазоси тайинлаган.

Бироқ Э. Мамажонов суд ҳукмидан норози бўлиб ёзган апелляция шикоятида тилга олинган жиноятни содир этмагани ҳақида важлар келтириб, оқлов ҳукми чиқаришни сўраган. Онаси М. Мамажонова ҳам у билан жиноий тил бириктирмагани, чунки ўғли ҳовлини сотишда иштирок этмагани, қолаверса, жабрланувчини алдамаганини маълум қилиб, апелляция шикоя­тини қўллаб-қувватлаган. Шу­нингдек, жабрланувчи Ў. Қо­зоқов ҳам ушбу апелляция шикоятига эътирози йўқлигини билдирган.

Жиноят-процессуал кодексининг 95-моддасида далиллар жиноят иши учун аҳа­мият­ли бўлган мавжуд ҳолатлар ҳақидаги хулосаларни тасдиқловчи, рад этувчи ёки шубҳа остига олувчи фактлар ёки нарсалар тўғрисидаги маълумотларни акс эттирган тақдирдагина ишга алоқадор деб эътироф этилиши, 455-моддасида эса, ҳукм қонуний, асосли ва адолатли бўлиши шартлиги, суд ҳукми фақат суд муҳокамасида текширилган далиллар билан асосланиши қайд этилган. Бироқ биринчи инстанция суди иш­­ни кўришда Э. Мамажоновнинг эълон қилинган айбловга умуман иқрор бўлмасдан, айби йўқлиги ҳақида важ­лар келтириб, оқлов ҳук­ми чиқариш ҳақидаги кўр­сатмаларига етарлича баҳо бермаган. Унинг важларини синчковлик билан ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқмасдан, суд ҳукмида кўрсатилган жиноятни содир қилганини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган далиллар Жиноят-процессуал кодексининг 95-моддасига мувофиқ ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши, агар иш бўйича жиноят содир қилганликда бир неча судланувчилар айбланаётган бўлса, суд ҳукмида ҳар бир судланувчига нисбатан далиллар келтириши ва таҳлил қилиб чиқиши ҳамда хулоса қилиши зарурлиги ҳақидаги қо­нун талаблари ва Пленум қа­рори тушунтиришларига риоя қилмаган.

Апелляция суди мажлисида аён бўлишича, харидор Ў. Қозоқов дастлаб 1 500, сўнг 2 300 АҚШ доллари берган. Охирги маротаба 1 000 АҚШ доллари ҳисобида 8 500 000 сўм нақд пул олиб келган пайтида Манзурахон Мамажонова Фарғона шаҳрига кетгани боис, пулни ўғли Элёржон олиб қолган, холос. Лекин даст­лабки тергов органи ва суд уй-жойни сотишга келишиш жараёнида Э. Мамажонов иштирок этмагани, Ў. Қозоқов бу ҳақда фақат М. Мамажонова билан келишгани, ҳатто Элёржон ҳовли-жой О. Қодировнинг эгалигига ўтиб кетганидан хабардор бўлмаганига эътибор бермаган. Яъ­ни унинг 8 500 000 сўмни олиб қолганлик ҳолатини тахмин ва фаразлар асосида М. Мамажонова билан олдиндан жиноий тил бириктирган деган хулосага келиб, уларни бир гуруҳ бўлиб, фирибгарлик қилганликда айблаган. Қо­­лаверса, иш ҳужжатларида Э. Мамажоновнинг онаси билан жиноий тил бириктирганини тасдиқловчи бирон-бир далил мавжуд эмас.

Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасида судланувчининг қилмишида жиноят­ таркиби бўлмаса, айбсиз деб топилиши ва реабилитация этилиши; 464-моддасида эса, жиноят содир этилишига судланувчи дахлдор бўл­ма­са, судланувчига қўйилган айблов иш ҳолатлари батафсил текширилгандан кейин ишонарли тарзда ўз тасдиғини топмаса, суд судланувчини оқлаши белгиланган. Ана шу асосларга таянган жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди ўзининг 2020 йил 10 июндаги ажрими билан Элёржон Мамажоновни айбсиз деб топиб, оқлади.

Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «б» бандида фирибгарликнинг бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилиши ўз аксини топган. Бинобарин, ўғли оқланганлиги боис, М. Мамажонованинг айбидан кодекснинг юқоридаги банди чиқарилиб, тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилди.

Шу тариқа суд адолатни қарор топтириб, Элёржон Мамажоновни ноҳақ айбловдан халос этди. Зеро, давлатимиз раҳбари шу йил 30 июнь куни бўлиб ўтган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек, суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу — Президент талаби!

Турғунали МИРЗАЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Фарғона вилояти судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: