НОШУКУРЛИКНИНГ АЯНЧЛИ ОҚИБАТИ

Ҳеч кимга сир эмас, дунёда шундай иллатлар борки, инсон сиҳат-саломатлигига таҳликали зарб бериб, унинг ҳаётини хазонга айлантириб, юбориши ҳеч гап эмас. Гиёҳвандлик балоси шундай шафқатсиз иллатлар сирасига киради. Гиёҳвандликка мубтало бўлган кишининг, аввало, асаб тизими ишдан чиқади, руҳий ва жисмоний саломатлигига жиддий путур етади. Унинг ижтимоий фаолияти, яъни меҳнат қобилияти кескин бузилади. Энг ёмони, бу балолар унинг ўзи билан кетмайди, балки давом этади — оилада майиб-мажруҳ болалар дунёга келишига сабаб бўлади.

Юртимизда ушбу иллатнинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг мустаҳкам ҳуқу­қий асослари яратилган. Хусусан, «Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўл­ган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида», «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси томонидан ўтган вақт ичида БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари тўғрисидаги ягона конвенцияси, Психотроп моддалар тўғрисидаги ҳамда Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш бўйича конвенциялари ратификация қилинди.

Бундан ташқари 1996 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази ташкил этилди.

Унинг фаолияти гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ғайриқонуний муомаласига қарши миллий ва халқаро даражада курашишни такомиллаштиришга йўналтирилган.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 270-276-моддаларини ўз ичига олган XIX боб «Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар» деб номланган. Ушбу қонунга кўра, тақиқланган экинларни етиштириш, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни қо­нунга хилоф равишда эгаллаш, ўтказиш мақсадини кўзлаб тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳа­ракатларни қилиш, гиёҳванд­лик воситаларини истеъмол қи­лишга жалб қилиш, ишлаб чиқариш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш муқаррар жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Бу турдаги жиноят ишларини кўришда қонунларнинг тўғ­ри ва бир хилда қўлланилишни таъминлаш, одил судлов сифатини ошириш мақсадида, Олий суд Пленумининг қарорлари қабул қилинди. Жумладан, 2017 йилнинг 28 апрелида Олий суд Пленумининг «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қи­лишга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори судларга мукаммал раҳбарий тушунтириш сифатида амалга киритилди.

Қисқаси, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятга қўл уриш қуйида биз тафсилотини келтираётган воқеадаги сингари муқаррар жазога сабаб бўлади.

Ҳаётда бир-бирини аввал умуман кўрмаган одамлар биринчи учрашгандаёқ ўрталарида дўстлик ипи боғланиб, узоқ йиллар яхши мақсадда борди-келди қилишганига мисоллар кўп. Лекин кўр-кўр билан қорон­ғуда топишгани каби қора ниятда, тақиқланган гиёҳвандлик моддаси олди-бердиси учун «дўстлашадиган»лар ҳам, начора, учраб тураркан.

Яқинда «ZOOM» режимида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми билан айбланган Хоразм вилоятининг Гурлан шаҳарчасида яшовчи Бекзод Қўлдошев (исм-шарифлар ўзгартирилди) ва Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми, 273-моддаси 5-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи Ботир Эшқувватовларга оид жиноят иши мазмунан кўриб чиқилди.

Суд томонидан судланувчи Б. Қўлдошевга нисбатан уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарилди. Судланувчи Б. Эшқувватовга эса, айбланган ҳар бир модда бўйича алоҳида-алоҳида жазо белгиланиб, Жи­ноят кодексининг 59-моддасига асосан, жазоларни қисман қў­шиш йўли билан узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари — 6 миллион 690 минг сўм миқдорида жарима ҳамда олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Судланувчи Б. Эшқувватовнинг ёши, оилавий аҳволи, уни жамиятдан ажратмасдан қай­та тарбиялаш мумкинлигини суд эътироф этиб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини шартлига алмаштирди, уч йил синов муддати белгилади.

Буёғини сўрасангиз, гурланлик Бекзод Қўлдошев — ўттиз икки, самарқандлик Ботир Эшқувватов эса, олтмиш етти ёшда. Ёшлари бир-биридан анча фарқ қиладиган икки кимса қандай қилиб топишиб қолишибди? — деган ҳақли савол туғилиши мумкин.

Судда маълум бўлишича, шу йилнинг бошида Бекзод Са­мар­қанд шаҳрига саёҳатга келади. Шаҳарнинг аэропорт йўлида жойлашган бир гаражнинг олдида такси кутиб турганда олдига оқ рангдаги «Ваз — 2101» русумли автомашина келиб тўхтайди. У автомашина эгасидан шаҳар марказигача олиб бориб қўйишни илтимос қилади. Йўл-йўлакай суҳбат асносида танишиб қолишади ва Бекзод Ботир амакидан гиёҳванд моддасини қаердан топиш мумкинлигини сўрайди.

«Ўхшатмасдан учратмас» деганлари рост экан. Б. Эшқувватов гиёҳванд модда истеъмол қилар, муқаддам икки марта ушбу турдаги жиноятни содир этиб, «ўтириб» чиқишга ҳам «улгурганди».

— Ўша савил қолгурни ўзим ҳам истеъмол қиламан, — дейди Б. Эшқувватов. — 350 минг сўм берсангиз, бир гугурт қути «дори» сизники.

Бекзод 350 минг сўмга Б. Эш­қувватовдан бир қути гиёҳванд моддаси сотиб олади ва Гурланга қайтиб кетади.

Кейин эса, қўлидаги «марихуана»нинг туби кўриниб қолгач, у яна Ботир амакисини қўмсаб қолади, «ўша» нарсадан яна керак эканини айтиб, қўнғироқ қилади.

Ўз навбатида, Б. Эшқувватов Самарқандга келишини, айтган нарсаларини тайёрлаб қўяжагини билдиради.

Телефон орқали келишувдан сўнг шу йилнинг 12 февраль куни кечқурун уч ўртоқ — Бекзод, Хуршид, Шарифлар гурунглашиб ўтиришганди. Гапдан гап чиқиб, Бекзод зиёратгоҳ жойларни, айнан Са­мар­қанд шаҳрини тилга олади.

Хуршид билан Шариф ҳа­лигача Самарқанд шаҳрида бўлмаган, фақат бу масканни телевизордагина кўрган эди. Бекзоднинг Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалардан гап очгани, мақтовини келтиргани ҳамсуҳбатларини жуда қизиқтириб қўяди.

— Истасаларинг эртагаёқ йўлга чиқамиз, — дейди у. — Томоша қилиб, роса яйраб қайтасизлар.

Буёғини сўрасангиз, Бекзоднинг яқин ўртоғи Хуршид фуқаро П. Жуманазаровга тегишли «NEXIA» русумли автомашинани ишончнома орқали бошқариб келарди. Бекзоднинг таклифи дўстларига ҳам маъқул тушиб, эртаси, яъни 13 февраль куни соат ўн еттиларда улар Гурландан йўлга отланишади.

Бекзод ўзи билан бир нечта чойшаб ва кўрпача ҳам олиб олган, булардан совқотишса фойдаланамиз, деган фикрга боришганди. Тонг ғира-шира ёришиб келаётганида Хуршидни қаттиқ уйқу босади. Шундан сўнг автомашинани Бекзод бош­қаради.

Кейинги воқеалар шундай кечади. Биласиз, қаттиқ уйқу ўлим билан тенг.

Ўртоқлари қаттиқ уйқуда пайти — соат олтилар чамасида Самарқандга етиб келгач, Бекзод Б. Эш­қувватовга қўнғироқ қилади. Б. Эшқувватов эса, унга аэропорт йўлидаги ўша, ўзига таниш гараж олдига келишини сўрайди.

Учрашишгач, ўн икки дона гугурт қутиларига солинган қизил рангли пакетни Бекзоднинг қў­лига тутқазаркан, ҳар бир қутисига 350 минг сўм, жами 4 миллион 200 минг сўм пул беришини айтади. Бекзод сўралган 4 миллион 200 минг сўмни бериб, гиёҳванд модда солинган пакетни автомашинанинг олдинги ўриндиғи остига яширади.

Бу пайтда дўстлари ҳамон ширин уйқуда эди. Автомашинани ўт олдириб, Хоразмга қайтиш учун ортига бурилади. Йўлда Хуршид билан Шариф уйғониб, «қаерга келиб қолдик» деб сўраганида, у ҳали Самарқанд шаҳрига етиб келишмаганини айтиб, алдайди, автомашинада гиёҳвандлик воситаси борлигини сездирмайди.

Самарқанддан Мирбозор қўрғонига яқинлашганларида Бекзод автомашина бошқарувини Хуршидга беради. Бироздан сўнг эса, йўл патрул хизмати ходими тўхтатиб, Х. Фармоновдан автомашина ҳужжатларини кўрсатишни сўрайди. Худди шу пайтда фуқаролик кийимидаги икки ки­ши келиб, ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари эканини айтиб, таништиришади. Шундан сўнг автомашина кўз­дан кечирилганда, Бекзод ўтирган ўриндиқнинг тагида қизил пакетда ўн икки дона гугурт қутисига солинган яшил рангли, ўткир ҳидли гиёҳванд моддалар борлиги аниқланади.

Аниқлик киритадиган бўл­сак, Хуршид билан Шариф автомашинадан ташқарига чиқиш учун пастга тушган чоғида Бекзод 36,3 грамм, яъни кўп миқдордаги «марихуана» гиёҳвандлик воситаси солинган пакетни ўнг томондаги олд ўриндиқ остига жойлаштириб қўйганди.

Шундан сўнг ички ишлар идоралари ходимлари томонидан Б. Эшқувватовнинг хонадонида ҳам тинтув ўтказилади. Яшаш уйи дарвозахонасининг ўнг томонидаги ғиштлар орасидан целофан пакетда бўлган 3,24 грамм, ётоқхонасидан 2,35 грамм, шкаф ичидан уч дона гугурт қутисига қадоқланган 7,48 грамм, оёқ кийими ичидан қадоқланган 0,83 грамм «марихуана» гиёҳвандлик моддаси топилиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинади.

Судланувчиларга, гувоҳи бўлганингиздек, қилмишига яраша қонуний ва адолатли жазо тайинланди. Судда судланувчи Б. Қўлдошевнинг ушбу гиёҳвандлик воситасини ўзи истеъмол қилиш учун олганлиги тўғ­рисидаги кўрсатмалари жиноий жазони енгиллаштириш мақсадида ўйлаб топилган асоссиз важ сифатида баҳоланди. Негаки, унинг ушбу важлари Самарқанд вилоят Наркология диспансерининг 2020 йил 17 февралдаги 58-сонли Б. Қўлдошевда гиёҳвандлик касаллиги аломатлари аниқланмаганлиги тўғрисидаги хулосаси, шунингдек, юқорида баён этилган асослар билан тўлиқ инкор қилинди.

Энди хулоса ясаш мавриди етган кўринади. Оилали, тўрт нафар фарзанднинг отаси, ўттиз икки ёшли Б. Қўлдошев темир панжара ортига равона бўлди. Соч-соқолига аллақачон оқ қиров қўнган Б. Эшқувватовнинг фарзандлар, маҳалла-кўй олдида боши эгилди.

Мамлакатимизда инсон сиҳат-саломатлигини асрашга, фуқароларнинг тинч ва фаровон турмуш кечиришга алоҳида эътибор қаратилаётган, бунинг учун лозим молиявий маблағларни ҳеч бир аямасдан сарф-харажат қилинаётган бир паллада ўзи ва ўзгалар саломатлигига путур етказувчи бу хатарли иллатга ружу қўйиш, унинг ортидан мўмай даромад топишга уриниш ношукурлик. Ношукурликнинг адоғи эса, барибир аянчли оқибатни келтириб чиқаради.

Абдусаттор АБДУРАЗЗОҚОВ,

жиноят ишлари бўйича

Каттақўрғон шаҳар судининг раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: