НОТЎҒРИ МАЛАКАЛАНГАН ЖИНОЯТ СУД ЖАРАЁНИДА ҚОНУНГА МУВОФИҚЛАШТИРИЛДИ
Маълумки, Конституциямизнинг 26-моддасига биноан, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Марғилон шаҳрида яшовчи Абдулҳамид Тўрабоев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ушбу конституциявий қоида судларда нечоғли исботини топаётганига ўз қисмати мисолида яна бир карра ишонч ҳосил қилди.
Албатта, «яна бир карра» дейишимизнинг сабаби бор. Гап шундаки, Абдулҳамид оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этгани учун сўнгги 23 йил мобайнида 6 марта судланишга «улгурган». Бу гал эса, еттинчи марта суднинг қора курсисига ўтирди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, А. Тўрабоев сўнгги жазосини 2020 йил 29 февраль куни ўтаб бўлганди. Аммо орадан бир ойга яқин вақт ўтиб — 2020 йил 26 март куни яна жиноятга қўл урди. Ўша куни Абдулҳамидга шаҳар ҳокимлиги томонидан бир марталик моддий ёрдам пули берилганди.
Шу боис у қўлига пул тушгач, ишни «томоғини ҳўллаш»дан бошлади.
Яъни спиртли ичимлик ичиб, сўнг овқатланишга ўтирди. Укаси Абдулҳафиз, синглиси Ширмоной, онаси Холида опа, укасининг аёли ва жиянлари билан бирга овқатланиб бўлгач, нариги хонага кириб, телевизор қаршисига ёнбошлади. Шунда онаси ҳозиргина эфирга берилган қўшиқни қайтадан қўйиб беришини сўрайди.
— Қўшиқ тамом бўлди, она, — деди у баландроқ оҳангда.
Бироқ қўшни хонада ўтирган Абдулҳафиз бу ҳолатни гўёки акаси онасига бақираётгандек қабул қилади.
— Нега онамга бақирасиз? — Ука шундай дея иккала қўли билан акасининг кийимларидан тортиб, ерга ётқизганча ура кетади. Шунда Абдулҳамиднинг ўғли Музаффар дадасини урмаслигини сўраб, йиғлаганча амакисига ёлворади. Лекин Абдулҳафиз қутуриб кетганча, акасини уришдан тўхтамайди. Абдулҳамид қарасаки, укасига кучи етмайдиган. Бинобарин, қўрқитиб қўйиш мақсадида хонтахта устида турган пичоқни олиб, унинг кўкрак қафаси, чап елка бўғини, чап қўлтиқ соҳаси ва ўнг тирсак бўғини аралаш санчади.
Оқибатда Абдулҳафиз ўртача оғир даражада тан жароҳати олиб, оғриққа чидолмай акасини қўйиб юборади. Шундан сўнг Абдулҳамид кўчага чиқиб кетади. Бу маҳал уларни ажратишга улгурмаган синглиси Ширмоной «Тез ёрдам» чақиради. Натижада укани шифохонага, акани эса, шаҳар ИИБга олиб кетишади.
Шундан сўнг ушбу ҳолат юзасидан Абдулҳамид Тўрабоевга нисбатан Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми «ж», «р»-банди билан жиноят иши қўзғатилади. Лекин…
Лекин ушбу жиноят ишини кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди тергов органи томонидан судланувчининг хатти-ҳаракатлари Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми «ж», «р»-банди билан нотўғри квалификация қилинган, деган хулосага келди. Яъни дастлабки тергов органи А. Тўрабоевни Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми «ж», «р» бандлари билан айблаш учун укаси Абдулҳафиз Тўрабоевни қасддан ўлдириш ҳаракати синглиси Ш. Тўрабоева томонидан тўхтатилиб, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказа олмаганлигини асос қилган. Бироқ жиноят ишида А. Тўрабоевнинг укасини қасддан ўлдиришга суиқасд қилганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас. Суд жараёнида ҳам бундай далиллар аниқланмади. Аниқроқ айтганда, Абдулҳамид укасига шикаст етказгач, унга яна пичоқ санчиш имкониятига эга бўлган. Лекин унинг ўз ҳаракатини давом эттирмагани укасини қасддан ўлдириш мақсади бўлмаганидан далолат беради. Бундай ҳолатда А. Тўрабоевнинг ҳаракатларида қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш аломатлари мавжуд, деб бўлмайди.
Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми «к»-бандида ушбу кодекснинг 97-моддасида назарда тутилган қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этган шахс томонидан содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлмаган ва ушбу кодекснинг 104-моддасида назарда тутилган оқибатларга олиб келмаган, лекин соғлиқнинг узоқ вақт, яъни камида йигирма бир кун, аммо тўрт ойдан кўп бўлмаган даврда ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг ўн фоизидан ўттиз уч фоизигача йўқолишига сабаб бўлган қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланган. Бинобарин, суд Абдулҳамид Тўрабоевнинг қилмишини қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш деб баҳолаб, жиноий ҳаракатини Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми «ж», «р»-бандларидан 105-моддаси 2-қисми «к»-бандига қайта квалификация қилди. Натижада у шу модда билан айбдор деб топилди.
Судланувчига жазо тайинлашда унинг шахси, қилмишидан пушаймонлиги, оилавий аҳволи, уч нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги ва енгиллик бериш ҳақидаги талаби жазони енгиллаштирувчи, жиноятни маст ҳолда содир этганлиги ва муқаддам судланиб, ўзига тегишли хулоса чиқармаганини жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб топди.
Жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси эътиборга олинган ҳолда қонун доирасида озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Албатта, бу кўнгилсиз воқеа тафсилоти кишини бефарқ қолдирмайди. Қачонки, оиладаги тинч-тотув муҳитга дарз кетиб, оила аъзолари — катта-кичиклар бир-бирларига нисбатан ўзаро хайрихоҳлик кайфияти билан муомалада бўлмас эканлар, халқимиз айтганидек, бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун файз-барака кетади. Демакки, оилавий муҳитни яхшилаш ҳамиша бирламчи бурч бўлиб қолмоғи лозим. Буни асло унутмаслик шарт.
Беҳзод ЭРГАШЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона вилояти
судининг судьяси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш