ОДИЛ СУДЛОВНИ АМАЛГА ОШИРИШДА СУДЛАР ФАОЛИЯТИНИНГ 2019 ЙИЛ БИРИНЧИ ЯРИМ ЙИЛЛИК ЯКУНЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Олий судида “Одил судловни амалга оширишда судлар фаолиятининг 2019 йил  биринчи ярим йиллик якунлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

           Унда Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров, фуқаролик, жиноят, маъмурий ва иқтисодий судлов ҳайъати раиси ўринбосарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Анжуманда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2019 йил 1-ярмидаги иш фаолияти 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга, одил судловни амалга оширишда фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий барқарорлигини сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилди.

Жумладан, ҳисобот даврида Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 18 минг 745 нафар шахсга нисбатан 14 минг 269 иш кўриб чиқилди. Судланган шахслар сони 14 минг 733 нафарни ташкил этиб, шундан 3 минг 798 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 10 минг 191 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди. 744 нафар шахс шартли ҳукм қилинди. 333 нафар шахс оқланди ва реабилитация қилинди.

166 нафар шахсга Ёшлар иттифоқи, 131 нафар аёлга Хотин-қизлар қўмитаси ва 764 нафар шахсга маҳалла фуқаролар йиғинларининг кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган. Ҳисобот даврида ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 3 минг 228 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди. Етказилган 286,8 миллиард сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 1 минг 693 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди. 6 минг 677 та жиноят иши, яъни барча ишларнинг қарийб 46,8 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.

         Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан судьяларнинг фуқаролар ҳузурига бориши, аҳоли орасида сайёр суд мажлислари ўтказиши одатий ҳолга айланиб бормоқда. 35 мингдан зиёд фуқаролик иши сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилгани буни яққол тасдиқлайди. 2019 йилнинг биринчи ярим йилида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 91 минг 744 иш кўриб чиқилди. Ҳисобот даврида 42 миллиард сўмдан зиёд мажбурий тўловларни ундириш ҳақида 38 минг 630 суд буйруғи чиқарилди. Кўриб чиқилган фуқаролик ишлари бўйича 79 минг 420 ҳал қилув қарори чиқарилди. Ушбу қарорлар бўйича талабларнинг 84,4 фоиздан ортиғи қаноатлантирилди.        

Иқтисодий судлар томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йили мобайнида иқтисодий судлар томонидан 95 минг 418 иш кўриб чиқилиб, ҳал этилди. Кўрилган ишларнинг 61 мингдан ортиғи бевосита жойларда, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 15 минг 642 иқтисодий иш кўриб чиқилди ҳамда улар фойдасига 623,8 миллиард сўм миқдорида маблағ ундириб берилди.

Маъмурий судлар томонидан 2019 йилнинг ўтган олти ойи мобайнида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 8 мингдан ортиқ иш кўриб чиқилди. Бунинг натижасида 5 минг 761 фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди. Шунингдек, маъмурий судлар томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда кўзда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича 213 минг 503 нафар шахсга нисбатан 179 мингдан зиёд иш кўриб чиқилди. Жумладан, 133 минг 345 нафар шахсга нисбатан жарима, махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоқ каби маъмурий жазолар қўлланилди. Таҳлилларга кўра, маъмурий судлар томонидан кўрилган ишларнинг аксариятини автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш билан боғлиқ ишлар ташкил қилади. Маъмурий судлар томонидан 107 минг 615 иш, яъни барча ишларнинг 57,5 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, судлар ўз фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланмоқда. Айниқса, судларга онлайн мурожаат қилиш, ариза бериш ёки ариза қайси жараёнда эканини онлайн кузатиб бориш, судда онлайн иштирок этиш оммалашмоқда. Биргина иқтисодий судлар томонидан жорий йилнинг ярмида ҳал этилган ишларнинг 2 мингдан зиёди видеоконференцалоқа режимида кўриб чиқилгани бунинг яққол тасдиғидир, натижада тарафларнинг 1,5 миллиард сўмдан зиёд маблағи тежаб қолинди.

2019 йил 6 ойи давомида республика судлари томонидан жами 713.694.274.456 сўмлик 1.070.551 та ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюроларига юборилган бўлиб, шундан 372.609.605.504 сўмлик (52,2 фоиз) 699.369 та ижро ҳужжатларининг ижроси амалда ижро қилинган.

Ҳисобот даврида судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, ОАВ билан ўзаро муносабатларни янги поғанага кўтариш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, Олий суд, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан ОАВ вакиллари учун 116 маротаба матбуот анжуманлари, аҳоли ўртасида 23 835 та очиқ мулоқотлар ўтказилди. 210 559 та ишлар сайёр судларда кўрилди. 2 784 та суд мажлислари видеоконференцалоқа режимида ўтказилди. Суд раислари томонидан 366 марта халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот берилди. Судьялар ва суд ходимлари томонидан ОАВда 11 минг 712 та чиқишлар қилинди.

Олий суд веб-сайтида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 304 951 та маълумот жойлаштирилди. Шундан 304 180 та суд қарорлари, 771 та ахборот эълон қилинди. 217 та суд мажлислари онлайн трансляция қилинди.  Яъни Олий суд веб-сайтида бир кунда ўртача 1666 та маълумот жойлаштирилган. Шунингдек, Олий суднинг телеграмм ижтимоий тармоғидаги @oliysuduz расмий ахборот каналида ҳар куни 1 та хештегда 15 га яқин маълумотлар жойлаштирилмоқда.

Ҳафтанинг ҳар шанба куни ОАВ вакиллари учун Олий судда очиқ эшиклар куни, деб белгиланган. Журналистлар  ўзларини қизиқтирган саволлар билан Олий суд судлов ҳайъатлари, бошқарма ва бўлимларидан бевосита жавоб олиш имкони яратилган.

      Матбуот анжуманида Олий суд веб-сайтининг янги версияси тақдимоти ўтказилди. Олий суд ташаббуси билан тайёрланган “Ота” ҳужжатли фильми намойиш этилди.

       Тадбир якунида журналистларга ҳуқуқий адабиётлар тақдим этилди.  

Олий суд Матбуот хизмати

  • Баходир

    Аризамда келтирилган далилларга умуман хукукий бахо беришмай келишаяпти. Хизмат вазифамда йук асоссиз важлар билан судланганман. Улар дастлабки суд хукми тугри дея, дастлабки суд хукмидан нусха олишиб менга жавоб жунатишмокда. Мен тушунмаган нарсам, менга карши курсатма берган фукароларни курук сузлари далил булганлиги. Далиллар макбуллиги бузилган. Курук тушунтириш хати билан камомад аниклаш кайси конунда ва йурикномада борлигини тополмаяпман.

    09.08.2019 at 07:40
  • Баходир

    Мен Жиянбоев Баходир Абдулалиевич Фаргона вилояти Риштон туманиданман. Олий судга жуда куп мурожаат килганман. Аризаларимга асосли жавоб олмаяпман. Мени асоссиз айблаб, куркитишиб, рухий тайзик утказишиб судда жавобгар килишган. Буларни исботлашга харакатларим зое кетаяпти. Хаммага ишлаган конун нега менга келганда ишламай колаяпти, ХУРМАТЛИ СУДЯЬЛАР!!!!

    09.08.2019 at 07:45

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: