ОДИЛ СУДЛОВ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ – ДАВР ТАЛАБИ
24 сентябрь куни Олий судда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти маъмурий судлари ҳамда жиноят ишлари бўйича судлари судьялари иштирокида «Одил судлов самарадорлигини ошириш – давр талаби» мавзуидаги давра суҳбати бошланди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий суди, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Видеоконференцалоқа тарзида икки кун давом этадиган мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 2020 йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонларида белгиланган вазифалардан келиб чиққан холда жиноий ва маъмурий судлов тизимини такомиллаштириш истиқболлари масалалари муҳокама қилинади.
Ҳуқуқий ва сиёсий масалалар бўйича эксперт Г. Веллинг (Германия) иштирокчилар эътиборига дастлабки эшитув масаласида Германиянинг тажрибасини тақдим этади. Шунингдек, Европа Иттифоқи тажрибаси мисолида коррупцияга қарши курашнинг фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашдаги ўрни, маъмурий судлов ислоҳотининг жамият ва бизнес учун аҳамияти ҳамда одил судловни амалга оширишда очиқлик ва шаффофлик инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг асосий кафолати хусусидаги маърузалар ҳам давра суҳбати кун тартибидан ўрин олган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш