ОИЛА – ҚОНУН ҲИМОЯСИДА
Никоҳ – оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришда судлар зиммасига алоҳида масъулият юклатилади.
Шу боис, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан никоҳ ва оилавий низолар билан боғлиқ ишларни кўришда, аввало, оилаларни сақлаб қолиш, эр-хотин ва уларнинг болалари ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.
Суд амалиётидан олинган айрим мисоллар ҳам бунинг исботидир.
Даъвогар У. Достонов судга мурожаат қилиб, жавобгар М. Шавкатов билан никоҳлари 2009 йилда қайд этилганлиги, биргаликдаги турмушлари давомида бир нафар фарзандли бўлганлиги, бироқ жавобгар билан 2011 йил май ойидан буён бирга яшамасликлари, жавобгар «Учқудуқ шаҳридан менинг номимга квартира олсангиз, сиз билан яшайман» деб, унга шарт қўйганлиги учун ҳамда яна бошқа қатор сабаблар туфайли никоҳдан ажратишни сўраган.
Суд мажлисида жавобгар даъвони тан олмади ва фарзандининг келажагини ўйлаган ҳолда даъвогар билан ажрашишга қарши эканлигини айтиб, суддан даъвони рад қилишни сўради.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 41-моддасига асосан, агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.
Суд томонидан тарафларга ярашиш учун тегишли муддат берилди. Учқудуқ туман хотин-қизлар қўмитаси ва «Дўстлик» МФЙ вакиллари томонидан тарафлар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларни яраштириш имкони борлиги ҳақида хулоса қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Судлар томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида» 2011 йил 20 июлдаги қарорининг 16-бандига кўра, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги талаб фақат эр-хотин бундан буён бирга ҳаёт кечиришларининг ва оила батамом бузилганлиги сабабли уни сақлаб қолишнинг иложи йўқлиги аниқланган ҳолатдагина қаноатлантирилиши лозим. Турмушда кечадиган вақтинчалик келишмовчиликлар, тасодифий сабабларга кўра эр-хотин ўртасида келиб чиққан ихтилофлар, шунингдек эр-хотиндан бирининг ёхуд иккаласининг жиддий асослар келтирмаган ҳолда никоҳ муносабатини давом эттиришни хоҳламаслиги никоҳдан ажратиш учун етарли асос бўла олмайди.
Суд юқоридагиларга асосан даъвогарнинг никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво талабини рад қилди.
Даъвогар М. Салимова жавобгар И. Норовга нисбатан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилиб, у жавобгар билан 2017 йилда никоҳдан ўтганлиги, биргаликдаги турмушлари давомида бир нафар фарзандли бўлганликлари, бироқ турмуши бошиданоқ ёлғон билан бошланганлиги, турмуш ўртоғи ҳар гапида алдаб келиши, ҳақоратлаши, уришини, ҳозирда ота-онасининг қарамоғида вояга етмаган қизи билан биргаликда яшаб келишини айтиб, ярашиш учун муддат бермасдан никоҳдан ажратишни сўраган.
Бироқ, ишни судда кўриш жараёнида тарафларга берилган зарур тушунтиришлар натижасида даъвогар ўз даъвосидан воз кечди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 124-моддасининг 3-бандига кўра, даъвогар арз қилган талабларидан воз кечган ва суд бу воз кечишни қабул қилган бўлса, суд иш юритишни тугатади.
Шу боис, суд даъвогар М. Салимованинг даъводан воз кечишини қабул қилиб, ушбу воз кечиш бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир этмаслигини эътиборга олиб, мазкур фуқаролик ишини тугатишни лозим деб ҳисоблади.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. 2019 йил давомида биргина фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги 12 та фуқаролик иши юзасидан ярашиш учун муддат бериш ҳақида ажрим, шунингдек масъулиятсизликка йўл қўйган яраштириш комиссияларига нисбатан хусусий ажримлар чиқарилган.
Бекзод ШЕРМАТОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Учқудуқ туман суди раиси
Фикр қолдириш