ОИЛА – МЕҲР-ОҚИБАТ ҚЎРҒОНИ. УНГА ХИЁНАТ – КЕЧИРИЛМАС ГУНОҲДИР
Бу ҳаётда ҳар бир одамнинг қадр-қимматини белгилайдиган, оиланинг мустаҳкам, тинч-тотув, ҳамжиҳат ва барқарорлигини таъминлайдиган қадриятлар кўп. Оилага садоқат, ўзаро ҳурмат, ибо, ҳаё сингари қадриятлар шулар сирасига киради.
Буларни таъкидлашдан мақсад шуки, бу қадриятлар топталган, ўз қадр-қимматини йўқотган жойда ҳеч шубҳасиз, бошбошдоқлик, парокандалик юзага келади.
Ҳаёт — бамисоли бир кўзгу. Унда яхшиликлар ҳам, ёмонликлар ҳам бор бўй-басти билан акс этади.
Кечки пайт, одатдагидек, ишдан толиқиб ижара уйга қайтган Жавоҳир (исм-шарифлар ўзгартирилди) нинг кўзи илинган экан, тўсатдан қўл телефони жиринглаб қолди. У чўчиб, кўзини очди-да, телефонини қўлига олди. Хотини қўнғироқ қилаётган экан.
Ҳар доимгидек салом-аликдан сўнг Жавоҳир хотини Мавлудадан ҳол-аҳвол сўради, сўнг мактабга қатнай бошлаган қизчаси Шоҳистанинг ўқишларини сўраб-суриштирди.
— Ҳаммаси яхши, — деди Мавлуда. — Шоҳиста билан сизнинг олдингизга бормоқчи эдик.
— Келиб-кетганларингга икки ой бўлди-ку?! — Харажатни кўпайтириб, нима қиласизлар? — деди Жавоҳир. — Яқин икки-уч ойда ўзим уйга қайтаман.
Шу пайт кутилмаганда, алоқа узилиб қолди. Алоқа узилдими ёки Мавлуда телефон тугмачасини атай босиб қўйдими, ҳарҳолда бунисини Жавоҳир билолмади.
Шундан сўнг у Мавлуда билан телефонда боғланишга уринди. Аммо бир неча марта қўнғироқ қилса-да, хотини жавоб бермади…
Жавоҳир билан Мавлуданинг тақдири боғланишига ота-оналарининг рози-ризолиги сабаб бўлган, илк учрашувга чиқишганида икки ёш бир-бирига маъқул тушганди.
Шу тариқа уларнинг тўйи 2008 йилнинг кузида бўлиб ўтганди, Челак шаҳар Тошовуз маҳалласида яшовчилар бир-бирига ярашиб турган келин-куёвнинг бўй-бастига ҳавас билан қараган, «кўз тегмасин» дейишганди.
Аммо ҳар доим ҳам бандасининг айтгани бўлавермаскан. Тўйдан сўнг дастлабки ярим йил тинч-осойишта кечди. Кейинчалик эса, икки ўртада келишмовчиликлар келиб чиқа бошлади.
Аслини олганда, оилада ғиди-бидининг пайдо бўлишида Жавоҳирнинг ҳам айби йўқ эмасди. Аниқроғи, ҳамма гап пулга бориб тақалаётганди.
Жавоҳир «Деҳқон бозори»да гуруч савдоси билан савдо-сотиқ қиларди.
Савдо иши ҳамиша силлиқ, бир текисда кечавермайди. Жавоҳир ҳамкорларидан катта миқдорда гуруч олганида, яхшигина фойда қолишини кутганди. Лекин бундай бўлмади, нарх-навога ишонч йўқ экан, қарз бўлиб қолди.
Мол эгалари қарзни сўрайвергач, Жавоҳирнинг дарди дунёси қоронғи тортди. Ундаги тушкун кайфият бора-бора оиласига кўчди. Оилада нотинчлик кучайса кучайдики, пасаймади. Охир-оқибат Жавоҳир пул ишлаб топиш учун 2010 йилнинг мартида хорижга жўнаб кетди.
Мавлуда Москва шаҳрига, Жавоҳирнинг олдига 2011 йилнинг февралида борганди. Ҳомиладор бўлгани ва кўзи ёришига икки ой қолгани сабаб, у 2012 йилнинг апрелида Самарқандга қайтиб келади. Ўша йилнинг 11 июнида қизи Шоҳиста туғилганди.
Чақалоғи қўлида Мавлуда хорижга Жавоҳирнинг олдига тез-тез бориб турар, баъзан у ерда икки-уч ойлаб қолиб кетарди. Кейинги гал 2016 йилнинг октябрь ойида Шоҳиста билан у Москвада бўлиб қайтганди. Энди эса, икки ой ўтиб, 2017 йилнинг январида Мавлуда эрининг ёнига боришини айтиб яна қўнғироқ қилган, аммо Жавоҳирнинг эътирозидан сўнг аразлаганди.
Эрта-индин арази тарқагач, ётиғи билан тушунтираман, дея Жавоҳир кўнглидан кечирди. Шундан сўнг орадан бир неча кун ўтиб, у Мавлудага қўнғироқ қилди, аммо яна жавоб йўқ. Шундан сўнг қайнонаси С. Муродуллаева билан телефонда боғланди ва мутлақо хаёлига келмаган жавобни эшитди: «Қизим сен билан бошқа яшамайди».
Бундай совуқ хабардан буткул кўнгли хира тортган Жавоҳир энди қариндошлари орқали Мавлудани суриштиришга тушди. Қайнонасининг айтганича бор экан, хотини ҳеч кимга айтмасдан Туркия давлатига кетиб қолибди.
Мавлуда нима мақсадда Туркияга кетган? Унинг муддаоси нима ўзи?
Жавоҳир ҳарчанд суриштирмасин, ҳеч ким тайинли гап айтмади. 2017 йилнинг августида у уйига қайтиб келгач, қайнонасиникига борди ва қизи Шоҳистани уйга олиб келди.
Эридан сўроқсиз, рухсатсиз хорижга кетган жувон эса, 2019 йилнинг 1 ноябрь куни онаси С. Муродуллаеванинг яшаш уйига қайтиб келди.
— Мавлуда мен билан гаплашишни умуман истамади, — деди судда Ж. Бердиқулов. — Туркия давлатига қандай мақсадда кетганини аниқлаштириш учун у фойдаланган телефон рақамига расмийлаштирилган «Imo», «Telegram», «WhatsApp» ижтимоий тармоқларини текширтирдим.
Ҳақиқатан, ҳозирги алоқа-техника воситалари ривожланган, ижтимоий тармоқлар барқарор ишлаётган паллада сир сирлилигича қолмаскан.
Мавлуданинг «Imo» ижтимоий тармоғи орқали ёзишмалари сақланиб қолганди. Ёзишмалардан маълум бўлишича, Мавлуда Туркия давлатида яшовчи «Актам», самарқандлик «Савхоз» номи билан ёзиб қўйилган бир йигит ва бошқа бегона эркаклар билан ишқий муносабатларда гаплашиб юрган экан.
Ўша ўта оғир жиноят — қотиллик юз берган 2019 йилнинг 18 ноябрь куни Жавоҳир Мавлудани сўроқлаб, қайнонасининг уйига боради. Мавлуда эрталаб уйдан чиқиб кетган экан. Бир неча марта унга қўнғироқ қилади, аммо жавоб ололмайди. Кейин Жавоҳир ошхонага кириб, аввал ароқ, сўнг пиво ичади. Айни шу пайт, яъни соат ўн еттию қирқ бешларда Мавлуданинг ўзи қўнғироқ қилиб қолади.
— Менга нега телефон қилдинг, уйга ҳам келибсан, — дея Мавлуда жаҳл аралаш сенсираб гапиришга тушади. Жавоҳирнинг «қаерда юрибсан?» деган саволини эшитгач, у баттар тутақиб кетади. «Сен кимсан, нима ишинг бор?» дея гап талашади. Сўнг Мавлуда очиқ-ошкор пўписа килишга ўтади: «Сени шундай қиламан, болани ўзинг олиб келиб берасан!».
— Сенга энди бола керак бўлиб қолдими?!, — дейди Жавоҳир. — Кўчага чиқиб тур, Шоҳистани олиб бораман, гаплашиб оламиз.
Ошхонадан чиққан Ж. Бердиқулов уйига боради, телефон сўзлашувлар ёзилган қоғозлар ва ошхона пичоғини папкага солиб, кўчага отилади.
Бир неча сониялардан сўнг ҳеч нарсадан мутлақо бехабар Мавлуда уйи яқинидаги катта кўчанинг муюлишида Жавоҳир билан Шоҳистани кутиб турганди. Киракаш автомашинадан Жавоҳирнинг ёлғиз ўзи тушганини кўриб, у баттар тутақиб кетади. Қайнонасининг яшаш уйи томонга ўн беш-йигирма қадам бирга юргач, Жавоҳир ёнидаги папкадан телефондаги ёзишмалар чиқарилган қоғозни олади ва «кимлар билан гаплашиб юрибсан?» — дея аёлдан сўрайди.
Мавлуда паст кетмайди, бир гапдан қолмайди. Жавоҳирнинг қўлидаги папкага ёпишади. Бундан ваҳшийлашган эр жувонга бир-икки мушт туширади. Бу пайтда ошхона пичоғи ҳам ерга тушиб кетганди. Ғазабдан бўғриқиб кетган Ж. Бердиқулов пичоқни қўлига олиб, аёлнинг танасини дуч келган жойларига икки-уч марта уради. Олган тан жароҳатлари оқибатида М. Муродуллаева шу куни соат ўн саккизу эллик бешда шифохонада вафот этади.
Судда ишни мазмунан кўриш чоғида маълум бўлдики, Ж. Бердиқулов маст ҳолатда турмуш ўртоғи М. Муродуллаевани қасддан ўлдиришга қаратилган мақсадини амалга ошириш учун ошхона пичоғи билан қуролланган. Дастлаб у М. Муродуллаевани қўллари билан урган, шундан сўнг танасининг кўкрак ва қорин соҳаларига пичоқ билан зарба бериб, «оғир, ҳаёт учун хавфли бўлган тан жароҳатлари» етказганлиги оқибатида марҳума вафот этган.
Суд дастлабки тергов органи судланувчи Ж. Бердиқуловнинг жиноий ҳаракатларини Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «л» банди билан нотўғри малакалаган, деган тўхтамга келди.
Чунки Олий суд Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги «Қасддан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорининг 5-бандида «…Агар қилмишда Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмида кўрсатиб ўтилган квалификация белгилари, шунингдек, мазкур кодекснинг 98-101-моддаларида назарда тутилган жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлмаса, масалан, қотиллик безорилик туйғулари билан эмас, балки ўзаро жанжал ёки уришиш натижасида, рашк туфайли, ўч олиш, ҳасад, адоват, нафрат оқибатида содир этилган бўлса, қасддан одам ўлдириш жинояти Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми бўйича квалификация қилинади» дея қайд этилган.
Шунингдек, Олий суд Пленумининг ушбу қарори 16-бандида «…Безорилик оқибатида, яъни жамиятга ва умумэътироф этилган ахлоқ қоидаларига рўй рост ҳурматсизлик замирида содир этилган қасддан одам ўлдириш Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «л» банди билан квалификация қилиниши лозим. Бунда айбдорнинг феъл-атворида жамоат тартибига ошкора бўйсунмаслик, атрофдагиларга нисбатан ўзини қарши қўйиш, беписандлик намойиш этиш истаги мавжуд бўлади», деб тушунтириш берилган.
Гарчанд дастлабки тергов органи Челак шаҳри, Амир Темур кўчасини жамоат жойи деб баҳолаб, судланувчи Ж. Бердиқуловнинг жиноий ҳаракатини Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «л» банди билан квалификация қилган бўлса-да, бироқ иш ҳужжатлари ва кузатув камераси орқали ёзиб олинган видеотасвирга кўра, Ж. Бердиқулов турмуш ўртоғи М. Муродуллаева билан бирга ичкари кўча томонга киришган. Бундай ҳолда воқеа содир бўлган жойни жамоат жойи деб баҳолаб бўлмайди. Шунингдек, судланувчи Ж. Бердиқулов ва марҳума М. Муродуллаева ўртасида олдиндан ўзаро келишмовчиликлар бўлган. Судланувчи томонидан қотиллик безорилик туйғулари билан эмас, балки ўзаро келишмовчилик натижасида содир этилган. Шу сабабли, суд Ж. Бердиқуловнинг айбловидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «л» бандини чиқариб, ишнинг шу қисмини ҳаракатдан тугатди.
Суд судланувчи Ж. Бердиқуловни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди.
Унга нисбатан ўн етти йил муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм чиқарди.
Афсус-надоматлар бўлсинки, бир осмон остида сизу биз билан яшаётган бир оила хиёнат туфайли пароканда бўлди.
Гувоҳи бўлганингиздек, шарм-ҳаёни унутган Мавлуда фожиали ўлим топди, Жавоҳир оғир қилмишга қўл уриб, узоқ муддатга темир панжара ортига равона бўлди. Норасида Шоҳиста эса, ота-онадан бевақт айро қолди.
Албатта, бу фожиадан яна бир карра англашиладики, оила — меҳр-оқибат қўрғонидир. Унга яхши муносабатда бўлган — бахт топади. Хиёнат қилган эса, кечирилмас гуноҳ орттириб, эл-юрт олдида иснодга қолади. Бинобарин, одам бу дунёда қадриятларга таяниб, миллий ўзликка интилиб, ахлоқ қоидаларига амал қилиб яшаса, бахтли бўлади. Буни унутмаслик лозим.
Ўткир МАМАДАЛИЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Самарқанд вилояти суди
раисининг ўринбосари,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш