ОИЛА — УЛУҒ, НИКОҲ — МУҚАДДАС. УНИНГ ҚОНУНИЙЛИГИ ҲУҚУҚ ВА МАНФААТЛАР КАФОЛАТИ БЎЛАДИ
Конституциямизнинг 63-моддасида белгилаб қўйилганидек, «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади».
Мақола муқаддимасидаёқ оила тотувлигининг мезони бўлган ушбу конституциявий тамойилни келтиришимиз бежиз эмас. Чунки Конституциямизнинг алоҳида бир боби оилага бағишлангани ушбу конституциявий институтнинг ижтимоий мақоми Асосий Қонунимизда устуворлик касб этганидан далолат беради.
Оила жамият таянчи сифатида юрт иқболи ва истиқболини белгилайди. Жамиятимизнинг ана шу асосий бўғини барча эзгу қадриятлар, хайрли ният ва мақсадлар, фаровонлик одимлари ундан бошланиб, ҳар бир оиладаги аҳиллик, ҳамжиҳатлик, яратиш ва бунёдкорлик, маҳаллалар, шаҳар ва туманлар, вилоятлар, пировардида мамлакат равнақи ва саодатини белгилайди.
Шунинг учун ҳам оила муқаддас ҳисобланади. Ҳар бир оилада тотувлик барқарор бўлиши, оилаларнинг мустаҳкам бахт-иқбол қўрғонига айланиши, Ватан ичра ушбу мўъжаз ошёнларда авлодлар бардавомлиги ва уларнинг оқилу комил, эл хизматига камарбаста қобил инсонлар бўлиб улғайиши кўплаб омилларга боғлиқ.
Бу омилларнинг энг биринчиси никоҳнинг қонуний расмийлаштирилишидир. Зотан, қонуний никоҳ тарафлар, яъни эр ва хотин зиммасига муайян ҳуқуқ ва мажбуриятлар юклайди.
Никоҳ ҳатто қайнота-қайнона, қудалар, яқин қариндошлар зиммасига ҳам масъулият юклайди, десак, янглишмаймиз. Чунки улар никоҳнинг қонуний расмийлаштирилгани сабабли яна бир оила бунёд этилганини ҳис қилиб, умр ришталарини боғлаб, аҳду паймон қилиб, олтин остонага қадам қўйган фарзандлари — зурриёдларининг мустаҳкам қўрғон барпо этишлари учун астойдил интиладилар.
Умуман, қонуний никоҳнинг жамият таянчи ва истиқболи бўлган оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ва унда аҳил-иноқлик барқарор бўлишидаги аҳамияти катта.
Афсуски, шунга қарамай ҳаётимизда қонуний никоҳ аҳамиятини етарли даражада англамай ёки била туриб, шаръий никоҳ ўқиш ҳолатлари учраб турибди.
Бу эса, келгусида оилавий ҳаётда эр ёки хотин манфаатлари муҳофазасида муаммоларни вужудга келтиради. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашда жиддий тўсиқ ва муаммолар пайдо бўлишига олиб келади.
Таъбир жоиз бўлса, оилавий ажримлар кўпайиши омилларидан бири ҳам айнан шаръий никоҳдир.
Муқаддас динимиз қадриятларига кўра, оилада иймон-эътиқод, дину диёнат, поклик, ҳалоллик ва диний ақидалар барқарор бўлишида шаръий никоҳнинг аҳамиятини ифодалаш учун ортиқча изоҳнинг ҳожати йўқ.
Аммо шаръий никоҳ ўқишга давлат органлари томонидан, яъни ФҲДЁ идораларида қонуний никоҳ расмийлаштирилиб, келин-куёвга никоҳ гувоҳномаси тақдим этилганидан кейингина рухсат берилишини асло унутмаслик керак. Бу қатъий қоида амалдаги қонунчилигимизда мустаҳкамланган.
Яна бир муҳим жиҳат ҳам борки, шаръий никоҳ ФҲДЁ органи маълумотномаси кўрсатилганидан кейингина ўқилади. Шаръий никоҳни Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан рухсат этилган диний идора вакиллари — имом ва имом ноибигина ўқиш ҳуқуқига эга.
Буни барча яхши билади. Айниқса, орамиздаги иймон-эътиқоди мустаҳкам, диний илмга эга замондошларимиз бу тартиб-қоидаларнинг моҳиятини яхши англашлари шубҳасиз.
Бироқ…
Таассуфки, қонуний никоҳ расмийлашмаганини била туриб, шаръий никоҳ ўқиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Учқўрғон туманининг Эшонтўпи маҳалласидаги Темурий кўчасида яшовчи отахон ҳам ёш эмас, олтмишни қоралаб қолган.
Айтмоқчимизки, бу фуқаро нима қонунга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини яхши билади.
Барини била туриб, у киши ўз ўғли билан келинининг шаърий никоҳини ўқиган. Суд мажлисида билдиришича, ҳеч қайси имом никоҳ ўқишга рози бўлмагани учун ўзи шундай қилишга мажбур бўлган.
Тўғри-да, диний идора вакиллари била туриб, қонунни бузишни истамайдилар.
«Норин» маҳалласи, Норин кўчасида яшовчи отахон ҳам 76 ёшида қонунга зид қилмиши учун суд залида ҳуқуқбузар сифатида жавоб беришга мажбур бўлди. У киши ҳам диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиб, ҳамқишлоғи бўлган эркак ва аёлга ноқонуний никоҳ ўқиган.
Маълум бўлишича, ёз кунларидан бирида қўшниси унинг олдига маҳалладош сифатида ёрдам сўраб чиқққан. Яъни ўғли олдинги турмушидан ажрашгани, ҳеч қандай муаммо йўқлигини айтиб, бошқа бир аёл билан турмуш қураётгани учун никоҳ ўқиб қўйишини илтимос қилган.
Бу гапларга ишонган мўйсафид қўшнисининг ўғлини ўзга аёл билан ноқонуний равишда, шаръий никоҳлаб қўйган. Энг ёмони, ўша йигит бошқа бир аёл билан қонуний никоҳда бўлган, ўртада бир нафар фарзанди бор. Аёли оилавий жанжал сабабли онасининг уйига кетиб қолган, холос.
«Оқтовлик» маҳалласи, «Пахтачи» кўчасида яшайдиган отахон ҳам ўз ўғлига никоҳ ўқиганлардан.
Ўғлининг қонуний никоҳдаги аёли оилавий жанжал сабабли ота уйига кетиб қолгани учун қозоқовуллик бошқа аёлга уйлантириб, ўзи шаръий никоҳ ўқиб қўя қолади.
У суд мажлисида айбига иқрор бўлиб, бошқа ҳеч бир имом никоҳ ўқишга рози бўлмагани учун шундай қилганини айтди. Аммо бу баҳона ноқонуний никоҳ ўқиш учун асос бўлолмаслигини унинг ўзи ҳам яхши биларди.
Бундай қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига мувофиқ, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Яъни уларнинг ҳар бири 2 миллион 230 минг сўмдан жаримага тортилди.
Эътибор берган бўлсангиз, маъмурий суд материаллари асосидаги мазкур ҳолатларни баён этиш асносида ҳуқуқбузарлар ва никоҳланувчиларнинг исм-фамилияларини очиқ-ошкора келтирмадик.
Андиша қилдикки, суд залига келишнинг ўзи ва ўз қилмиши оқибатини ўйламаслик уларга етарли сабоқ бўлган.
Ушбу ҳолатларни баён этишдан мақсад эса, ҳамюртларимизни оила муносабатларига, никоҳ масалаларига жиддий ва масъулият билан қарашга ундаш, огоҳлик ва сабоққа чорлашдир.
Никоҳ ва оила муносабатлари борасидаги муаммолар, жиддий низолар, ажримгача бориб, муросасизлик билан тугайдиган аксарият нохушликлар ҳам кўпинча никоҳни қонуний расмийлаштирмасдан туриб, фақат шаръий никоҳ билан кифояланган ҳолда турмуш қуриш оқибатида келиб чиқади.
Баъзан шундай ҳолатлар кузатиладики, шаръий никоҳ орқали ҳаётини боғлаб, ҳафта — ўн кун ёки бир неча ойгина яшаб, ажрашиб кетадиганлар ҳам йўқ эмас.
Омонат қурилган бундай оилалар ажрашганида ёки шаръий никоҳ асосида яшаб келган, ўртада бир ёки бир неча фарзанди бор тақдирлар айро тушганда, фуқаролик судларида бундай ишларни кўриш, томонлар манфаатларини қонун йўли билан муҳофаза қилиш, фарзандларнинг моддий таъминоти учун алимент белгилашда, мажбурий ижро органлари томонидан моддий таъминотни ёки мол-мулкни ажратиб, ундириб беришда, маъмурий судлар амалиётида моддий таъминотдан ёки бошқа бир ҳуқуқ ва мажбуриятлардан бўйин товлаганлик ҳолатида қонуний чора кўришда муаммолар юзага келиши бор гап.
Шундай экан, унутманг, қонун — ҳуқуқ, муҳофаза ва кафолатдир.
Қонунга амал қилиш нафақат оилавий муносабатларда, балки ҳаётдаги ҳар қандай вазиятда муаммоларга йўлиқмаслик, башарти, дуч келганингизда ҳам унга осон ечимлар топишга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида яна бир карра шаръий никоҳ ўқиш ваколати, ҳуқуқига эга бўлмаса-да, бундан тийилмаётганлар ёхуд ФҲДЁ органларининг расмий маълумотномасисиз никоҳ ўқимоқчи бўлганларга бундай қилмиш жавобгарликка олиб келишини эслатиб ўтишни истардик.
Салоҳиддин ТУРСУНОВ,
Наманган вилояти
маъмурий судининг раиси,
Озоджон Зиявуддинов,
Учқўрғон тумани маъмурий судининг раиси
Фикр қолдириш