ОЛИЙ СУД МАТБУОТ ХИЗМАТИНИНГ АХБОРОТИ

2019 йил 6 сентябрь куни Бухоро шаҳар маъмурий суди томонидан фуқаро Б. Бахрановга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 126-моддаси (кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш) нинг 1-қисми бўйича юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иши кўриб чиқилган.

Суриштирув органи томонидан Б. Бахранов 2019 йил 18 апрель куни Бухоро шаҳри И. Каримов кўчаси бўйлаб бошқарувида бўлган “Нексия” русумли, 80 Q 755 HA давлат рақамли автомашинада ҳаракатланиб бориш вақтида ЙҲХБ ходими томонидан тўхтатилиб, текширув вақтида автомашинанинг орқа ён эшик ойналарига ҳайдовчи ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарса ўрнатилган транспорт воситасидан фойдаланиб келиб “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 3-иловаси 7.3-банди талабларини бузганлиги учун МЖтК 126-моддасининг 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Судда сўралган Б. Бахранов 2019 йил 18 апрель куни ўзига тегишли “Нексия” русумли, давлат рақами 80 Q 755 HA бўлган автомашинада Бухоро шаҳри И. Каримов кўчасидан ҳаракатланиб бораётган вақтида автомашинани ЙҲХБ ходими тўхтатиб ҳужжатларини текширишни маълум қилганлигини, шундан сўнг ЙҲХБ ходими автомашина орқа ён эшик ойналарига парда ўрнатилганлигини айтиб маъмурий баённома тузиб автомашинасини жарима майдончасига жойлаштирганлигини, ўзи ЙҲХБ ходимига “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 3-иловаси 7.3-банди талабларини бузмаганлигини, автомашина орқа ён эшик ойналарига парда ўрнатиш қонун билан тақиқланмаганлигини билдиришига қарамасдан унга нисбатан баённома расмийлаштирилганлигини, шундан сўнг автомашинасини жарима майдончасидан олиб чиқиш учун Бухоро шаҳар ИИО ФМБ ЙҲХБ МА қарори билан тайинланган жаримани тўлаганлигини ва унга нисбатан нотўғри баённома тузилганлигини тасдиқлаш учун дастлаб “Ўзстандарт” агентлигига мурожаат қилганлигини ва мурожаатига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган давлатлараро стандарт ГОСТ 33988-2016 “Автомобильные транспортные средства. Обзорность с места водителя. Технические требования и методы испытания”нинг 2.12-бандига мувофиқ ҳайдовчининг жойидан теварак-атроф кўриниши майдонининг устки чегараси деб, ҳайдовчи кўзлари ва жами майдонининг остки чегарасини ташкил қиладиган, учта бошқа текисликлар даражасида ўтадиган, горизонтал текислик орасида жойлашган, 180 градус секторда олд кўринишнинг шартли майдони ҳисобланиши ҳақида жавоб хати ҳамда ушбу стандартнинг тасдиқланган нусхасини олганлигини, шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасига мурожаат қилганида унга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 4 июлдаги 191-сонли “Автотранспорт воситалари конструкциясининг фойдаланиш шартлари бўйича хавфсизлик тўғрисида”ги умумий техник регламентининг 5-бандида ҳамда Республика ҳудудида амалда бўлган ГОСТ 33988-2016 давлатлараро стандартнинг 2.12-бандида “ҳайдовчининг жойидан теварак-атроф кўриниши”га тушунча берилганлиги маълум қилинганлигини, МЖтК 126-моддасининг 1-қисмида техник регламентга мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан, худди шунингдек ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлиб юқоридаги ГОСТ ва техник регламент талабларига мувофиқ автомашина орқа ён эшиклари ҳайдовчи ўрнидан теварак-атрофга кирмаслиги сабабли унинг ҳаракатларини ушбу модда билан малакалаб бўлмаслигини, бундан ташқари “Йўл ҳаракати қоидалари”да ёки бошқа қонунларда автомашина орқа ён эшикларига парда ўрнатиш тақиқланиши кўрсатилмаганлигини баён қилиб ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлиги сабабли унга нисбатан бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини тугатишни сўради.

Судда мутахассис сифатида сўралган Ф. Ирисов Бухоро синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонасида сертификатлаштириш идораси рахбари вазифасида ишлаб келишини, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган давлатлараро стандарт ГОСТ 33988-2016 “Автомобильные транспортные средства. Обзорность с места водителя. Тенические требования и методы испытания”нинг 2.12-бандига мувофиқ ҳайдовчининг жойидан теварак-атроф кўриниши майдонининг устки чегараси деб, ҳайдовчи кўзлари ва жами майдонининг остки чегарасини ташкил қиладиган, учта бошқа текисликлар даражасида ўтадиган, горизонтал текислик орасида жойлашган, 180 градус секторда олд кўринишнинг шартли майдони ҳисобланишини, ушбу ГОСТ да автотранспорт воситаларини орқа ён эшик ойналарига парда ўрнатиш тақиқланиши ҳақидаги қоидалар мавжуд эмаслигини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 4 июлдаги 191-сонли қарори билан тасдиқланган “Автотранспорт воситалари конструкциясининг фойдаланиш шартлари бўйича хавфсизлик тўғрисида”ги умумий техник регламентнинг 73-бандида транспорт воситасининг бошқараётган ҳайдовчи ўз олдидаги йўлни тўсиқсиз кўриш имкониятига эга бўлиши, шунингдек транспорт воситасининг ўнг ва чап тарафида теварак-атрофни кўриш имкониятига эга бўлиши лозимлиги, ҳайдовчи ўрнидан теварак-атрофни кўришни чекловчи қўшимча нарсалар ёки қопламалар бўлиши тақиқланиши белгиланган бўлиб, юқоридаги ГОСТ талабларига мувофиқ М-1 тоифадаги автомашиналарни орқа ён эшик ойналари ҳайдовчи ўрнидан теварак-атроф кўриниши лозим бўлган майдон ҳисобланмаслигини, техник регламентга мувофиқ кўзгусимон ёки туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойналарнинг ёруғлик ўтказувчанлиги 70 фоиздан кам бўлган тақдирда ушбу автомашиналардан фойдаланиш тақиқланиб, бундан ойналар тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун тегишли рухсатнома берилган транспорт воситалари мустасно эканлигини, шунингдек парда ўрнатилган ойнада ёруғлик ўтказувчанлиги даражасини текшириш имкони мавжуд эмаслигини, чунки мазкур текширув фақатгина туси ўзгартирилган ойналарда ёруғлик ўтказувчанликни текширишни назарда тутиб, парда ўрнатилиши ойналарни тусини ўзгартириш (қорайтириш) ҳисобланмаслиги баён қилди.

Судда сўралган И. Тўхтаев Бухоро вилоят ИИБ ЙҲХБ йўл патруль хизмати фаолиятини ташкил этиш ва маъмурий амалиёт гуруҳи катта испектори лавозимида ишлаб келишини, ҳуқуқбузар Б. Бахронов бошқарувидаги автомашинада “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 3-иловаси 7.3-банди талабларини бузганлиги учун ЙПХ ходими томонидан 2019 йил 18 апрель куни маъмурий баённома расмийлаштирилганлигини ва ҳайдовчига нисбатан МЖтК 126-моддасининг 1-қисми билан бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқиш учун судга юборилганлигини, “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 3-иловаси 7.3-бандида ҳайдовчининг жойидан теварак-атроф кўринишини чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ва қопламалар туширилган бўлса транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланганлигини, бундан ташқари ушбу қоидаларнинг 7.4-бандида ички ишлар органларининг рухсатномаси асосида туси ўзгартирилган (қорайтирилган) автотранспорт воситаларининг ойналаридан ҳамда автомобиль томидаги люк ойнасидан ташқари барча турдаги транспорт воситалари олд, ён ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлиги 70 % дан кам бўлса транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланишини, ушбу бандга берилган изоҳга мувофиқ III класс М3 тоифадаги автотранспорт воситаларининг орқа ва ён ойналарига пардалар, икки ёнга орқа томонни кўриш учун ташқи кўзгуси мавжуд бўлган барча тоифадаги автотранспорт воситалари орқа ойналарининг тусини ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада ўзгартиришга (қорайтиришга), шунингдек, ушбу орқа ойналарга парда (чий парда, дарпарда) ўрнатишга рухсат берилишини, ушбу Қоидаларда автомашина орқа ён эшик ойналарига парда ўрнатиш тақиқланиши белгиланмаганлигини, ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўриниши майдони ҳақидаги Бухоро синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси ходими Ф. Ирисовнинг кўрсатмаларига эътирози йўқлигини, енгил автомобилларнинг орқа ён эшик ойналарига парда ўрнатилишини тақиқловчи ИИВ буйруғи ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмаслигини баён қилди.

Суд, иш бўйича ҳуқуқбузар ва мутахассисларнинг кўрсатмалари ҳамда прокурор фикрини тинглаб, ишда мавжуд ва суд мажлиси давомида аниқланган ҳолатлар ва тупланган ҳужжатларга асосланиб қуйидагиларга кўра Б. Бахрановнинг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлиги сабабли ишни тугатишни лозим деб топган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси 276-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишга оид далиллар ҳар қандай фактик маълумотлардан иборат бўлиб, органлар шу маълумотларга асосланиб маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати юз берган ёки бермаганлигини, муайян шахснинг уни содир этишда айбдорлигини ва ишни кўриб чиқиш учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатларни қонунда белгиланган тартибда аниқлашлари, ушбу Кодекснинг 277-моддасида орган далилларга ишнинг ҳамма ҳолатларини ҳар томонлама, тўла ва объектив жамлаб текширишга асосланган ўзининг ички ишончи билан қонунга амал қилган ҳолда баҳо бериши белгиланган.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси МЖтК 307-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш вақтида тегишли орган (мансабдор шахс) маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган этилмаганлигини, ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жойни, мазкур шахс уни содир этишда айбдор-айбдор эмаслигини, унинг маъмурий жавобгарликка тортилиш-тортилмаслигини, жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар бор-йўқлигини, мулкий зарар етказилган-етказилмаганлигини, шунингдек ишни тўғри ҳал этишда аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни аниқлаши шартлиги кўрсатилган.

Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ички ишлар вазирлиги ўртасида 2017 йил 11 октябрь куни тасдиқланган қўшма кўрсатма талабларига мувофиқ муайян шахс томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганлигини исботлаш мажбурияти маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида баённома тузган идоралар (мансабдор шахс) зиммасига юклатилиши қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 1-моддасида маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Кодекс, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ва Вазирлар Кенгашининг қарорлари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорларидан иборат эканлиги, ушбу Кодекс қоидалари мазкур Кодексга киритилмаган қонун ҳужжатларида содир этганлик учун жавобгарлик назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларга ҳам тааллуқли эканлиги белгиланган.

Шунингдек, ушбу Кодекснинг 10-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарлик деганда қонун ҳужжатларига биноан маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган, шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий, айбли (қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида) содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилиши назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси МЖтК 126-моддасининг 1-қисмида техник регламентга мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан, худди шунингдек ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрь кунидаги 370-сонли қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 3-иловаси 7.3-бандида ҳайдовчининг жойидан теварак-атроф кўринишини чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ва қопламалар туширилган бўлса, 7.4-бандида эса барча турдаги транспорт воситалари олд, ён ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлиги 70 % дан кам бўлса транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланиши кўрсатилган бўлиб, ушбу бандга берилган изоҳда III класс М3 тоифадаги автотранспорт воситаларининг орқа ва ён ойналарига пардалар, икки ёнга орқа томонни кўриш учун ташқи кўзгуси мавжуд бўлган барча тоифадаги автотранспорт воситалари орқа ойналарининг тусини ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада ўзгартиришга (қорайтиришга), шунингдек, ушбу орқа ойналарга парда (чий парда, дарпарда) ўрнатишга рухсат берилиши қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган давлатлараро стандарт ГОСТ 33988-2016 “Автомобильные транспортные средства. Обзорность с места водителя. Тенические требования и методы испытания”нинг 2.12-бандига мувофиқ ҳайдовчининг жойидан теварак-атроф кўриниши майдонининг устки чегараси деб, ҳайдовчи кўзлари ва жами майдонининг остки чегарасини ташкил қиладиган, учта бошқа текисликлар даражасида ўтадиган, горизонтал текислик орасида жойлашган, 180 градус секторда олд кўринишнинг шартли майдони ҳисобланишини белгиланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 4 июлдаги 191-сонли қарори билан тасдиқланган “Автотранспорт воситалари конструкциясининг фойдаланиш шартлари бўйича хавфсизлик тўғрисида”ги умумий техник регламентнинг 73-бандида транспорт воситасининг бошқараётган ҳайдовчи ўз олдидаги йўлни тўсиқсиз кўриш имкониятига эга бўлиши, шунингдек транспорт воситасининг ўнг ва чап тарафида теварак-атрофни кўриш имкониятига эга бўлиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.

Суд мажлиси давомида аниқланган ҳолатларга кўра, Б. Бахранов бошқарувида бўлган “Нексия” русумли автомашинанинг орқа ён эшик ойналарига парда ўрнатган ҳолда ҳаракатланганлиги учун унга нисбатан МЖтК 126-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган бўлса-да, юқоридаги Қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳайдовчи ўрнидан теварак-атроф кўриниши майдонига орқа ён эшик ойналари кирмаслиги назарда тутилган бўлиб, ушбу ойналарга кўришни чекловчи қўшимча нарсалар ўрнатиш ёки қопламалар суртиш мумкин эмаслиги амалда бўлган қонун ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тақиқланмаган.

Бундан ташқари, суд, мутахассис Ф. Ирисовнинг кўзгусимон ва туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойналар ёруғлик ўтказувчанлиги билан аниқланиши, автомашина ойнасига парда ўрнатилганда ёруғлик ўтказувчанлик фоизини аниқлаш мумкин эмаслигини баён қилиб берган кўрсатмалари ва ишнинг ҳақиқий ҳолатларидан келиб чиқиб Б. Бахрановнинг автомашина орқа ён эшикларига парда ўрнатганлик ҳолатини “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 3-иловаси 7.4-банди талабларини бузилиши сифатида малакалаб бўлмайди деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 271-моддасининг 1-қисмида маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки аломатлари йўқ бўлса маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини бошлаш мумкин эмаслиги, бошланган ишлар эса тугатилиши лозимлиги белгиланган.

Суд, юқоридаги қонун талаблари ва ишнинг ҳақиқий ҳолатларидан келиб чиқиб, Б. Бахрановнинг транспорт воситасини орқа ён эшик ойналарига парда ўрнатган ҳолда фойдаланиб келганликда ифодаланган ҳаракатларида МЖтК 126-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд эмас деб топиб, унга нисбатан бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини тугатишни лозим деб топган.

Суднинг қарорига мувофиқ Б. Бахрановнинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлиги сабабли унга нисбатан бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иши Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 271-моддаси (маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар) нинг 1-бандига асосан тугатилган.

2019 йил 2 октябрь куни Бухоро вилояти маъмурий судида Бухоро шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 6 сентябрдаги қарорига нисбатан Бухоро вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан келтирилган кассация шикояти кўриб чиқилган.

Кассация инстанцияси судининг қарорига мувофиқ Бухоро шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 6 сентябрдаги Б. Бахрановга оид қарори ўзгаришсиз, шикоят қаноатлантиришсиз қолдирилган.

2020 йил 25 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Бухоро шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 6 сентябрдаги қарори ва Бухоро вилояти маъмурий судининг 2019 йил 2 октябрдаги қарори устидан берган назорат тартибидаги шикояти кўриб чиқилиб, ушбу суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: