ОҚИБАТГА ДАРЗ КЕТСА…
Халқимиз меҳр-оқибат, ўзаро ишонч, олижаноблик, қадр-қиммат каби соф инсоний туйғуларни ҳамиша эъзозлаб келган. Негаки, бу фазилатлар инсонларни бир-бирига яқинлаштирибгина қолмай, уларни яхши ёмон-кунларда елкадош, кўмакдош бўлишга ундайди. Аслида ҳаётнинг мазмун-моҳияти ҳам шунда. Бироқ орамизда шундайлар ҳам учрайдики, уларнинг хулқ-атворида, одамларга бўлган муносабатида юқорида зикр этилган фазилатларни кўрмайсиз.
Бундай дилозор кимсаларнинг ножоиз гап-сўзлари ва хатти-ҳаракатларидан бошқалар азият чекади. Биз қуйида баён қиладиган воқеалар тафсилотлари айнан шундай кимсалар хусусидадир.
Қамаши туманининг Баландчайла қишлоғида яшовчи Ботир Саломов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳамқишлоғи Шокир Турсуновга тегишли дала майдонида молларини боқиб юрган пайтда Шокир кутилмаганда келиб қолади. У Ботирга бу иши нотўғри эканини ётиғи билан тушунтириш ўрнига, бирданига жаҳл отига минади ва уни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлайди.
Шундан сўнг ўртадаги ножоиз гап-сўзлар катта можарога айланиб, Шокир Ботирнинг дуч келган жойига уриб-тепкилайди. Таёқ зарбидан тан жароҳати олган Ботир ҳушини йўқотади. Хайриятки, яқин атрофдаги одамларнинг ёрдами билан у зудлик билан шифохонага етказилади.
Оқибатда Ботир бир неча кун шифохонада ётиб даволанди. Шокир эса, қилмиши учун суриштирув идораларига жавоб берадиган бўлди…
Яна бир ҳаётий мисол ушбу туманнинг «Оқгузар» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Собир Эргашевнинг ўзаро оилавий келишмовчиликлари билан боғлиқ. Бундан икки йил муқаддам С.Эргашев билан турмуш ўртоғи Наргиза Эшмуродова ўртасидаги қонуний никоҳ суднинг ажримига кўра, бекор қилинади.
Вояга етмаган 2 нафар фарзанд, айрим сабабларга кўра, отанинг қарамоғида қолади. Томонларнинг ўзаро келишувига асосан, она маълум вақтларда фарзандларини кўргани келиб туради.
Шундай кунларнинг бирида Собир фарзандларидан хабар олгани келган собиқ турмуш ўртоғи Наргизани совуқ қарши олади.
Ораларида бўлиб ўтган гап-сўзларни қайта қўзғаб, уни ёзғира бошлайди.
Сўнг эса, ўзаро беъмани айтишувлардан жазавага тушган Собир аёлни дўппослашгача бориб етади. Натижада Наргиза Эшмуродова оғир тан жароҳати билан шифохонага тушиб, узоқ вақт даволанишга мажбур бўлади.
Суд ҳар икки ҳолат бўйича ҳуқуқбузарлар Ш. Турсунов ҳамда С. Эргашевнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини кўриб чиқди.
Суд ҳайъати уларнинг ўзлари ва жабрланувчиларнинг суддаги тушунтиришларидан ташқари аризалар, дастлабки тушунтириш хатлари суд-тиббий экспиртиза хулосаси, маъмурий баённомалар ва ишда тўпланган бошқа ҳужжатлар ҳамда ишни қайта судда кўришда аниқланган ҳолатларга биноан мазкур ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига кўра, айбдорларга жазо тайинланди. Шу билан бирга, суд қарорида жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш важидан келгусида низо келиб чиқса, фуқаролик ишларини судда иш юритиш тартибида мурожаат қилиш ҳуқуқлари очиқ қолдирилгани қайд этилди.
Мухтасар айтганда, ҳар қандай қалтис қадам, ножўя хатти-ҳаракат изсиз кетмайди. Шу боис бу ҳаётда ўз шаъни ва қадр-қимматини ўйлаган одам ноўрин ишлардан тийилади. Аксинча, ёмон иллатлардан йироқ юрмаган кимсаларнинг эл олдида юзи шувут бўлади.
Бу ҳаётий ҳақиқатни вақтида англаган ҳолда, умр мазмуни фақатгина тўғри яшаш, атрофдагиларга азият эмас, наф келтиришда эканлигини ҳеч қачон унутмаслик даркор.
Бекзод Ўралов,
Қамаши тумани
маъмурий судининг раиси
Фикр қолдириш