ЎҒИРЛИКДА АЙБЛАНГАН КЕЛИН КАССАЦИЯ СУДИ МАЖЛИСИДА ОҚЛАНДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида биргина 2019 йилда 859 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилганининг эътироф этилиши барча судьялар каби менинг ҳам кўнглимни фахру ифтихорга тўлдирди. Чунки 2019 йилда жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди томонидан оқланган 27 нафар шахснинг 12 нафарига дахлдор жиноят ишларини кўриб чиқишда бевосита иштирок этганимдан мамнун бўлдим.

Фикрларимнинг исботи тариқасида ана шу жиноят ишларидан бирига эъ­тиборингизни қаратмоқчиман. Фар­­ғона шаҳрида яшовчи Умида Абдуллаева бундан 4 йил муқаддам Комил Абдуллаевга турмушга чиққанида кунлардан бир кун қайнонаси ва эрининг қариндошлари томонидан ўғирликда гумонланиши ва айбланишини қаёқ­дан билибди, дейсиз?

Аммо бахтсизликни қарангки, охир-оқибат шундай бўлди. Яъни аввалига ов­сини, сўнг қайнонаси, ке­йинчалик эса, бошқа қариндошларининг тилла тақинчоқлари йўқолгач, Умидадан гумонсирашди. Натижада Фарғона шаҳар ич­ки ишлар бўлими томонидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Бироқ тергов фақат бир мақсадга — У. Абдуллаевани айблашга қаратилган. Охир-оқибат жиноят ишлари бўйича Фар­ғона шаҳар судининг 2019 йил 10 июндаги ҳукмига биноан, Умида Абдуллаева Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топилган. Суд ҳукмида қайд этилишича, 2016 йил октябрь ойида овсини Гўзал Каримованинг ётоқхонасидан бир дона 560 000 сўмлик аёллар тилла узуги, 2016 йил 23 декабрь куни қайнонаси Жамила Тошпўлатованинг ётоғидан бир дона 1 200 000 сўмлик тилла узук ва 100 000 сўмлик эркаклар кумуш узуги, 2016 йил 28 декабрь куни эса, тикувчи Мадина Бобоеванинг уйидан 1 800 000 сўмлик тилла узук, 2017 йил 1 март куни қа­риндоши Дил­ноза Тошма­то­ванинг ётоқхонасидан сирға, турли узуклар, балдоқ, билакузук сингари 12 140 000 сўмлик тилла тақинчоқлар, 2017 йил май ойида яна 2 нафар қариндоши — Муқаддас Мирзаолимованинг уйидан 12 280 000 сўм­лик тилла тақинчоқлар ҳамда Назира Абдуллаеванинг ётоғидан 5 240 000 сўмлик узук, балдоқ, тилла занжир каби қимматбаҳо буюмлар йўқолади.

Қайнонаси ва қа­риндошлари буларнинг барчаси учун Умидани ўғирликда айблашади. Бинобарин, суд унга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаб, Жиноят­ кодексининг 72-моддасига биноан, ҳукм шартли ҳисобланиб, У. Абдуллаева суд залида қамоқдан озод этилган. Аммо…

Аммо Умида содир этилган ўғирлик ёки тилла тақинчоқларнинг йўқолишига умуман дахли йўқ экани, тергов органи ва суд томонидан асоссиз айбланганини маълум қилди ҳамда оқ­лов ҳук­ми чиқаришни сўраб, кассация шикояти билан мурожаат қилди.

Жиноят ишини кассация инс­танциясида кўриш жараёнида тергов органи ва биринчи босқич­ суди томонидан Жиноят-процессуал кодексининг ҳамда Олий суд Пленумининг тегишли қарори талаблари бузилгани аниқланди. Яъни суд жиноят содир этилишида ким айбдорлиги ва у билан боғлиқ барча ҳолатларни текширмасдан, иш бўйича исботланиши лозим бўлган ҳо­лат­ларни синчковлик билан, ҳар томонлама, тў­лиқ ва холисона текшириб чиқмасдан аёлни асоссиз равишда айблаган. Хусусан, жиноят ишида Умиданинг онаси Ойшахон Мўминованинг тушунтириш хати мавжуд. Бояқиш она ўз тушунтиришида тилла тақинчоқларни қизи ўғирлагани ва уларни шаҳар марказидаги тилло бозорида сотиб, эҳтиёжи учун ишлатиб юборганини маълум қи­либ, ўғирланган тақинчоқларнинг баҳосини тўлашга ваъда берган. Би­роқ О. Мўминова суд мажлисида эркак қудаси «Агар милицияга хабар берсак, қизингизни қа­маб уришади» деган гапидан қўр­қиб тушунтириш хати ёзиб берганини билдирган.

Тергов жараёнидаги тушунтириш хатида Умида Абдуллаеванинг ўзи ҳам буни тан олган. Лекин ҳужжатларда ундан тушунтириш хати олган ходимнинг исм-шарифи, санаси кўрсатилмаган. Қолаверса, У. Абдуллае­ва лотин алифбосида таҳсил олгани ҳол­да тушунтириш хатини ки­рилл алифбосида ёзган. Шунингдек, М. Сиддиқжонов ва Д. Сиддиқжоновалар фақат бир марта Умидадан оқ кўз­­­­ли узук, ни­коҳ узу­ги сотиб олишганини тер­говчининг кўр­сатмаси билан ёзишгани, судланувчи тилла тақинчоқни тортишиб-талашиб, қаттиқ савдолашиб сотгани, одатда, ўғ­рилар тилла буюмларни тортишмай сотиб кетиши ҳа­қида гувоҳлик беришган. Бунинг устига хўжайини Комил Абдуллаев ҳам У. Абдуллаева тиллафурушларга ўғирланган тилла зиракларни эмас, балки онасига тегишли оқ кўзли узукни сотгани, ўша пайтда унинг ёнида турганини маълум қилган.

Бундан ташқари тергов жараё­нида Умидадан 600 АҚШ доллари ва 1 500 000 сўм далилий ашё сифатида олингани, булар сотилган тилло тақинчоқларнинг пули эканлиги баённомада акс эттирилган.

Айбланувчи эса, онаси Россияда ишлаётган пайт­да ўзи­га 800 АҚШ доллари юборганини билдирган. Бироқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Фарғона ви­лоят­ бош бош­қармаси 2017 йил 31 мартга қа­дар У. Абдуллаева номига Россия Федерациясидан 800 АҚШ доллари юборилмагани ҳақида 10-31/620-сонли маълумотнома берган. Умида эса, пуллар 2017 йил апрель ойида юборилганини, уни «Трастбанк» ХАБ Фарғо­на филиали орқали ол­ганини маълум қилган. Шу боис, кассация судлов ҳайъати банк филиа­лига сўровнома юборган. «Траст­банк» ХАБ Фарғона филиалининг 2019 йил 12 сен­тябр­даги 01-05/348-сонли маълумотномасида Умида Абдуллаева номига 2017 йил 21 апрелда Россия Федерациясидан 800 АҚШ доллари келиб тушгани билдирилган.

Олий Суд Пленумининг 2018 йил 24 августдаги «Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал­ қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори 9-бандида жабрланувчи, гувоҳнинг фараз, тахмин, миш-мишларга асосланган кўрсатмалари, шунигдек, жабр­ланувчи, гувоҳ ўзининг хабардорлиги манбасини айтиб бера олмаган ёки айтишни хоҳламаган ҳолларда бу далил мақбул эмас деб топилиши ҳақида ту­шунтириш берилган.

Бундай ҳо­латда эса, шахсни ўғирлик жи­ноя­ти билан айблаб бўлмайди. Ана шу асосларга таянган суд жи­ноят ишлари бўйича Фарғона ша­ҳар судининг 2019 йил 10 июндаги ҳукмини бекор қи­либ, Умида Абдуллаевани айб­сиз деб топди ва оқлов ҳук­ми чиқарди.

Натижада туҳматга учраб, ўғирликда айб­ланган келиннинг юзи ёруғ бўлди.

Мазкур мақолани тайёрлаш жа­­­раёнида Умида Абдуллаева би­лан суҳбатлашдик.

— Менга қилинган ноҳақлик туфайли жуда кўп азоб чекдим. Онамнинг эса, қон босими оша­ди­ган бўлиб қолди. Бироқ қайнона-қайнотам келинлик сепларимни ҳам тўлиқ қайтариб бермади. Шуларни инобатга олиб, 2020 йил 11 февраль ку­ни моддий ва маъ­навий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво ариза киритдим, — дейди у.

Албатта, суд унинг даъво аризасини қонуний тартибда кўриб чиқади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бу борадаги эз­гу ишлар кўлами 2020 йил­­да янада кенгаяди. Зеро, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қи­лиш судлар фаолиятининг бош мезонидир.

Раҳматжон АРАПОВ,

жиноят ишлари бўйича

Фарғона вилояти

судининг судьяси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: