10 НАФАР МАҲКУМА АЁЛ ХОТИН-ҚИЗЛАР БАЙРАМИ АРАФАСИДА МУДДАТИДАН ИЛГАРИ ОИЛАСИ БАҒРИГА ҚАЙТАРИЛДИ
Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар пировард натижада инсон омилига хизмат қилмоқда.
Чунончи, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Аёлга бўлган ҳурмат-эътибор — бу аввало, оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодасидир» деган ғояси асосида юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, оилалар барқарорлигини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётда тўлақонли иштирок этишига эришиш, бир сўз билан айтганда, мунис ва мўътабар опа-сингилларимизни ҳаётдан рози қилишга қаратилган тарихий ислоҳотлар амалга оширилаётганига ҳар биримиз гувоҳмиз.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг инсонпарварлик ва бағрикенглик сингари миллий қадриятларимизга йўғрилган адолатли сиёсати туфайли турли хил сабаблар билан тўғри йўлдан адашган, жиноий қилмишларга қўл урган бўлса-да, хатосини тушуниб, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган аёлларга енгиллик берилмоқда, улар жазодан муддатидан илгари озод қилиниб, оиласи, фарзандлари бағрига қайтарилмоқда.
Бу эзгу ишларни амалга оширишда 2018 йил 20 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ўртасида имзоланган Меморандум муҳим ўрин тутади.
Мазкур Меморандум доирасида биргина 2019 йилда 210 нафар аёлга Хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди. Бундан ташқари 467 нафар жазони ўтаётган аёлнинг тайинланган жазоси енгилроғи билан алмаштирилди, 2 470 нафар аёл жазодан шартли озод қилинди.
Хусусан, 2020 йил 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида жазони ижро этиш муассасаларида оғир, ўта оғир жиноятларни содир этиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган 10 нафар маҳкума аёлларнинг назорат тартибида берган шикоятлари кўриб чиқилди.
Олий суд раисининг ўринбосари Икром Муслимов раислигида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисларида ҳар бир аёлнинг назорат тартибида берган аризаси қонун доирасида батафсил ўрганилди. Маҳкума аёлларнинг жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жазони ўташ жараёнида ўзини ижобий жиҳатларини намоён этиб, муассаса раҳбариятининг ташаккурномасини олгани алоҳида эътиборга олинди.
— Гиёҳвандлик савдосига аралашиб қолганим учун 2013 йил суднинг ҳукми билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилгандим, — дейди кўзида ёш билан 52 ёшли ургутлик Манзура Ҳусанова. — 6 нафар фарзандим бор, афсуски, 2 ўғлим ва 2 қизимнинг бахт тўйларида қатнашолмадим. Қилган ишимдан минг бор пушаймонман. Қайтиб бу йўлга асло кирмайман. Қилмишим менга сабоқ бўлди. Мени кечирганлари учун Президентимизга миннатдорлигимни билдираман. Аёлнинг ўрни оилада экан, бошқа аёлларга ҳам умуман жиноятларга аралашмасликларини тилайман.
Суд ажрими билан содир этган жинояти учун тайинланган жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишига иқрор ва пушаймон бўлгани, ёши ҳамда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг кафолат хати инобатга олиниб, 10 нафар маҳкума аёл жазодан муддатидан олдин озод қилиниб, оиласи, яқинлари бағрига қайтарилди.
Юртимизда баҳор нафаси кезинаётган шукуҳли кунларда бу эзгу тадбир аёлларга бўлган эътиборнинг, халқимизга хос юксак инсонпарварлик ва бағрикенгликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Зокиржон Қўзибоев,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
матбуот хизмати катта консультанти
Фикр қолдириш