ҚАБОҲАТ ЧОҲИ ЁХУД ЯХШИЛИККА ЁМОНЛИК ҚИЛГАН КИМСАНИНГ АЯНЧЛИ ҚИСМАТИ ХУСУСИДА

Яқинда жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судида ожиз аҳволдаги кекса кампирни тамагирлик ниятида қасддан ўлдириб, ўзига қоладиган кўчмас мулкни тезроқ қўлга киритиш мақсадида ёлланма қотилга жиноий буюртма берган аёлга нисбатан айблов ҳукми ўқилди. Жазонинг муқаррарлиги таъминланди, айбдорга қилмишига яраша қонуний ва адолатли жазо тайинланди. Хўш, аслида воқеалар қандай кечган эди? Бу мудҳиш жиноятга қўл урганларнинг мақсад-муддаоси нима эди?

Шу ўринда воқеа тафсилотларига батафсил тўхталадиган бўлсак, Мавлуда Холмуродова (исм-шарифлар ўзгартирилди) 1995 йилдан 2009 йилга қадар Самарқанд шаҳар Беруний кў­часидаги кўп қаватли Н. уйдаги хонадонларнинг бирида Мария Кузнецова билан қўшни бўлиб яшаб келган. 2009 йилда эса, М. Холмуродова оиласи билан Самарқанд тумани Хў­жа Ахрор Валий маҳалласидан ҳов­ли сотиб олиб, кўчиб ўтади.

М. Холмуродова кўчиб кетгач, ўртадаги масофа анча олис бўлса-да, М. Куз­­нецова билан муносабатини узмайди. Деярли ҳар куни қўнғироқ қи­лар, шаҳарга тушганида эса, хабар олиш учун унинг уйига кириб ўтарди.

Албатта, бу бежизга эмасди. Аниқроқ айтганда, М. Холмуродова Мария холага ўзини ўта меҳрибон ва ғамхўр қилиб кўрсатаркан, бунинг замирида кекса кампирнинг уйини қўлга киритишдек пинҳон мақсад бор эди. Табиийки, бундан М. Кузнецова бехабар эди. Кунлар ўтган сари М. Кузнецова кексайиб бораётган, кўзидан нур кетиб, қувватдан қолаётганди. Бунинг устига у ёлғиз яшар, меросхўри йўқ эди.

Мавлуда уйида юмуши ошиб-тошиб ётганига қарамай баъзан Мария холаси билан соатлаб суҳбатлашиб ўтирарди. Буни кекса кампир ўзига нисбатан самимий муносабат, меҳр-оқибатлилик сифатида қабул қиларди. Лекин кунларнинг бирида М. Холмуродова М. Кузнецовага ғалати бир таклифни айтади.

— Мария хола, ўзингиз ҳам яхши би­­ласиз, — дейди у гапни узоқдан бошлаб. — Бу дунёга ҳеч ким устун бўл­майди, ҳаммамиз бир кун дунёдан ўтамиз. Худо кўрсатмасин, ўлиб-нетиб қолсангиз, уйингиз кимга қолади?

Бу гапни эшитиб, М. Кузнецова ўй­га чўмиб қолади, сўнг «тўғри, бу дунёга ҳеч ким устун бўлмайди», дейди. Сўнгра у бу билан нима демоқчи, дегандек, яна Мавлуданинг юзига тикилади.

Буни сезган М. Холмуродова муддаога ўтади: — Мен сиздан хабар олиб тураман, иссиқ-совуғингизга қа­райман. Бунинг эвазига сиз уйингизни менга мерос қилиб берсангиз?!

Рости гап, М. Кузнецова бундай таклифни мутлақо кутмаган, ҳатто хаё­лига ҳам келтирмаган эди, шекилли, дарҳол рад этади.

Ўртадаги суҳбат шу тариқа якун топади. Аммо М. Холмуродова шундан сўнг ҳам кампирнинг хонадонига келиб-кетишни канда қилмайди. Ҳар сафар кампирнинг уйига келганда, у гап орасида ўзининг ҳалиги таклифини ўйлаб кўриш, аниқ бир қарорга келиши зарурлигини эслатиб туришни ҳам унутмайди.

Шу тариқа орадан ойлар ўтади. Бу пайтда М. Холмуродованинг турмуш ўртоғи оғир касалликка чалиниб, олам­дан ўтган, бир нафар фарзанди билан ёлғиз қолганди. Шундай бўлса-да, М. Холмуродова Мария холанинг иссиқ-совуғидан хабар олар, озми-кўпми моддий ёрдам ҳам бериб турарди.

Кексайганда ёлғиз қолиш қийин экан. Эшикдан йўқлаб келадиган ёки телефонда бўлса-да, кўнгил сўрайдиган кишинг бўл­маса, ундан ҳам ёмон экан. Ахийри, М. Кузнецова ўйлаб-ўйлаб М. Холмуродованинг таклифига розилик беради. Бу 2016 йилнинг август ойи бошида эди.

Улар эртаси куниёқ давлат нота­риал­ идорасига боришади. М. Кузнецова ўзи вафот этгач, яшаб турган хонадонини М. Холмуродовага қолдириши ҳақидаги васиятномани расмийлаштиради.

Шундан сўнг М. Холмуродова Россия Федерациясига ишга кетади.

Кетишидан олдин ваъда қилганидек, у М. Куз­­нецовага хориждан ҳар ойда 100 минг сўм жўнатиб туради.

2019 йилнинг бошида М. Холмуродова хориждан қайтиб келади. У хорижга кетаётганида Мария хола анча чарчаб қолганди, вафот этган бўлса керак, деб ўйлайди. Лекин бундай бўлиб чиқмайди.

Кампир анча қариб-қартайиб қолганига қарамай соғ-саломат эди.

М. Холмуродовага эса, тезроқ М. Кузнецованинг уйини қўлга киритиш фикри сира тинчлик бермаётганди. Кекса, ожиз аҳволдаги аёл ўзига нисбатан содир этиладиган тажовузга қаршилик кўрсатишга қодир эмас, деган қутқу кўнглининг туб-тубида аланга олаётганди.

Кейинчалик эса, «кампирни осонгина гумдон қилиш мумкин, ана шунда уйни тезроқ қўлга киритаман. Кампирни ортидан сў­райдиган ҳеч кими йўқ», деган ёвуз ўйлар М. Холмуродованинг фикр-хаёлини буткул банд этиб қўйганди. М. Холмуродова бундай ёвуз режага боришининг бошқа бир сабаби ҳам йўқ эмасди.

Гап шундаки, М. Холмуродова хориждан қайтгач, бир куни ўзининг «Дади» лақабли таниши билан М. Куз­­нецованинг уйига боради.

Хонадонни таъмирдан чиқаришни айтиб, М. Куз­­нецовага вақтинча ўзи билан бирга ҳовлида яшаб туришини айтади. Аммо М. Кузнецова январнинг совуқ кунларида иссиқ жойини совитишни истамайди ва таъмир масаласига эътироз билдиради.

Ўз навбатида, М. Холмуродова М. Кузнецовани яхшиликни билмасликда айблайди ва ундан қаттиқ ранжийди. Ўшанда кампирни ими-жимида йўқотиш керак, деган шум фикри янада қатъийлашади.

Шундан сўнг М. Холмуродова жиноий режасини амалга оширишга киришади. Аввало, у жиноятга мо­йил одам излашга тушади.

Кунлардан бир кун у бир маҳаллада яшовчи, болалик чоғидан яхши танийдиган Фахри Дадажоновга бориб учрашади.

«ГАЗ — 3129» русумли автомашинасини юк ортишга мослаштирган Ф. Дадажонов тахта бозорида юк ташиш билан шуғулланарди.

— Ёлғиз, кекса бир аёлга қараб юраман. Шу кампир жонимга тегиб кетди, уни йўлини қилиб йўқотиш ке­рак, — дейди Мавлуда. — Бу иш фақат сизнинг қўлингиздан келади.

— Эсинг жойидами, нималар деб валдираяпсан?! — дейди Ф. Дадажонов қўрқиб кетиб. — Синглим, бу ниятингдан қайт.

Шунда М. Холмуродова Ф. Дадажоновга болалигида товуқ сўйганию, қурбақани қандай ўлдирганини эслатиб, кулади.

— Болаликда ҳар нарса бўлгандир. Лекин бировнинг жонига қасд қилиш… Йўқ, йўқ, бу гапни бировга айта кўрма, — дейди Ф. Дадажонов.

Орадан уч-тўрт кун ўтиб, М. Холмуродова яна Ф. Дадажоновга қўнғироқ қилади. Тахта бозорида эканини эшитиб, унинг олдига боради. Учрашишгач, М. Холмуродова бу гал ҳам ҳалиги таклифини эслатиб, кампирни тинчитса, бир минг АҚШ доллари беришини айтади.

Бироқ Ф. Дадажонов унинг сўзларини кескин рад этади ва, ўз навбатида, уни бу йўлдан қайтаришга уринади. М. Холмуродова барибир ёвуз ниятидан қайтмайди.

Орадан икки кун ўтиб, М. Холмуродова Ф. Дадажонов билан учрашади ва икки минг АҚШ доллари таклиф қилади. Бу сафар ҳам рад жавобини эшитгач, у «майли, кампир Худо берган умрини яшайверсин, за­рар етказмайман» дейди.

Аслида у бу гапни Ф. Дадажоновни тинчлантириш, сиридан воқиф бўлиб қолмаслик мақсадида айтган эди. Шунингдек, М. Холмуродова Ф. Дадажонов билан учрашганда, атай Фурқат деган кимса ҳақида гап очган ва шу аснода ўзини қизиқтирган маълумотларни билиб олганди.

Аслида Фурқат деганлари М. Холмуродовага бегона эмас, синглиси Матлубанинг ўгай ўғли. Фурқат 2006 йилда хорижга ишлашга кетган ва 2010 йилнинг март ойида босқинчилик жинояти содир этганлиги учун етти йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди. 2016 йилнинг январида суд томонидан тайинланган жазони ўтаб, уйига — Самарқандга қайтиб келганди. Айни шу кезларда М. Холмуродова хорижга ишга кетгани учун ўгай жияни Фурқатни унчалик яхши танимасди.

— Мен 2012 йилнинг сентябрь ойи­да Санкт-Петербург шаҳрига ишлашга борганман, — деганди Ф. Дадажонов Мавлудага. — Бир кишига тан жароҳати етказганим учун бир йил ўтириб чиқдим. Ўшанда қамоқхонада Фурқат билан танишганман, яхши бола. Ўзимизнинг маҳалладаги Раҳматулла аканинг ўғли экан.

М. Холмуродова Ф. Дадажонов жиноий режасини рад этгач, Фур­қатни кўз остига олади ва унга меҳрибонлик кўрсатишга киришади. Шу мақсадда атай синглисининг уйига меҳмонга боради ва Фурқат даромадли иш ахтараётганини эшитиб қолади.

Бу М. Холмуродовага жиноий режасини амалга ошириш учун айни муддао эди.

Орадан кўп ўтмай у Фурқатнинг отаси Раҳматулла аканинг телефонига Фур­қатга иш топгани ва ўзига қўн­ғироқ қи­лиши зарурлиги ҳақи­да ха­бар жў­натади. Кейин эса, Фурқат қўнғироқ қилганда, «эртага «Регис­тон» мажмуаси кўчасидаги «Мўъ­жиза» қаҳвахонаси олдида учрашиб, гаплашиб оламиз», дейди.

— Тахта бозорда ишлайдиган, сен билан чет элда қамоқда бирга ўтирган Фахри деган кишини танийсан, — дейди у Фурқат билан учрашгач. — Ўша Фахри тахта бозорда ишлаб, кўп пул топаяпти. Истасанг, сени ҳам ўша ерга иш­га жойлаштириб қўяман.

Фурқат муқим ишга жойлашиш ния­тида юрганди. Холасининг таклифи уни қизиқтириб қўяди. М. Холмуродова эса, унинг ишончига кираётганидан қувонади. Фурқатга келгусида «Волга» русумли автомашина олиб бериши, одамларнинг юкларини ташиб, кўп пул ишлашини таъкидлаб, қизиқишини баттар аланга олдиради.

Кейин эса, М. Холмуродова ўзининг муаммоларини достон қилади.

Ҳозирда ишлари юришмаётгани, тўплаган пуллари сарф бўлиб кетаётгани, агар ўзи билан бирга ишласа, яхши пул топишини айтади. Кейин у кекса аёл М. Кузнецовадан гап очади. Фурқат нима қилиш кераклигини сўрагач, уни гумдон қи­лишга 500, уйни ўз номига расмийлаштиргач, яна 600 АҚШ доллари беришини айтади.

— Бу ишлар тинчиб кетгач, сенга яна бир даромадли иш бор, — дейди у. — Ўша сен танийдиган Фахри аканинг кўчасида амакиваччам яшайди. Жанубий Корея ва Исроил давлатларидан қариндошлар амакиваччамга пул жўнатиб туришади. Уйида, тахминимча, 15-18 минг АҚШ доллари бор. Бостириб кириб, пулларни олса бўлади. Менга икки ёки уч минг АҚШ доллари берасанг бўл­ди, қолгани ўзингга.

19 август куни тушликдан сўнг кўчада учрашганларида М. Холмуродова Фурқатга М. Кузнецовани қандай қилиб тинчитишни тушунтиради. Уйга шаҳар табиий газ назоратчиси сифатида кириб, юзига ёстиқ босиб ёки полиэтилен целлофан билан бўғиб ўлдириш, ошхонасидаги газ плитаси остида турган уй ҳужжатларини олиб чиқишни айтиб, 200 АҚШ доллари беради.

Фурқат муқаддам босқинчилик жинояти содир этгани учун хорижда жазо ўтаб, кўп қийинчиликларни бошидан кечирганди. Яна бир томони, у ожиз аҳволдаги кекса аёлнинг ҳаётини бевақт хазон қилишни истамайди. Агар бу ишни мен қилмасам, маккора М. Холмуродова бошқа бировни ёллаб, М. Кузнецовани ўлдириши аниқ, деган фикрга боради ва ички ишлар идо­расига ариза билан мурожаат қилади.

Шундан сўнг воқеанинг давоми қуйидагича кечади: Фур­қат М. Кузнецова хонадони эшигини тақиллатиб, ўзи­ни «шаҳаргаз идораси назоратчиси» дея таништиради ва ҳужжатларни тақдим этишни сўрайди. М. Кузнецова эса, эшикни очмайди, аксинча, назоратчи куни кеча келиб-кетганини айтиб, уришиб беради.

Кўчага чиққач, Фурқат бўлиб ўт­ган воқеани телефон орқали М. Холмуродовага етказади. Шунда Мавлуда бошқа бир ҳийла ўйлаб топади. У М. Кузнецовага қўнғироқ қи­либ, бир кишидан пул бериб юбораётгани, уни олиб қо­лишни айтади. М. Холмуродова шу йўл билан Фурқатни ичкарига киритишга имкон яратишни кўзлайди.

Лекин М. Кузнецова «ўзинг кел, менга бегона одамни жўнатма» деб жавоб беради.

— Эшикни бузадиган одам топаман, — дейди Фурқат бу ҳийла ҳам иш бермагач. — Ўша одамга 100 АҚШ доллари берсак, иш хамирдан қил суғургандай осон битади.

Бу гап М. Холмуродовага ҳам маъқул тушади ва у бир соатдан сўнг Фурқатга 100 АҚШ доллари келтириб беради.

Ф. Шоқосимов М. Холмуродовадан қотилликка буюртма олгач, амакисининг уйига ўт­ган, бу ҳақда янгаси Сарвинозга айтганди.

Ўшанда Сарвиноз Фурқатни қалтис йўл­дан қайтарганди, албатта.

М. Холмуродова ўғлини иш­га жойлаштираман, деб оғир жиноятни содир этишга рўпара қилганини қариндошларидан эшитган Раҳматулла ака ҳам тезда М. Холмуродовага қўнғироқ қилади.

Қалтис ишни тезда тўхтатиши, акс ҳолда ўзига қийин бўлишини айтиб, дағдаға қилади.

Раҳматулланинг дағдағасидан сўнг М. Холмуродова Фур­қатга қўнғироқ қилади-да, 100 АҚШ долларини қайтаришни ва зудлик билан отасининг олдига етиб бориши лозимлигини айтади.

Қисқаси, Самарқанд шаҳар «Мармар» деҳқон бозори яқинида М. Холмуродова Ф. Шоқосимовдан 100 АҚШ долларини қайтариб олаётган пайтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Суд ҳайъати дастлабки тергов органи томонидан М. Холмуродованинг тамагирлик ниятида, ожиз аҳволдаги шахсни қасддан ўлдиришга далолат қилиб, ушбу жиноятни содир этишга суиқасд қилишда ифодаланган жиноятини Жиноят кодексининг 28, 25, 97-моддаси 2-қисми «в», «и» бандлари билан тўғ­ри малакалаган деб ҳисоблади.

Бундан ташқари дастлабки тергов органи томонидан М. Холмуродова Жиноят кодексининг 28, 25, 164-моддалари 4-қисми «а» банди би­лан айбланган. Судлов ҳайъати судланувчининг зиммасидан ушбу айбловни чиқариб ташлади ва ишнинг шу қисмини ҳаракатдан тугатди.

Нега деганда, Жиноят кодексининг 164-моддаси мазмунига кўра, босқинчилик, яъни ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳу­жум қилиб, ҳаёти ва соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб содир этилганлиги учун жиноий жа­вобгарлик белгиланган.

Шунингдек, Олий суд Пленумининг 1999 йил 30 апрелдаги «Ўзгалар мулкини ўғирлик, талончилик ва босқинчилик билан талон-торож қилиш жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қа­рори 3-банди талаби ҳам тер­гов органи эътиборидан четда қолган. Чунки ушбу банд­да айбдор томонидан мулкка эгалик қилиш мақсадида, жабрланувчига ҳужум қилиб, унинг ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўл­ган зўрлик ишлатганда ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитганда босқинчилик деб тавсифланиши тўғрисида тушунтириш берилган.

Жиноят ишида М. Холмуродова Ф. Шоқосимовни унинг амакиваччаси С. Холмуродовнинг яшаш уйига ғайриқонуний равишда кириши, пулларни босқинчилик йўли билан олиб чиқиши жиноятини содир этишга далолат қилгани, жиноятга тайёргарлик кўргани, шу каби ушбу жи­ноят­ни содир этишга суиқасд қилишни намоён этувчи ишончга сазовор, ишга алоқадор ҳамда мақбул далиллар тўпланмаган.

Суд судланувчи М. Холмуродовани Жиноят кодексининг 28, 25, 97-моддаси 2-қисми «в», «и» бандларида на­зарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор топиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, олти йил муддатга озодликдан маҳрум қи­лиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, инсон ҳаёти — дахлсиздир. Унга қасд қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳаётнинг бу оддий қоидасини бузганлар эса ҳеч қачон адолат мезони бўлган қонун таъқибидан қочиб қутулолмайди.

Олим ҲАЙИТОВ,

 жиноят ишлари бўйича

Самарқанд вилояти

судининг раиси,

 Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: