ҚАРОР ТОПГАН АДОЛАТ

Мамлакатимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш ҳамда улар эркин фаолият юритиши учун барча шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада юртимизда тардбиркорлар сафи йилдан-йилга кенгаймоқда.

Энг муҳими, тадбиркорлар томонидан амалга оширилаётган эзгу ишлар жамиятимиз тараққиётига муносиб ҳис­са бўлиб қўшилмоқда. Би­роқ, афсуски, баъзида мутасадди идораларнинг узоқни кўра билмасдан ва охирини ўй­ламасдан, тадбиркорлар фаолиятига аралашуви, уларга нисбатан ноқонуний иш тутиши тадбиркорларнинг наинки ҳақли норозилигига, балки ойлаб овора бўлишига олиб келмоқда.

Буни қуйидаги мисол орқали ҳам кўриш мумкин.

Гап шундаки, Яккабоғ туманидаги «Хуррамов Ўктам Шоймардонович» хусусий корхонаси анча йилдан буён туман аҳолисига цемент етказиб беришга ихтисослашган корхона сифатида фао­лият­ юритиб келади. Бу борада у юртимизнинг йирик корхоналаридан бири бўлмиш «Қизилқумцемент» акциядорлик жамияти билан ўзаро тузилган шартномага асосан ҳамкорлик қилган.

Шу ҳамкорлик доирасида корхона раҳбари Ўктам Хуррамов «Қизилқумцемент» акциядорлик жамиятидан пул ўтказиш йўли билан 2019 йил 17 январда далолатнома асосида 538 миллион 131 минг 300 сўмлик, яъни 1 348,7 тонна цемент маҳсулотини қа­бул қилиб олади.

Иш ҳужжатларидан ва аниқланган ҳолатлардан маълум бўлишича, Яккабоғ тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан Солиқ кодексининг 70-моддасига асосан, хусусий корхонанинг 2019 йил ҳисобидан 4 ойлик, яъни январ-апрель ойлари учун топширган қў­шимча қиймат солиғи бўйича ҳисоботлари ташқи манба асосида ўрганиб чиқилганда, 107 миллион 626 минг 200 сўм қўшимча қиймат солиғи ҳисобот иловасида кўрсатилмагани аниқ­ланган.

Шундан сўнг мазкур қўшимча қиймат солиғини хусусий кор­хона ҳисобидан ундириш учун давлат солиқ инспекция­си томонидан талабнома юборилади.

Хусусий корхона раҳбари Ў. Хуррамов ушбу қўшимча қиймат солиғи харид қилинган 538 миллион 131 минг 300 сўмлик цемент маҳсулотининг умумий суммасига қўшиб ҳисобланган ҳолда «Қизилқумцемент» АЖ томонидан ушлаб қо­лин­ганлигини со­лиқ инспек­сия­си ходимларига тушунтиришга уринади.

Аммо солиқ органи ходимлари қарздорлик масаласини синчиклаб ўрганмайди. Аксинча, қўшимча қиймат солиғи ҳисобланган 107 миллион 626 минг 200 сўм маблағни хусусий корхона ҳи­собидан ундириш мақсадида судга даъво аризаси киритади.

Қарангки, Яккабоғ туманлараро иқтисодий суди ҳам ишни тегишли ҳужжатлар асосида батафсил кўриб чиқмасдан, шошма-шошарликка йўл қўяди. Суд туман давлат солиқ инспекциясининг даъво талабларини қаноатлантириш ҳамда хусусий корхона ҳисобидан 107 миллион 626 минг 200 сўм қўшимча қиймат со­лиғини ундириш ҳақи­да ҳал қи­лув қарори қабул қилади.

Бу хулосадан норози бўл­ган тадбиркор Ў. Хуррамов ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва адолатни қа­рор топтиришга астойдил бел боғлайди. Шу мақсадда, мазкур ишни кассация инстанция тартибида қайта кўриб чиқиш учун Қашқадарё вилояти иқтисодий судига мурожаат қилади.

Амалдаги Иқтисодий процессуал кодексининг 299-моддасига кўра, суд ишни  кассация инс­танцияда кўриш чоғида биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг қонунийлиги ва асосийлигини текшириш, янги далиллар ва фактларни аниқлаш ҳуқуқига эга ҳисобланади.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 301-моддаси 2-бандига асосан, кассация инстанция суди кассация шикоятини ёки протестини кў­риш натижалари бўйича ҳал қи­­лув қарорларини тў­лиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга ҳақ­лидир.

Мазкур қонуний асослардан келиб чиқиб, судлов ҳайъати тегишли ҳужжатлар ва асосларни батафсил ўрганиб чиқди. Натижада «Хуррамов Ўктам Шоймардонович» хусусий корхонаси цемент маҳсулоти тўлови ҳисобидан 107 миллион 626 минг 200 сўмлик қўшимча қиймат солиғини  тўлаганлигини  эътироф этган ҳолда,  Яккабоғ туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорини бекор қи­лишни лозим топди.

Мухтасар айтганда, қонунни ҳурмат қилиш, белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этган ҳолда иш тутиш барчага бирдек тегишлидир. Зеро, охирини ўйламасдан, шошма-шошарлик билан бажарилган иш ёхуд қабул қилинган қарор ташвиш  олиб келади.

Шундай экан, адолат мезони ҳаётий ҳақиқат эканлигини ҳеч қачон унутмаслик даркор.

Шуҳрат Мамадиёров,

Қашқадарё вилояти

иқтисодий судининг раиси,

Абдунаби Бобоёров,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: