ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ ВА АДОЛАТ БАРҚАРОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДА ЯНА БИР ТАРИХИЙ ҚАДАМ
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К. Комилов билан суҳбат
— Ҳурматли Козимжон Фозилович, мамлакатимизда қонун устуворлиги ва адолат барқарорлигини таъминлаш, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқлари, эркинликларини таъминлаш, қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган тарихий ислоҳотлар қатъият билан амалга оширилаётганига ҳар биримиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу жараёнларда, айниқса, суд ҳокимиятининг мустақиллигини амалда таъминлаш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигига эришиш мақсадида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Куни кеча Президентимиз томонидан қабул қилинган янги Фармон бу борада яна бир тарихий қадам бўлди.
— Ҳақиқатан ҳам, шундай. Дунёнинг тараққий этган давлатлари тажрибасига назар ташласак, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдек энг масъулиятли вазифа судлар зиммасига юклатилганини кўрамиз. Шунинг учун ҳам судларнинг мустақил, холис ва адолатли фаолият юритишига алоҳида эътибор қаратилади. Мамлакатимизда ҳам муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва раҳбарлигида судларнинг мустақиллиги ва холислигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Ўтган қисқа даврда судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд кадрларини танлашнинг демократик ва шаффоф механизмини шакллантириш бўйича тизимли ишлар жорий этилди. Ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди. Юртимизда биринчи марта вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарларда маъмурий судлар ташкил этилди.
Шунингдек, туманлараро, туман иқтисодий судлари фаолияти йўлга қўйилди.
Суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига риоя қилиш, судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш масалаларини мустақил ҳал этиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузурида Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этилди.
Яна бир муҳим янгилик — Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши таъсис этилди. Натижада судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, бу борада очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш имкониятлари кенгайди.
Дунёнинг тараққий этган давлатлари илғор тажрибасини чуқур ўрганиш асосида мамлакатимизда судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қилинди.
Юқорида қайд этилган ўзгаришлар амалга жорий этилаётган пайтда мамлакатимизда вазият анча оғир эди.
Ўша кезларда вилоятларда ўтказилган қабуллар ҳаёт жойларда мутлақо бошқача эканлиги, фуқаролар адолатга чанқоқ, жамиятга адолатсиз, ноҳақлик каби иллатлар анча сингиб кетганини кўрсатди.
Яширишнинг ҳожати йўқ, ўша пайтда судлар жамиятдан узилиб қолган, одамларнинг судьяга нисбатан ишончи йўқолган эди.
Президентимиз ана шундай вазиятни ҳисобга олиб, судлар олдига одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиб, уларнинг ишончини қозониш, жамиятда қонун устуворлиги ва адолатни таъминлаш вазифасини қатъий қўйди.
Суд тизимида тарихий ислоҳотларни қатъият билан амалга оширишга киришилди. Аввало, барча учун судларнинг эшиги очилди, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш йўлида муҳим чоралар кўрилди, жойларда сайёр қабуллар ўтказиш мунтазам йўлга қўйилди, суд раислари ва уларнинг ўринбосарлари иштирокида брифинглар ўтказиш қатъий қоидага айланди. Айниқса, оммавий ахборот воситалари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилди, илгари суд мажлисларига киритилмаган журналист, блогер ва кенг жамоатчиликнинг иштироки таъминланди. Ҳатто айнан оммавий ахборот воситаларининг судларга иштироки тартибини белгиловчи Олий суд Пленуми қарори қабул қилинди.
Шунингдек, бу жараёнда қонунчилик асосларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бир қатор кодекслар қисқа муддатда янги таҳрирда қабул қилинди.
Айниқса, Президентимизнинг 2017 йил 30 ноябрдаги «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ва далиллар мақбуллигига оид қонуннинг қабул қилиниши одамларнинг дардига малҳам бўлди. Бу шиддатли ислоҳотлар ўз натижасини бера бошлади, адолатсизлик ва ноҳақлик туфайли пароканда бўлган, ишончу умидини йўқотган кўплаб тақдирлар ва оилаларга катта ишончу илинж бағишлади.
Ислоҳотлар натижасида судлар томонидан 2 минг 273 фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Шунингдек, жиноят йўлига билиб-билмай кирган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмасдан, улар маҳалла ва жамоатчилик кафиллигига берилди. Инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузганлиги учун 60 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими жиноий жавобгарликка тортилди.
Бугун давр ўзгармоқда, ҳаётнинг ўзи жамият олдига янги талаб ва вазифаларни қўймоқда. Шунингдек, Ўзбекистоннинг нуфузи ва обрў-эътибори тобора ортиб, дунё ҳамжамиятидан мустаҳкам ўрин эгаллаётгани ҳар бир соҳа каби судлар фаолиятини ҳам янада такомиллаштириш, дунё стандартларига уйғунлаштиришни тақозо этмоқда. Шу маънода, муҳтарам Президентимиз томонидан куни кеча имзоланган Фармон, ҳақиқатан ҳам, судлар фаолиятини такомилаштиришда яна бир тарихий қадам бўлди, деб айтиш мумкин.
— Президент Фармонида бир қатор устувор вазифалар белгиланган. Хусусан, Фармон талабига кўра, 2021 йил 1 январдан вилоятлар миқёсидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилади. Айтинг-чи, вилоят судларининг амалдаги тузилмасига ўзгартиш киритишга нималар сабаб бўлди?
— Албатта, Президентимиз Фармони билан вилоят судлари тузилмасига бундай ўзгартиш киритилаётганининг бевосита фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, уларнинг судга мурожаат этиш имкониятларини янада кучайтириш билан боғлиқ бир қатор сабаб ва асослари бор.
Аниқроқ айтадиган бўлсам, вилоят судларининг амалдаги тузилмаси бир қатор муаммоларни келтириб чиқармоқдаки, бу ўз навбатида, суднинг мустақиллиги, одил судлов сифати ва самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Хўш, бу муаммолар нималардан иборат?
Биринчидан, ҳар бир вилоятда жиноий, фуқаролик ва иқтисодий судларнинг алоҳида-алоҳида фаолияти юритиши, бир-биридан мустақил иш кўриши фуқаролар ва тадбиркорларнинг у суддан-бу судга қатнайвериб, сарсон-саргардон бўлишига сабаб бўлмоқда. Бу ўз навбатида, жойларда турли хил норозиликларни келтириб чиқармоқда.
Бу фикримнинг исботи тариқасида биргина 2019 йилнинг ўзида 58 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркорлар судлардаги оворагарчиликларга нисбатан ўз эътирозини билдирганини айтиб ўтишим керак.
Иккинчидан, судларда ягона суд амалиётини шакллантиришга тўсқинлик қилмоқда. Масалан, муайян қонун нормаси судлар томонидан турли хил талқин этилмоқда. Бу ўз навбатида, суд қарорлари сифатига таъсир қилмоқда. Охир-оқибат фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини қонуний муддатларда таъминлаш тамойили бузилмоқда.
Учинчидан, ўрта бўғин умумий юрисдикция судларининг алоҳида фаолият юритиши халқаро стандартлар талабига ҳам жавоб бермайди.
Нега деганда, хорижий давлатларнинг бу борадаги тажрибасига эътибор қаратсак, Франция, Италия, Канада, Жанубий Корея, Қозоғистон, Беларусь ва бошқа давлатларда ўрта бўғин умумюрисдикция судлари фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича ягона суд сифатида муваффақият билан фаолият юритиб келаётганини кўриш мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини, халқаро майдонда обрў-эътиборини янада ошириш ҳам суд тизими ва унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Қисқаси, Президент Фармонига кўра, жорий этиладиган судлар янги тузилмасида битта раис ва унинг жиноят, фуқаролик ҳамда иқтисодий ишлар бўйича қатъий ихтисослашган ўринбосарлари бўлади. Бу судларнинг бошқарув тизимини такомиллаштиради, фуқароларнинг муаммоси шу вилоятнинг ўзида ҳал бўлиши таъминланади.
Шунга ишончим комилки, Президентимиз Фармонида белгиланган бу вазифанинг ҳаётга тўлақонли жорий этилиши тез орада кутилган натижаларни беради.
— Фармонда илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда мамлакатимизда самарали маъмурий одил судлов тизими яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бунинг сабаблари нима билан изоҳланади?
— Президентимиз Фармонига кўра, 2021 йил 1 январдан туман (шаҳар) маъмурий судлари негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади.
Бунда Олий суд маъмурий судлов ишларини юритиш бўйича олий инстанция ҳисобланади ва Олий суд таркибида раиснинг биринчи ўринбосари раҳбарлигидаги маъмурий ишлар бўйича ҳайъат фаолият юритади.
Маълумки, бутун дунёда маъмурий судлар суд тизимида ўта муҳим ўрин тутади. Чунки маъмурий судлар фаолияти моҳият-эътибори билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, маҳаллий ҳокимликларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлаш, уларнинг ноқонуний қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш орқали фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ўз вақтида ҳамда самарали тиклашга қаратилган.
Мисол учун айтадиган бўлсам, мамлакатимизда маъмурий судлар томонидан 2019 йил ва 2020 йилнинг олти ойида 1 909 та ҳоким қарорлари ҳақиқий эмас, деб топилган.
Демак, бундан кўринадики, ҳокимларнинг 2 мингга яқин ноқонуний қарорлари ҳақиқий эмас, деб топилиши орқали жойларда қонун устуворлиги ва адолат тикланган.
Маъмурий судлар томонидан амалга оширилаётган бундай ижобий ишларни яна кўплаб келтириш мумкин. Демак, бундан уч йил муқаддам шахсан Президентимиз ташаббуси билан юртимизда маъмурий судларнинг ташкил этилиши амалда ўзини тўлиқ оқлади.
Аммо маъмурий судлар ҳам, миллий ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, доимий такомиллаштириб боришни тақозо этади. Хусусан, бугунги кунда маъмурий судлар фаолиятида қуйида муаммолар учрайди:
биринчидан, туман миқёсида маъмурий судлар мустақил фаолият юритишида турли хил қийинчиликларга дуч келмоқда;
иккинчидан, оммавий-ҳуқуқий низоларни кўришга ихтисослашган маъмурий судларга, табиатига кўра, бир-бирига зид бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриш ҳам юклатилган.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатининг жиноят ишлари бўйича судларга олиб берилиши жуда тўғри ва адолатли бўлади. Чунки жиноят ишлари бўйича судлар судьялари доимий равишда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб келган бўлиб, шу туманда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳақиқий ҳолатни тўғри баҳолай олади.
Кези келганда яна шуни айтиш керакки, БМТ ривожланиш дастури, Германия ривожланиш соҳасида ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) ва Нагоя университети экспертлари томонидан Ўзбекистонда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларнинг маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилиши ва маъмурий судларнинг мустақил суд сифатида сақлаб қолиниши тўғри қарор деб баҳоланган.
Қисқаси, юқорида қайд этилган муаммоларни самарали бартараф этиш, маъмурий судлар фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида, Президентимиз Фармонига кўра, 2021 йил 1 январдан туман (шаҳар) маъмурий судлари мақбуллаштирилиб, уларнинг негизида вилоят марказларида 14 та туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади.
— Фармонга мувофиқ, суд тизимига 2021 йил 1 январдан бошлаб ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали «бир суд — бир инстанция» тамойили жорий этилмоқда. Ушбу янги тамойил фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қандай афзалликларга эга?
— Сизнинг бу саволингизга жавобан шуни айтиш керакки, «Бир суд — бир инстанция» тамойили халқаро тажрибада синалган, умумэътироф этилган дунёда энг мақбул суд тизими ҳисобланади. Бу тамойилга кўра, суд иш юритувига келиб тушган ҳар қандай иш уч босқичда якунига етади.
Шу ўринда ушбу тамойилни соддароқ тарзда тушунтирадиган бўлсам, биринчи босқич — (туманлараро, туман (шаҳар) судлари).
Иккинчи босқич — апелляция (вилоят судлари).
Учинчи босқич — кассация (Олий суд).
Юқорида кўрсатиб ўтилган ана шу уч босқичда ҳар қандай иш ўзининг қонуний ечимини топади. Бу янгиликнинг жорий этилиши натижасида халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирозига сабаб бўлаётган, эскилик сарқити бўлган, ўз номи билан одил судловнинг мазмун-моҳиятига мутлақо тўғри келмайдиган назорат тартибида ишларни кўриш амалиётидан тўлиқ воз кечилади.
Шу ўринда, Президентимизнинг судьяларнинг адолатли қарор қабул қилишга таъсир ўтказувчи барча омилларни, жумладан, Олий суд раиси, Бош прокурор ва улар ўринбосарларининг суд ҳужжатлари устидан назорат тартибида протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш тўғрисидаги таклифи ҳам жуда тўғри бўлганини таъкидлаб ўтмоқчиман.
Умуман айтганда, суд мустақиллигини амалда таъминлаш, одил судлов сифатини ошириш ҳақида гап кетганда, Фармонга кўра, прокурорнинг айрим ҳуқуқлари чекланмоқда. Эндиликда прокурор суднинг ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ва қарори бўйича ишларни фақат ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаат этган тақдирда, суддан чақириб олиб, ўрганиши мумкин бўлади. Бошқа ҳолларда прокурор ишларни чақириб олишга ҳақли эмас.
Шу билан бирга, прокурорнинг фуқаролик ва иқтисодий ишларни кўришдаги иштироки ҳам қатъий чегараланади. Агар бу ишлар бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган бўлса, қонунда назарда тутилган истиснолардан ташқари, прокурор ўз ташаббуси билан бу ишларни кўришда қатнаша олмайди. Бошқача айтганда, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ўртасидаги низоларни ҳал этишда прокурорнинг иштироки истисно этилади.
Фармон билан жорий этилаётган яна бир янгилик шундан иборатки, жиноят ишини кўришда янги институт — дастлабки эшитув босқичининг киритилиши жиноят ишининг кўриб чиқилишига тўсқинлик қиладиган омилларни тез аниқлаш ва бартараф этишга хизмат қилади. Шунингдек, жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойили асосида тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибининг белгиланиши ҳам одил судлов одамларнинг кўз ўнгида, очиқ-ошкора, шаффоф тарзда амалга оширилишига ва адолат қарор топишига хизмат қилади.
— Козимжон Фозилович, Президент Фармонида Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича алоҳида судлов таркиби тузиш белгиланган. Бу судлов ҳайъатининг мақсад ва вазифалари нималардан иборат? Шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз?
— Муҳтарам Президентимиз Фармонига кўра, мамлакатимизда шундай судлов таркиби тузиш белгилагани жуда катта янгилик ҳисобланади. Чунки илгари бизда бундай судлов таркиби бўлмаган.
Албатта, бунинг ўзига хос бир қатор муҳим сабаблари бор. Аввало шуни айтиш керакки, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш, чет эл ва маҳаллий инвестор ва инвестицияларини янада кўпроқ жалб этиш, инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, уларнинг ишончини мустаҳкамлаш мақсадида, ана шундай махсус судлов таркиби фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Шу муносабат билан Олий суд тизимида ихтисослаштирилган Судлов таркиби ташкил этилади ва унинг зиммасига йирик инвесторларнинг (20 миллион доллардан кўп инвестиция киритган) ва давлат органлари ўртасидаги инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш вазифаси юклатилади.
Бунда қуйидаги тартиб ўрнатилади:
— йирик инвесторлар, ўз хоҳишига кўра, бевосита Олий суд Судлов таркибга ёки умумий тартибда вилоят судларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бошқа инвесторлар эса, ўз хоҳишига кўра, бевосита Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судига ёки умумий тартибда туманлараро иқтисодий судларга мурожаат қилиши мумкин.
Инвестициявий низолар бўйича судлов таркибнинг ташкил этилиши натижасида инвесторлар ўз низоларини ҳал қилиш учун турли суд инстанциялари ўртасида 5-6 ойлаб сарсон бўлиб юришининг олди олинади ва уларнинг барча муаммолари битта суд доирасида ҳал қилиниши таъминланади.
Бундай кафолатли суд ҳимояси чет эллик инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлаш орқали мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлиги янада ошишини таъминлайди.
— Фармонда судлар фаолиятига ахборот коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш бўйича Дастур лойиҳаси ишлаб чиқиш вазифаси ҳам белгиланган. Шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз?
— Маълумки, судлар фаолиятида замонавий ахборот технологияларни кенг жорий этиш судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқароларнинг судларга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтиришда ўта муҳим ўрин тутади.
Президентимизнинг 2017 йил 30 августда қабул қилинган 3250-сонли қарори айни шу мақсадга қаратилган эди.
Қарорда белгиланган вазифаларнинг амалий ижроси судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш, шунингдек, судларда иш юритиш сифатини ва аҳолининг одил судловга эришиш даражасини оширишда сезиларли ижобий таъсир кўрсатди.
Аммо бу борада ҳали ўз ечимини кутиб турган бир қатор муаммолар мавжуд. Шуларни инобатга олган ҳолда, бугунги кунда Фармон талабидан келиб чиқиб, судлар фаолиятига ахборот коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш бўйича махсус Дастур ишлаб чиқилмоқда.
Бунда қуйидаги асосий вазифалар белгиланмоқда:
биринчидан, жорий йил якунига қадар судлар фаолиятига «Адолат» ахборот тизимлари комплекси жорий этилади. Мазкур «Адолат» ахборот тизимлари комплекси қуйидаги имкониятларни яратади:
— давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлик тузилмалари ҳамда адвокатлар судларга фақат электрон шаклда мурожаат қилиш;
— фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари жиноят ишлари бўйича ва маъмурий судларга ахборот тизими орқали электрон мурожаат қилиш;
— мурожаатлар ҳолатини онлайн тарзда кузатиб бориш;
– судлар томонидан тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш;
– апелляция инстанция судларида ишларни автоматик равишда тақсимлаш имкониятини яратиш;
– суд ҳужжатларини ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш.
Иккинчидан, жорий йил якунига қадар барча судларда суд мажлислари аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда мажбурий қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда юритиш тартиби жорий этилади.
Учинчидан, суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобиль дастур ишлаб чиқилади ҳамда суд мажлисларида ушбу дастур орқали иштирок этиш имкони яратилади. Бунда иштирокчилар ўзлари хоҳлаган жойдан туриб, видеоконференцалоқа режимининг мобил версиясидан фойдаланган ҳолда суд мажлисларида иштирок этиш имкониятига эга бўлади.
Тўринчидан, судлар фаолиятида сунъий интеллектдан фойдаланиш тартиби жорий этилади.
Бешинчидан, 2021 йил 1 апрелга қадар Олий суд ахборот базасини 15 та вазирлик ва давлат идорасининг ахборот тизимларига интеграция қилиш орқали маълумотлар алмашинуви 100 фоиз рақамли шаклга ўтказилади.
Олтинчидан, видеоконференцалоқа режими орқали жазони ижро этиш муассасаларида жойлашган шахсларни бевосита улар жойлашган жойдан туриб, суд мажлисларида, шунингдек, суд раҳбариятининг шахсий қабулларида иштирок этишини таъминлаш тизими яратилади.
Еттинчидан, Олий суднинг my.sud.uz интерактив хизматлар порталида «Суд хабарномаси» хизмати жорий қилинади. Бунда ишда иштирок этувчи шахслар суд хабарномаларини инсон омилисиз олиш имконияти яратилади.
Саккизинчидан, маъмурий судларда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни электрон кўринишда шакллантириш. Бунда мазкур тоифадаги ишларни қоғоз кўринишидан воз кечилган ҳолда, фақат электрон шаклда кўриш амалиёти жорий этилади.
Тўққизинчидан, судларда иштирок этувчи шахсларга суд ҳужжатларини электрон шаклда, шунингдек, «SMS» хабар ҳамда электрон почта манзилига юбориш орқали уларни хабардор қилиш тизимини яратиш.
Ўнинчидан, ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаш ҳақидаги суд хукмлари ва унинг ижросига доир маълумотларни электрон шаклда алмашиш, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилган шахслар томонидан жазони ижро этиш муассасасининг ахборот тизими орқали судларга электрон шаклда мурожаат қилиш имкониятини яратиш.
— Фармонда айрим туман судлари тугатилиб, айрим туманларда янги судлар ташкил қилиниши ҳам муҳим вазифалар қаторида белгиланган. Шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Бу борада ҳам суд тизими тузилмаси аҳолининг талаб ва эҳтиёжлари, шунингдек, судларнинг иш юкламаси инобатга олинган ҳолда такомиллаштирилмоқда. Хусусан, Фармонга кўра, тегишли туман (шаҳар) аҳоли сонидан ва судларнинг ҳақиқий иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда 2021 йил 1 январдан Амударё, Нуробод, Пастдарғом ва Бойсун туман иқтисодий судлари тугатилиб, бу ҳудуддаги иқтисодий низоларни кўриш вазифаси яқин туманлардаги судлар зиммасига юклатилади.
Чунки ушбу туманларнинг аҳолиси сони нисбатан кам ва иқтисодий судларнинг иш юкламаси ҳам унчалик юқори эмас. Масалан, Бойсун туман иқтисодий суди 2020 йилнинг ўтган 6 ойи давомида 21 та иш кўрган. Амударё, Нуробод туманлари иқтисодий судлари ҳақида ҳам шундай фикрни айтиш мумкин.
Шунингдек, аҳоли сони нисбатан кўп бўлган ҳамда қўшни туман судлари узоқ масофада жойлашган Янгийўл туман ва шаҳар (аҳоли сони 275 минг) ва Ургут (аҳоли сони 507 минг), Хатирчи (аҳоли сони 193 минг), Пахтакор (аҳоли сони 124 минг) туманларида фуқаролик ишлари бўйича судлар ва Пастдарғом туманлараро иқтисодий суди ташкил этилади.
Шунингдек, Сўх тумани анклав бўлгани, фуқароларга чегарадан ўтиб, Риштон туманидаги туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилиши қийинчилик туғдираётгани инобатга олиниб, ушбу туманда янги фуқаролик ишлари бўйича суд ташкил этилмоқда.
Бундан ташқари 2019-2020 йилларда янги ташкил этилган Бўзатов, Тахиатош, Бандихон ва Тупроққалъа туманларида ҳам жиноят ишлари бўйича судлар фаолияти йўлга қўйилиши назарда тутилган.
Умуман айтганда, Президентимизнинг ушбу тарихий Фармонида белгиланган муҳим вазифалар моҳият-эътибори билан кафолатли суд ҳимоясини таъминлаш борасидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қилишга, инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишини таъминлашга, суд органларининг амалдаги тузилмасини замон талаблари ва халқаро стандартларга уйғунлаштиришга хизмат қилади.
Суҳбатни Шодиқул ҲАМРОЕВ
ёзиб олди
Фикр қолдириш