РАЗОЛАТ ЧОҲИ
Кутилмаган совуқ хабар Раҳимсўфи маҳалла аҳлини буткул карахт аҳволга солиб қўйди. Гап шундаки, шу куни уч фарзанднинг отаси Аҳмад Нурматов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўз хонадонида тўнғич ўғли Шуҳрат Нурматов томонидан шафқатсизларча ўлдирилиб, ҳовлидаги сувсиз қудуққа ташлаб юборилгани ошкор бўлди.
Хўш, бу мудҳиш воқеа қандай содир бўлди? Нега ўғил бундай разил қилмишга қўл урди?
Бу каби сўровларга жавоб топиш ҳамда машъум фожиа тафсилотларига ойдинлик киритиш учун аввало ушбу хонадондаги муҳитга назар ташлаш жоиз.
Марҳум Аҳмад Нурматов аввалига турмуш ўртоғи Марям Саломова билан тинч-тотув яшаб, уч фарзандни вояга етказишди. Негадир кейинчалик эр-хотин ўртасида ўзаро келишмовчилик, ножўя гап-сўзлар кўпая борди. Бу орада Марям бир неча марта болаларини етаклаб, ота хонадонига кетиб қолди. Бироқ кейинчалик маҳалла-кўй, яқинларининг аралашуви боис, фарзандларининг тақдирини ўйлаб, яна оиласига қайтиб келди. Шундан сўнг уларнинг турмуши яна бир маромда давом эта бошлагандай эди.
Қарангки, бундан икки йил муқаддам арзимас нарсалар устидаги эр-хотиннинг ўзаро тортишуви катта можарога айланди. Шундан сўнг бу оилада машмашаларнинг чеки кўринмай қолди.
Ахийри, уруш-жанжаллардан тамомила безиган аёл қизи Наргизани етаклаб, яна ота хонадонига қайтиб борди. ¤ғилларининг каттаси Шуҳрат ва энг кичиги Озодбек отаси билан бирга қолди.
Бу гал маҳалла кайвонилари эр-хотинни муросаю мадорага келтиришга қанчалик ҳаракат қилмасин, барибир фойдаси бўлмади. Қисқаси, бир оила парокандаликка юз тутиб, фарзандлар ҳам аросатда қолди.
Ота уйида қолган оиланинг тўнғич фарзанди Шуҳрат қишлоқ ҳудудидаги фермер хўжалигида мавсумий ишчи бўлиб ишлай бошлади. Ишлаш асносида фермер билан ғалла ҳосили мавсумида иш ҳақи ҳисобидан 800 кило, яъни 1 миллион 360 минг сўмлик буғдой олишга келишиб ҳам олди.
Ваъдага биноан, ғалла мавсуми ниҳоясида фермер Шуҳратга келишилган миқдордаги буғдойни ҳисоблаб беради. Ҳосилни Шуҳрат ота хонадонига олиб келиб туширади ва орадан бир ҳафта ўтгач эса, қўшни Самарқанд вилоятидан танишлари орқали иш топиб, ишлаш учун жўнаб кетади.
Одатий кунларнинг бирида Шуҳрат Самарқандда ишлаб юрганида отаси унга қўнғироқ қилиб, «Уйга келиб кет, эртага бозор бўлади, буғдойни сотмоқчи бўлсанг, сотиб юбор, пулини нима қилсанг, ўзинг биласан», деб қолди. Шундан сўнг Шуҳрат уйига қайтиб келди.
Шуҳрат Самарқанддан қайтгач, тўғри онаси вақтинча яшаб келаётган бобоси Содиқ Пирматовнинг хонадонига келиб, отасининг гапини онасига етказди.
Хуллас, шу куни Шуҳрат буғдойни олиб келиш мақсадида онаси Марям опа ҳамда тоғаси Ҳамдамлар билан ота уйига боришади. Уларни тунд ҳолда, совуқ қарши олган отаси негадир онаси ва тоғасини ҳатто дарвозадан ичкарига ҳам киритмайди.
«Ғаллани олиб кетгин», деб ўғилни чақирган ота энди тўнини тескари кийиб олиб, буғдойни бериб юборишга у-бу баҳоналарни рўкач қилиб, пайсалга сола бошлади. Бундан норози бўлган Шуҳрат тоғаси билан маҳалла раиси ҳамда маҳалла профилактика инспекторига арз қилишади. Вазиятни англаган маҳалла оқсоқоли ва профилактика инспектори Аҳмад акага қўнғироқ қилиб, иш ҳақи эвазига келган буғдойни ўғлига бериб юборишини ётиғи билан тушунтиришади.
Шундан сўнг эртаси куни Шуҳрат онаси билан ғаллани олиб келиш мақсадида яна ота хонадонига йўл олади. Уларни кўриб, жаҳл отига минган ота бу гал ҳам аёлини кўчада қолдириб, ўғлига ҳовлига кириб буғдойни олиб чиқишига изн беради.
Шу асно Шуҳрат ерга тўкиб қўйилган донни бўш халталарга жойлар экан, отаси тўсатдан ўғлига ташланиб, уни силкилай бошлади. Отасининг бу хатти-ҳаракатидан тамомила саросимага тушиб қолган Шуҳрат атрофда лойга ботиб ётган таёқни олиб, ура бошлади. Таёқ зарбидан Аҳмад аканинг оёғи қаттиқ жароҳатланиб, йиқилиб тушади.
Дарвоза ортида Шуҳратнинг чиқишини кутиб ўтирган онаси ичкаридан бақир-чақирларни эшитиб: «Отангни ўлдириб қўясан-ку», дея югуриб келиб, уларнинг орасига тушади. Орадан бир оз ўтгач, эрининг қонга беланиб ётганини кўрган Марям опа кўчада ўйнаб юрган кичик ўғли Озодбекни чақириб, учовлон Аҳмад акани ошхонага кўтариб олиб киришади. Кейин эса, Марям опа Шуҳратга отасини бошқа урмаслигини тайинлаб, яна изига қайтиб кетади.
Таассуфки, онаси кетиб қолгач, Шуҳрат укаси Озодбекни ҳам алдаб, ошхонадан чиқариб юборади-да, кўзи қонга тўлган кўйи, раҳм-шафқат деган тушунчани мутлақо унутиб қўйиб, ошхона четида ётган темир бўлагини олиб, ўлим билан курашиб ётган отасининг бошига қайта-қайта уради.
Қисқаси, кетма-кет урилган оғир зарбдан Аҳмад ака воқеа жойида жон таслим қилади.
Кейин эса, Шуҳрат қотилликни яшириш мақсадида жасадни йўқотиш йўлларини излай бошлади. Шу пайт тўсатдан унинг хаёлига аллақачон суви қуриб қолган ҳовлидаги қудуқ келди. У супа четида ётган арқонни олиб, жасаднинг бўйин қисмидан икки-уч марта айлантириб олди. Сўнг эса, ҳовли тўрида молларга сув бераётган укаси Озодбекни чақириб, унга оталарини ўлдириб қўйганлигини айтиб, жасадни йўқотишга ёрдам беришини сўрайди:
— Нега ундай қилдингиз, ака?! — деди Озодбек юм-юм йиғлаб. — Нега отамни ўлдирдингиз?
— Йиғлама, — дейди у. — Бошқа иложим қолмади. Онамга, бизларга етказган шунча азоблари учун ўлдирдим.
Акасининг гапидан Озодбек баттар уввос тортиб йиғлайди.
— Бўлар иш бўлди, йиғини бас қил. Энди жасадни йўқотишимиз керак, бу ҳақда ҳеч кимга оғиз оча кўрма. Акс ҳолда, мен қамалиб кетаман. Сен жасадни ҳув анави қудуғимизгача судрашиб борсанг, бўлди. Қолганини ўзим эплайман.
Шундан сўнг ака-ука жасадни қудуқ томон судрай бошлайди…
Узоқ давом этган суруштирув ва тергов ишлари асносида Шуҳратнинг қотиллиги фош этилди.
Суд ҳайъати ушбу жиноятни батафсил ўрганиб чиқиб, судланувчи Шуҳрат Нурматовни Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм этди.
Инчунин, суд судланувчи Марям Алибоевага жазо тайинлашда, унинг айбига иқрор ва пушаймонлигини, муқаддам судланмагани, қарамоғида вояга етмаган фарзанди борлиги, қилмиши оғир бўлмаган жиноятлар туркумига кириши, оилада асосий боқувчи экани, бир оиладан икки киши судланаётганини инобатга олган ҳолда, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш мумкин, деб ҳисоблаб, муайян муддатда озодликни чеклаш жазоси тайинлашни лозим топди.
Шу ўринда кўнгилдан баъзи бир мулоҳазалар кечади. Аллақачон парокандаликка юз тутган бу оиланинг ҳаётини яқиндан билган маҳалла-кўй, қўни-қўшни, қавм-қариндошлар ўз вақтида вазиятни яхшилашга ҳаракат қилганларида, эҳтимол, бу фожиа юз бермаган, ўғил эса, отасининг қотилига айланмаган бўлармиди?!
Эҳтимоллар кўп. Аммо энди бундан фойда йўқ. Шундай экан, юқоридаги каби нохуш воқеаларнинг қайта такрорланмаслиги учун теварак-атрофимизга теранроқ боқишимиз, одамларнинг ҳаётига ҳеч қачон бефарқ бўлмаслигимиз керак.
Мазкур мақолани ёритишдан асл муддао ҳам шу.
Фозил Юсупов,
жиноят ишлари бўйича
Қашқадарё вилояти
судининг судьяси
.
Фикр қолдириш