САРОБНИ ҚУВЛАБ…

Инсон жисмига гард қўнса, уни бир зумдаёқ ювиб тозалаш мумкин. Аммо қалбни безовта қилган доғни ювиш анча мушкулдир. Тан жароҳати тиббий муолажалар кўмагида бир кунмас, бир кун албатта, тузалади, аммо руҳий жароҳатни даволаш амри маҳол. Энг ёмони, унинг касри бошқаларга ҳам азоб беради.

Боғотлик Дониёр Абдуллаев ҳам шундай бехосият «дард»га чалинди: сароб ўй-хаёллар бу ёш йигитнинг оромини ўғирлади. Унинг исканжасига тушиб, дилини жароҳатлади. Аслида алифни калтак деса-да, диний илмда ўзини пешводай тутди.

Ҳайриятки, виждони бор экан, кейинчалик барини тан олди. Маълум бўлишича, диний ақидалар аслида унинг етти ухласа-да, тушига кирмаган. Бари 2015 йил отаси билан Россия Федерация­сининг Нижний Новгород шаҳрига ишлагани борганидан сўнг рўй берган.

Даставвал савдо-сотиқ юмушлари билан шуғулланган, қурилиш жабҳасида ҳам ишлаган. Кейинчалик эса, ўзини сар­ҳадсиз интернет домига ташлаган. Ушбу олам воқеаларини кузатаркан, диний таълим ва даъватга оид ёт қарашлар  таъсирига тушиб қолган.

Бу сингари фаҳми суст, ишонувчан кимсаларнинг табиати диний бузғунчилик оқими «пешво»ларига яхши маълум. Улар томонидан чексиз-чегарасиз интернет дунёси саҳифаларига жойланган ёт исломий қарашлар, ғоя, даъват, маъруза ва чақириқлар, аудио ва видео тасвирлар айнан шу янглиғ иймони суст кимсаларни тўғ­ри йўлдан оздиришга қаратилган.

Дониёр ушбу мазмундаги сафсаталарни аввалига ўзи ўқиб-ўрганди, сўнгра чор-атрофдагиларга ҳам оқизмай-томизмай етказиш режасини тузди. Судда тан олиб айтдики, Россия Федерациясида ўтган бир неча йиллик ҳаёти диний ақидапарсатликка дахлдор воқеалар, даъват ва ундовлардан йироқ кечмаган. 2018 йилга келиб, мўмин-мусулмонлар оламида фитна қўзғовчи даъват ва маърузалари билан интернетнинг бузғунчи саҳифаларига аллақачон уя қуриб олган Абдуллоҳ домла, Маҳмуд Абдулмўмин сингари бузғунчи кимсаларнинг ундов ва чақириқларини тинглаш, ёд олиш билан кифояланмай уларни узоқ-яқиндаги таниш-билишларига тарқатишга ҳам киришган.

Бу борадаги қилмишларини кейинчалик ўз жонажон эли — Хоразм воҳасига қайтганидан сўнг яна давом эттирган. Ҳатто ақида ўрганишга қаратилган диний машғулотлар уюштиришдан ҳам тап тортмаган. Бевосита учрашувлар, юзма-юз суҳбатлар, мулоқотлар ҳамда уяли телефон орқали учирма қилган тасвирлар, даъват ва маърузалар эса, тезора яқин-йироқдаги танишлар, тенгқурлар, ҳатто ўз туғишган синглиси ва опасининг қалбини ҳам забт этган. Дониёр ва унга ҳамтовоқ бўлмиш «пешво»ларнинг фикрича, ислом таълимоти битта, аммо унга нисбатан қарашлар иккита эмиш. Бошқача айтганда, жаҳон саҳнидаги бир ҳовуч бузғунчилар ушбу таълимотнинг бир буржи, уларга қа­рама-қарши тарафдаги неча юз миллион мў­мин-мусулмонлар эса, иккинчи буржини ташкил этишади ва озчиликдан иборат бузғунчилар ўзларидан чандон ҳисса кўп диндошларни ўз измига юргизмоқлари даркор ва бу ишни даъват, чақириқлардан ҳам кўра, жиҳод, яъни қирғинбарот урушлар, босқинлар, таъқиб, таҳдид ва тазйиқларга суянган ҳолда амалга ошириш зарур эмиш.

Таассуф. Дониёр бу борадаги қилмишларини баттар авж олдирди.

Интернет маконида даъватчилик учун махсус «Йилдирим Боязид» профилини очди. Унга Маҳмуд Абдулмўминнинг 20 дан зиёд  қўлланмалари, Абдуллоҳ исмли кимсанинг экстремис­тик руҳдаги маърузаларини жой­лади. Жойлабгина қолмай, одамлар орасида фитна ва фисқу-фасод қўзғовчи тарғибот-ташвиқот воситаларини ўзининг ўнларча танишлари, қариндош ва маслакдошлари ҳукмига ҳам мунтазам ҳавола этиб борди. Бу билан ҳам чекланмай, иғво-бўҳтон тарқатувчи, бузғунчиликка етакловчи бир қанча сайтлар, профил ва саҳифалар орқали турли «даъват»лар, овоз­ли ва тасвирли материалларни йиғиш, уларни ўз мобил телефони ва флешкарталар хотирасига жойлаш, ўз нав­батида, танишу нотаниш манзиллар бўйлаб тар­қатиш ҳамда кўнгли диний ақидапарастликка мойил кимсаларни «овлаш», йиғиш ва турли бузғунчи сайт ҳам­да саҳифаларга жалб этишда, айниқса, кўп жонбозлик кўрсатди. Шундай кунларнинг бирида, аниқроғи, 2019 йилнинг август ойида Украина давлатидан шум хабар келди. Маълум бўлишича, бузғунчилар раҳнамоси Абдулмўмин ушбу мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўл­га олинибди. Дониёр ва унинг мазкур мамлакатдаги шериклари катта таҳлика остида уни қай йўл билан бўл­масин, озодликка чиқариш чораларини излашди. Бу қабиҳ ният йў­­ли­даги ҳаракатларни фаол бошлаб, бир қатор амалий ҳаракатлар, даъват ва ундов тадбирларини амалга оширишди. Бу ҳаракатда Дониёр янада фаоллик кўрсатади. Қўлга тушган бузғунчи раҳнамо «даъватчи»нинг инонган халоскори сифатида намоён бўлди. Шу аснода иғво тарқатувчи «Путник-путник» сайтини излаб топди ва тезда унинг «ишчан дастё­ри»га айланди. Ислом дунёсини ларзонга солиш, одамлар орасида қўр­қув ва таҳлика уйғотиш, шу йўл билан Ўзбекистон ва жаҳоннинг бошқа минтақаларида парокандалик вазиятини юзага келтиришдан иборат хатарли ҳаракатни бу жараёнда ҳам сусайтирмади, даъват амалларини узлуксиз уюштириб борди. Дониёрнинг яқин танишлари, синфдошлари: Достон Қутлимуродов, Жаҳонгир Ботиров, Баҳодир Омонов, Маҳмуджон Рўзиматов, Шуҳрат Жуманазаров, Нуриддин Кенжаев, Неъмат Қурбонниёзов, Шерали Султонов, Ғуломжон Болтаев, Фарруҳ Йўлдошев сингари ўнларча кишининг онгини заҳарлашга қаратилган уринишлар ана шу жараёнда амалга оширилди.

Албатта, бу сингари ҳо­лат­ларнинг бари мустақил Ўзбе­кис­тонимиз қонунчилигига зид ҳолат ва унга кўра, одамлар онгини турли ножоиз қарашлар, ғоя­лар, даъват, маъруза ва тар­ғибот-ташвиқотнинг бошқа воситалари орқали заҳарлашга йўл қўйилмайди. Элни саросимага солувчи, парокандаликка йўл очувчи, кишиларнинг хоҳиш-иродаси, эрки ва эркинлигини поймол этувчи қилмишлар қат­тиқ қораланади.

Бундай ҳаракатлар юртимиз конституциявий тузумига тажовуз, жамоат хавфсизлиги ва жамият тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ёки тарқатишга қаратилган жиддий жиноий қилмиш сифатида баҳоланади. Бу янглиғ қилғиликни яшириш, сир сақлаш, хас­пўш­лашнинг эса, иложи йўқ. У бир кунмас, бир кун ошкор бўлади ва тажовузкорни ўз жирканч қилмишининг қи­дир­ми­ши томон етаклайди.

Юртимиздаги ҳуқуқ-тартибот идоралари шу йил баҳор чоғи 1995 йил Боғот туманининг Миришкор қишлоғида туғилган Дониёр Абдуллаевнинг ақидапа­раст­ликдан иборат бир неча йиллик қилмишига чек қўйишди. Ўтган вақт мобайнида юз бер­ган ножўя қилмишларнинг барча тафсилоти эса, суд ва тергов жараёнида ойдинлашди.

Айбланувчи Жиноят кодексининг Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қи­лишга доир қилмишни назарда тутувчи 159-моддаси 1-қисми (тузумга қарши даъват қилиш, шундай мазмундаги материалларни тайёрлаш, тарқатиш), жамоат хавфсизлиги ва жамият тартибига таҳдид солиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатларга оид 244-1-моддаси 1- ва 3-қисми «г» банди бўйича жавобгарликка тортилди. Суд ушбу айб­ни эътироф эт­са-да, муаяйн модданинг бир йўла 2 та банди, чунончи, 244-1-модданинг 1 ҳам­да 3-қисмлари бўйича жазо та­йинлаш масаласига бир мунча бошқача ёндашди. Кодекснинг жиноятлар мажмуига оид 33-моддасига амал қилди. Унга кўра, шахс содир этган қилмишда Жиноят кодекси айни бир моддасининг турли қисмларида  назарда тутилган аломатлар мавжуд бўлса, у ушбу модданинг оғирроқ жазо белгиланган қисми бўйича жавобгарликка тортилади. Суд уш­бу талабга риоя этар экан, айбланувчи ўз қилмишига тўлиқ иқ­рорлиги, қилмишларидан пушаймонлиги, эндиликда хатти-ҳаракатлари оқибатини чуқур англаб етгани, ёшлиги, ҳали ои­ла қу­ришга ҳам улгурмагани, ҳаётнинг тўғри ва равон йўллари томон интилаётганини инобатга олиб, унга нисбатан ко­декс­нинг енгилроқ жазо тайинлашни назарда тутувчи 57-моддасини татбиқ қилишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблади ва 3 йилу 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилди.

Инсон — ўткир ақлу-идрок, юксак фаросат соҳиби сифатида моддий борлиқ ҳамда саробий манзара орасидаги тафовутни дарҳол пайқамоғи даркор. Зеро, ўзини ақл-ҳуш эгаси санаган ки­ши зинҳор саробни қувлаб умр ўтказмайди. У бор-йўғи алдамчи, адаштирувчи, йўлдан тойдирувчи, ўзига тортувчи, мафтун этувчи оҳанрабосимон манзара эканлигини дарҳол англаб етади. Афсус, Дониёр буни вақтида ўз ақли-идроки-ла фаҳмлаб етолмади. Излагани сароб эканлигини унга адолатпарвар қонун эслатганидан сўнггина кўзи мошдай очилди. Яна бир жиҳат: у ҳали ёш. Демак, келажаги ҳа­ли олдинда. Ҳур фикрли тенгдошлари қатори ёрқин истиқбол кутаяпти уни. У ана шу нурли саодат манзилини топа олармикан? Бизнингча, ба­ри унинг ўзига боғлиқ. Би­нобарин, эзгулик излаганлар — муродга, ёвузлик истаганлар эса, пушаймонлик кўчасига етишади. Буни унутмаслик даркор.

Раъно Камалова,

жиноят ишлари бўйича

Хоразм вилоят суди судьяси,

Абдулла Собиров,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: