САЁҚ ЮРГАН — ТАЁҚ ЕЙДИ ЁКИ АХЛОҚ ДОИРАСИДАН ЧЕТГА ЧИҚҚАНЛАР ҚИСМАТИ
Яқинда Урганч шаҳрида рўй берган жиноий қилмишнинг ғалати якуни шу бўлдики, унга бош қўшганларнинг бари бир пайтнинг ўзида ҳам жабрланувчи, ҳам айбдор қиёфасида намоён бўлишди.
Аслида аянчли воқеа урганчлик Бекпўлат Саидовнинг катта кўчада Дилбар Матёқубовага берган танбеҳидан бошланди. Бекпўлат ўшанда уни аёл боши билан ичкиликка берилганликда айблади.
Аммо Дилбар буни ҳазм этолмади. Оғаларча танбеҳни ўзига нисбатан ҳақорат ўрнида қабул қилди. Не ажабки, буниси ҳали ҳолва экан, орадан кўп ўтмай таъна-дашном нарёқда турсин, ҳақиқий зўравонликка дуч келди. Бекпўлат уни бу гал ҳам ичкиликбозликда айблаб, аёл шаънига доғ туширмаслик мақсадида инсофга чақирди.
Бироқ заифанинг «ким бўлибсанки, менга ақл ўргатасан» деган заҳархандасига чидай олмай юзига шапалоқ тортиб юборди.
Шундан сўнг аёлнинг «жини» жунбушга келди. Ўзини хўрлангандек ҳис этди. Шу боис қасд олиш учун пайт пойлади. Тағин денг, якка ўзимас, танишлари: Сарварбек Рўзимов, Руслан Хўжаев билан биргаликда. Мана, ниҳоят, қасд олиш фурсати ҳам келди.
Ҳамтовоқлар олдинига ботирлик учун ичишди, анча-мунча эмас, тўйгунича ичишди. Сўнг Бекпўлатнинг уйи томон йўл олишди. Бу ерда уни ҳимоя қилиб, фалокатдан асраб қолувчи ҳеч ким йўқ эди. У уйида якка-ёлғиз яшарди. Шу боис якка ўзи уч кишига қаршилик кўрсатолмади. Учовлоннинг эса, йўриғи бўлак: Бекпўлатга ўхшаганларнинг ҳушини бир пасдаёқ жойига қайтариш улар учун чўт эмас. Шишадаги «жин»нинг «ҳиммати» боис «кучга тўлган» учовлон «ботир» орадан бир неча дақиқа ўтмаёқ Бекпўлатнинг уйига бостириб боришди.
… Дилбар бу гал рақиби олдида мум тишламади. Аксинча, дадил-дадил гапирди. Бир неча кун муқаддам юзига тортилган тарсаки зарбидан тиши тўкилганини айтиб, хун тўлашини — синиқ тишини бутлаб беришни талаб қилди. Бекпўлат эса, талабни қатъиян рад этди. Бемаҳал келган «меҳмонлар»дан уйини бўшатиб қўйишни сўради. Афсуски, улар дарҳол ортга қайтиш ниятида келишмаганди.
Шу боис, бетакаллуф «меҳмон»лар уй эгасининг талабини бир пулга ҳам олишмади.
Афсуски, соат 23-30 ларда Бекпўлат Саидовнинг хонадони тўс-тўполонга дўнди. Жаҳлдор мезбон-у бетакаллуф «меҳмон»лар ўртасидаги олишув авжига минди. Уйга бостириб кирганлар Бекпўлатнинг эсини жойига келтириб қўйиш учун мушт ва тепкини, хонадон соҳиби эса, ҳимояланиш учун қўли ва оёғи билан бирга ошхона пичоғини ишга солди. Жанжални «меҳмон»лар бошлашди. Р. Хўжаев даставвал Бекпўлатнинг юзига мушт туширди. Сўнг яна бир «меҳмон» — С. Рўзимовнинг тепкиси ҳам ишга тушди. У хонадон соҳибининг елкасига бор кучи билан зарба берди. Бекпўлат эса, бир амаллаб, стол устидаги ошхона пичоғини қўлига олди. Ташаббус мезбон тарафига ўтди. Пичоқнинг дамига даставвал Р. Хўжаев рўпара келди. У қорин қисмидан жароҳат олди. Шундан сўнг кескир тиғ С. Рўзимовнинг елка қисмига санчилди. Буни кўрган Дилбарнинг эси оғаёзди. Лекин шу ондаёқ ўзини қўлга олди. Ёнгинасида ошхона қозони турганини пайқагани ҳамон уни қўлига даст кўтарди-да, Бекпўлатнинг бошига зарба билан урди. Бекпўлат ҳушини йўқотиб, ерга қулади. Энди унинг қўлидаги бояги пичоқ қарши тарафнинг қуролига айланди. Уни қўлига олган Руслан телбаларча ҳаракат қилди: тиғни ерда ҳушсиз ётган Бекпўлатнинг кўкрагига санчди.
Бетакаллуф «меҳмон»лар ғараз ниятига етишди. Бунинг устига «ўлжа»ни ҳам қўлга киритишди. Дилбар рақибининг уйини тарк этар экан, кўзи дераза олдидаги қўл телефони ускунасига тушди ва Русланнинг кўрсатмасига асосан уни шу ондаёқ эгаллаб олди.
Аммо Русланнинг — қорин, Сарварбекнинг елка қисмига санчилган пичоқ зарби кучини кўрсатди. Икковлон шерик «Шошилинч ёрдам»га мурожаат қилишдан бўлак илож топа олишмади. Касалхонада даволаниш Б. Саидовнинг пешонасига ҳам ёзилган экан. Ярим тунда уни ҳам шифохонага олиб кетишди. Безорилар анча муддат: суд-тергов ҳужжатлари ибораси билан айтганда, 6 кундан кўп, 21 кундан кам бўлган вақт мобайнида касалхонада даволандилар. Хайрият, барининг жони омон қолди. Суд-тиббий экспертиза муассасаси жанжал пайтида Р. Хўжаевга — ҳаёти учун хавфли даражада оғир, С. Рўзимов ва Б. Саидовларга эса, енгил тан жароҳати етганлигини аниқлади. Қайд этилган машъум қилмиш эса, Жиноят кодексининг баданга қасддан оғир шикаст етказишга доир 104-, енгил шикаст етказишга оид 109- ва ўғирликка дахлдор 169-моддаларида ифодасини топган ашаддий қонунбузарлик ҳолатлари рўй берганини кўрсатди. Айни пайтда «жабрланувчи» зўравонларнинг шахсига ҳам аниқлик киритилди.
Аён бўлишича, ўзга аёлни ғайриқонуний тарзда куч ишлатиш йўли билан тартибга чақиришга жазм этган Б. Саидов — ишсиз.
Шаҳарнинг Ўзбекистон кўчасидаги кўп қаватли уйларнинг бирида яшайди. 1967 йил Урганч шаҳрида туғилган бу шахс айни фойдали меҳнат билан шуғулланадиган ёшда бўлса-да, ҳалол ишга нисбатан рағбат сезмайди, куни бекорчилик билан ўтади. Умрини кўча-кўйда маст-аласт ҳолда ўтказаётган Д. Матёқубова ҳам — урганчлик: Наврўз шаҳарчасида истиқомат қилади. Ҳозирда кўча бандасига айланган бу аёл оила аталмиш мўътабар даргоҳдан мутлақо узоқда.
Унинг тотини то ҳануз идрок этолмайди. Боиси, икки нафар фарзанди билан бу муқаддас масканни аллақачон тарк этиб кетган. Аёл боши билан ичкиликка берилгани эса, дард устига чипқон ва бу нозик хилқатга мансуб опа-сингилларимиз учун исноддан бўлак ҳеч нарса эмас, албатта. С. Рўзимовга келсак, ҳали қирққа ҳам қалқигани йўқ: 1983 йил Урганч шаҳрида туғилган. У ҳозирга қадар 4 маротаба судланган. Охирги марта 2014 йил талончилик қилмиши устида қўлга тушиб, 4 йилга қамалган. Судланганлик ҳолати тугалланмаган. Р. Хўжаевнинг қилмиши эса, бундан-да оғир. Аниқроғи, у бунгача ҳам 2 марта суд жавобгарлигига тортилган. Юқорида исм-шарифлари зикр этилган ҳамтовоқлари билан бирга жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди томонидан 2019 йилнинг январ ойида 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш бўйича тайинланган жазо чораси орадан 4 ой ўтиб, ахлоқ тузатиш ишларига айлантирилганидан сўнг яна жиноий қилмишга қўл урди. Шу пайтгача ўталмаган 2 йилу 2 ярим ойлик жазо муддати гарданида қолди. Ҳали ўттиз ёшни ҳам қораламаган бу йигитнинг аянчли қисмати, унинг ўзига-ку, сабоқ бўлолмагани аниқ. Аммо у ўсиб-улғайган хонадондагилар-чи? «Биз кимни камолга етказдик, ўзи?» — деган ўй-андиша, наҳотки, ҳеч кимни, жумладан, шаҳарнинг у истиқомат қилган Паҳлавон Маҳмуд кўчаси маҳалла жамоатчилиги қалбини жунбушга солмаган бўлса?!
Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди ушбу жиноят ишини синчиклаб ўрганди. Унинг якунида ўзга шахсни ғайриқонуний усулда «суд» қилиб, пировардида машъум жиноий қилмишга йўл очган Б. Саидов Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми, 109-моддаси 2-қисми, аёл боши билан жирканч иллатларга муккасидан кетган Д. Матёқубова кодекснинг 109- ва 169-моддалари 2-қисми бўйича 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди. Айбланувчи С. Рўзимов ва Р. Хўжаевлар эса, суд залидан қамоққа олинди. С. Рўзимов Жиноят кодексининг 109- ва 169-моддалари 2-қисмига биноан, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган бўлса, Р. Хўжаевнинг зиммасига муқаддам ўталмай қолган 2 йилу 2 ярим ойлик жазо ҳам қўшилди. Суд уни ҳам Жиноят кодексининг юқорида баён қилинган модда ва қисмлари асосида жавобгарликка тортди. Жазоларни қисман қўшиш йўли билан жами 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этди.
Шуҳрат Раззоқов,
жиноят ишлари бўйича
Урганч шаҳар суди раиси
Фикр қолдириш