СОБИРЖОН КАРИМОВ ИШИГА ОИД
“Жамият” газетасининг 2020 йил 7 февралдаги 5-сонида эълон қилинган “Ҳам ногирон бўлдим, ҳам айбдор!” сарлавҳали мақола юзасидан маълумот
Сурхондарё вилоят Денов туман ИИБ томонидан фуқаро С. Каримовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маҳмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 133-моддаси (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши) билан тўпланган ҳужжатлар судда кўриб чиқиш учун Денов туман маъмурий судига 2019 йил 15 февраль куни юборилган.
Мазкур иш 2019 йил 18 февраль куни Денов туман маъмурий суди томонидан мазмунан кўриб чиқилиб, С. Каримов Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 133-моддаси билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 1 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, ҳуқуқбузар С. Каримовдан жабрланувчи О. Бобоназаровнинг фойдасига етказилган моддий зарар сифатида 6 933 317 сўм ундириш белгиланган.
Денов туман маъмурий судининг 2019 йил 18 февралдаги қарорига нисбатан ҳуқуқбузар С. Каримов томонидан 2019 йил 19 март куни кассация шикояти келтирилган.
Сурхондарё вилоят маъмурий суди кассация инстанциясининг 2019 йил 5 апрелдаги қарори билан Денов туман маъмурий судининг 2019 йил 18 февралдаги қарори бекор қилиниб, иш қўшимча суриштирув ҳаракатларини ўтказиш учун Сурхондарё вилоят прокуратураси орқали суриштирув органига юборилган.
Мазкур иш бўйича қўшимча суриштирув ҳаракатлари якунланиб, кўриб чиқиш учун 2019 йил 2 июль куни Сурхондарё вилоят маъмурий судига юборилган.
Сурхондарё вилоят маъмурий судининг 2019 йил 8 июлдаги қарори билан, С. Каримов 1 йил 6 ой муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, ундан жабрланувчи О. Бобоназаровнинг фойдасига етказилган моддий зарар сифатида 6 933 317 сўм ундириш белгиланган.
Ушбу суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинган бўлсада, С. Каримов суд мажлисига етиб келмаган. Шу сабабли, иш унинг иштирокисиз кўриб чиқилган.
Сурхондарё вилоят маъмурий судининг 2019 йил 8 июлдаги қарорига нисбатан ҳуқуқбузар С. Каримов томонидан 2019 йил 17 июль куни кассация шикояти келтирилган.
Сурхондарё вилоят маъмурий суди кассация инстанциясининг 2019 йил 30 июлдаги қарори билан вилоят судининг 2019 йил 8 июлдаги С. Каримовга нисбатан чиқарилган қарори ўзгаришсиз, кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Ҳуқуқбузар С. Каримов Сурхондарё вилоят маъмурий судининг 2019 йил 8 июлдаги ҳамда кассация инстанциясининг 2019 йил 30 июлдаги қарорларига нисбатан назорат шикояти келтирган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 21 октябрдаги қарори билан, Сурхондарё вилоят маъмурий судининг 2019 йил 8 июлдаги ҳамда кассация инстанциясининг 2019 йил 30 июлдаги қарорлари ўзгаришсиз, назорат шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш