ЯНГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ МИЛЛИЙ ТАРАҚҚИЁТИМИЗДА ҚАНДАЙ АҲАМИЯТГА ЭГА?

Мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқларининг қўллаб-қувватланиши ва уларга берилаётган имтиёзлар натижасида халқимизнинг турмуш фаровонлиги кундан-кунга юксалиб бормоқда. Албатта, бу соҳадаги натижаларни солиқ тизимидаги ислоҳотларсиз тасаввур қилиш қийин.



Юртимизда ўз тадбиркорлигини ташкил этаман, деган фуқаро ёки миллий иқтисодиётимизга сармоя киритадиган инвестор биринчи навбатда, со­лиқ имтиёзларига, бу борадаги сиёсатнинг самарадор ва адолатли эканига эътибор қа­ратади.

Агар давлатнинг солиқ тизими бугунги кун талабларига жа­воб бермаса, тадбиркорлар яширин фаолият юритиш йў­лига ўтади.

Афсуски, бу ҳо­лат уларнинг солиқлардан қо­чи­шига олиб келади.

Бунинг оқибатида коррупция ривожланади. Иқтисодиётнинг ривожланишига жиддий путур етади.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида қайд этилганидек, янги таҳрирдаги Солиқ ко­­дексида мамлакат тараққиё­тининг таянчи бўлган инсофли солиқ тўловчиларни рағ­бат­лантириш, яширин фао­лият­ юритаётганларнинг қонуний фаолият юритиши учун шарт-шароитлар яратиш шарт. То­ки фуқароларимиз солиқдан қочмасинлар, балки уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўл­синлар.

Янги таҳрирдаги Солиқ ко­декси солиқ юкини изчиллик билан камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, иқтисодиётни жадал ривожлантиришга ҳамда ишбилармонлик ва инвестициявий фаолликни оширишга, соғ­лом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, иқтисодиётга ҳақиқий бозор механизмларини жорий этишда муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳи­собланади.

Солиқ кодексининг қабул қилиниши билан жорий йилнинг  1 январидан бошлаб со­лиқ тизимида 120 дан ор­тиқ янги қоида амалиётга ки­ритилди. Жумладан, солиқ ва йиғим турлари 13 тадан 9 тагача камайтирилди. Солиқ органлари томонидан солиқ текширувлари фақат кодексда назарда тутилган ва уларни ўтказиш тартибини белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани­дан кейин ўтказилиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, солиқ органларининг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқларни ўз вақтида қайтариш учун жавобгарлиги кучайтирилди. Ортиқча ундирилган солиқ ва молиявий санкциялар суммаларини, ушбу суммаларни ундириш (тўлаш) даврида амалда бўлган Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланган фоизларни инобатга олган ҳолда, қайтариш тартиби татбиқ этилди.

Маълумки, кейинги даврда давлатимиз раҳбари томонидан Президент ваколатларининг айримларини парламентга, ижро этувчи ҳокимият ва маҳаллий ҳокимликларга бериш бўйича бир қа­тор муҳим ташаббуслар амалга оширилди. Жумладан, мамлакатимизда Давлат бюджетини Президент қарори билан қабул қилиш амалиётидан воз кечилиб, қонун билан қабул қилиш жорий этилди.

Шундай ташаббуслардан бири Солиқ кодексида ҳам ўз аксини топди.

Яъни бугунги кун­га қадар солиқ имтиёзларини бериш фақатгина Президент ваколатида бўлгани ҳолда, эндиликда бундай имтиёзлар Солиқ кодекси билан берилиши белгиланди.

Солиқ органлари томонидан солиқ текширувлари фақат кодексда назарда тутилган ва уларни ўтказиш тартибини белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қа­бул қилинганидан кейин ўтказилиши белгилаб қўйилди. Солиқ кодексига биноан, со­лиқ текширувларининг бир нечта тури ўрнатилди.

Хусусан, камерал солиқ текшируви — солиқ тўловчининг ҳисоботини солиқ органида ўрганиш ва уни божхона ор­ганлари, банклар, энергетика корхоналари, кадастр ва бош­қаларнинг маълумотлари билан солиштиришни назарда тутади. Бунинг натижасида солиқ тўловчи солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиши ёки асослантирилган сабабларни кўрсатиши керак.

Камерал солиқ текширувини ўтказиш учун солиқ органи раҳбарининг ёки раҳбар ўринбосарининг буйруғи бў­лиши шарт. Шу билан бирга, камерал солиқ текшируви доирасида солиқ органининг мансабдор шахсига солиқ тўловчидан маълум бир солиқни ҳисоблашнинг тўғрилигини тасдиқлаш учун зарур ҳужжатларни талаб қилиш ҳу­қуқи берилади, холос. Камерал солиқ текшируви нати­жа­лари бўйича молиявий санкциялар қўлланилмайди, лекин пеня ҳисобланиши мумкин.

Сайёр солиқ текшируви — со­лиқ тўловчининг айрим кўр­саткичларини жойига чиққан ҳолда ўрганишдир. Бундай текширувнинг мақсади — фақат фактларни қайд этишдан иборат.

Сайёр солиқ текшируви со­лиқлар ва йиғимларни ҳи­соблаб чиқариш ва тўлаш ҳамда бошқа мажбуриятлар бажарилиши масалаларида маълумот тўплаш учун амалга оширилади. Сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича солиқлар қўшимча ҳисобланмайди ва молиявий санкция­лар қўлланилмайди.

Солиқ аудити — катта ҳажм­даги айланмаларда юқо­ри даражада хатарга эга бўлган солиқ тўловчи томонидан со­лиқ қонунларига риоя этилишини ҳар томонлама ўрганишдир. Бундай аудит со­лиқ­ларни тўлашдан бўйин товлаш хавфи ва солиқ тў­лаш билан боғлиқ бошқа омиллар мавжуд бўлганда, уларни таҳлил қилиш асосида тегишли солиқ тўловчиларда ўтказилади. Солиқ аудити натижаларига кўра, қўшимча солиқлар ҳи­соб­ланиши ва молиявий санк­ция­лар қўлланилиши мумкин.

Янги таҳрирдаги кодексда солиқ муносабатлари билан боғлиқ нормаларнинг қўл­ланилиши енгиллаштирилди. Мавжуд айрим зиддият­лар ва тушунмовчиликлар тузатилиб, инсофли со­лиқ тўловчилар манфаатларини ҳимоялаш, солиқ назорати шакл ва механизмлари соддалаштирилди.

Шунингдек, солиқ объектлари ва солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритиш, ушбу муносабатларда инсон омили таъсирини камайтиришни таъминлайдиган ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш каби муҳим масалаларга жиддий эътибор қаратилди.

Бунга бир мисол: солиқ тў­ловчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларга нис­батан қўлланиладиган ҳу­қуқий таъсир чораларини яна­да камайтириш, шунингдек, қонунчилик техникаси талабларидан келиб чиқиб, солиқ органлари томонидан киритилаётган молиявий санк­цияларни кўзда тутувчи 10 дан ортиқ модда кодексдан чиқариб ташлангани диққатга моликдир.

Мазкур Солиқ кодексини ишлаб чиқишда солиқ юкини камайтириш, солиққа тортишни соддалаштириш ва со­лиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш масалаларини ҳал этиш вазифаси бел­гиланган эди. Шунга кўра, кодекс орқали солиқ органларининг солиқ тўловчининг солиқ қарзини ундиришни унинг дебиторига қа­ратиш ҳуқуқи бекор қилинди.

Солиқ органларининг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқларни ўз вақтида қайтариш учун жавобгарлиги кучайтирилди.

Ортиқча ундирилган солиқ ва молиявий санкциялар суммаларини, ушбу суммаларни ундириш, яъни тўлаш даврида амалда бўлган Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланган фоизларни инобатга олган ҳолда қайтариш тартиби белгилаб қўйилди.

Айнан шу тартибда, ортиқча тўланган солиқ суммасини ўз вақтида қайтариш ва ортиқча ундирилган солиқ суммасини ҳисобга олиш ва қайтариш механизми жорий этилди. Шу билан бирга, со­лиқ суммасини қайтаришда ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқ органи томонидан солиқ тўловчига фоиз тўлаш назарда тутилди.

Хулоса қилиб айтганда, Со­лиқ кодексидаги назарий-ҳуқуқий ўзгаришлар, аввало, солиқ қонунчилиги нормалари қўлланилишини имкон қа­дар соддалаштиришга қаратилган. Бунда қарама-қаршиликлар ва зиддиятли ҳолатларни бартараф этиш, солиқ назорати механизмларини такомиллаштириш, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ­лари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга жиддий эътибор берилди.

Умуман, янги таҳрирдаги Солиқ кодексида солиқ тўловчилар учун ижобий янгиликлар кўп. Шу маънода кодекс ижроси тўла таъминланиши иқ­тисодиётимизнинг барқарор ривожланиши, аҳоли реал даромадлари ошиши ва солиқ маъмурчилиги яхшиланишига хизмат қилади.

Шуҳрат Мамадияров,

Қашқадарё вилояти иқтисодий судининг раиси,

Отабек Мирзаев,

Касби туманлараро иқтисодий судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: