СЎРОҚ ҚИЛИШНИНГ УМУМИЙ ҚОИДАЛАРИ

Жиноятларни тезкор ва тўла ошкор қилиш, айбдорларни жавобгарликка тортиш учун ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимларидан қонунда белгиланган тартибда ушбу шахсларнинг айбдорлигини исботлаш талаб қилинади. Дастлабки тергов ва суд терговидаги исботлаш жараёни ниҳоятда мураккаб иш бўлиб, у нафақат амалий кўникмаларни, балки назарий билимларни ҳам талаб қилади.

Шахсни сўроқ қилиш тергов жараёнининг муҳим босқичи ҳисобланиб, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимларидан қонун нормаларини чуқур ўрганиш ва уларни ҳаётга татбиқ эта билишни талаб қилади.

Сўроқ қилиш тергов қилинаётган иш учун муҳим маълумотларга эга шахсдан кўрсатув олиш жараёнидир. Бироқ, бу энг мураккаб тергов ҳаракатидир. Чунки, аксарият ҳолларда ҳақиқатни айтишни ёки умуман кўрсатув беришни истамаган, хатога йўл қўйган, адашган, эҳтимол, иш бўйича ўзига аён бўлган барча ҳолатларни айтиб беришга чин кўнгилдан интилган шахс бўлади. Ёлғон кўрсатувларни ўз вақтида ошкор қилиш, кўрсатувларга баҳо бериш эса жиноятни фош этишда муҳим аҳамият касб этади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кўрсатувлар исботлар манбаидир, уларда мавжуд бўлган фактик маълумотлар эса исботлардир. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи учун кўрсатувлар ўзларига қарши гумонлардан ёки қўйилган айблардан ҳимояланиш воситасидир.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 10-бобида сўроқ қилишнинг умумий қоидалари белгиланган бўлиб, унга кўра, тергов ҳаракати тергов амалга оширилаётган жойда ёки сўроқ қилинувчи турган жойда одатда, кундузи ўтказилиши мумкин. Сўроқ қилинувчилар яккама-якка қолиб кўрсатув берадилар, қонунда бевосита назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно (ҳимоячининг, педагогнинг, вояга етмаганнинг қонуний вакиллари ёки яқин қариндошларининг иштироки).

Дастлабки тергов даврида сўроқ қилишдан олдин терговчи зарур ҳолларда сўроқ қилинувчининг шахсини аниқлайди, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради, анкета тарзидаги зарур маълумотларни аниқлайди. Иш моҳияти бўйича сўроқ қилиш шахсга иш бўйича ўзига маълум бўлган ҳолатларни айтиб беришни таклиф қилишдан бошланади, кейин эса саволлар бериш мумкин.

Сўроқ жараёни ва натижалари суриштирув ҳамда дастлабки тергов босқичида сўроқ баённомасида, суд муҳокамасида эса суд мажлиси баённомасида қайд қилинади.

Сўроқ жараёнида баённома юритиш билан бир қаторда овозни ёзиб олиш, видеоёзув ва кинотасвирга олиш ҳам қўлланилиши мумкин.

Кўрсатувлар баённомага имкон қадар сўзма-сўз ёзиб борилади. Зарур бўлса, сўроқ қилинувчига берилган саволлар ва уларнинг жавоблари ҳам ёзилади. Сўроқ қилиш тугалланганидан кейин сўроқ қилувчига баённома танишиб чиқиш учун берилади ёки унинг илтимоси билан ўқиб эшиттирилади. Кўрсатувларнинг тўғри ёзилганлиги сўроқ қилинувчи ва терговчи имзолари билан тасдиқланади.

Сўроқ қилишнинг қонуний кафолатларидан бири йўналтирувчи саволлар беришнинг ман этилганлиги, сўроқ қилишнинг тўлалиги кафолати эса, имкон қадар кўрсатувларни сўзма-сўз баён этишни талаб қилишдир.

Агар сўроқ қилинувчи жиноят иши юритилаётган тилни билмаса, у ўз она тилида кўрсатув бериш, терговчи томонидан тайинланган таржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Кўр, кар ёки соқовни сўроқ қилиш зарурати туғилганда ҳам шу тариқа иш тутилади. Терговчи томонидан сўроқ қилишда иштирок этиш учун кар ёки соқовнинг имо-ишораларини тушунадиган ва сўроқ қилиш пайтида таржимон вазифасини бажарадиган шахс чақиртирилади.

Жиноят-процессуал кодексида белгилаб қўйилган сўроқ қилиш тартиби тўла, ҳар томонлама ва объектив кўрсатувлар олиш учун оптимал шароитлар яратади. Айни пайтда баъзи сўроқ қилишларнинг паст самарадорлигининг сабаби, энг аввало, сўроқ қилишнинг процессуал тартибига риоя қилмаслик – эркин сўзлаб бериш имкониятларидан фойдалана билмаслик, сўроқ қилинувчига саволларни нотўғри бериш ва ҳоказолар ҳисобланади.

Сўроқ қилишни тартибга соладиган процессуал қоидалар умумий характерга эга бўлиб, сўроқ қилинувчиларнинг ҳақиқатдан адашган ёки қасддан ёлғон гапириши ҳолатларида зарур бўладиган аниқ усул ва услубларни белгилаб бермайди. Бу вазифани криминалистика ва тергов амалиётида ишлаб чиқиладиган тактик усуллар бажаради. Сўроқ қилиш тактикаси аниқ, тўла ва ҳар томонлама кўрсатувларни олишни таъминлайдиган ва жиноят-процессуал қонуни нормаларига асосланган энг самарали усул ва услублар тизимидир.

Сўроқ қилинувчининг кўрсатувлари рақамлар ёки хотирада сақланиши қийин бошқа маълумотларга тааллуқли бўлса, у сўроқ жараёнида ўзидаги ёки ишга қўшиб қўйилган ҳужжатлардан ёхуд бошқа ёзувлардан фойдаланиши мумкин. Суриштирувчи, терговчи ва суд сўроқ қилинувчидан сўроқ қилиш жараёнида у фойдаланаётган ҳужжатлар ва бошқа ёзувларни талаб қилиши, уларни кейин қайтариб бериши ёки ишга қўшиб қўйиши мумкин.

Сўроқ қилинувчи томонидан ҳозирги ва илгариги сўроқларда берилган кўрсатувлар ўртасида жиддий қарама-қаршиликлар бўлса, сўроқ қилинувчи судда кўрсатув беришдан бош тортса, иш сўроқ қилинувчининг иштирокисиз кўриб чиқилаётганда унинг кўрсатувлари ўқиб эшиттирилиши мумкин.

Сўроқнинг умумий давом этиш вақти бир кунда саккиз соатдан ошмаслиги лозим. Дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган бир соат танаффус бу ҳисобга кирмайди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 11-бобида гумон қилинувчини ва айбланувчини сўроқ қилиш қоидалари белгиланган бўлиб, унга кўра, суриштирув ва дастлабки тергов ўтказиш жараёнида гумон қилинувчи, айбланувчи ушланган, сўроқ қилиш учун чақирилган, қамоққа олинган ёки мажбурий келтирилгандан кейин дарҳол ёки йигирма тўрт соатдан кечиктирмай, сўроқ қилиниши керак.

Гумон қилинувчининг у содир этган жиноят ҳақидаги кўрсатувлари ва айбланувчининг ўз айбига иқрор бўлиши, бу иқрор бўлиш мавжуд далиллар мажмуи билан тасдиқланган тақдирдагина, уни айблаш учун асос қилиб олиниши мумкин.

Гумон қилинувчи ва айбланувчининг берган кўрсатувлари билан аниқланган ҳолатлар, айбланувчи ўз айбига иқрор бўлган тақдирда ҳам, ўзининг айбдор эканлигини инкор қилган тақдирда ҳам ишнинг ҳамма ҳолатлари билан боғланган ҳолда бошқа далиллар каби текшириб чиқилиши ва баҳоланиши лозим.

Жиноят-процессуал кодексининг 12-бобига кўра, гувоҳ ва жабрланувчини сўроқ қилиш тартиби юқорида қайд этилган умумий қоидаларга, шунингдек мавжуд тартибларга риоя қилган ҳолда олиб борилади.

Хусусан, гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг яқин қариндошлари гумон қилинувчига, айбланувчига тааллуқли ҳолатлар ҳақида гувоҳ ёки жабрланувчи тариқасида фақат ўзларининг розиликлари билан сўроқ қилинишлари мумкин.

Гувоҳ ёки жабрланувчининг шахси аниқланганидан ва унга процессуал ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тушунтирилганидан кейин у кўрсатув беришдан бош тортганлик ва била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилиб, бу ҳақда сўроқ баённомаси ёки суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилади.

Гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари кўрсатув беришдан бош тортганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилмайдилар.

Суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан аниқланаётган ҳолатлар ўзида давлат сирларини ёки касб сирини ёхуд гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёхуд бошқа шахслар ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирганлигини баҳона қилиб, гувоҳ ва жабрланувчи кўрсатув беришдан бош тортишга ҳақли эмас.

Аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар ўзида давлат сирини ёки касб сирини акс эттиради ёхуд шахслар ҳаётининг сир тутиладиган томонларига тегишли деб ҳисоблаш учун асос бўлганда, суриштирувчи, терговчи ва суд гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилиш чоғида бу ҳолатларнинг ошкор этилишига йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўриши шарт.

Жиноят-процессуал кодексида вояга етмаган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилишнинг ўзига хос жиҳатлари белгиланган бўлиб, унга кўра, ўн олти ёшгача бўлган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилиш қонуний вакили ёки катта ёшдаги яқин қариндоши, педагог ёки жабрланувчининг вакили иштирокида уларнинг розилиги билан ўтказилади. Кўрсатилган шахслар сўроқ қилувчининг рухсати билан гувоҳ ёки жабрланувчига саволлар беришлари мумкин.

Ўн олти ёшгача бўлган гувоҳлар ва жабрланувчилар кўрсатув беришдан бош тортганлик ва била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилмайдилар, бироқ суриштирувчи, терговчи ёки суд мажлисида раислик қилувчи шу гувоҳ ва жабрланувчиларга уларнинг процессуал ҳуқуқи ва мажбуриятларини тушунтириш чоғида ҳаққоний кўрсатув бериш ва бу билан жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлашга кўмаклашиш маънавий бурч эканлигини эслатиб ўтади.

Жинсий эркинликка қарши, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар савдосига оид жиноят ишлари бўйича вояга етмаган гувоҳни ёки жабрланувчини сўроқ қилиш, шунингдек бошқа ҳолатларда сўроқ қилиш, агар буни одил судловнинг ёки вояга етмаган шахснинг манфаатлари талаб этса, стенография, видеокузатув, шунингдек аудио- ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган махсус хонада қонуний вакил, педагог ёки психолог иштирокида ўтказилиши мумкин.

Сўроқни стенография, видеокузатув, шунингдек аудио- ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган махсус хоналарда ўтказиш тартиби суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан белгиланади.

Улуғбек БАКДУРДИЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Хоразм вилоят суди
раиси вазифасини бажарувчи

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: