СОХТА ВАЛЮТА МАШМАШАСИ ЁХУД БАНКДА ФОШ БЎЛГАН «СИР»
Маълумки, оддий фуқаро жиноятга қўл урса, у қонунни билмагани, қилмишининг ҳуқуқий оқибатини тушунмаганини асосий важ сифатида келтиради. Аммо ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорада ишлаган ёки ишлайдиган шахснинг жиноятга қўл уришини ҳеч қандай важ билан оқлаб бўлмайди.
Олтиариқ туманида яшовчи Нуриддинжон Абдуманнопов 2005 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ портловчи моддалар, портлатувчи ускуналарни аниқлаш, зарарсизлантириш ва йўқ қилиш бўйича махсус отрядининг Андижон ҳудудига хизмат кўрсатувчи махсус гуруҳи бошлиғи лавозимига тайинланганида ҳамманинг унга ҳаваси келганди. Айниқса, яқинлари, дўстлари у билан фахрланишарди. Аммо…
Аммо Н. Абдуманнопов кунлар ўтган сайин зиммасидаги масъулиятни унутиб, қонун талабидан кўра, шахсий манфаатини устун қўя бошлади.
Унинг фикру хаёлини банд этиб олган бу иллат беиз кетмади, 2015 йилда фирибгарликка суиқасд қилиш жиноятига қўл урди. Энг ачинарлиси, Н. Абдуманнопов шундан сўнг ҳам фирибгарликдан тийилмади. Натижада 2016-2017 йиллар мобайнида яна 4 марта фирибгарлик жиноятини содир этгани учун қонун олдида жавоб беришга мажбур бўлди.
Масалан, биргина 2016 йилнинг ўзида 3 марта суднинг қора курсисига ўтирди. Охирги марта эса, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2017 йил 24 мартдаги ҳукмига биноан, Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “а”, “б”-бандлари билан айбдор деб топилиб, шу кодекснинг 59-моддасига асосан, 6 йилу 11 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди. Кейинчалик — жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар судининг 2018 йил 4 декабрдаги ажримига мувофиқ, ўталмай қолган 4 йилу 7 ойлик озодликдан маҳрум қилиш жазоси шу муддатга ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилди. Бироқ собиқ тезкор ходим бундан ўзига тегишли хулоса чиқариб олиш ўрнига ахлоқ тузатиш иши жазосини ўтаётган пайтда олтинчи марта жиноят содир этди.
Гап шундаки, Н. Абдуманнопов Андижонда ишлаб юрган кезларида шаҳардаги «Рубероид савдо» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Баҳодир Расулов билан танишиб қолганди. Ўшанда Н. Абдуманнопов вақти келиб, Баҳодир ўзининг жиноий шеригига айланишини хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак. Лекин, афсуски, охир-оқибат шундан бўлиб чиқди.
Тергов ва суд жараёнида аён бўлишича, 2019 йил март ойида икковлон Фарғона шаҳрида учрашиб, ҳамкорликда савдо-сотиқ билан шуғулланишишга келишишади. Шунда Б. Расулов Н. Абдуманноповни муқаддам ИИВ тезкор ходими бўлиб ишлаганини назарда тутиб, ўзини кўпдан буён ўйлантириб келаётган муаммони айтади.
— Даврон исмли йигит мендан насияга машина запчастларини олганди. Аммо пулини ҳалиям бергани йўқ. Ўша йигит қалбаки доллар ташлаб кетган. Шундан қутулишим керак, — дейди у ва ўзида сохта 23 900 АҚШ доллари борлигини айтади.
Аслида бу гапни эшитгач, Н. Абдуманнопов эски танишига қонуний йўл кўрсатиши лозим эди. Бироқ у ушбу муаммонинг ечими тариқасида Баҳодирга ноқонуний бир таклифни билдиради.
— Долларларингизни Қирғизистондан телефон олиб келиб сотадиган савдогарларга ўтказиб юборамиз. Шунга нима дейсиз?
Албатта, бу таклиф Б. Расуловга маъқул тушади. Шу боис, у ўзида сақланаётган қалбаки 15 000 АҚШ долларини Н. Абдуманноповга беради. Н. Абдубаннопов эса, сохта валютани Фарғона туманининг Чимён қишлоғида яшовчи таниши Хуршида Тешаевага беради. Шу билан бирга, Н. Абдуманнопов Х. Тешаевага ана шу пуллар эвазига Қирғизистондан товар олиб келиб берадиган одам топишни тайинлайди. Лекин берган валютаси қалбаки эканлигини айтмайди.
Шундан сўнг Хуршида сохта валютани салкам 2 ҳафта ўзида сақлайди.
Аммо уяли телефон келтириб берадиган ҳамкор тополмайди. Ана шундай кунларнинг бирида у ўзидаги валютадан таниши Ҳаётхон Исақовага 5 000 АҚШ доллари миқдорида қарз бериб туришга Н. Абдуманноповдан изн сўрайди.
— Жума куни қайтаришига кўзингиз етса, бераверинг. Чунки бу пуллар икки кишининг ўртасидаги маблағ, — дейди Н. Абдуманнопов.
Бинобарин, Х. Тешаева 2019 йил 26 март куни 50 купюрадаги 100 дона — 5 000 АҚШ доллари миқдоридаги сохта валютани Ҳаётхонга беради. Ҳ. Исақова эса, пулларни ундан олиб, ўзидан ҳақдор бўлган таниши Ҳалимахон Холматовага қарзи эвазига тилхат асосида қайтаради. Бироқ Ҳалимахон валютани қўлига олгач, унинг ҳақиқийлигига шубҳаланиб қолади. Шунинг учун бунга ойдинлик киритиш мақсадида, эртаси куни «Агробанк»нинг Олтиариқ тумани филиалида 4 дона 50 купюрадаги АҚШ долларини текширтиради. Текширув жараёнида эса, тақдим этилган АҚШ долларлари қалбаки эканлиги аниқланиб, банк ходимлари бу ҳақида туман ИИБга хабар беришади. Пировардида Ҳ. Холматовадан ана шу 4 дона ва ўзида бўлган 96 дона 50 купюрадаги жами 5 000 қалбаки АҚШ доллари холислар иштирокида далилий ашё тариқасида олинади.
Шундан сўнг ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилади.
Яъни 2019 йил 28 март куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари келиб, Хуршида Тешаеванинг уйини кўздан кечиришади. Ходимлар кетишгач, Хуршида дарҳол Н. Абдуманноповга қўнғироқ қилади.
— Ташлаб кетган долларларингиз қалбаки экан-ку?! Ички ишлар ходимлари келиб, уйимни текшириб кетишди. Мени жуда ноқулай аҳволга солиб қўйдингиз. Бунақа ишларингизга умуман мени аралаштирманг, қалбаки пулларингизни олиб кетинг, — дейди у жаҳл билан.
Бинобарин, Н. Абдуманнопов Х. Тешаевадан сохта долларларни қайтариб олади. Қолаверса, Андижондан — Б. Расуловдан қолган 8 900 АҚШ долларини ҳам олиб келади. Сўнгра қалбаки валюталарни салкам бир ой уйида сақлайди. 2019 йил 24 апрель куни уларни Бош Прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қўқон шаҳар бўлимига олиб бориб топширади. Оқибатда Баҳодир иккисига нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлаган суд эса, судланувчиларни Жиноят кодексининг 176-моддаси 3-қисми «а»-банди билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этади. Албатта, Н. Абдуманноповга жазо тайинлашда суд жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2017 йил 24 мартдаги ҳукмига биноан тайинланиб, жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар судининг 2018 йил 4 декабрдаги ажримига мувофиқ алмаштирилган ахлоқ тузатиш иши жазосини ҳам инобатга олади.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Юқорида таъкидлаганимиздек, «қаҳрамон»имиз Н. Абдуманнопов муқаддам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходими бўлиб ишлаганлиги ҳамда 5 маротаба судланганлигига қарамай, аввалги қилмишларидан ўзига тегишли хулоса чиқармаган. Оқибатда такроран жиноятга қўл уриб, ўзига Баҳодир Расуловни ҳам шерик қилиб олган.
Бундан ташқари жиноят иши ҳужжатларидан Н. Абдуманноповнинг сўнгги пайтларда Олтиариқ туманидаги «Рўзибой ота» масъулияти чекланган жамияти раҳбари вазифасида ишлаб келганини ҳам кўриш мумкин.
Демак, бинойидек тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, ҳалол даромад топиш мумкин эди. Бироқ у тўғри йўл қолиб, қинғир ва адоғи қоронғу йўлни танлаб, катта хато қилди. Хато эса, тоза либосга теккан қора доғ каби хунук ҳолатни келтириб чиқаради. Буни доимо ёдда тутиш лозим.
Умиджон МЕҲМОНАЛИЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Риштон туман судининг раиси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш