СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ИНСОН МАНФААТИГА ҚАРАТИЛГАН
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосига қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби принциплар пойдевор қилиб қўйилган.
Шу мақсадда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ижроси юзасидан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, одил судловнинг сифати ва шаффофлигини ошириш, «Хабеас корпус» институтини қўллашни кенгайтиришга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида гапирар экан, суд тизимининг бошқа органлардан холи бўлиши зарурлигига урғу берди.
Бугунги кунга қадар амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг дастлабки натижаларига маҳлиё бўлиб қолмасдан, жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш маданиятини шакллантириш, шу орқали мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада юксалтириш, бунинг учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни фақат ва фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қиладиган идораларга айлантириш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
Ҳақиқатан ҳам, бундай муҳим ўзгаришлар, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, айниқса, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик, судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган чоралар соҳа ходимларининг ўзига бўлган ишончини оширди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йилдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам, судлар мустақиллигини таъминлаш масаласи шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида бўлиши алоҳида таъкидланди.
Муҳими, бу фикрлар амалда ўз ифодасини топаётгани.
Мамлакатимизда ўтган уч йил мобайнида суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини ошириш борасида бир қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада турли тазйиқлар остида олинган кўрсатмалардан далил сифатида фойдаланишга чек қўйилди. Суд ишларини кўриб чиқишда фақат суд тергови жараёнида атрофлича текширилган ва ўз тасдиғини топган далилларга асосланилмоқда.
Ўтган 3 йилда 1 минг 989 нафар, 2019 йилнинг ўзида 859 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Шунингдек, 2019 йилда 3 минг 81 нафар шахс суд залидан озод қилинган бўлса, 2 минг 623 нафар фуқарога асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилди ва ўзгартирилди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда қонун устуворлигини ва ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Дурдона Дадаханова,
жиноят ишлари бўйича
Чилонзор тумани судининг судьяси
Фикр қолдириш