СУД МАЖЛИСЛАРИДА МОБИЛ ҚУРИЛМАЛАР ОРҚАЛИ ИШТИРОК ЭТИШ ИМКОНИЯТИ ЯРАТИЛАДИ

Суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг босқичма-босқич татбиқ этилиши натижасида судларда иш юритиш тубдан такомиллаштирилмоқда.

Энг муҳими, суд ва процесс иштирокчилари ўртасида ҳужжатлар алмашинуви тизимини соддалаштириш, ижро ҳужжатларини чоп этиш ва ундирувчига юбориш билан боғлиқ харажатларнинг тежалиши, суд ҳужжати ижро этиш учун тезкорлик билан ижро органларига етказилишига эришилмоқда.

Ўтган даврда судлар фаолиятини автоматлаштириш ва ахборот технологияларини жорий қилиш мақсадида, ишларни судьялар ўртасида автоматик тарзда тақсимлаш, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини мажбурий ижрога электрон шаклда юбориш амалиёти жорий этилди.

Шунингдек, давлат божи ва бошқа йиғимлар ҳисобини юритишнинг ягона электрон тўлов тизими ҳамда жисмоний ва юридик шахслар учун Интерактив хизматлар портали ишга туширилди.

Статистик таҳлилларга кўра, республика бўйича айни кунга қадар:

1 миллион 971 минг 470 та иш судьялар ўртасида автоматик тарзда тақсимланган;

200 та суд залларига видеоконференцалоқа ускуналари ўрнатилган;

21 минг 544 та суд мажлиси ушбу тизимдан фойдаланиб ўтказилган;

45 минг 393 нафар иштирокчиларнинг 14,4 миллиард сўм маблағи тежалган;

1 миллион 82 минг 287 та суд қарорлари расмий веб-сайтда эълон қилинган;

1 миллион 152 минг 686 та ижро ҳужжати мажбурий ижрога электрон шаклда юборилган;

биллинг тизими орқали 5,1 миллиард сўмлик тўловлар амалга оширилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 3 сентябрда қабул қилинган «Суд ҳокимияти ор¬ганлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни янада такомиллаштиришни назарда тутади.

Қарор судлар фаолиятида замонавий технологияларни янада кенг жорий этиш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳи¬моя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман, одил судловга эришиш даражасини янада ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Қарорда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш вазифалари белгилаб берилган.

Ушбу янгиликлар судга келувчи ҳамда мурожаат қи¬лувчи фуқароларнинг кўрсатиладиган хизматлардан очиқ ва эркин фойдаланиши, материаллар билан танишишида муҳим ўрин тутади. Шунингдек, судга мурожаат қилиш ва мурожаатлар бўйича суд томонидан олиб борилаётган ҳа¬ракатлар, мурожаатни кўриб чиқиш қай¬си босқичда эканидан онлайн хабардор бўлишни таъминлайди.

Суднинг ахборот тизими кўпгина вазирлик ва идоралар билан ўзаро интеграция қи¬линмаган. Шу сабабли, маълумот алмашинуви, асосан, қоғоз шаклда амалга оширилиши натижасида тегишли маълумотлар олингунга қадар маълум бир вақт йўқотилиб, ишлар қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши таъминланмаслигидан кўз юмиб бўл¬майди.

Бу, ўз навбатида, иш бў¬йича тарафларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди. Бундан ташқари ҳозирги кунда ахборот-коммуникация технологиялари барча соҳаларга изчиллик билан кириб бораётган бир вақтда судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар турини кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш тақозо этилмоқда.

Ҳозиргача судларда 10 га яқин давлат органлари, жумладан, Давлат солиқ қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Давлат хизматлари агентлиги, Мар¬казий банк ҳамда бошқа идоралар билан маълумотлар алмашинуви электрон шаклда амалга оширилиб келинади.

Судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинувини янада кенгайтириш билан давлат ор¬ган¬лари ва ташкилотлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қа¬булхонаси, Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қа¬булхоналари ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизимига бос¬қич¬ма-босқич улаб борилиши назарда тутилмоқда.

Бу билан ишни кўриш жараёнида юқорида кўрсатилган муассасалардан талаб қи¬либ олиниши лозим бўл¬ган ҳужжатларни олиш муддатлари қисқаради. Тарафларнинг ортиқча оворагарчилигига чек қўйилади. Судлар томонидан давлат ор¬ганлари ва ташкилотларига тақдим этиладиган маълумотларни электрон шаклда юбориш орқали муайян ишни кў¬риш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатлар фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олинади.

Ҳозирда судлар фаолиятига «E-XSUD», «E-SUD», «E-KADR» каби бир нечта ахборот тизими ҳамда Интерактив хизматлар портали жорий этилган.

Қарорда 2021 йил 1 январдан бошлаб, барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса, «Адолат» ахборот тизимлари комплексини жорий қилиш орқали давлат ҳокимияти ва бошқаруви ор¬ганлари, маҳаллий давлат ҳо¬кимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш назарда тутилди.

Бу эса, судларда иш ҳажмини камайтириш, суд ишларини олиб боришда, суд мажлиси баённомаларини юритишда қулайлик яратади. Шу билан бирга, тарафларнинг суд мажлиси баённомасининг тўла-тўкис юритилиши юзасидан келиб тушадиган эътирозларига бар¬ҳам беради.

Бундан ташқари суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан, мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек, иш бў¬йича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш билан ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинади.

Шу билан бирга, Президент қарорида 2021 йил 1 октябрдан бошлаб, барча иштирокчилар суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» хабар орқали бепул хабардор қилиниши ҳам назарда тутилган. Бу барча суд процесси иштирокчилари ўз иш вақтини тўғри тақсимлашига, суд муҳокамаларига пухта тайёргарлик кўришига замин яратади.

Шундай қилиб, судлар фаолиятида замонавий тех¬ноло¬гия¬ларни кенг жорий этиш бў¬йича амалга оширилаётган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳи¬моя қи¬лиш учун судга мурожаат қи¬лишни эркинлаштириш имконини беради. Натижада одил судлов фаолиятининг сифати ва самарадорлиги янада ошади ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофлик таъминланади.

Сарвар СОЛИЕВ,
Тошкент туманлараро
иқтисодий судининг раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: