СУД ТОШКЕНТ ШАҲАР ҲОКИМИНИНГ ҚАРОРИНИ БЕКОР ҚИЛДИ
Адолат ва қонун устуворлиги жамият барқарорлигининг асосий омилидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда мустақил суд ҳокимияти ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Суд соҳасидаги ислоҳотлар эса ушбу жараённинг таянч нуқтаси ҳисобланади. Шу боис сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари янги босқичга кўтарилди. Бугун судларда қонунга риоя этиш ва жисмоний ва юридик шахсларнингҳуқуқларини ҳимоя қилиш олий мезонга айланаётганининг гувоҳимиз. Тошкент шаҳар Чилонзор туман маъмурий судига “Ҳайрабод” маҳалла фуқаролар йиғини Тошкент шаҳар ҳокимияти мансабдор шахси томонидан чиқарилган қарорни ҳақиқий эмас, деб топиш бўйича шикоят-ариза билан мурожаат қилди. Суд мажлисида ўрганишлар асосида қуйидагилар аниқланди. “Ҳайрабод” маҳалла фуқаролар йиғини 50 йилдан буён ҳудуддаги 3-тор Ҳайрабод кўчаси, 13-манзилда жойлашган “Оталар чойхонаси” биносидан фойдаланиб келган. Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва мулк кадастри хизмати давлат корхонасининг архив ҳужжатларига кўра 995 кв.м. ер майдонида жойлашган бинонинг 555кв.м. қисми “Ҳайрабод” МФЙ номига кадастр ҳужжатлари билан расмийлаштирилган. Бироқ 23.05.2017 йилда Тошкент шаҳар ҳокимининг 630-сонли қарори асосида ушбу бинонинг ҳуқуқий ҳолати аниқланмасдан, ўрнатилган тартибда эгасиз деб топилиб, давлат тасарруфига қабул қилинмасдан қонунга зид равишда “XALOL SUT MAZASI” МЧЖга ажратиб берилган. Суд қонун талаблари ва аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, “Ҳайрабод” маҳалла фуқаролар йиғинининг шикоят-аризасини асосли, деб ҳисоблади ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг юқорида қайд этилган қарорини ҳақиқий эмас деб топди.
Абдуллажон МУХИДДИНОВ,
Чилонзор туман Маъмурий судининг раиси
Фикр қолдириш