СУД ТАДБИРКОРЛАР ҲУҚУҚИНИ ТИКЛАДИ ВА БУ ҲУҚУҚНИ БУЗГАН БОЖХОНА ХОДИМЛАРИГА МАЖБУРИЯТ ЮКЛАНДИ

Мамлакатимизда хусусий мулк, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадбиркорлар йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш мақсадида узоқни кўзлаб олиб борилаётган оқилона сиёсат туфайли бугунги кунда мазкур соҳа миллий иқтисодиётимизнинг чинакам таянчига айланди.

Давлат органларининг хусусий тадбиркорлик субъект­лари фаолиятига аралашувини чеклашга доир изчил чоралар кўрилмоқда. Иқтисодий ислоҳотларнинг меъёрий-ҳу­қуқий базасини такомиллаштириш орқали ишбилармонлик ташаббусларини қўл­лаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли имтиёз ва преференциялар тизими яратилгани бу жараёнда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада фаол жалб этиш ва хусусий бизнесини бошлашга, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг барча босқичларида юзага келаётган муаммоларни ортиқча оворагарчиликсиз ва қо­ғоз­бозликсиз тезкор ҳал этишга хизмат қиладиган бозор инфратузилмасининг барқарор ишлаши ва янада ривожланишини мувофиқлаштирувчи самарали тизим жорий этилди.

Тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаш юза­сидан комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши мулкдорлар тоифаси салоҳиятининг юксалишини таъминламоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, туризм иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан ҳисобланади. Шу мақсадда, юртимизда туризм салоҳиятини ошириш, соҳага биринчи навбатда, инвестицияларни фаол жалб қилиш, инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиш, шунингдек, мамлакатнинг бой табиий, маданий ва тарихий меросининг мавжуд ресурслари ва имкониятларидан ҳар томонлама фойдаланиш ҳисобига ривожлантириш учун янада қулай шароитлар яратилди.

Кейинги даврда, жумладан, Президентимизнинг «Ўзбе­кис­тон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча чо­ра-тадбирлар тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чо­ра-тадбирлар тўғрисида»ги фар­­монлари эълон қилингани фикримизнинг ёрқин ифодасидир.

Ушбу фармонлар талабларидан келиб чиқиб, бугунги кунда мамлакатимизда туризм ва меҳмонхона фаолиятига ихтисослашган тадбиркорлик тармоқлари кенгайди. Мазкур йў­налишда фаолият юритаётган тадбиркорлар ўзини тиклаб олиши учун қўшимча имтиёзлар яратилмоқда.

Айниқса, ҳозирги синовли пандемия даврида туризм соҳасида бироз қийинчиликлар кузатилаётир. Шу боис, жорий йил 1 апрелдан 1 июлгача туристик ёки меҳмонхона йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилди.

Шунингдек, 1 апрелдан 31 декабрга қадар туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона ёки жойлаштириш хизматлари кўрсатувчи субъектлар юридик шахс­лардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинди.

Уларга яна қўшимча имтиёзлар берилди.

Шундай кенг имтиёзлар яратилганига қарамай, айрим мутасадди ташкилотлар тадбиркорларни сарсон қилиб, мавжуд имтиёзлардан фойдаланишга шароит яратиб беришни пайсалга солмоқда. Бунинг оқибатида тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари суд томонидан тикланмоқда.

Мисол учун «Ravon Avto Tex Centre», «Namangan zoobreeding», «Namangan auto-tex-xizmat» маъсулияти чекланган жамиятлари Президентимизнинг 2018 йил 3 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қу­лай шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғ­рисида»ги Фармонида белгиланган имтиёзлардан фойдаланиб, тадбиркорлик фаолиятини йўл­га қўйишган.

Яъни Жанубий Корея Республикасидан «HYUNDAI PALISADE (GASOLINE)» русумли, ҳайдовчи билан қўшиб ҳи­собланганда 8 ўриндиқли авто­транс­порт воситаларидан 8 до­насини имтиёзларга асосан Ўз­бекистон ҳудудига олиб келишган. Автотранспорт воситалари божхона терминалига жойлаштирилиб, белгиланган тартиб-тамойилга асосан, Наманган вилоят божхона органларига божхона юки декларацияси топширилган.

Аммо Наманган вилоят божхона органлари юқоридаги автотранспорт воситалари божхона тўловларини тўлашдан озод қилинмагани, ҳар бир автотранспорт воситаси учун тегишли тартибда божхона тў­ловлари тўланганидан сўнг эр­кин муомалага чиқарилиши мумкинлигини билдирган.

Шу боис, божхона юки деклара­ция­сини расмийлаштириш рад этилган.

Шундан сўнг юқорида номлари тилга олинган учта масъу­лияти чекланган жамияти Наманган вилоят божхона бош­қармаси мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш ва мажбурият юклаш тўғрисидаги шикоят аризаси билан маъмурий судга мурожаат қилган.

Ушбу аризалар Норин туман маъмурий суди томонидан очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Суд мажлисида сўралган аризачилар, яъни масъулияти чекланган жамият вакиллари шикоятларидаги ўз талабларини қувватлади. Улар Жанубий Кореядан олиб келинган, 2019 йилда ишлаб чиқарилган, туризм тоифасига оид транспорт воситалари, божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари, божхона тўловларини тўлашдан озод этилиши белгиланганини билдириб, суддан шикоятларини тўлиқ қаноатлантиришни сўради.

Манфаатдор томон — Наманган вилоят божхона бошқармаси вакиллари шикоятни тан олмасдан, қуйидаги важларни келтиришди:

масъулияти чекланган жамият вакиллари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги Фармонида туризм со­ҳасига оид автотранспорт воситаларига имтиёз қўл­ланилиши кўрсатилган, лекин айнан қайси турдаги авто­транс­порт воситалари туризм соҳасига оид эканлиги тўғрисида бирон-бир норматив ҳужжат йўқ;

ушбу автотранспорт воситаларининг туризм соҳасига оид эканлиги тўғрисида ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас;

хориждан келтирилган автомашиналар кўринишидан мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган йўл танламас автомашиналар билан бир хил;

бу автомашиналарнинг туризм соҳасига алоқаси борлиги исботлаб берилмади.

Шу сабабли божхона юки декларациясини тегишли тартибда расмийлаштириш рад этилган. Вилоят божхона бош­қармаси вакиллари шулар­ни баён этиб, шикоят аризасини рад қилишни сўради.

Суд шикоятда келтирилган важларни ҳар томонлама текшириб, ишда тўпланган далилларга ҳуқуқий баҳо берди. Суд аризачилар — «Ravon Avto Tex Centre», «Namangan zoo­breeding», «Namangan auto-tex-xizmat» масъулияти чекланган жамиятларининг шикоятини асосли деб топди.

Манфаатдор томон — Наманган вилоят божхона бошқармаси мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилди. Суд уларга учта масъулияти чекланган жамияти томонидан олиб келинган автотранспорт воситаларига декларация бериш мажбуриятини юклади.

Хулоса қилиб айтганда, барча соҳаларда қўлга киритаётган залворли ютуқларимиз моҳия­тида «Ислоҳот — инсон манфаатлари учун» тамойили устувор. Ишбилармонлик салоҳиятини ривожлантириб, шу орқа­ли жамият ва давлат равнақига ҳисса қўшаётган тадбиркорлар ҳу­қуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясининг такомиллашуви замирида ҳам ана шу олижаноб мақсад мужассам.

Президентимиз таъбири би­лан айтганда, тадбиркорлар фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашув иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича давлат сиёсатига қар­ши қаратилган ҳаракат ҳисобланади ва бу борада мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш биринчи даражали аҳамиятга эга бўлиши лозим.

Бу ҳақиқатни ҳар бир назорат органи ходимининг онгу шуурига чуқур сингдиришга қаратилган ишларимизни янада кучайтириш айни муддаодир.

Қодиржон Тожиматов,

Норин туман маъмурий суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: