СУД ТИЗИМИ ВА ГЕНДЕР ТЕНГЛИК

2020 йил 18 сентябрда пойтахтимиздаги “Hilton” меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси ва Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ҳамда Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Гендер тенгликни таъминлашда суд тизимининг ўрни” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди. Тадбирда гендер балансга эришиш ҳамда миллий суд тизимида гендер жиҳатларни қамраб олган йўл харитасини ишлаб чиқиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Гендер компонентларини суд тизимига жорий қилишда қўлланиладиган халқаро андозалар ва амалиёт ўрганилди. Одил судловни амалага оширишда гендер тенгликни таъминланишини кафолатлаш, гендер тенгликни таъминлаш ва гендер дискриминацияни бартараф этишда судьяларнинг ўрни, аёлларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш ва суд тизимида аёллар иштирокини янада кўпайтириш бўйича Ўзбекистон тажрибаси каби масалаларга алоҳида урғу берилди.

Семинарда “Аёлларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш: энг яхши халқаро тажриба ва миллий амалиёт”, “Суд тизимида аёл-судьялар сонини ошириш бўйича хорижий тажрибани ўрганиб чиқиш”, “Аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида судлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш учун гендер кўрсаткичларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш”, шунингдек, “Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси” мисолида Ўзбекистон қонунчилигида гендер-ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш” мавзуларида таҳлилий тадқиқотлар тақдим қилинди.

Тадбирда таъкидлаганидек, 2017 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида давлатимизни халқаро майдондаги имиджини оширишга алоҳида урғу берилган. Бу йўналишда бошқа муҳим вазифалар билан бир қаторда мамлакатимиз томонидан қабул қилинган халқаро конвенциялар ва шартномалар, БМТнинг инсон хуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий органларининг тавсияларидан келиб чиққан ҳолда ҳукуматнинг халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлари қабул қилинишини ҳам назарда тутади.

Ўзбекистон Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни қабул қилиш орқали Барқарор ривожланиш мақсадлари тарафдори эканлигини тасдиқлади. Мазкур ҳужжатнинг 5-мақсади «Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш»га, 16-мақсад эса «Барқарор ривожланиш мақсадлари йўлида тинчликсевар ва очиқ жамиятлар барпо этилишига кўмаклашиш, барча учун одил судлов имкониятидан фойдаланишни таъминлаш ва барча даражаларда самарали, ҳисобдор ва кенг иштирокка асосланган муассасаларни ташкил этиш»га бағишланган.

2019 йилда дискриминация ёки тазйиққа учраганда судга мурожаат қилишни кўзда тутадиган Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида» ҳамда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунлари қабул қилинди. Семинарда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва Тошкент давлат юридик университети вакиллари иштирок этишди. Чет эллик экспертлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари муҳокамага видеоконференц алоқа воситасида боғланишди.

Олий суд матбуот хизмати

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: