СУДЛАР ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИНИНГ ҲАМКОРЛИГИ

Сўнгги йилларда кенг кўламли ва моҳиятан чуқур суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида мамлакатимиз суд ҳокимияти ривожланишининг мутлақо янги даври бошланди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда Ўзбекистонда Президентимиз ташаббуси билан суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар том маънода юксак даражага кўтарилди.

Унинг ҳуқуқий асос­ларини такомиллаштириш юзасидан Конституциямизга суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш билан боғлиқ қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.

«Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг бир қатор моддалари янги нормалар билан бойитилди.

2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Респуб­ликасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорлар суд тизимини тубдан такомиллаштириш, фуқароларнинг суд ҳимоясига бўлган конституциявий ҳуқуқини таъминлашнинг янги босқичини бошлаб берди.

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва очиқлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги «Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида»ги 4-сонли қарори фикримизнинг яққол далилидир.

Қарор 31-банддан иборат бўлиб, унинг мақсади суд муҳокамаси ошкоралигини, судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқи амалга оширилишини, шунингдек судлар томонидан мазкур масалага оид қонун ҳужжатларининг бир хилда қўлланилишини таъминлашдир.

«Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг  7-моддасига мувофиқ  ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ мажлисда кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади.

Мазкур Қонун талабига биноан, юқорида қайд қилинган Пленум қарорида суд муҳокамасининг ошкоралиги, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва объектив ахборот бериш жамиятда ҳуқуқий хабардорлик даражаси ошишига имкон яратади, одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланади, судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва судга нисбатан жамият ишончини оширишнинг самарали воситаси ҳисобланади.

Ушбу Қарорда судлар фаолиятига доир ахборотни олиш ҳуқуқини фуқароларнинг тили, жинсий, ирқий, миллий мансублиги, диний, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеига қараб чеклашга йўл қўйилмаслиги таъкидланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 112-моддасида «Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади», деб кўрсатилган.

Конституциянинг мазкур талабига биноан суд муҳокамасининг ошкоралиги, судлар фаолиятига доир ахборотни олиш фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш вазифаларини амалга оширишга хизмат қилиши ва судлов фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга олиб келмаслиги лозим.

Қарорда тушунтирилишича, оммавий ахборот воситалари муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан башорат қилишга ёки судга бошқача тарзда таъсир этишга (босим ўтказишга) ҳақли эмас.

Судья суд қарори қонуний кучга кирмаган иш бўйича интервью беришга ёхуд оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилишга ҳақли эмас.

Суд муҳокамасининг ошкоралиги процесс иштирокчиси бўлмаган шахсларга, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларига суд мажлисида қатнашиш имконияти берилиши билан таъминланади.

Очиқ суд мажлисларини процесс иштирокчиси бўлмаган шахслар қатнашишини истисно этадиган биноларда ўтказишга йўл қўйилмайди.

Очиқ суд мажлисида процесс иштирокчиси бўлмаган вояга етмаганлар ҳозир бўлишига фақат тегишли процессуал қонун талабини инобатга олган ҳолда йўл қўйилади.

Оммавий ахборот воситалари вакилларининг очиқ суд мажлисида иш бўйича маълумотлар олиш мақсадида қатнашиши маълумот олишнинг қонуний йўли эканлигини инобатга олиб, уларнинг қонунда назарда тутилмаган асосларга кўра, суд мажлиси залига киришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди.

Процесс иштирокчиси деганда, жиноят-процессуал қонунчилигига биноан муҳокама қилиш учун тайинланган ишда иштирок этувчи прокурор, ҳимоячи, жамоат айбловчиси, жамоат ҳимоячиси, шунингдек судланувчи, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари тушунилади.

Шунингдек, Қарорда иш муҳокамасини ёпиқ суд мажлисида ўтказиш тўғрисида суд асослантирилган ажрим чиқариб, унда процесс иштирокчилари бўлмаган шахсларнинг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд мажлиси залига эркин киришига тўсқинлик қиладиган аниқ ҳолатлар кўрсатилиши кераклиги, иш ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиниши тўғрисидаги маълумот ҳамма учун очиқ бўлиши лозимлиги, иш муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилиши ҳақида суд мажлиси баённомасида ва иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатининг кириш қисмида ҳам кўрсатилади, деб тушунтириш берилган.

Иш муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилиши тўғрисидаги ажрим эълон қилингунга қадар процесс иштирокчилари бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залидан четлаштирилиши мумкин эмас. Иш муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилиши тўғрисидаги қарор ишни суд муҳокамасига тайинлаш чоғида қабул қилинган ҳолларда, процесс иштирокчилари бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залига киритилмайди.

Агар суд томонидан жиноят ишининг муайян қисми ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиниши тўғрисида қарор қабул қилинса, процесс иштирокчиси бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлисининг шу қисмига киритилмайди.

Қарорнинг 14-бандида қонунга кўра, очиқ суд мажлисини фототасвирга тушириш, видеоёзувни амалга ошириш, шунингдек оммавий ахборот воситаларида трансляция қилишга фуқаролик ишини кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;

жиноят, маъмурий, иқтисодий ишни ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан йўл қўйилиши, 16-бандининг иккинчи хатбошисида чет давлатлар оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залига улар Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинганлиги тўғрисида ҳужжат тақдим этган тақдирда киритилиши ҳақида тушунтириш берилган.

Процесс иштирокчиси бўлмаган шахслар, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларининг очиқ суд мажлисида қатнашишини чекловчи ёки уларга монелик қилувчи шароит яратилиши ман этилади ва бундай ҳолат процессуал қонун бузилиши деб ҳисобланади ва қонунда белгиланган жавобгарлик  келиб чиқишига сабаб бўлади.

Мазкур қарорда тушунтирилишича, судлар фаолияти тўғрисидаги ахборот умумфойдаланиш учун очиқ ҳисобланади, ахборотдан фойдаланиш қонун билан чекланган ҳоллар бундан мустасно.

Фойдаланиши чеклаб қўйилган ахборотга, жумладан, қуйидагилар киради:

фойдаланиши чеклаб қўйилган ахборотга давлат сирларига доир (Ўзбекистон Республикасининг «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида»ги Қонуни 3, 5-моддалари);

қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга доир (масалан, фарзандликка олиш сири) (Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 153-моддаси);

шифокорлик сирига доир (Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонуни 25-моддаси бешинчи қисми, Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги Қонуни 19-моддаси);

қонунга асосан фойдаланиши чекланган бошқа ахборотлар киради.

Суд ахборотнинг муайян қисми фойдаланиш учун чекланганлигини сабаб қилиб, талаб этилган ахборотни беришини рад қилишга ҳақли эмас. Бундай ҳолатда ахборотнинг фойдаланиш учун очиқ қисми тақдим этилади.

Қарорда берилган тушунтиришга биноан судлар фаолиятига доир маълумотлар фойдаланувчиларга уларнинг сўровига асосан, яъни оғзаки ёки ёзма шаклда, шу жумладан, электрон ҳужжат кўринишидаги мурожаатига асосан тақдим этилиши мумкин.

Бундан ташқари, судлар фаолиятига доир ахборот оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи орқали тарқатилади.

Қонуний кучга кирган суд қарорлари матни суднинг расмий веб-сайтида эгасизлаштирилган ҳолда ёки процесс иштирокчилари розилиги билан тўлиқ эълон қилиниши мумкин.

Судларда уларнинг фаолияти тўғрисида ахборот олишни таъминловчи қонунга зид бўлмаган ва судьялар мустақиллиги принципини бузмайдиган бошқа усуллардан ҳам фойдаланиш мумкин (хусусан, фуқароларни, жамоатчилик вакилларини қабул қилиш, брифинг, интервью, матбуот конференция­ларини ўтказиш, оммавий ахборот воситалари ва аҳоли олдида чиқишлар қилиш, пресс-релизлар тарқатиш ва ҳ. к.).

Жамоатчилик билан доимий алоқада бўлиш­ни таъминлаш мақсадида судларнинг расмий вакиллари оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилади.

Маълумки, очиқлик ва ошкоралик ҳар қандай ҳокимиятга бўлган ишончнинг асосий кафолатидир.

Қарорда суд ҳокимиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судлар, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раислари:

йилда камида бир марта фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд томонидан ҳимоя қилиниши ҳолати юзасидан тегишли давлат вакиллик органига маълумот тақдим этишлари;

ойида камида бир марта судьяларнинг жойларда аҳоли билан учрашувларини ташкил этишлари лозимлиги ҳақида тушунтириш берилган.

Умуман олганда, мазкур қарор суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ва юридик шахс­ларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилинаётганлигини, ишларни очиқ ва ошкора кўрилишида қонунда назарда тутилган истисно этувчи ҳолатлардан ташқари жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан эркин ҳамкорлик ўрнатишни кафолати бўлди десак, муболаға бўлмайди.

Махфират ОЧИЛОВА,

жиноят ишлари бўйича

Касби туман суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: