СУДЬЯЛАРГА НИСБАТАН ИНТИЗОМИЙ ЖАВОБГАРЛИК ИШЛАРИНИ ҚЎЗҒАТИШ АСОСЛАРИ: ХАЛҚАРО СТАНДАРТЛАР ВА ХОРИЖИЙ ДАВЛАТЛАР ТАЖРИБАСИ

Судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш асосларининг мавжудлиги судьянинг мустақиллиги ва унинг жамият олдидаги мажбуриятлари ўртасидаги мувозанатни таъминлашга хизмат қилади. Бунинг учун давлат шундай тартибга солиш механизмини яратиши лозимки, бунда судья учун ҳар бир қонун ҳужжати талабларига мос келмайдиган қарори ёки одоб-ахлоқ нормаларини бузганлиги учун мавҳум жавобгарлик хавфи истисно этилиши зарур. Судьяга асос­лантирилган ҳуқуқий таъсир чоралари, шу жумладан, интизомий жавобгарлик чоралари қўлланилишини кафолатлаш учун жавобгарликка тортишнинг қатъий асослари белгиланган бўлиши лозим.

Судьянинг интизомий жавобгарлиги масаласи суд тизими самарадорлигини ва судья­ларнинг мустақиллигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Европа Кенгаши Вазирлар қўмитасининг 2010 йилдаги (CM/Rec12) тавсияларига кўра, қасддан ёки қўпол эҳтиётсизлик ҳолатларидан ташқари судья ишни кўриш жараёнида қонун нормалари, фактлар ёки далилларни нотўғри баҳолагани учун жиноий ёхуд интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Аксарият давлатлар судьялар одоб-ахлоқ нормаларида судья томонидан йўл қўйилиши мумкин бўлмаган хатти-ҳаракатлар рўйхати келтирилган.

Интизомий жавобгарлик чораларини қўллаш учун асос бўлувчи нормаларни турлича талқин қилишнинг олдини олиш мақсадида эса, баъзи Европа давлатлари қонунчилигида интизомий ножўя хатти-ҳаракатнинг қатъий асослари белгиланган.

Баъзи қонунларда унча оғир бўлмаган ва оғир ножўя хатти-ҳаракатлар ўртасидаги фарқлар белгиланган. Испаниянинг «Суд ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунига кўра, унча оғир бўлмаган ножўя хатти-ҳаракатларга судьянинг ўз раҳбариятига ёки бошқа суд ходимларига нисбатан ҳурматсизлиги, уларнинг кўрсатмаларини ёки топшириқларини бажармаслиги ёхуд ўз иш жойида узоқ вақт давомида сабабсиз бўлмаслиги киради. Интизомий жазо чораларини қўллашга олиб келадиган оғир ножўя хатти-ҳаракатлар жумласига, Конституция қоидаларини бузиш, манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлганда ишни кўришдан ўз хоҳишига кўра воз кечмаслик, судьялик обрўсига тўғри келмайдиган хатти-ҳаракатларни содир этиш, процессуал муддатларга риоя қилмаслик, ўз ваколатини суиистеъмол қилиш, махфий маълумотларни ёки касбий сирни ошкор қилиш кабилар киради. Ўта оғир ножўя хатти-ҳаракатларга Испания Конституциясига риоя қилмаслик, агар бундай ҳуқуқбузарлик суд қарори билан якуний тарзда мустаҳкамланган бўлса, сиёсий партиялар ёки касаба уюшмаларига аъзо бўлиш орқали олинган мажбуриятни бажариш ёки хизмат қилиш, ўзининг судья­лик функция­сини бажаришда бошқа судья ёки магистратга буйруқ бериш ёки босим ўтказиш орқали асослантирилмаган аралашиш содир этиш, ишни кўришда иштирок этишга халақит берадиган қандайдир юридик ҳолатлар таъсирида қолиш унга олдиндан маълум бўлса-да, судья ёки магистр ишни кўришдан воз кечмаса, ишни кўришни асоссиз ёки такрорий равишда чўзиш, ишни қўзғаш, юритиш ёки унинг доирасида қарор қабул қилиш, бошқа ҳар қандай суд вазифаларини бажариш заруратини инкор қилиш ва бошқалар мансубдир.

Айтиш жоизки, баъзи интизомий жавобгарликка тортиш учун асосларнинг мавҳумлиги, масалан, судьяга нисбатан интизомий жазо чораларини «сиёсий фаолият», «нолойиқ муносабат» ёки «нопрофессионал ахлоқ» каби умумий тушунчалардан келиб чиқиб қўллаш муқаррар равишда судьялар мустақиллигининг бузилишига олиб келади.

Юқорида таъкидланганидек, судьянинг одоб-ахлоқ қоидалари аниқ ва етарлича тушунарли тарзда ифодаланган бўлишига қарамасдан, интизомий жазо чоралари фақат судья томонидан қасддан ёки қўпол эҳтиётсизликка йўл қўйилгандагина қўлланилиши керак.

Судьяларга нисбатан интизомий жавобгарлик ишларини юритиш вақтида инсон ҳуқуқларининг асосий принциплари кафолатланиши лозим.

Интизомий жавобгарликка олиб келадиган ножўя хатти-ҳаракатларни содир этишда шубҳаланаётган судьялар ҳам кафолатланган ҳуқуқларга эга.

Аввало, судья ўзига нисбатан расман хизмат текшируви ишлари бошланганлиги тўғрисида хабардор қилиниши лозим. Шикоят асослантирилмаган ҳамда кейинги босқичларда шикоятдан воз кечилган бўлса, судьяга нисбатан келиб тушган ҳар қандай шикоят тўғрисида судьяни зудлик билан хабардор қилиш шарт эмас.

Суд ҳокимияти масалалари бўйича Европа тармоғи кенгашининг (ENCJ) Минимал суд стандартларида келиб тушган шикоятни кўришнинг дастлабки босқичида судьяни зудлик билан хабардор қилмасликнинг асослари ҳам мавжуд. Жумладан, «судьяни заруратсиз безовта қилмаслик, унинг холислиги ва мустақиллигини хавф остига қўймаслик ҳамда жамоатчилик олдида обрў-эътиборини туширмаслик» билан боғлиқ қоидалар белгиланган. Бироқ, шикоят кейинги тафтиш учун қабул қилинган заҳоти судья бу тўғрисида хабардор қилиниши керак. Зотан, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактнинг 14-моддасига мувофиқ, барча шахслар судлар ва трибуналлар олдида тенгдир. Ҳар бир киши унга қўйилаётган ҳар қандай жиноий айблов кўриб чиқилаётганда ёки бирон-бир фуқаролик жараёнида унинг ҳуқуқ ва бурчлари аниқланаётганида қонунга мувофиқ тузилган нуфузли, мустақил ва холис суд томонидан мазкур иш адолатли ҳамда очиқ ҳолда кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 6-моддасида судга келтирилган шахслар ишларининг адолатли ва оммавий муҳокамасини таъминлаш учун қонун асосида тузилган мустақил ва холис суд бўлиши лозимлиги таъкидланган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг хулосасига кўра, судьяларга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисидаги иш одил судлов муҳокамаси тўғрисидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 6-моддаси ҳамда ишнинг ҳолатига боғлиқ бўлган тегишли миллий қонунчилик таъсири остида бўлади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг 2001 йил 8 февралдаги қарорига асосан, судьялар корпуси фуқаролик хизматининг таркибига кирмаса-да, давлат хизматининг бир қисмидир. Шу боис, судья одил судловни юритиш соҳасида ўзига берилган ваколатларни амалга оширишда бевосита қатнашади ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мажбуриятига эга.

Судьяга нисбатан интизомий иш қўзғатиш тизимида унинг фикр-мулоҳаза билдиришига имкон берувчи нормалар бўлиши керак. Агар интизомий чора қўлланилаётган судья ишнинг очиқ кўрилишини талаб қилмаса, дастлабки босқичда иш ёпиқ кўрилиши керак.

Назаримизда, интизомий ножўя хатти-ҳаракатларга оид ишларни ёпиқ тарзда кўриб чиқиш учун асос бўлувчи ҳолатларни ҳам назарда тутиш лозим.

Давлатнинг миллий хавфсизлиги, оммавий тартиби, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи масалалар шулар жумласидандир.

Ишда иштирок этувчиларнинг шахсий ҳаётини ҳимоя қилиш мақсадида ёки алоҳида  ҳолатларда, интизомий ишни очиқ кўриш одил судловнинг манфаатларига путур етказиши мумкин деб топилиши мумкин. Масалан, Европада бундай ҳолатларда ижтимоий назорат муҳимлигини эътиборга олиб, ишларни ёпиқ тарзда олиб бориш учун асослар тақдим қилмаслик Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг қоидалари бузилишига олиб келиши мумкин. 2009 йил 5 февралдаги Хорватияга қарши Олужичнинг шикояти юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг қарорида шикоятчининг мазкур ишни оммавий, очиқ кўриш талаби ва ишга нисбатан жамоатчиликнинг қизиқиши сезиларли даражада юқори бўлганига қарамасдан, суд муҳокамасида жамоатчиликнинг қатнашиши асоссиз равишда бекор қилиниши шикоятчининг ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлганлиги қайд этилган. Интизомий иш қўзғатиш жараёни очиқ ёки ёпиқ бўлишидан қатъи назар, ишни кўриш якуни бўйича қабул қилинган қарорлар матбуотда эълон қилиниши шарт.

Айрим давлатларнинг (масалан, Австрия ва Болгария) интизомий жавобгарлик ишларини юритиш тўғрисидаги қонунларига кўра, интизомий жавобгарлик ишларини кўриш тартиблари суд муҳокамаларини ўз ичига олиши ва улар жамоатчилик учун очиқ бўлиши керак. Бундан ташқари, баъзи қонунларда интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорлар матбуотда эълон қилиниши шартлиги кўрсатилган.

Аксарият давлатларда интизомий жавобгарликка тортиш тартибини адолатли ва тезкор ўтказишни таъминлаш мақсадида судьялар устидан шикоят беришнинг муддати назарда тутилган. Болгариянинг «Суд тизимлари тўғрисида»ги Қонунининг 310-моддасига мувофиқ, интизомий жавобгарлик ишини қилмиш аниқланган кундан бошлаб олти ой ичида ва у содир қилинган кундан бошлаб уч йилдан кечиктирмасдан қўзғатиш мумкин.

Хорватиянинг «Давлат суд кенгаши тўғрисида»ги Қонунининг 24-моддасига мувофиқ, интизомий жавобгарлик тўғрисидаги иш гумон қилинган қилмиш аниқлангандан кейин олти ой ичида ёки у содир этилган кундан икки йилдан кечиктирмасдан қўзғатилади.

Одатда, интизомий жавобгарлик ишини юритишнинг барча босқичлари учун муддат чегарасини белгилаш назарда тутилади, шу жумладан, тафтишни тугатиш, якуний қарорни чиқариш, интизомий жазо чорасини иш бўйича қарор қабул қилингандан кейин зудлик билан ҳеч қандай асоссиз кечиктирмасдан қўллаш лозим. Бу борадаги муддат Болгариянинг «Суд тизимлари тўғрисида»ги Қонунининг 310-моддасида уч ой, Хорватиянинг «Давлат суд кенгаши тўғрисида»ги Қонунининг 24-моддасида бир йил, Испаниянинг «Суд тизимлари тўғрисида»ги Қонунининг 425-моддасида узайтириш имконияти билан олти ой этиб белгиланган.

Муддатлар фақат истисно ҳолатлардагина, масалан, тафтиш мураккаб бўлса, судья касал бўлса ёки жиноий тергов ҳаракатлари узоқ давом этса ёки жиноий иш юритиш натижалари интизомий жавобгарлик бўйича ишни тафтиш қилишга боғлиқ бўлса, узайтирилиши мумкин.

Тарафларнинг тенглиги принципидан келиб чиқиб, интизомий жавобгарликка оид ножўя хатти-ҳаракатни содир қилганликда айбланган судьяга ўз иши бўйича кўрсатма ва далилларни тақдим этиш имконияти берилиши керак.

Хулоса қилиб айтганда, судьяга нисбатан интизомий иш қўзғатиш ва жавобгарлик ишларини юритишни тартибга солувчи  қонунлар тегишли судьяни тинглаш, гувоҳларни тергов қилиш, кўрсатма ва далилларга баҳо бериш учун имконият яратиши ҳамда судьяга адвокат олишни кафолатлаши лозим. Бундан ташқари, интизомий жавобгарлик ишларини кўрувчи органнинг биринчи инстанциясида (ҳокимият органи бўладими, суд ёки трибунал бўладими) қабул қилинган қарор устидан судга шикоят қилиш имконияти кафолатланиши лозим.

Одилжон Сулаймонов,

Судьялар олий мактаби бош мутахассиси,

юридик фанлар номзоди, доцент

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: