СУВ БОШИДАН ЛОЙҚАЛАНСА… ЁХУД ЎН САККИЗГА КИРМАГАН ҚИЗНИНГ КИРДИКОРЛИКЛАРИ ХУСУСИДА
Азалдан қиз фарзанд нафақат оила, балки ҳар бир миллатнинг, элнинг, юртнинг ори-ғурури саналган. Шу боис, қиз боланинг тарбияси нозик, алоҳида эътибор ва масъулият талаб қиладиган жараёндир. Айниқса, бугунги кунда қизлар тарбияси жуда мураккаб ва оғир вазиятларга рўбарў келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Замоннинг шиддат билан ўзгариб бораётгани, интернет тўлқинлари, ғарб «сабоқ»лари баъзи ёшларни ақл-заковатга суяниб эмас, балки ҳиссиётларга, ҳою ҳавасларга берилиб «иш» тутишига сабаб бўлмоқда.
Уят ўлимдан оғир…
Бир донишманддан «Ҳаётда ўлимдан ҳам оғирроқ яна нима бор?» — дея сўрашганда, у «қиз бола келтирган иснод», — деб жавоб берган экан. Ўйланиб қоласан, киши, ҳақиқатан ҳам, уят, иснод йиллар давомида ювилмайдиган тавқи лаънатдир. Иснод миқдор билан ўлчанмайди. Иснод — оналарнинг аламу изтиробдан бир кечада оқарган сочлари, оталарнинг букилган қадди, акаларнинг ориятдан эгилган бошларидир. Ҳали она сути оғзидан кетмаган баъзи эркатой қизларнинг тунги барларда, чилимхоналарда тонггача маст-аласт, сархуш бўлиб юриши иснод эмасми?!
Жиноят кўчасига кириб, суднинг қора курсисига неча марталаб ўтиришдан уялмайдиган вояга етмаган қизларнинг кечирилмас қилмиши иснод эмасми?
Мафтуна Собирова 2001 йилда Кармана туманида туғилган. Наманган шаҳридаги умумтаълим мактабида ўқиган. У биринчи марта жиноят содир этганида ўн етти ёшда эди. Ўн етти ёш… Таърифу таҳсинларга сиғмайдиган шундай гўзал ёшликни увол қилган бу қизнинг босиб ўтган йўлларида яхшилик изи йўқ. 2018 йилда жиноят ишлари бўйича ўиждувон туман суди томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши Жиноят кодексининг 66-1-моддаси тартибида томонларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган эди.
Аммо бебош қиз бу бағрикенгликдан тўғри хулоса чиқариб олмагани бор-йўғи, уч-тўрт ойдан сўнг маълум бўлди. ¤рганган кўнгил… яна ўртанди…
Иккинчи марта содир этган жинояти учун 2019 йилда жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан кодекснинг 57, 84-1-моддалари тартибида бир йил озодликни чеклаш, Жиноят кодексининг 62-моддаси тартибида 10 ой 29 кун озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Халқимиз «Кўр ҳассасини бир марта йўқотади» деб бежизга айтмаган. Бу ҳикмат замирида ҳаётга очиқ кўз билан қараш, хатодан оқилона хулоса чиқариш ва қилмишдан пушаймонлик каби маънолар мужассам. Ҳолбуки, кўзи очиқ, қалбида ғуруру ори бор одам ҳамиша хатолардан тўғри хулоса чиқаради, ҳаётда қайта қоқилмасликка ҳаракат қилади.
Аммо «қаҳрамонимиз» ҳақида бундай деб бўлмайди. Нега деганда, у суд томонидан тегишли жазо тайинлангач, орадан атиги уч ой ўтиб, яна янги жиноят содир этмаган, яна суднинг қора курсисига ўтирмаган бўларди.
Қилмишларининг оқибатини ўйлаб кўришни хоҳламаётган бу қизча учинчи марта ўтган йилнинг май ойида жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан Жиноят кодексининг юқорида қайд этилган моддаси билан 1 йил 6 ой озодликни чеклаш, Жиноят кодексининг 62-моддаси тартибида 1 йил 2 ой 12 кун озодликни чеклаш жазосига ҳукм этилган, аммо жазони охиригача ўтамаган. Кейин эса, Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди билан айбланган ва 2019 йилнинг 13 июнидан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Кишан бўлган тилла занжирлар
Қисқаси, у жазони ижро этиш муассасасидан озод этилиб, Наманган шаҳридаги уйига қайтиб келгач, 26 май куни отаси Икром Собиров, акаси Акбар билан Навоий шаҳрига турмушга чиққан опасиникига меҳмонга келишади. Эртаси куни эса, Мафтуна опаси Насиба билан бирга Навоий шаҳридаги буюм бозоридаги «Адҳам голд» хусусий корхонасига қарашли тилла тақинчоқлар дўконига киришади. Опаси тақинчоқларни кўздан кечираётган пайтда Мафтуна дўкон растаси устида турган, ичида умумий қиймати 164 700 000 сўмлик тилла тақинчоқлари бўлган қутини сездирмай ўғирлаб, ташқарига чиқади. Кейин эса, у ўғирланган тилла тақинчоқларни бозор ташқарисида, йўл ёқасидаги ўтлар орасига яширади-да, яна ҳеч нарса кўрмагандек, изига қайтиб, дўконга киради. Опаси ундан қаерга кетиб қолдинг, деб сўраганда, долларни сўмга алмаштириб келдим, дея алдайди.
Сотувчи билан опаси ундан дўкондан бирор нарсани олмадингми, деб сўрашганда, у йўқ деб жавоб беради. Шундан сўнг у опаси билан дўкондан чиқиб, уйга қайтиб келади. Орадан бироз вақт ўтгач, у ҳеч кимга сездирмай уйдан чиқади-да, тилла тақинчоқларни яширган бояги жойига келади. Тилла тақинчоқларни олгач, опасининг уйига эмас, балки Карманадаги автошоҳбекатдан Тошкент шаҳрига йўл олади. Орадан бир неча кун ўтгач, Наманган шаҳрига қайтиб келиб, ўғирланган молларининг бир қисмини нотаниш кишиларга сотади-да, ўзига спорт кийими ва «Айфон» русумли телефон аппарати сотиб олади. Тилла тақинчоқларнинг қолган қисмини эса, амакисининг уйидаги гултувакнинг ичига яшириб қўяди. Аммо Мафтуна содир этган қилмишимни ҳеч ким билмайди, дея чучварани хом санаган эди.
Орадан кўп вақт ўтмай амакисининг уйида отаси Икром Собиров, акаси Акбар ва қариндошлари билан ўтирган вақтида ички ишлар бўлими ходимлари келиб, уни аввалига Наманган шаҳар ички ишлар идорасига, кейин эса, Навоий шаҳрига олиб кетишади. Устаси фаранг ўғри қизнинг ўз айбини тан олишдан бошқа чораси қолмайди. У ички ишлар ходимларига бўлган воқеани айтиб бериб, айбига иқрор бўлади. Бироқ айёрликни қарангки, бу маккора қиз шундай пайтда ҳам, ҳийла ишлатиб, муқаррар жазодан қутулиб қолишга уринади. Аниқроқ айтганда, у ички ишлар ходимларини Наманган шаҳрига борса, тилла тақинчоқларни топиб беришини айтиб ишонтиради. Наманган шаҳрига келгач эса, ички ишлар идораси ходимларини алдаб, қочиб кетади. Аммо у тез орада қўлга олинади.
Вояга етмаган қизнинг эгри йўлда юришдан, озодликдек буюк неъматдан айрилишдан, гулдек умрини хазон, келажагини барбод қилишдан, ота-онасига иснод келтиришдан қўрқмаслиги ҳар қандай кишини чуқур ўйга толдиради.
Сабабсиз оқибат йўқ…
Мафтунанинг қилмишлари ҳақида фикр юритганда, бу жиноятнинг илдизи қаерда, деган ҳақли савол туғилиши табиий. Одатда, оилада ота, қолаверса, акалар ўз сингилларининг тарбиясига ҳамиша ҳушёрлик билан қарашади.
Уларнинг ана шундай эътибори, ўрни келганда қаттиққўллиги боис қизлар тўғри йўлдан адашмайди. Аммо Мафтуна нега отаси ва акаси бўла туриб, жиноят кўчасига бир неча марта қадам қўйди? Уни нега ўз вақтида бу боши берк кўчадан, хатарли йўллардан қайтаришмади? Нега бу қора қилмишлардан ҳеч ким хулоса чиқармади? Ёки уларнинг ўзлари ҳам бу «савдолар»га шерикми, деган савол ҳам туғилади.
Суд материалларида Мафтунанинг отаси И. Собиров Зангиотадаги жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган турмуш ўртоғини кўриш учун боргани ҳақидаги фикрларни ўқиб, калаванинг учини топгандек бўлади, киши. Халқимизнинг «Қуш уясида кўрганини қилади» ёки «Онасини кўриб, қизини ол» деган мақоллари айнан шу оила аъзоларига нисбатан айтилгандек туюлади. Онаси жиноятчи бўлган қизнинг фаришта бўлиши даргумон, албатта. Аммо уни бу йўлдан қайтаришга масъул одамларнинг ўзи тарбияга муҳтож экан, масъул идоралар, маҳалла фуқаролар йиғини қаёққа қараган? Бу қиз бир эмас, бир неча марта билиб туриб, жиноят қилса-ю, унга панжа орасидан қарашда давом этсак… Сабабсиз оқибат йўқлигини унутиб қўйсак?!.
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан Мафтунага жиноятига яраша жазо тайинланди. Унга нисбатан инсонпарварлик, бағрикенглик тамойилларини қўллаш беҳудалиги, тўртинчи марта жиноят содир этганини назарга тутиб, ўтган галги ўталмай қолган жазосини қўшган ҳолда 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Тайинланган жазони тарбия колониясида ўташ белгилаб қўйилди. Боласининг қилмиши учун отаси ҳам товон тўлайдиган бўлди. Ҳукмда И. Собировдан тилла тақинчоқлар дўкони эгасига 88 миллион 800 минг сўм ундирилиши қайд этилди. Фарзанд тарбиясига лоқайд қараш, уни буткул ўз ҳолига ташлаб қўйиш барча кулфатларнинг сабабчиси экани оддий ҳақиқат.
Отанинг бепарволиги қизининг эгри йўллардан жар ёқасига келиб қолишига сабаб бўлди. Қўлларига кишан бўлган тилла занжирлар ўн саккиз ёшли қизга сабоқ бўлдимикан? У энг гуллаган ёшлик чоғида тўрт марта жиноят содир этганидан пушаймон ва афсус чекармикин? Буни, албатта, вақт кўрсатади.
Шерзод МАМИРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Навоий шаҳар судининг раиси,
Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист
Фикр қолдириш