ТАДБИРКОР ЭЪТИРОЗИГА САБАБ БЎЛГАН АУКЦИОН САВДОСИ НЕГА ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИЛДИ?
Маълумки, иқтисодий судларнинг энг муҳим вазифаларидан бири корхона, муассаса, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишдан иборатдир.
Бугун тадбиркорларнинг қонуний манфаатлари устуворлигини таъминлаш, уларнинг эркин фаолият кўрсатиш учун ҳар томонлама имконият яратиш, қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддият ва ноаниқликларга чек қўйиш суд идоралари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг энг асосий йўналишларидан бирига айланди.
Шу маънода иқтисодий судлар томонидан ҳам тадбиркорлар билан давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар ўртасидаги низоларни кўриб чиқишда тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги даъвогар «К. NAURIZOV ATINDAGI MPK BAXITLI OQIW NODAVLAT TALIM» масъулияти чекланган жамияти манфаатини кўзлаб, жавобгарлар Мажбурий ижро бюроси Қарши шаҳар бўлими ҳамда «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» давлат унитар корхонасига нисбатан 2019 йил 6 декабрь куни ўтказилган электрон-онлайн аукционни ҳақиқий эмас, деб топиш ҳамда тўланган 67 276 000 сўмни қайтаришни сўраб, судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Даъво талаби бўйича тўпланган ҳужжатлардан аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2019 йил 26 июлдаги ҳал қилув қарорига асосан, «Микрокредитбанк»нинг Бешкент тумани филиали фойдасига 704 062 500 сўм ундириш ҳақидаги ижро варақаси 2019 йил 12 августда Мажбурий ижро бюросининг Қарши шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган.
Шундан сўнг олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида ижро варақасига асосан, ундирувни 48 400 000 сўмга баҳоланган «СОВALT» русумли, «70 Q 034 DA» давлат рақамли автотранспорт воситасига қаратиш белгиланган. Шу боис давлат ижрочиси томонидан 2019 йил 21 августда ушбу автомашина хатланиб, 2019 йил 25 сентябрь куни электрон онлайн-аукцион савдосига қўйилган.
Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш марказининг 2019 йил 6 декабрдаги ОА-0404-000072-сонли баённомасига кўра, ушбу автомашина тадбиркор томонидан 67 276 000 сўмга сотиб олинган.
Айтиш керакки, Президентимизнинг 2017 йил 27 июлдаги қарори билан тасдиқланган «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукционларни ташкил этиши белгиланган.
Бундан ташқари Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директорининг 2017 йил 31 июлдаги 9-сонли буйруғи билан тасдиқланган «Электрон онлайн-аукционлар ташкил этиш ва ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончаси оператори ўртасидаги ўзаро ҳамкорлиги тўғрисида»ги Регламентнинг 9-бандида давлат ижрочиси томонидан буюртмаланган мол-мулкни тавсифловчи ҳужжатлар, шу жумладан, баҳолаш тўғрисидаги хулоса, автомототранспорт воситасини ёки кўчмас мулкни кўздан кечириш далолатномасининг кўчирма нусхалари илова қилиниши қайд этилган.
Ушбу қонун ва қонуности ҳужжатлари талабларидан келиб чиқиб, Мажбурий ижро бюроси Қарши шаҳар бўлими ҳамда Қарши шаҳар ИИБ ЙХХБ масъул ходимлари томонидан 2019 йил 25 сентябрда ижро ҳужжатлари бўйича автомототранспорт воситасини кўздан кечириш далолатномаси расмийлаштирилган.
Мазкур далолатномага асосан, «СОВALT» русумли автотранспорт воситасининг спидометрининг ҳолати 2106 эканлиги аниқланиб, холислар иштирокида тасдиқланган.
Бироқ суд муҳокамаси давомида аниқланган ҳолатлар, ишда иштирок этувчи шахслар берган тушунтиришлар, тақдим этилган ҳужжатлардан маълум бўлдики, тадбиркор сотиб олган «СОВALT» русумли автотранспорт воситаси спидометрининг ҳолати электрон аукцион савдоси ўтказилган кунда далолатномада кўрсатилганидек 2106 километрни эмас, балки 200702 километрни ташкил қилгани далиллар билан ўз исботини топди.
Шу сабабли суд тадбиркор томонидан аукцион савдосида ютиб олинган автомототранспорт воситасининг юрган масофаси электрон-онлайни савдосида кўрсатилганидек 2106 эмас, балки 200702 эканлиги факти даъвогарнинг ҳақиқий хоҳиш-истагини акс эттирмайдиган, уни тузиш вақтида тарафлар назарда тутган ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлмаган битим эканлигини эътироф этиб, 2019 йил 6 декабрда ўтказилган № ОА 0404-000072-сонли электрон-онлайн аукцион натижалари тўғрисидаги баённомани ҳақиқий эмас деб топди.
Шу билан бирга, ушбу қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тегишли идораларга хусусий ажримлар чиқарилди.
Албатта, суд ҳужжати ижроси сўзсиз таъминланади. Тадбиркор томонидан тўланган пул ҳам ўз эгасига қайтарилади, аукцион ҳужжатларини расмийлаштиришда хатога йўл қўйган масъул ходимларга нисбатан ҳам қонуний чора кўрилади. Бироқ эзгу орзу-ҳаваслар билан аукцион савдосида ютиб олган автомашинасининг юрган масофаси эълонда кўрсатилганидан анча фарқ қилса… бу нима дегани?! Тағин бу машмаша туфайли пулини қайтариб олишда ойлаб турли идораларга қайта-қайта мурожаат қилиб, туну-кун қанчадан-қанча асаббузарликларни бошдан кечирган тадбиркор кўрган моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаб бўладими?!
Ҳусан ТУРСУНОВ,
Қарши туманлараро иқтисодий суди судьяси,
юридик фанлар номзоди
Фикр қолдириш