Андижон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координатори билан 2018-2020 йилларда амалга оширилиши белгиланган “Йўл ҳаритаси” доирасида “Ўзбекистонда тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг суд орқали ҳимоясини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Олий суд судьялари, адлия, давлат хизматлар агентлиги, прокуратура, божхона, солиқ бошқармалари, тижорат банклари, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси вакиллари, 30 дан ортиқ маҳаллий тадбиркорлар ҳамда талаба ёшлар иштирок этди.
Давра суҳбатида сўзга чиққан маърузачилар мамлакатимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари суд орқали ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар миллий иқтисодиётимизни ривожлантиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлашди.
Мулоқотларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларни Фаол инвестициялар ижтимоий ривожланиш йилида амалга оширишга оид давлат дастури ва мазмун-моҳияти хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Тадбиркорларга Иқтисодий процессуал кодекси мазмун-моҳияти, унинг амалдаги Хўжалик процессуал кодексидан фарқли жиҳатлари, афзалликлари тўғрисида маълумот берилди.
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координатори миллий маслаҳатчиси Умид Пўлатов тадбир фойдали мулоқотларга бой тарзида ўтганлигини, келгусида ҳам Олий суд билан ҳамкорликда бундай давра суҳбатларини ўтказиш тадбиркорлар манфаатлари судларда ишончли ҳимояланишини таъкидлади.
Олий суд Матбуот хизмати
Фикр қолдириш