ТАНАЗЗУЛ
…Урганчлик Бобоназар Ражабовга 1995 йили яхши ният-ла бошлаган тўйи татимади. Эндигина 21 ёшга тўлган ўғли Азамат ўзи ва бўлғуси умр йўлдоши учун ҳозирланган гўшангага кирмади.
Куёвбола тўйига бир кун қолганида кутилмаганда Урганч шаҳрининг Самарқанд кўчасидаги ўзи униб-ўсган ота уйини тарк этиб, пойтахт — Тошкентга равона бўлди.
У тўй арафаси уйидан кетишга қарор қилганини гарчи яқинларидан сир тутган эса-да, бу ҳақдаги ниятини баъзи етти ёт бегоналарга аллақачон маълум қилган эди.
Тошкентда уни айни шу кимсалар кутиб олди. У ва шериклари вақтни бекор ўтказишмади. Йўл ҳозирлигини кўришди ва орадан бир неча кун ўтгач, уч киши бўлиб, қўшни Тожикистон сари отланишди. Гоҳо автоуловда, кўпинча эса, пойи-пиёда юришди. Кундузи паналаб, тунда ҳаракатланишди ва ниҳоят, қўшни республиканинг Ҳоит қишлоғидан қўним топишди.
Азамат бу ерда ҳам бекорчиликни бир четга сурди, гапга чечанлик қобилиятини намойиш этди. Ҳеч иккиланмай «Туркистон», кейинчалик эса, «Ўзбекистон ислом ҳаракати» деб номланган диний экстремизм ва террорчилик ташкилоти сафига қўшилди. Бу бузғунчи ташкилот раҳнамолари унга «Хузайфа» лақабини беришди ва 2000 йили етарлича ҳарбий ҳамда диний бузғунчиликка қаратилган таълимдан сўнг уруш ва зўравонлик олови тобора зўраяётган Афғонистон заминига йўллашди.
Улар Қундуз шаҳрига етиб келишди. Бу ерда қонуний ҳокимиятга қарши қуролли жанг олиб бораётган «Толибон» ҳаракати фаоллари уларни кутиб олишди, кийим-кечак, озиқ-овқат билан таъминлаб, анча вақтдан буён нотинч ва беҳаловат турмуш домида қолиб келаётган Мозори Шариф шаҳрига элтишди.
Азамат бу ерда ушбу қўпорувчилик ташкилотининг «Тарғибот» гуруҳига қўшилди. Видеотасвирчилик бобида билим ва малакага эга эканини билдиргач, зиммасига айни шу вазифани юклашди.
Шу тариқа Азамат Тоҳир Йўлдош, Жума Намангоний каби бузғунчи «амир-уламо»ларнинг яқин ҳамроҳи ва дастёрига айланди. Уларнинг нопок қадами, бузғунчи маъруза ва нутқларига дахлдор воқеалар тафсилоти акс этган юзлаб видео тасвирлар, ҳужжатли фильмларни суратга олди. Айюҳаннос солишдан иборат бундай сохта ва ёлғон-яшиқ видео тасма-тасвирлар араб, форс тилларида тарқатилди.
Жанг манзараларидан бирини тасвирга тушириш чоғи оғир яраланди, лекин ўз раҳнамосининг ғамхўрлиги билан яна оёққа турди.
Тузалиши билан тағин жанг майдонига отланди.
Тоҳир Йўлдошнинг кўрсатмасига мувофиқ, эри жангда ҳалок бўлган хоразмлик аёл И. Оллобергановани шаърий йўл билан унга никоҳлаб беришди. Бу оила бир муддат қўшни Покистонда яшади. Бироқ турмушнинг бу янглиғ тотли дамлари омонат бўлиб чиқди. Бир ҳовуч бузғунчи тўдани бошқарган Ж. Намангоний, Т. Йўлдош сингари каллакесарлар ёт элда ит ўлимини топишди.
Афғонистон ва Покистон заминида уруш оловини ёқувчилар уясига сув қуйилди. Бу юртлар пировардида Ватанга қуролли ҳамла қилишни мўлжаллаган жангари-хоинларга торлик қилди. Улардан кўпчилиги илоннинг инини минг тангага кира қилганча, баъзи форс ҳамда араб давлатларидан паноҳ излашди.
Бундай шум тақдир ва қисмат «ўйини»га Азамат ҳамда унинг шўрпешона аёли ҳамда фарзандлари ҳам дуч келишди. Ўз раҳнамоларидан жудо бўлиб, умидсизлик исканжасида қолган Азамат «ҳаракат»нинг янги раҳбарларидан қўлини ювиб, қўлтиғига урди, пайтини пойлаганча бу ёт элни тарк этди.
Унинг оиласи Эрондан бошпана топди. Мазкур мамлакатнинг гоҳо у, гоҳо бу ҳудудида қочқин ва муҳожир мақомида тирикчилик қилди, пайти келганида эса, Ватанга қайтиш илинжида қўшни Озарбайжонга туташ Остара шаҳрига ҳам мўралади, бир неча ҳафта мобайнида оиласи билан сарҳаддаги шаҳарда омонатгина кун кечирди.
Айтишича, сарҳаддан ўтиш имкони топилмагач, ортига қайтган.
Афсуски, туғилиб ўсган диёр энди унга ёт. У ўз бағрини ватанфуруш-хоинларга очмайди, очолмайди. Бундай қилмишга қўл урган кимса, авваламбор, суд олдида ўз кирдикорлари ҳисобини бермоғи даркор.
Тоҳир Йўлдош ва у бошчилик қилган қуролли гуруҳ гумаштаси — видеотасвирчи Азамат томонидан амалга оширилган қилмиш эса, анча оғир: унга нисбатан Ватани олдидаги жиноятлари, ўзга юртлар аҳолиси, давлат ҳокимияти органларига қарши олиб борилган жанг ҳаракатларида фаол иштирок этгани учун ҳали 2007 йилдаёқ Ўзбекистонда жиноят иши очилиб, қидирув эълон қилинган.
Кечмиш ғилдираги эса, ҳамон тинимсиз айланади. Ана шу тариқа кунларни қувлаб, ҳафталар, ойлар, йиллар ўтди. Ёт элларда умгузаронлик қилаётган Ражабовлар оиласи фарзандлари 6 нафарга етди. Оила узоқ Хоразмда қолган яқинлари билан алоқани тиклади.
Шундан сўнг аввалига Азаматнинг отаси Б. Ражабов, кейинчалик умр йўлдошининг отаси И. Оллоберганов улар ҳузурига келишди. Бир муддат бирга яшаб, Ватанга қайтиш чоралари, йўл-йўриқларини излашди.
Ана шундай кунларнинг бирида юрт эшиклари гўёки ўзининг ноқобил фарзанди учун очилгандай бўлди.
Арафада Эрон миграция хизмати томонидан қўлга олиниб, турмага ташланди. Муҳожирнинг бир неча ойлик ҳаёти ана шу масканда кечди. Шу вақт ичида уни ўз юртига жўнатиш чоралари кўрилди. Бу воқеа 2017 йилнинг ноябрь ойида содир бўлди.
Азамат тушган самолёт Теҳрондан учиб Тошкент халқаро аэропортига қўнди. Бироқ зикр қилинганидек, Ватан хоинга қучоқ очмади. Уни халқаро норма талабларига мувофиқ эртаси куниёқ ортига қайтаришди. Ёт элга қайтган муҳожир яна қочоқлар лагерига тушди.
Бир неча ҳафтадан сўнг унга қўшни Туркияга ўтиб яшаши мумкинлигини расман тушунтиришди. У таклифни қабул қилди. Оила қарийб 15 йиллик сарсон-саргардонликдан сўнг ниҳоят турклар заминига етиб келди. Азамат бу ерда ҳам юртига қайтиш истагидан воз кечмади. Ўзбекистоннинг Туркиядаги ваколатхоналарига кечирим сўраб, пушаймонлик аризаси билан мурожаат қилди. Ва ниҳоят…
…2019 йил. Қишнинг дастлабки ойи. Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси Азаматнинг бир неча бор қилган мурожаатига жавоб қайтарди. Юртига қайтиши мумкинлигини билдирди. Айни пайтда уни Ватанда суд жавобгарлиги жараёни кутаётгани, башарти, мамлакатга қайтса, қонун сўровига дуч келиши ва жазоланиши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантиришди. Азамат икки йўлдан бирини танлади, ватангадоликдан кўра жазони афзал билди. Қўйилган шартга рози эканлигини баён этди.
…Азаматни бағрига олган самолёт 2019 йил 12 декабрь куни Тошкентга қўнди. Аён бўлганидек, уни бу ерда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари кутиб олди. Ўзга элларда аллақачондан буён жирканч қилмишининг аччиқ ажрини татиб келаётган Азамат ниҳоят қонун сўровига ҳам дуч келди.
У тергов органи томонидан ўзига нисбатан қўйилган айб: Жиноят кодексининг ёвуз мақсадлар йўлида ёлланишга оид 154-моддаси 1-қисми, мавжуд конституциявий тузумга тажовуз қилишга доир 159-моддаси 3-қисми «а» ва «б» бандлари, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки киришга тааллуқли 223-моддаси 2-қисми «б» ва «в» бандлари, тақиқланган ташкилотларни тузиш ва уларнинг фаолиятида иштирок этганликни назарда тутувчи 244-2-моддаси 1-қисми бўйича қўйилган айбловларга жавоб берди. Айбини тан олди, унга иқрорлик билдирган ҳолда чуқур пушаймонлигини изҳор этди.
Азаматнинг халқ, жамият ва Ватан олдидаги жирканч қилмишлари жиноят ишлари бўйича вилоят суди томонидан кўриб чиқилди. Бу жараёнда тергов органи тарафидан Жиноят кодексининг юқоридаги моддалари юзасидан қўйилган айб ўз тасдиғини топди.
Аммо жазони енгиллатувчи бир қатор янги ҳолатлар ҳам юзага қалқиб чиқди. Суд жиноят ишига тиркалган бир нечта ҳолатни айбланувчининг гарданидан халос этди.
Сўнгги йиллардаги ҳаётининг мазмун-моҳиятига разм солди, шу аснода жанг майдонидан қочиб, ўзга юртларда оиласи билан сарсон-саргардонликда турмуш кечиргани, ўзининг айтишича, жанглар чоғи қўлига қурол олиб, одамларга қарши ўқ узмагани, одам ўлдирмагани, кейинчалик эса, бузғунчилик ҳаракатига ортиқ бош суқмагани, аксинча, тинч меҳнат жабҳасига қайтгани, ҳунармандчилик, хусусан, ёғоч чиқиндиларидан мебель ясаш, қўй боқиш билан машғул бўлгани, гулчилик, асаларичилик билан шуғуллангани, пировардида Ватандан айро яшашдан кўра қонуний жазони афзал билгани тузалиш йўлидаги жиддий қадам сифатида баҳоланди.
Лекин бор ва бўлган ҳақиқат манаман деб турган оғир жиноий қилмиш асоратлари, халққа, Ватанга қилинган хиёнат изларини ювиб, супуриб ташлаш, инкор этиш, ҳатто хас пўшлашнинг ҳам иложи йўқ. Мамлакатимиз қонунчилигидаги бағрикенгликнинг шарофати шу бўлдики, яхшиликка йўғрилган жиҳатларни — олдга, ёмонликка йўйилгучи ҳолатларни эса, ортга сурди. Адолат ва кечиримлилик йўлини танлади.
Оғир жиноий қилмишларни содир этган собиқ жангари ҳар тўртала модда бўйича назарда тутилган жазоларни қисман қўшиш асносида 10-20 йилларга эмас, жами 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. У мазкур жазони умумий тартибли ижро колониясида ўтайди.
…Маҳкумнинг кейинги чорак асрлик умр йўларига ҳам нигоҳ ташлаймиз. У кўзга борса — келмас, тушса — чиқмас тубсиз жарлик, аросат ва қабоҳат ботқоғи сувратида намоён бўлади. Бу жаҳонда яхши инсон борки, ҳамиша ошини ошаб, ёшини яшайди. Ва, аксинча, ёмон ва ёвуз ниятли кимсалар борки, ўз қилмишининг жабрини тортади, то-абад дуойи бадга дучор бўлади.
Кечмиш йиллар бундай шум тақдир ёмон ва ёвуз ниятли юртдошимизни тинимсиз таъқиб қилиб борди. Яхши ва эзгу амаллар ҳамиша тантана қилгани каби ёмон ва тубан амаллар, қилмиш-кирдикорлар мудом мағлуб бўлди, чуқур таназзулга учради. Буюк шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таъбири билан айтганда:
Кимки вафо қилса, вафо топқусидир,
Кимки жафо қилса, жафо топқусидир.
Бобокалонимизнинг бу ибратли нақли айни дориламон замонамизда жамият қонуни сифатида намоён бўлаяпти. Жамият қонунларини эса, ҳеч ким инкор этолмайди, хас пўшлай ҳам олмайди. Гуноҳкор элдошимиз Азамат Ражабов айни ана шу қонуният теграсида жазога тортилди.
Бу янглиғ қисматга дуч келмасликнинг бирдан-бир чораси — қонунга итоат ва қонуннинг талабу тақозоларига нисбатан ҳурмат ҳамда камарбасталикдир. Омад ва мурод эшиклари шу йўлдан юрганлар учун ҳамиша очиқ.
Музаффар Самандаров,
жиноят ишлари бўйича
Хоразм вилояти судининг судьяси,
Абдулла Собиров,
журналист
Фикр қолдириш