ТУБАНЛИК БОТҚОҒИ ИККИ ОИЛАНИ ПАРОКАНДА ҚИЛДИ
Инсон танидаги доғни ювиб ташлаш мумкин. Ҳатто яра-чақаларни ҳам бир қадар жўн муолажалар кўмагида бемалол бартараф этса бўлади. Аммо юракка тушган ярага малҳам қўйиш мушкулдир. Башарти, қалбни яра эмас, қон доғлари қоплаган бўлса-чи?! Таассуфки, бунинг даъвоси йўқдир. Бинобарин, қалб яраси ҳам, ундаги қон доғлари ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлмайди.
Худбинлик, жоҳиллик, руҳий ва ахлоқий тубанлик, ақлу идрок заифлиги, ўз-ўзини идора эта олмаслик сингари қусурлар эса, босиқ-вазминликни сусайтиради, ғавғо-жанжал, таҳдид ва зўравонликка йўл очади ва бунинг оқибати эса, аксарият ҳолларда фожиа билан якун топади.
Урганч туманининг Амударё соҳилларига туташ Чолиш шаҳарчасида яшовчи Султоновлар оиласида айнан шундай фожиа юз берди. Ушбу шаҳарчада истиқомат қилувчи Қуанишбай Султонов ва азим Амунинг нариги соҳили — Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида камолга етган Альфия Бекжасарованинг 2016 йил тўй-томошалар билан бошланган оилавий турмуши мўрт ва омонат бўлиб чиқди.
Эл улуғлари ўртада фарзанд туғилса, ҳар қандай ноаҳил оила ҳам ўз-ўзидан тинчийди, бола — эр-хотин ўртасидаги кўприк, дея нақл қилишади. Йўқ, Султоновлар оиласи фарзанд дунёга келгач ҳам тинчимади. 2017 йил дунёга келган Абубакир ота-она орасидаги жарликка кўприк бўлолмади. Оила таназзул йўлидан борди. Деярли бесабаб бошланган ва изи узилмай давом этган талашув-тортишувлар ўтган йилнинг 11 июль куни авж паллага кўтарилди.
Қуанишбай шу куни Альфияни аёвсиз савалади.
Инсон жисмида сабр-тоқат аталмиш туйғу бор. Бу унсурни кўпчилик «сабр косаси» дея атайди. Унинг сатҳида, кези келса, сокин шамоллар эсади, куни келганида денгиз мисол чайқалиб, кўпириб тошади. Шу кунги оғир калтак ва унинг оқибатида баданига етган жароҳатидан сўнг Альфия бу уйда қололмади. Сабр косаси тўлиб-тошдигина эмас, чил-чил синди. Элликқалъа туманида ўзи туғилиб ўсган ота-онаси хонадонидан паноҳ топди. Ёлғиз ўғли эрининг қўлида қолди. Альфия ота уйига қайтгач ҳам тинч ўтиролмади. Мурғак фарзандини соғинди, дилбанди тақдирини ўйлаб, кунларини беҳаловат, тунларни бедор ўтказди. Ота уйига қайтганидан сўнг орадан 2 ҳафта ўтгач, ўғлини ўз тарбиясига олиш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга ариза билан мурожаат қилди. Суд ишни кўришни узоқ чўзмади. 2019 йилнинг 9 августидаёқ эндигина 2,5 ёшдан ўтган Абубакирни она — А. Бекжасарованинг тарбиясига олиб бериш юзасидан қарор чиқарди. Орадан яна бир ой вақт ўтди.
Қарор ижрога қаратилди. 10 сентябрь кун пешинга оққанда Бекжасарова Мажбурий ижро бюросининг Урганч туман бўлими ходимлари: Қ. Бойжонов, А. Давлатов ва отаси – О. Сарсенов, онаси – Ш. Турениязовалар ҳамроҳлигида ўзи 3 йил турмуш кечирган уйга кириб келди. Мезбон Қ. Султонов чақирилмаган меҳмонларни хушламай кутиб олди. Альфияга муроса-ю, мадорани таклиф этди. У билан яккама-якка суҳбат қурди. Афсуски, Альфия ярашувга оид таклифга кўнмади. Ўғлини ўз ихтиёрига бериш, суд қарори йўлига тўғаноқ бўлмасликни қатъиян талаб қилди. Юқорида зикр этилгани янглиғ иллат: худбинлик, жоҳиллик, инсоний тубанлик, заифлик, телбалик, ўз-ўзини идора эта олмасликнинг хунук ва совуқ турқи айнан шу маҳал намоён бўлди. Қуанишнинг қўлида ногоҳон ошхона пичоғи пайдо бўлди. Унинг тиғи даставвал турмуш ўртоғи Альфиянинг баданига санчилди, бир-иккимас, нақ олти маротаба санчилди. Оқибатда аёлнинг кўкрак қафаси, буйрак ва ошқозон-ичак соҳаларига ҳаёт учун имкон қолдирмайдиган даражада шикаст етди.
Аёлини бир ёқли қилган Қуаниш қўлидаги пичоқ билан қайнотаси Оразали Сарсеновга ташланди. Тиғнинг иши — кесмоқ, санчмоқ, пораламоқ. Қотилликка жаҳд этган кимсанинг қўлига тушган пичоқ ана шу тариқа ўз кучини кўрсатди. Оразали аканинг оғир шикастланган юзи, бурни, чап кўкраги, қўлидан чиққан қон мисоли фаввора янглиғ отилди. Қуаниш энди воқеанинг навбатдаги гувоҳи — қайнонаси Шнигул Турениязова томон отилди. Пичоқ унинг баданига ҳам бир неча марта санчилди. Хайриятки, ҳаётини хавф остига қўядиган алфоздаги жароҳатдан омон қолди. Шу ерда ҳозир бўлганлар ниҳоят, Қуанишнинг қўлидаги пичоқни тортиб олишга муваффақ бўлишди.
Бир неча сониядан сўнг оғир жароҳат олган учала фуқарони бағрига олган машина «Шошилинч ёрдам» шифохонаси томон йўлга чиқди.
Таассуф. Ўз куёви қўлидаги пичоқнинг аёвсиз зарбаларига дуч келган О. Сарсенов ҳали машинага олиб чиқилмаёқ жон таслим қилиб бўлганди. Ш. Турениязованинг ҳаёти сақлаб қолинди. У анча муддат шифохонада қолди. Шифокорлар баданига 6 марта пичоқ санчилган Альфиянинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳам астойдил курашдилар. Афсуски, бунинг иложи бўлмади. Орадан 2 кун ўтгач, у ҳам омонатини топширди. Қаттол эр бир йўла икки кишининг умрига зомин бўлиб, учинчисининг ҳаётига қасд қилганидан заррачаям афсусланмади.
Қотиллика қўл урган кимсанинг ҳоври тергов ҳаракатлари бошланганидан сўнггина босилди. Боши тошга теккани, кўзи мошдай очилгани, дили дардга лиммо-лимлигини пушаймонлик оҳангида баён этишдан бўлак жўяли баҳона тополмади. Шундай бўлса-да, айбини қисман тан олди. Пичоқни қўлга илганча ҳузуридаги меҳмонлар томон ташлангани, уни бир йўла уч кишининг баданига такрор-такрор санчганини инкор этди, тиғга кимлардир тасодифан рўпара келганини тасдиқлаш пайида бўлди.
Тергов органи ўз умр йўлдоши ва қайнотасини шафқатсизларча ўлдирган кимсанинг ўта оғир қилмишини Жиноят кодексининг қотилликда ифодаланувчи 97-моддаси иккинчи қисми «а», «г», «ж», «и» бандлари, яъни икки ёки ундан ортиқ шахсни, ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсни ёки унинг яқин қариндошларини ўта шафқатсизлик билан, тамагирлик ниятида ўлдириш ҳолатлари, қайнонаси ҳаётига тажовуз қилиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатини эса, суиқасдга тааллуқли 25, 97-моддасининг юқорида зикр қилинган қисм ҳамда бандлари бўйича айблади.
Ишни судда кўриш асносида шаҳарчада рўй берган даҳшатли қотилликнинг совуқ турқи бор важоҳати билан намоён бўлди.
Тўпланган барча далил ва ҳужжатлар, гувоҳликка оид маълумотлар айб тўлалигича судланувчининг гарданида эканлигини кўрсатди.
Айни пайтда айрим ҳолатларга аниқлик ҳам киритилди. Машъум қилмиш тергов ҳужжатларида аксини топганидек, тамагирлик, хусусан, пировардида алимент тўлаш мажбуриятидан қутулиб қолиш ниятида амалга оширилмагани маълум бўлди. Икки ёки ундан ортиқ шахсни, ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан ўлдириш бўйича қўйилган айбга ҳам унинг дахли йўқ. Шу муносабат билан суд Жиноят кодексининг 97 ва 25, 97-моддалари 2-қисми ушбу иккала ҳолатни назарда тутувчи «ж» ва «и» бандларини жиноят ишидан соқит этишни мақсадга мувофиқ, деб топди.
Таассуфки, қилмиш шундоғам оғир. Даҳшатли қилмиш боис бир йўла икки нафар бегуноҳ инсон: 1966 йил туғилган Оразали Сарсенов ва унинг 1996 йил туғилган ва ҳали чорак аср ҳам умр кўрмаган қизи, мурғаккина фарзанднинг онаси Альфия Бекжасарова ҳаётдан бевақт кўз юмишган. Яна бир муштипар аёл Шнигул Турениязова бир пайтнинг ўзида ҳам кўз очиб кўрган турмуш ўртоғи, ҳам суюкли қизидан жудо бўлган. Бу ҳам камлик қилгандек ўзи ҳам оғир тан жароҳати олган. Инсонийлик қиёфасини аллақачон йўқотган кимсанинг ўта оғир жиноий кирдикори бунга сабаб бўлган. Бу — факт. Уни ҳеч ким инкор этолмайди. Бироқ синчиклаб разм солинса,ушбу қора қилмиш ортидаги баъзи бир ножўя ҳолатлар ҳам кўзга чалинади. Назаримизда, айримлар қош қўйиш ўрнига кўз чиқаришган. Хонадонда юзага келган нохуш вазиятни муросаю мадора муҳити остида, оқилу донолик, босиқ-вазминлик билан бартараф этиш ўрнига, шошма-шошарликка йўл қўйишган. Етилиб келаётган фожианинг илдизига болта уриш каби хайру савоб амалларга панжа орасидан қарашган. Хонадонда юз берган даҳшатли қотиликка оид ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича вилоят суди масаланинг бу жиҳатини ҳам эътибордан соқит этмади.
Хусусий ажрим чиқариб, машъум фожиага дахлдор бўлган шахсларнинг хатти-ҳаракатини кескин қоралади, келгусида бўй кўрсатиши эҳтимол тутилган шу ва шу сингари кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш масаласини кун тартибига қўйди.
Судланувчи К. Султоновнинг айби кўламлари ҳам ҳеч кимда шубҳа уйғотмади. Ачинарли тарафи шундаки, судлов жараёнида унинг қилмишини енгиллаштириб, камроқ жазо чораси билан кифояланишни тақозо этадиган жиҳатлар деярли топилмади.
Машъум қилмишнинг бари жазони оғирлаштиришга олиб келувчи ҳолат ва вазиятларда содир этилгани маълум бўлди. Суд муҳокамаси чоғи буларнинг бари назарда тутилди. Жазо қилмишга яраша бўлди. Айбланувчи Жиноят кодексининг зикр этилган ҳар иккала моддаси бўйича жазоларни бир-бирига қисман қўшиш йўли билан 19 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Хўш, бир йўла икки бегуноҳ кишининг умрига нуқта қўйган, учинчисини оғир яралаган кимсани қай ном билан атамоқ керак?!
Унинг ваҳший жонзотлардан қандай фарқи бор?! Куни келар, узоқ йиллик озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган маҳкум (у ҳозир 34 ёшда) балки жамият бағрига ҳам қайтар. Унинг пушти камаридан туғилган фарзанд, бу пайтга келиб, албатта, йигит ёшига ҳам (у айни кезда бувиси Хадича Ўтаганованнинг тарбиясида ва унга нисбатан васийлик масаласини ҳал этиш мажбурияти Урганч тумани ҳокими зиммасига юклатилган) етар. Бироқ у энди ўз онаизорининг қотили — жиноятчи отани ким дея атар экан? Бошқалар-чи? У эл-улус хотирига инсонийликка иснод келтирган ваҳший сувратида муҳрланиб қолмасмикан? Эл чиндан ҳам, инсонийликни суяди, алқайди, қадрлайди. Унга шак келтирганларни эса, ўзига ҳеч маҳал эл санамайди. Эл назаридан қолишдан ҳам кўра оғирроқ ва давомлироқ жазо йўқ. Инсоннинг ҳақиқий фожиаси ҳам — шу.
Одамлар назаридан қолиш — ўлим билан баробар. Буни шўр пешонасига қотил номи битилган бадхулқ кимсанинг ўзи ҳам идрок этаяптимикан? Башарти, бунга фаҳми етаётган бўлса, шунинг ўзи унга бир умрлик жазо. Қилмишнинг қидирмиши — бу янглиғ оғир қисмат, муқаррар жазо ҳамма-ҳаммани хушёр торттирмоғи, иллатларга қарши муросасиз курашга чорламоғи даркор.
Раъно Камолова,
жиноят ишлари бўйича
Хоразм вилояти судининг судьяси,
Абдулла Собиров,
журналист
Фикр қолдириш