ЎҚИТУВЧИГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ
Фарғонада фирибгарликни ўзига касб қилиб, одамларнинг миллионлаб маблағларини ишлатиб юборган ўқитувчи суд ҳукми билан 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Дунёда инсонларни алдаш йўли билан мол-мулкини ўзлаштириш, ўзгалар ҳисобидан кун кўришдан ортиқ жирканчлироқ иш йўқ. Айниқса, шундай ишга олий маълумотли ўқитувчи қўл урса қандай тушуниш мумкин? Қува тумандаги 60-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Бекзод Муталиев шарафли касбни этагини тутиш ўрнига осонгина пул топиш йўлларини излаб, кўплаб одамларни чув туширди. Ўттиз ёшли бу йигит 4 марта фирибгарлик билан судланган бўлса-да, асло хулоса чиқармади. Халқимизда букрини гўр тузатади, деган нақл бежиз айтилмаган. У яна содда одамларни пулини шилиш пайида бўлди. Аммо унга пул берган бирорта одамнинг иши битмади. Б.Муталиев жиноят ишлари бўйича Қувасой шаҳар судининг жорий йил 28 январдаги ҳукмига кўра, фирибгарлик жиноятини содир этгани учун 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. У жазони ўташни бошлаганида 2016-2018 йилда содир этган бошқа жиноятлари ҳақида пушаймонлик аризасини ёзиб, ушбу жиноятлари учун ҳам мазкур ўтаётган жазосига қисман қўшиб жазо олишни ўйлайди. Чунки фирибгарнинг тузоғига илинганлар кўп бўлиб, бир кун келиб, бари бир қилмишига яраша жазо олиши аниқ эди-да. Бекзод хавфли рецидивист бўлгани ҳолда Фарғона шаҳрида Б.Шокировнинг қизини қўшимча контрактга тўлаб, Фарғона давлат университетига ўқишга киритиб қўйишини айтиб алдайди. Ундан 12 минг АҚШ доллари олиб, ўз эҳтиёжига сарфлаган. У шунингдек, Р. Абдуллаевга тадбиркорлик билан шуғулланаётганини, фаолиятини янада ривожлантириши учун 5 минг доллар кераклигини айтиб пулни олиб шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган. Судда маълум бўлишича, у 15 та ҳолатда 209 миллион сўмдан ортиқ маблағни фирибгарлик билан қўлга киритган. Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судининг ҳукмига кўра, Б.Муталиевга Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбланиб, унга 59-модда 8-қисмига асосан узил-кесил тўққиз йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. –Б.Муталиев мактаб ўқитувчиси бўлгани ҳолда ўқувчиларга зиё нури улашиш ўрнига, фирибгарликни касб қилгани, билимидан ғаразли йўлда фойдаланиб, ўзгаларнинг жуда кўп миқдордаги пулларни алдаб олиб, кейинчалик қайтариб бермасдан, озодликдан маҳрум қилиш жазони ўтаб чиқишни режалаштиргани ғоят ачинарли ҳолдир, – дейди Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди раиси Б.Ҳайдаров. – Соддадил фуқаролар эса унинг фирибига учиб, ўз қўллари билан пул берган. Судланувчининг номида бирор мол-мулк йўқ. У озодликка чиққанида ҳам бу пулларни тўлашига ҳеч ким кафолат бермайди. Шунинг учун ҳам бу каби фирибгарларнинг алдовига учмаслик керак.
М. СУЛАЙМОНОВ, ЎзА
Фикр қолдириш