ОЛИЙ СУД МАТБУОТ ХИЗМАТИНИНГ “YANGIABAD JEMCHUJINA CHATKALA” МЧЖ ИШИ ЮЗАСИДАН АХБОРОТИ

2020 йил 5 март куни Тошкент шаҳар иқтисодий судининг апелляция инстанцияси суди даъвогарлар: Ангрен шаҳар прокурори ва Ангрен шаҳар ҳокимлигининг жавобгар – “YANGIABAD JEMCHUJINA CHATKALA” масъулияти чекланган жамиятининг зиммасига жамиятга қарашли Ангрен шаҳар Янгиобод қўрғонида жойлашган умумий майдони 10 гектардан иборат бўлган ер участкаси ва ушбу ер участкасида жойлашган бино-иншоотларни ўз ҳисобидан баҳолаш ҳамда Ангрен шаҳар Янгиобод қўрғонида жойлашган умумий майдони 10 гектардан иборат бўлган ер участкаси ва ушбу ер участкасида жойлашган бино-иншоотларни Ангрен шаҳар ҳокимлигига топшириш мажбуриятини юклаш тўғрисидаги даъво аризаси юзасидан Оҳангарон туманлараро иқтисодий суди томонидан қабул қилинган 2020 йил 24 январдаги ҳал қилув қарори устидан жавобгар – “YANGIABAD JEMCHUJINA CHATKALA” масъулияти чекланган жамияти томонидан берилган апелляция шикоятини, ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида Тошкент вилояти Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасининг Ангрен шаҳар бўлимини жалб қилган ҳолда, очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.

Аниқланишича, даъвогарлар: Ангрен шаҳар прокурори ва Ангрен шаҳар ҳокимлиги Оҳангарон туманлараро иқтисодий судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар – “YANGIABAD JEMCHUJINA CHATKALA” масъулияти чекланган жамиятининг зиммасига умумий майдони 10 гектардан иборат бўлган ер участкаси ҳамда ушбу ер участкасида жойлашган бино ва иншоотларни ўз ҳисобидан баҳолаб, баҳолаш ҳисоботини Ангрен шаҳар ҳокимлигига тақдим этиш мажбуриятини юклашни сўраган.

Суднинг 2020 йил 15 январдаги ажримига асосан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида Тошкент вилояти Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасининг Ангрен шаҳар бўлими жалб қилинган.

Ишни биринчи инстация судида кўриш жараёнида Ангрен шаҳар прокурори қўшимча даъво аризасини тақдим этиб, жавобгар – “YANGIABAD JEMCHUJINA CHATKALA” МЧЖга жамиятга қарашли Ангрен шаҳар Янгиобод қўрғонида жойлашган умумий майдони 10 гектардан иборат бўлган ер участкаси ва ушбу ер участкасида жойлашган бино-иншоотларни ўз ҳисобидан баҳолаш ҳамда Ангрен шаҳар Янгиобод қўрғонида жойлашган умумий майдони 10 гектардан иборат бўлган ер участкаси ва ушбу ер участкасида жойлашган бино-иншоотларни Ангрен шаҳар ҳокимлигига топшириш мажбуриятини юклашни сўраган.

Оҳангарон туманлараро иқтисодий судининг 2020  йил 24 январдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси қаноатлантирилган.

Ҳал қилув қарори устидан жавобгар томонидан апелляция шикояти берилиб, мазкур низо иқтисодий судга тааллуқли эмаслиги, суд томонидан мажбуриятни юклаш тўғрисидаги қарорида кимга мажбурият юкланганлиги кўрсатилмаганлиги, мулкни топшириш ҳақида мажбуриятни юклаш ноқонуний эканлиги тўғрисидаги важлар келтирилиб, ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва иш юритишни тугатиш тўғрисидаги талаблар қўйилган.

Суд мажлисида иштирок этган Тошкент шаҳар прокурори ёрдамчиси Б. Шомақсудов апелляция шикоятини рад қилишни ва ҳал қилув қарорини  ўзгаришсиз қолдиришни сўраган.

Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган тарафлар вакиллари апелляция инстанциясининг суд мажлисида иштирок этишмаган. 

Суд прокурорнинг фикрини эшитиб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, далилларни текшириб, қуйидаги асосларга кўра, апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топди.

Иш ҳужжатларига кўра, Тошкент вилоят ҳокимининг 2019 йил 25 январдаги 53-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 январдаги № 42-фм-сонли фармойиши раҳбарлик ҳамда ижро учун қабул қилинган ва Тошкент вилояти Ангрен шаҳри Янгиобод шаҳарчасида жойлашган “YANGIABAD JEMCHUJINA CHATKALA” масъулияти чекланган жамиятига қарашли умумий майдони 10 гектардан иборат бўлган ер участкаси ҳамда ушбу ер участкасида жойлашган бино ва иншоотлари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиниши (қайта сотиб олиниши) белгиланган. Тошкент вилоят ҳокимининг 2019 йил 25 январдаги 53-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ангрен шаҳар ҳокимлиги томонидан 2019 йил 31 январда 403-сонли қарор қабул қилган.

Тошкент вилоят ҳокимининг 2019 йил 25 январдаги 53-сонли қароридан норози бўлиб, жавобгар Нурафшон шаҳар маъмурий судига ариза билан мурожаат қилиб, ушбу қарорни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Нурафшон шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 19 мартдаги ҳал қилув қарори билан МЧЖ аризасининг қаноатлантириши рад этилган.

Тошкент вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 30 апрелдаги қарори билан Нурафшон шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 19 мартдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган ва бугунги кунда маъмурий суднинг ушбу қарорлари қонуний кучга кирган ва бекор қилинмаган.

Ангрен шаҳар ҳокимлиги томонидан МЧЖга юқоридаги қарорларнинг ижросини таъминлаш мақсадида умумий майдони 10 гектардан иборат бўлган ер участкаси ҳамда ушбу ер участкасида жойлашган бино ва иншоотларнинг бугунги кундаги бозор қиймати бўйича баҳолаш ҳисоботини Ангрен шаҳар ҳокимлигига тақдим қилиш тўғрисида мурожаат қилинган ва Ангрен шаҳар ҳокимлиги томонидан МЧЖга етказилган барча зарарларни тўлиқ қоплаб берилиши кафолатланган ҳамда тегишли ер майдони ажратиб берилиши огоҳлантирилган бўлса-да, МЧЖ томонидан юқоридаги қарор ҳамда ҳокимиятнинг огоҳлантиришлари ижро қилинмаган.

Натижада Ангрен шаҳар прокуратураси ва Ангрен шаҳар ҳокимлиги иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, МЧЖ зиммасига  жамиятга қарашли Ангрен шаҳар Янгиобод қўрғонида жойлашган умумий майдони 10 гектардан иборат бўлган ер участкаси ва ушбу ер участкасида жойлашган бино-иншоотларни ўз ҳисобидан баҳолаш ҳамда Ангрен шаҳар Янгиобод қўрғонида жойлашган умумий майдони 10 гектардан иборат бўлган ер участкаси ва ушбу ер участкасида жойлашган бино-иншоотларни Ангрен шаҳар ҳокимлигига топшириш мажбуриятини юклашни сўраган.

Судлов ҳайъати, биринчи инстанция суди даъво ариза талабларини қаноатлантириб, қуйидагиларга кўра тўғри хулосага келган деб ҳисоблади.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 16-моддасига кўра, ер давлат мулки – умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланиш зарур, у давлат томонидан муҳофаза этилади ҳамда олди-сотди қилинмайди, айирбошланмайди, ҳадя этилмайди, гаровга қўйилмайди, Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 36-моддаси учинчи қисмининг  2-бандига кўра, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, шунингдек уй-жой бинолари ва бошқа бинолар ёки биноларнинг бир қисми улар жойлашган ер участкалари билан биргаликда қайта сотиб олинганда ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи белгиланган тартибда бекор қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 августдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ф-5491-сон фармойишига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 16 ноябрда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги № 911-сон қарори қабул қилинган ҳамда ушбу қарорнинг 4-бандига кўра, “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида”ги Низом 1-иловага мувофиқ тасдиқланган ва 2020 йил 1 январдан кучга кирган.

Мазкур Низомга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари компенсация ўз вақтида ва тўлиқ, шу жумладан, инвестор томонидан ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини кафолатлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 январдаги № 42-фм-сонли фармойишини ижро қилиш мақсадида Тошкент вилоят ҳокими томонидан 2019 йил 25 январдаги 53-сонли ҳамда Ангрен шаҳар ҳокимлиги томонидан 2019 йил 31 январда 403-сонли қарорлар қабул қилинган ва “YANGIABAD JEMCHUJINA CHATKALA” масъулияти чекланган жамиятига қарашли Ангрен шаҳар Янгиобод қўрғонида жойлашган умумий майдони 10 гектардан иборат бўлган ер участкаси ҳамда ушбу ер участкасида жойлашган бино-иншоотлари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинган. Бироқ, Тошкент вилоят ва Ангрен шаҳар ҳокимликлари томонидан жавобгарга давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинаётган ер майдони ва бино-иншоотлари учун компенсация миқдорини белгилаш мақсадида мулкни баҳолаш таклиф қилинган бўлсада, ушбу таклифга жавобгар рози бўлмаган.     

Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 37-модласининг иккинчи қисмида, ер эгаси, ердан фойдаланувчи ва ижарачи ер участкасини олиб қўйиш ҳақидаги тегишинча туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига рози бўлмаган тақдирда, бу қарорлар устидан судга шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланган.

Бироқ, жавобгар томонидан Нурафшон шаҳар маъмурий судига Тошкент вилоят ҳокимининг 2019 йил 25 январдаги 53-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида берилган аризаси ушбу туман судининг 2019 йил 19 мартдаги ҳал қилув қарори билан рад этилган. Шунингдек, Тошкент вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 30 апрелдаги қарори билан Нурафшон шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 19 мартдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 73-моддасининг учинчи қисмига кўра, фуқаролик ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бошқа ишни кўраётган иқтисодий суд учун фуқаролик ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий суднинг ҳал қилув қарорида аниқланган ва ишда иштирок этувчи шахсларга тааллуқли бўлган ҳолатларга доир масалалар бўйича мажбурийдир.

Шунга кўра, биринчи инстанция суди даъвогарнинг даъво талабини асосли деб топиб, уни каноатлантириш ҳақида қонуний тўхтамга келган.

Судлов ҳайъати, апелляция шикоятидаги мазкур низо иқтисодий судга тааллуқли эмаслиги, суд томонидан мажбуриятни юклаш тўғрисидаги қарорида кимга мажбурият юкланганлиги кўрсатилмаганлиги, мулкни топшириш ҳақида мажбуриятни юклаш ноқонуний эканлиги тўғрисидаги важларни асоссиз деб ҳисоблайди ва рад этишни лозим топади, чунки мазкур низо иқтисодий судларга тааллуқли ҳисобланади. Шунингдек, ҳал қилув қарорида мажбурият жавобгар зиммасига юкланганлиги аниқ кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 279-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

1) иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги;

2) суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги;

3) ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги;

4) моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги.

Мазкур ҳолатда ҳал қилув қарори моддий ва процессуал ҳуқуқ  нормалари билан тўлиқ мос келади, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ, шу боис ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асослар мавжуд эмас.

Қайд қилинганларга кўра, апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан, ҳал қилув қарорини эса ўзгаришсиз қолдиришни, ишни апелляция инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ олдиндан тўланган суд харажатларини жавобгарнинг зиммасида қолдиришни лозим топди.

Апелляция инстанцияси судининг қарорига кўра, “YANGIABAD JEMCHUJINA CHATKALA” масъулияти чекланган жамиятининг апелляция шикоятини қаноатлантириши рад этилган ва Оҳангарон туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 24 январдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Суд харажатлари жавобгар зиммасида қолдирилган.

Ушбу қарор устидан назорат тартибида шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкинлиги маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: