ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ҚОИДАЛАРИГА ҚАТЪИЙ РИОЯ ЭТИШ — ҲАЁТИМИЗ ВА ХАВФСИЗЛИГИМИЗ КАФОЛАТИ

Йўлларда хоҳ пиёда, хоҳ ҳайдовчи сифатида ҳаракатланаётганда амалдаги қоидаларга қатъий риоя этишимиз, масъулият ва ҳушёрликни унутмаслигимиз ҳар биримизнинг ҳаётимиз хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Серқатнов йўл эса, тасодифлардан холи эмас. Аф­сус­ки, кўпинча ҳайдовчининг эътиборсизлиги ёки Йўл ҳа­ракати қоидаларига қатъий риоя этмаслиги оқибатида кўнгилсиз ҳодисалар учраб туради. Шу ўринда рақамлар асосида мухтасар таҳлил қилсак, Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси шу йилнинг биринчи кунидан 18 февралга қадар рўй берган транспорт ҳодисалари бўйича маълумот беришича, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан со­дир этилган ҳодисалар сони 10,5 фоизга ёки 656 тадан 587 тага, уларда вафот этганлар сони 16,1 фоизга ёки 168 нафардан 141 нафарга, тан жароҳати олганлар со­ни 4,2 фоизга ёки 597 нафардан 572 нафарга камайишига эришилган. Юқо­ридаги кўрсаткичлар ўтган йилгидан пасайган бўлса-да, бироқ йўл транспорт ҳодисаларининг юқорилиги барибир ташвишлидир.

Мисол учун ўтган йилнинг 3 сентябрь куни эрталаб соат еттию йигирмаларда Жомбой туман Деҳқонобод маҳалласи ҳудудида жуда аянчли автотранспорт ҳодисаси рўй берди. Судланувчи Абдикомил Сирожев (исм-шарифлар ўз­гартирилди) синглиси М. Сирожевага тегишли, техник жиҳатдан соз ҳолатдаги «MAN» русумли автомашинани «Тошкент — Самарқанд» йўналиши бўйича бошқариб келиб, олдинда ўзи билан бир йўналишда йўлнинг иккинчи қисмида ҳаракатланиб кетаётган А. Ваҳобов бош­қарувидаги «IZUZU» автобусининг орқа чап қисмига бориб урилган. Оқибатда ҳайдовчи бошқарувни бир зумда йўқотади ва автобус йўл­нинг ўнг томон четки қисмига ағдарилиб кетади.

Ҳодиса оқибатида автобус салонида бўлган Т. Очилов воқеа жойида вафот этади. 32 нафар йўловчи эса, турли даражадаги тан жароҳати олади.

Бу каби кўнгилсиз ҳодисаларга дуч келинганда, табиийки, оқибат ҳақида гап очилади. Ҳақиқатан ҳам, ана шу транспорт ҳодисаси оқибатида эндигина қирқ ёшга қадам қўяётган бир оила бошлиғининг ҳаёти бевақт хазон бўлди. Унинг оиласи, фар­занд­лари тузатиб бўлмас оғир йўқотишга рў­бару келишди. Бунинг устига яна ўт­тиз икки нафар фуқаронинг ҳаёти хавф остида қолгани, улар турли даражада тан жароҳати олишгани ҳам ташвишли, ҳам ачинарли ҳолат, албатта.

Хўш, ушбу йўл-транспорт ҳодисаси қандай келиб чиққан? Ушбу фалокатли ҳолат содир бўлмаслиги ҳам мумкин эдими? Келгусида бу ҳол қайта такрорланмаслиги учун нима қилиш керак?

Маълум бўлишича, Сурхондарё вилоятининг Узун туманида 1970 йилда туғилган А. Сирожев синглиси М. Сирожевага тегишли юк автомашинасини зарурий ҳужжатлари бўлган ҳолда бошқариб келган. 2019 йилнинг 1 сентябрь куни ун сотиб олиш мақсадида автомашина билан у Тошкент шаҳрига қараб йўлга чиққан. Эртаси куни кеч соат йигирма иккиларда пойтахтдаги ун заводидан шартнома асосида 7 тонна ун, 8 тонна кепак олиб, ортига қайт­ган.

Автомашинага белгиланганидан 7 тонна ортиқча юк ортилганди.

Фожиа рўй бериш арафасида «MAN» автомашинаси билан «IZUZU» автобусининг оралиқ масофаси 25 метрни ташкил қилган. Худди шу пайт автобус йўлнинг ўнг томонида кўчада турган йўловчиларни олиш мақсадида тўхтаган. А. Сирожев оғир юк борлиги сабаб автомашинани тўхтата олмаслигига кўзи етиб, автобуснинг чап томонидан ўтиб кетишни ўйлаган. Тормозни босмасдан автомашинани чап томонга олиб, ҳаракатланиб борган. Лекин у юк автомашинасини тўлиғича чапга ололмаган. Оқи­батда бошқарувдаги юк автомашинасининг ўнг томон олди ва ён қисми автобуснинг орқа чап томонига бориб урилган. Шундан сўнг автобус йўлнинг четига ағдарилиб кетган.

Яъни судланувчи С. Сирожев Йўл ҳаракати қоидаларининг 73 ва 77-банди та­лаб­ларига риоя этмаганлиги оқи­­­батида юқоридаги нохуш ҳолат юзага келган.

Судда судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўр­сат­малари эшитилди. Жи­ноят­ иши ҳужжатлари таҳлил қи­линди.

Айниқса, Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экс­пертизаси марказининг Самарқанд вилоят бўлими директори Ғ. Мансуровнинг гувоҳлик кўрсатмаси воқеага тўлиқ ойдинлик киритди. Ғ. Мансуров судга оид автотехника ҳисоблаш экспертизаси ўтказган. Экспертиза ўтказиш жараёнида автобуснинг орқа томонидан 60 километр соатига тезликда ҳаракатланиб келаётган юк автомашинаси оралиқ масофаси ўн метрни ташкил қилган. Бу тезликда «MAN»ни тў­лиқ тўхтатиш учун 28-29 метр масофа керак бўлади. «IZU­ZU» автобуси ўнг томонга тўх­ташга ҳақли. Бундай ҳолатларда би­ринчи йўналишда олдинда ҳаракатланиб келаётган автомашина орқада ҳаракатланиб келаётган транспорт воситасига эътибор қаратиши шарт эмас.

Суд амалдаги Жиноят процессуал кодексининг 95-моддаси талаблари асосида юқо­ридаги далилларни таҳлил қилиб, уларга тўла ва холисона баҳо берди. Судланувчи А. Сиро­жев­нинг транспорт воситасини Йўл ҳаракати қои­даларининг талабларини қў­пол равишда бузиб бошқариши оқи­­­батида фуқароларнинг ўта оғир ва бошқа турдаги тан жа­роҳатлари олишига, фуқаро Т. Очиловнинг ўлимига сабабчи бўлишида ифодаланган жиноий ҳаракати даст­лабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан тўғ­ри малакаланган деб топди.

Суд судланувчи А. Сирожевга нисбатан жазо тури ва меъёрини белгилашда Олий суд Пленумининг 2015 йил 26 июндаги «Транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавф­сизлигига қарши жиноятлар билан боғлиқ ишлар юзасидан суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори ҳам­да 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қарори раҳбарий кўрсатмаларига таянди. Судланувчининг шахсини, содир этган жиноий қилмишига тўлиқ иқ­рор ва чин кўнгилдан пушаймонлиги, жабрланувчиларга нисбатан етказилган моддий ва маънавий зарарларни қопламаганлиги, дафн маросими ҳамда бошқа маъракаларига моддий ёрдам бермаганлигини, жабрланувчиларнинг унга нисбатан қамоқ билан боғлиқ бўл­ган жа­зо та­йин­лаш ҳақидаги кўр­сат­ма­ларини инобатга олди. Т. Очилов суд залидан қамоққа олинди.

Судланувчи А. Сирожев Жи­ноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилди. У уч йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Суд ҳукми билан А. Сирожевга беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони манзил колонияларида ўташ белгиланди.

Суд ҳукмида судланувчи А. Сирожевдан «Булунғур Сардор транс» масъулияти чекланган жамияти фойдасига — етказилган 41 миллион 498 минг 537 сўм ундирилиши қайд этилди. Судланувчи томонидан Самарқанд вилоят ИИБ депозит ҳисоб рақамига гаровга қўйилган 5 миллион сўм ундирилиши белгиланган 41 миллион 498 минг 537 сўмни қоплашга қаратилди. Жабрланувчиларга жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш бўйича зарар суммаси миқдорини тасдиқловчи ҳужжатларни тўплаган ҳолда фуқаровий даъво қўзғатиш тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилди.

Қисқаси, содир этилган жиноятга жазонинг муқаррарлиги таъминланди. Хулоса шуки, Йўл ҳаракати қоидаларига ҳамиша қатъий риоя қилиш шарт. Зеро, бу қоидалар ҳаё­тимиз ва хавфсизлигимиз кафолати эканлигини ҳеч қачон унутмайлик.

Мамаюсуф ШЕРЙИГИТОВ,

жиноят ишлари бўйича

Жомбой туман судининг раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: