ЮЗ БЕРМАГАН ЖИНОИЙ ҲОДИСА

Бу дунёда шундай одамлар ҳам бор: пул, бойлик деб ўзига ўзи ташвиш орттиради. Баъзан бу ташвиш илдиз отиб, мутлақо айбсиз одамнинг тинч, осойишта кечаётган турмушини алғов-далғов қилиши, кутилмаганда ҳаётини мутлақо бошқа ўзанга буриб юбориши ҳам мумкин.

Қизилтепа туман ички ишлар бўлими терговчиси Орифжон Султонов худди шундай ҳолатни бошидан ўт­казди. У юз бермаган жиноий ҳодиса туфайли айбсиз айбдорга айланди, уч ярим йил деганда, ҳақиқат қарор топди, оқланди.

Воқеа тафсилотига тўхталадиган бўлсак, гап ўиждувон тумани давлат солиқ инспек­ция­сидан солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган «Золотой сатурн» масъулияти чек­ланган жамияти раҳбари Ғ. Фармон­қуловга (исм-шарифлар ўзгартирилган) бориб тақалади.

Ғ. Фармонқулов 2014 йилнинг баҳорида Маматалим исм­ли шахсдан «Нексия» русумли ав­томашина сотиб олади. Ўша йилнинг июль-декабрь ойларида йўловчи ташишга лицензия олиб, аҳо­лига такси хизмати кўрсатади. 2015 йилнинг апрель ойи­да Садриддин исм­ли кишига пулини бўлиб-бў­либ тўлаш шарти билан автомашинани 19 миллион 500 минг сўмга сотади.

Аммо орадан уч кун ўтиб, Садриддин автомашина эски эканини рўкач қилиб, пулни қайтаришни талаб қилади. Ғ. Фармонқулов олган пулларни сарфлаб қўйганди. Бу гапни эшитгач, Садриддин ортига қайтиб кетиб, бир неча кундан сўнг бошқа бир харидорни эргаштириб келади.

Янги харидор Элназар Ҳақ­қулов пулни тўлагач, Садриддин билан Ғ. Фармонқулов ўртасидаги олди-берди бар­ҳам топади.

Э. Ҳаққулов автомашина учун дастлаб 7 миллион 200 минг сўм берганди. Қолган пулларини ҳар ойда бўлиб-бўлиб уч йил давомида тўлаши лозим эди.

Ўшанда Э. Ҳаққулов Ғ. Фармонқуловдан «Нексия»ни масъу­лияти чекланган жа­мия­ти ҳисобидан чиқариб, ўзининг номига расмийлаштириб беришни сўрайди.

— Сизга автомашинани уч йил муддатга ижара шартномаси асосида беряпман, — дея жавоб қилганди Ғ. Фармонқулов. — Йўналишда юриш учун лицензия ҳам тайёрлаб бераман. Бу тахлитда такси хизмати кўрсатиш сизга ҳар жиҳатдан афзал.

Ўшанда Э. Ҳаққуловга бу таклиф маъқул тушган ва у раҳмат айтиб автомашинани уйига олиб кетганди. У Ғ. Фармонқулов билан келишувга кўра, яна 2 миллион 500 минг сўмга «Нексия»ни таъмирлатади. Лицензия олиб бериши учун Ғ. Фармонқуловга 700 минг сўм ҳам беради.

Аммо кейинчалик Э. Ҳаққулов соғлиғи панд бериб автомашинани бошқара олмайди. Шу боис у «Нексия»ни сотишга қа­рор қилади. Бу хабарни эшитган фуқаролар А. Панжиев билан И. Шоназаров «Нексия»ни ижарага беришни сў­раб келишади.

— Ҳар ойда сизга 600 минг сўм ижара пули берамиз ва банкдан олган кредит маблағингизни ҳам ўзимиз ёпамиз, — ваъда қилишади улар.

Афсуски, Али билан Ис­моил­ ваъдасида турмайди. Э. Ҳақ­қуловга ижара пули тўлаш у ёқ­да турсин, қорасини кўрсатмай қочиб кетишади.

Орадан кўп ўтмай ички иш­лар идоралари ходимларининг саъй-ҳаракати билан автомашина бир кишининг ҳовлисидан топилади. У йигирма икки турдаги эҳтиёт қисмлари ечиб олиниб, ташлаб кетилганди.

Автомашина учун дастлабки тўлов, таъмирлаш ва лицензия варақаси олиш учун Э. Ҳаққулов ўн миллион сўмдан ортиқ харажат қилганидан юқорида ўзингиз воқиф бўлгандингиз. У жарима майдонига вақтинча келтириб қўйилган автомашинани сотиш ниятида харидор олиб боради. Харидор Ғ. Фармонқулов томонидан тайёрлаб берилган лицензия варақасини кўриб, «бу ҳақиқийга ўхшамайди, текширтириб кўринг» дейди.

Рост экан, лицензия варақаси қалбаки бўлиб чиқади. Шун­­дан сўнг Э. Ҳаққулов билан Ғ. Фармонқулов ўртасида даҳанаки жанг бошланади.

Ғ. Фармонқулов анча қув одам эди. У носоз «Нексия»ни уйига келтириб қўяди. Бу эса, Э. Ҳаққуловнинг баттар тўнини тескари кийишига сабаб бўлади.

Э. Ҳаққулов Ғ. Фармонқуловнинг қалбаки лицензия ҳолати юзасидан Бош прокуратуранинг «Ишонч» телефонига му­рожаат қилади.

Мурожаат бў­йича тўп­ланган ҳужжатлар ўрганиш, қонуний қарор қабул қилиш учун туман ички ишлар бўлими тергов бўлинмаси терговчиси Орифжон Султоновга берилади.

Ёш терговчи О. Султонов 2016 йилнинг май ойида Ғ. Фармонқуловга нисбатан Жи­ноят кодексининг 228-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатиб, тергов ҳаракатлари олиб боради.

Тергов натижаси бўйича Ғ. Фармонқуловга Жиноят кодексининг 228-моддаси 1-қисми билан айб эълон қилгани бўйича сўроқ қилиб, эҳтиёт чораси тайин­лай­ди ва 27 июнь куни айблов хулосаси тузиб, уни тасдиқлаш учун туман прокурорига юборади.

Бу пайтда «Нексия» автомашинаси жарима майдонига қў­йилган, Ғ. Фармонқуловга нисбатан айблов прокурор томо­ни­дан тасдиқланиб, жиноят иши судга ўтказилганди.

Худди шундай кунларнинг бирида Ғ. Фармонқулов О. Султоновга қўнғироқ қилади. Ўзи раҳбарлик қилаётган масъулия­ти чекланган жамияти ҳисобидаги «Нексия»ни жарима майдонидан чиқариб, йигирма ик­ки турдаги эҳтиёт қисмларини топишни ҳал қилиб беришни сўрайди.

— Энди бунинг иложи йўқ, — жавоб қилади О. Султонов. — Жиноят иши судга ўтказилган.

Ўзини муқаррар жазо кутаётганидан бесаранжом Ғ. Фармонқулов Э. Ҳаққуловга қўнғироқ қилади: «пулингизни бераман, автомошинани менга қайтаринг».

Э. Ҳаққулов унинг гапига ишонади. Чунки дастлабки тергов чоғида у Ғ. Фармонқулов бир минг АҚШ доллари берса, ўзаро келишувга рози эканини айтганди.

Аммо Ғ. Фармонқуловнинг гапи ёлғон экан. Орадан бир неча кун ўтгач, у пулни қайтариш тугул, Э. Ҳаққуловнинг қўнғироқларига жавоб ҳам бермай қўяди.

2016 йилнинг 7 июль куни О. Султоновни биринчи ўринбосар С. Валиев хонасига чақириб қолади.

О. Султонов С. Валиевнинг хонасига кирганда, Ғ. Фармонқулов билан Э. Ҳаққулов ҳам шу ерда ўтиришганди.

— Булар ўзаро келишган экан, — дейди С. Валиев, — Ғ. Фармонқулов пул берадиган, Э. Ҳаққулов пулни оладиган бўлибди, уларни ўзаро яраштириб, чиқариб юборинг.

Улар С. Валиевнинг хонасидан чиққач, Ғ. Фармонқулов ға­лати гапни айтади:

— Мен Э. Ҳаққуловга ишонмайман, — дейди у. — Пулни сизга бераман, сиз ҳужжатлаштириб олинг.

Терговчи О. Султонов жиноят­ иши бўйича тергов ҳаракатлари тугагани, иш судга ўтказилгани боис бундай қилишга ҳақи йўқ эканини айтади. Ғ. Фармонқулов эса, битта гапда туриб олади: «унда бермайман».

Қисқаси, охир-оқибат О. Султонов компьютерда: «Ғ. Фармонқуловдан фуқаро Э. Ҳаққуловдан бўлган 8 миллион 500 минг сўм қарздорлиги ҳисобидан 100 купюрадаги 10 дона, жами 1 000 АҚШ доллари миқдоридаги пуллар ҳужжатлаштириб олинди», деган мазмунда баённома тузади. Сўнг баённомани иккаласига имзолатиб, Ғ. Фармонқуловга пулларни Э. Ҳақ­қуловга беришни айтади.

Шунда Ғ. Фармонқулов яна ўша эски гапни такрорлайди: «Мен пулни Э. Ҳаққуловга ишонмайман». Шундай деб у пулларни столнинг устига қўяди. Кейин Э. Ҳаққулов пулни санайди, 1 минг АҚШ доллари эканлигини айтиб, уни яна жойига қўяди.

О. Султонов пулни конвертга солиб, елимлайди ва иккаласига имзолатади ва ҳар иккаласидан тилхат ёздириб олади. Шундан сўнг терговчи пул солинган конверт, тилхат ва баённомаларни олиб, улар билан бирга С. Валиевнинг хонасига боради. Аммо бошлиқнинг биринчи ўринбосари каергадир чиқиб кетган экан.

Буни кўриб, О. Султонов ноилож жиноят қидирув бўлими бошлиғи А. Қо­дирқуловнинг хизмат хонасига киради. Бу пайтда Ғ. Фармонқулов билан Э. Ҳақ­қулов навбатчилик қис­ми эшиги олдида қолганди.

Айни шу дамда кутилмаганда, А. Қодирқуловнинг хизмат хонасига фуқаролик кийимидаги кишилар кириб келади. Улар ўзларини ҳуқуқни муҳо­фа­за қилувчи идора ходимлари деб таништиргач, «Терговчи ким?» — деб сўрашади.

Хуллас, О. Султонов жабрланувчи Ғ. Фармонқуловнинг ишончига кириб, унинг пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликда — Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб, ҳибсга олинади.

Терговчи О. Султоновнинг бошига бу кўргуликларнинг тушишига асосий сабабчи Ғ. Фармонқулов эди. Чунки Ғ. Фармонқулов қалбаки лицензия варақаси тайёрлаб бергани учун талвасага тушади. Аслида Э. Ҳаққуловдан автомашинани қайтаришни сўраган ва пулларини беришини айтган ҳам унинг ўзи. Лекин Ғ. Фармонқулов қонун доирасида иш тутаётган О. Султоновнинг ҳаракатларини ўзича ноқонуний деб ҳи­соблайди.

Ғ. Фармонқулов вилоят ҳу­қуқни муҳофаза қилиш идорасига бориб, иш ҳолатини ай­та­ди ва қўл телефонига ёзиб олинган терговчи билан суҳбатни тақдим этади. Суҳбатда Э. Ҳаққуловга берилиши керак бўлган 1 минг АҚШ доллари тилга олинганди. Ҳуқуқ­ни муҳофаза қилиш идораси ходимлари компьютерда унинг номидан ариза ёзиб, имзо қўйдиришади.

Ғ. Фармонқуловга овоз ёзиш диктофони билан бирга минг АҚШ доллари берилади. Ғ. Фар­­монқуловнинг «Мен Элназарга ишонмайман, пулни сизга бераман, пулни мендан ҳужжатлаштириб олинг» дея қай­та-қайта жавраши замиридаги асосий мақсад ана шу эди.

О. Султонов терговда ҳам, биринчи босқич судида ҳам айбига иқрорлик билдирмайди. Ўтказилган тазйиқ туфайли ярашув тўғрисида ариза ёзишга мажбур бўлади.

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди кассация инстанциясининг 2019 йил 15 ноябрдаги очиқ суд мажлисида биринчи босқич судининг 2016 йил 25 октябрдаги О. Султоновга нисбатан чиқарилган ажрими бекор қилинди. Мазкур жи­ноят иши биринчи босқич судида бошқа таркибда кўриш учун юборилди.

Судда жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тинг­­ланди, жиноят иши ҳужжатлари ўрганиб чиқилди, мавжуд далилларга ҳуқуқий баҳо берилди.

— Мен 2016 йилда Департаментнинг Навоий вилоят бошқармаси суриштирув бўлими суриштирувчиси вазифасида ишлаганман, — деди судда қў­шимча гувоҳ Б. Хонкелдиев. — Тезкор тадбирда қатнашганман. О. Султоновдан нима мақсадда пул олганини сўраганимизда, у Ғ. Фармонқулов Э. Ҳақ­қуловга пулларни ўзи унга бер­магани, пулларни мендан ҳужжатлаштириб олинг, деб айтгани сабабли баённома ва тилхат ёздириб олганини айтиб, ёнидаги конверт, баённома ва тилхатларни тақдим қилган эди.

Б. Хонкелдиевнинг айтишича, Ғ. Фармонқуловга холислар иштирокида баённома асосида берилган овоз ёзиш мосламасининг тақдири нима бўлганини билмайди.

— Терговчи О. Султоновдан ўшанда тушунтириш хати ёз­дириб олгандик, — деди Б. Хон­келдиев. — У тушунтириш хатида конвертдаги пулни Ғ. Фармонқуловнинг номига ёзилган рухсатномага имзо қўйдирганимдан сўнг Э. Ҳақ­қуловга бериб юбормоқчи эдим. Аммо тадбир ўтказилганлиги сабабли пулни Э. Ҳақ­қуловга бера олмадим. Пулларни қўлга киритиш ниятим ва мақсадим йўқ эди, деб ёзиб берганди.

Қўшимча гувоҳ А. Қодирқуловнинг судда кўрсатма беришича, О. Султонов ўша куни унинг хизмат хонасига Ғ. Фармонқуловнинг рухсатномасига имзо қўйдириш учун кирган. О. Султонов Ғ. Фармонқулов билан Э. Ҳаққулов кутиб турганини, Э. Ҳақ­қуловга пулларни олиб бериш учун олганини айтган.

Шунингдек, у тезкор тадбир иштирокчиларидан бири иккинчисидан «диктофон» нима бўл­ди, деб сўраганини, суҳбатдоши унга «эшитиб кўрдик, ун­да терговчи пул сўрагани тўғ­рисидаги сўз­лар йўқ экан, «диктофон»нинг кераги йўқ» деб айтганини эшитган. О. Султоновга нисбатан жиноят иши қўзғатилгач, А. Қодирқуловни терговга чақиришмаган.

— Ғ. Фармонқулов менга бериши керак бўлган пулни терговчи пора сўраяпти деб ариза берган экан, — деди судда гувоҳ Э. Ҳаққулов. — Тезкор тадбир иштирокчилари мен билан алоҳида хонада гаплашишди. Менга «терговчи О. Султоновнинг ўзи пул сўраган эди, олган пулларни менга бермасди» деган мазмунда кўрсатма берасан дейишди.

Суд О. Султоновнинг ҳаракатларида жиноят таркиби йўқ, деган хулосага келди. Чунки Ғ. Фармонқулов Э. Ҳақ­қуловга автомашина учун бериши лозим бўлган пул эвазига 1 минг АҚШ долларини терговчи О. Султонов улар иккаласининг иштирокида баённома тузиб, пулларни Э. Ҳаққуловга бериш мақсадида олган.

Иш ҳужжатларига кўра, 2016 йил 7 июль куни холислар иштирокида Ғ. Фармонқуловга терговчи О. Султонов билан ўрталарида бўлиб ўтадиган суҳбатни ёзиб олиш мақсадида «Philips» маркали овоз ёзиш мосламаси — «диктофон» топширилганлиги тўғрисида баённома расмийлаштирилган.

Бироқ суриштирув ва тергов органи томонидан тезкор тадбир ўтказилган куни Ғ. Фармонқуловга берилган ушбу «диктофон» тегишли тартибда холислар иштирокида олинмаган ва уни эшитиб кўриш тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, иш ҳужжатларига қўшилмаган.

Қонун талабига кўра, судланувчининг жиноят содир этишдаги айби фақат суд муҳокамаси давомида исбот қилинган далилларга асосланиши лозим. Аммо О. Султоновнинг Ғ. Фармонқулов мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишдаги айби бирон-бир объектив далиллар билан исботланмаган.

Суд судланувчи О. Султоновни Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топди. Жиноят иши бўйича жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли О. Султонов Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан, реабилитация қилинди ва оқланди.

Сўнгги сўзга тўхталганда, кўнгилдан ҳар кимга яратганнинг ўзи инсоф берсин, деган фикр кечади. Ўзгалар ташвиши ортидан айбсиз одамни айбдорга айлантириш оғир гуноҳ. Гуноҳ ишнинг жазосидан эса, қочиб қутулиб бўлмайди.

Шерзод МАМИРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Навоий шаҳар судининг раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: